25.11.2020

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН

халқ фаровонлиги ва розилигига хизмат қилади

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Чунки, мамлакат ва аҳолининг ҳаётига доир фармон ва қарорлар, улар асосидаги дастурлар халқ билан бевосита мулоқот асосида, маслаҳатлашилган ҳолда қабул қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда барча соҳаларда янгиланиш даври – “Янги Ўзбекистон”ни барпо қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар бошланиб кетди.

Муҳтарам Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида “Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди”, деб таъкидлади. Мазкур масаланинг аҳамиятидан келиб чиқиб, 2020 йилнинг 30 сентябрида Президентимиз Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда: “Ўқитувчилар ва мураббийлар – янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир” номли нутқида ҳам “кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда”, деган гапни яна бир бор такрорлади.

Хўш, Янги Ўзбекистоннинг мазмун-моҳияти нималарда намоён бўлаяпти? Бу саволга жавоб бериш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга назар солиб, олдинги ҳолатимизга нисбатан нималар ўзгарганлигини бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Янгиланаётган Ўзбекистон қиёфаси, бизнинг фикримизча, қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, 2019 йилда Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этди. Шу туфайли ушбу сайлов “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида амалга оширилди.

Иккинчидан, барча бўғиндаги давлат раҳбарлари бевосита жойларга бориб, аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду-ташвишларини эшитиб, кўз билан кўриб, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимлари билан машғул бўлмоқда. Ҳозирги кунда ҳокимият фақат раҳбар эмас, балки том маънодаги ижрочига айланди. Олдин фақат юқори ташкилотлар топшириғини ижро қиладиган ҳокимият эндиликда халқ талабини ҳам ижро қиладиган бўғинга айланди. 2017 йилдан бошлаб барча ҳудудларда ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси аҳоли учун катта имкониятлар эшигини очди. Пировардида амалда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган янги ғоя шаклланди ва бу ҳар бир ходимнинг фаолияти мезонига айланди. Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги ҳам ушбу йўналишнинг такомиллашган бўғини ҳисобланади.

Учинчидан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ҳар бир раҳбар ходимнинг масъулияти ошди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун халқ ва қонун олдида жавоб берадиган тизим шаклланаётгани туфайли раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги ва масъулияти ошди. Халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, прокуратура ва ички ишлар органларининг вазифалари тубдан ўзгарди. Ушбу ташкилотлар жазоловчи органдан, халқ манфаатини ҳимоя қилувчи ижро органига айланди. Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда халқ дарди-ташвишлари билан шуғулланадиган тўртта сектор бор. Уларнинг бири прокуратура органларига ва яна бири ички ишлар органларига берилди. Бу ҳам олдин умуман қилинмаган иш бўлиб, мазмунан янги йўналишга айланди.

Тўртинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Улар фаолиятининг шаффофлиги таъминланмоқда. Суд мажлисларининг бир қисми сайёр суд шаклида бўлиб, аҳоли иштирокида маҳаллаларда, ташкилотларда амалга оширилмоқда. Бу ҳолат биринчидан, адолатни таъминлашга хизмат қилса, иккинчидан, аҳоли учун жуда катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эга.

Бешинчидан, жамиятни бошқаришда жамоат ташкилотларининг роли оширилди. 2017 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари ишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 2020 йилнинг 15 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил қилинди. Ушбу вазирликнинг ташкил қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган ишларимизнинг яққол кўриниши бўлди. Бунда бир қанча ташкилотларнинг фаолияти бирлаштирилиб, аниқ йўналишларда фаолият олиб бориш имкониятлари яратилди.

Олтинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Шу йилнинг ўзида юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди ва бу иш тизимли равишда давом этмоқда.

Еттинчидан, 2017-2020 йилларда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, мутлақо янги асосда ташкил этишга ва янада эркинлаштиришга, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича пухта ўйланган дастурлар ишлаб чиқилди ва уларни мамлакат миқёсида изчил амалга оширилиш чоралари кўрилмоқда. Иқтисодиётда ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар қилинмоқда. Аграр иқтисодиётдан аграр-индустриал, сўнгра индустриал иқтисодиёт шаклланди. Эндиликда жаҳон мамлакатлари ичида рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган инновацион ва рақамли иқтисодиётнинг шаклланишига катта аҳамият берилиб, амалий чоралар кўрилмоқда. Буни юртимизда илк бор Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил қилиниши, инновация бозорининг такомиллашуви ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш масаласи кун тартибига асосий вазифа сифатида қўйилганлигида кўриш мумкин.

Саккизинчидан, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатидаги янгиланишлардан энг муҳимларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз парламентига Мурожаатида таъкидланганидек, “нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хом хаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилди”. Мамлакатимизда амалга ошириладиган ишларнинг барчаси “амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати”га қаратилди. Изчиллик билан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017-2020 йиллар давомида барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоиз атрофида ўсишни ташкил этди. Яна бир реал кўрсаткич, мамлакатимизнинг экспорт ҳажми қарийб 15 фоиздан ортиқроқ даражага кўпаймоқда. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси қарийб бир миллиард доллар даражасига етди. Хуллас, инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланганлигини амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижаларидан аён бўлиб турибди.

Тўққизинчидан, мамлакатимизда миллий валютамизни эркин конвертация қилишга эришилди. Юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлди. Президентимиз таъкидлаганидек, чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми либерализация даврига нисбатан 1,5 баробар ошиб, ўртача 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, давлатимизнинг олтин-валюта захиралари охирги йилларда ўртача 1,0 миллиард доллардан кўпаймоқда. Муҳими, валюта операциялари билан боғлиқ бўлган коррупция элементларига ҳам чек қўйилди.

Ўнинчидан, биз учун ғоят муҳим бўлган яна бир муаммо – янги иш ўринларини ташкил этишдир. Бу масала бўйича таъкидлаш жоизки, олдинлари ҳар йили қарийб бир миллионга яқин иш ўринлари яратилди, деган ахборот тарқатилар эди. Ушбу масала мамлакатимиз раҳбари ва қуйи бўғинлар раҳбарларининг доимий эътиборида бўлишига қарамасдан, 2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан атиги 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди. 2018-2020 йиллар давомида ҳам ушбу кўрсаткич сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили аҳоли беш юз мингдан зиёд кўпаяётган бўлса, демак бу кўрсаткич ҳали етарли эмас. Бундан ташқари, қанчадан-қанча юртдошларимиз хорижда меҳнат қилмоқда. Уларнинг ҳаммасини иш билан таъминлаш жуда катта ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади. Аҳоли бандлигини таъминлашда бу масалага нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Чунки одамлар шунчаки иш билан банд бўлмаслиги керак, улар ўз иш жойида оиласини боқадиган даражада даромад олишга, камбағаллик чегарасидан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Ўн биринчидан, мамлакатимизда кўпдан буён ўзининг ҳал қилиниши кутиб келаётган энг оғир ижтимоий муаммолардан бири – бу кам таъминланган камбағал оилаларни уй-жой билан таъминлаш муаммоси эди. 2017 йилда халқимизнинг талаб ва истаклари инобатга олиниб, имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошланди. 2018-2020 йилларда ушбу тадбир жадаллик билан ривожлантирилди. Бугунги кунда минглаб уйсиз оилалар ва ёш оилалар уйли-жойли бўлди. Шу билан бирга ногиронлиги бор жуда кўплаб инсонлар, ёш оилалар нафақат шаҳарларда, ҳатто қишлоқларда ҳам замонавий шароитга эга бўлган уй-жой билан таъминланди ва бу жараён давом этмоқда. Бундай хайрли ишлар халқимизни мамнун этмоқда, эртанги кунига ишончни мустаҳкамламоқда.

Ўн иккинчидан, таълим тизими ҳал қилувчи куч сифатида кун тартибига қўйилди. Чунки, Янги Ўзбекистон остонаси Президентимиз таъкидлаганидек, мактабдан бошланади. Узлуксиз таълим тизимида, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълимнинг жамиятимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, ушбу жараённи такомиллаштириш борасида катта ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуриш, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни жорий қилиш юзасидан белгиланган ишлар мактабдан бошланмоқда. Ёшларимизнинг “ай-ти” технологияларга қизиқишини янада ошириш ва уларнинг етук мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратиш мақсадида Президентимиз таъкидлаганидек, 2020 йилда – 14 та, келгуси йилда – 82 та, 2022 йилда – 64 та, 2023 йилда – 45 та ахборот технологиясига ихтисослашган мактаблар ташкил этилади ва барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади. Ўқитувчилар ишини енгиллаштириш ва уларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун келгуси йилда таълимни рақамлаштириш ишларини якунлаб, “Онлайн мактаб”, “Рақамли ва хавфсиз мактаб”, “Электрон дарслик”, “Электрон кундалик” каби тизимлар жорий этилади. 2020 йил охиригача мактабларни кенг полосали Интернет тармоғига улаш даражаси 70 фоизга етказилади. Келгусида барча мактаблар 100 фоиз Интернет билан таъминланаиши кўзда тутилган. Барча маблағлар Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди. Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар, Президент мактаби ва бир қанча ижод мактаблари ташкил қилинди. Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Янги ўқув юртлари очилди, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил қилинди. Олий таълимга қабул жараёни такомиллаштирилди, иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.

Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши инобатга олиниб, мазкур соҳага ҳам катта аҳмият берилмоқда. Хусусан, охирги йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди, янги академик институтлар очилди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Фанлар академиясига сайлов ўтказилиб, ўзининг илмий ишлари билан мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ном қозонган истеъдодли олимлар академик деган юксак шарафга сазовор бўлдилар. Булардан мақсад –олимлардан янги илмий ишланмалар, истиқболли тадқиқотлар яратиш бўйича амалий натижаларга эришишдан иборатдир. Шундагина мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион ва рақамли иқтисодиётга айлантириш имкониятини яратишимиз мумкин.

Кўплаб ўзгаришлар орасидан яна бирига алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Туризм соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айланмоқда. Мустақилликдан олдин туризм тўғрисида бирорта меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат йўқ эди. Мустақиллик йилларида “Туризм тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Соҳага оид ўнлаб Фармон, қарорлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, соҳани ривожлантиришга оид Давлат ва Ҳудудий дастурлар қабул қилинди. Соҳани ривожлантириш борасида 2017-2020 йилларда ўнлаб фармон ва қарорлар эълон қилинди, кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

АҚШнинг машҳур “Huffington Post” интернет нашри сайёрамизнинг сайёҳлар бориб кўрадиган 50 та энг гўзал шаҳарини эълон қилди. Бу рўйхатда Самарқанд шаҳри ҳам борлиги бизда ифтихор туйғусини уйғотади, албатта. Энди Европанинг 20 та, Осиёнинг 15 та, Шимолий ва Жанубий Американинг 10 та, Африканинг 4 та, Австралиянинг 1 та гўзал шаҳарлари қаторида Самарқанд ҳам бир марта кўриш орзу қилинадиган шаҳар сифатида ўрин олди. Мамлакатимизда туризм тармоқ сифатида ҳеч қандай ўринга, ҳатто эътиборга ҳам эга эмас эди. Эндиликда туризм тармоқ сифатида шаклланди ва у иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланиши учун тегишли чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Бугунги кунда туризм бўйича мамлакатимиз энг хавфсиз давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Олдин туризмнинг ўзи сингари, унинг ҳеч қандай инфратузилмаси ҳам деярли бўлмаган. Эндиликда туризмнинг инфратузилмаси шаклланди ва у ҳам кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда минглаб меҳмонхоналар, юзлаб ресторанлар, автомобиллар туристлар ихтиёрида ва уларга самарали, жаҳон андозалари даражасида хизмат қилмоқда.

Юртимиз ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар, эришилган ютуқларни кўп санаш мумкин эди. Аммо ушбу далилларнинг ўзи ҳам, бугунги кунда халқнинг фаравонлиги ва розилиги йўлида қилинаётган ишлар бутунлай янги йўналишда “Янги Ўзбекистон” руҳида олиб бораётганлигидан далолат бериб турибди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган мамлакатни ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларнинг бажарилиши, барча соҳаларни қамраб олиш билан бирга аҳолининг ҳамма қатламлари манфаатларини ўзида ифодалайди. Демак, бунга бирор киши бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Бугун ўз бурчимизга, ҳаётга муносабатимиз янгича, яъни ҳозирги жараёнларга муносиб бўлиши керак.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори,

Ориф ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти “Банк-молия хизматлари” факультети декани, иқтисодиёт фанлари доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: