25.11.2020

ҲУРМАТЛИ МАСЪУЛЛАР

ҳеч бўлмаса, икки ўсмир бола тарбияси, тақдирига ачининглар. Ачиниш нияти бўлмаса, бу мақолани ўқиманглар.

Турмушидан роҳат кўрмаган аёл вафот этди, лекин ундан ўз номида бўлган уй, икки фарзанди, собиқ турмуш ўртоғига ўлимидан олдин ёзган сўнгги мактуби қолди...

Қуйида келтирилаётган дардли сатрлар тузалмас касалликка чалиниб, 2014 йил 4 октябрда гулдек ёшида бевақт хазон бўлган, эҳтимол, қабрда ҳам руҳи чирқираётган Наргиза Ибрагимованинг сўнгги хати, балки, кўнгил фарёди эди.

«Сиз билан танишган кунимга лаънатлар бўлсин. Сизнинг ёлғонларингизга учган менга ҳам лаънатлар бўлсин. Чиройли ҳаётимни алдоқчи, хиёнатчи, ёлғончи ҳаётга алмашибман, ёлғон севгингизга учибман. Ҳамма сизни ёмонлаганида, улар билан жанжаллашганимга пушаймонман, ҳаётим пушаймонлар билан тўлиб кетди.

Битта хурсандчилигим – иккита ўғлим. Сизни севганимга афсусдаман, қаерданам билибман, пул учун юрганингизни... Севгидан кўзим кўр бўлибди, сизни таништирганлар бахтимга зомин бўлди. Пул учун ҳамма нарсага тайёрсиз, ундан кўра биттада ухлатган (ўлдирган демоқчи – изоҳ бизники) яхшироқ эди, бунчалик азобланмасдим, соғлиғимни кеткизмасдим, касал орттирмасдим.

Менга биринчи марта қўл кўтарганингизда сизни кечирганимдан минг афсусдаман. Биринчи кунданоқ мендан фойдаланганингиздан кўзимни юмдим, ёлғончи севгига ишониб, ўйинларингизга аралашиб қолдим. Мендан олдинги биринчи турмуш ўртоғингиз хиёнат қилган деб ўйлабман, сизга ачинибман. Лекин кейин нима бўлишини ўйламабман. Худодан сўраб, яхши бўлиб кетар ҳаммаси, шу аҳволда ташлаб кетмай, гиёҳвандликдан даволатай, деб ортингиздан қолмабман.

Кечалари йўлингизга қараб, ухламасдан кутганимга арзимас экансиз. Худо менга берган бойлик билан оёққа туриб, одам бўлиб қолдингизми? Эртага олдинги аҳволга тушиб қолмаслигингизга ким кафил? Жамшиднинг тўйида мени Туркияга жўнатиб, собиқ хотинингиз билан тўйга бордингиз. Болаларимга касал юқмаслиги учун Худога илтижо қилдим... Болаларимнинг тўрт мучаси соғ бўлгани учун шукрлар бўлсин.

Сиз билан ўтказган бахтли кунимни эслолмайман. Севгимнинг уволи тутсин сизни. Худога топширдим, ўзи жазо берсин. Менга бермаган бахтни болаларимга берсин. Менга ўхшаб ҳаётда адашишмасин, умридан фахрланиб яшашсин. Сизни излаб кўчама-кўча юрганларимни, оғзи-бурнимни қон қилиб уриб, қайнаб турган сувга тиққанингни, бошимни стул билан уриб ёрганингизни, кўчаларда судраб урганингизни эсласам, ёмон бўлиб кетаман, нафратланаман, пушаймон қиламан. Туркияда ишлаб топган пулимга «Матиз» олиб, роҳатини кўриб юрдингиз...

Сизга болалар увол, дунёга келиб на меҳрни, на чиройли ўйинчоқларни ва на яхши ҳаётни кўрди. Боғчага, спорт тўгаракларига, қўшимча дарсларга бормади. Фақат уруш-жанжал, тўполондан бошқани кўрмади. Бошқа оталар боласига энг яхши нарсани раво кўради, яхши едириб-ичиради, кийинтиради.

Бир кун келар, виждонингиз бўлса, виждон азобида қоларсиз. Буларнинг ҳаммаси менга дарс бўлди, бошимни деворга урмасам, кўзим очилмасди. Шунча юк билан у дунёга қанақа қилиб кетасиз? Сизнинг аросатли ҳаётингизга ҳеч қачон ҳавас қилмайман. Мен сиздан олдин ҳам яшаганман, сиздан кейин ҳам яшайман»...

Бироқ у узоқ яшамади.

Хўш, ўзи нима воқеа бўлган эди?

...Наргиза Ибрагимова ва Суҳроб Обидхўжаев 2004 йил 9 октябрда қонуний никоҳдан ўтиб, яхши ниятлар билан турмуш қуришади. Юнусобод туманидаги хонадон Наргизага онаси Зевара Ибрагимова томонидан олиб берилган эди. Улар ана шу хонадонда яшай бошлашади. Ўтган йиллар мобайнида икки фарзанд дунёга келади. Лекин вақт ўтгани сайин Наргизанинг ҳаёти азобга айланиб боради. Наргизанинг онаси Зевара Ибрагимованинг айтишича, Суҳроб гиёҳвандликка ружу қўяди, ичкиликбозликка берилади. Бу ҳам етмаганидай, ҳар куни ярим кечаси келиб, болаларни қўрқитиб, Наргиза билан уруш-жанжал қилади, уни кўчага ҳайдаб, ҳақоратлайди.

– Қизимнинг турмуши яхши бўлмади, – дейди таҳририятга шикоят билан келган Зевара Ибрагимова. – Эр-хотин ўртасидаги сурункали жанжал ва келишмовчиликлар оқибатида қизим дардга чалинди. Куёвим қизимни ёмон хўрлади. Ўзининг ичкуёв бўлиб яшаётганини унутиб, ёмон ишлар билан шуғулланган, уйда болалар ва хотини устига бегона аёлларни келтиришни одат қилиб, охири ўзи тузалмас дардга чалинган. Бунинг устига, яна гиёҳванд моддалар қабул қилиб келган. Аслида илгари унинг оиласи ва ундан тўрт нафар фарзанди бўлган. Биринчи хотини билан ажрашгач, қизимга уйланган, яъни ФҲДЁ органида никоҳдан ўтган.

Қизим Наргиза ўлими олдидан ўзи билганча васиятнома ёзиб, яшаб турган уй ва болаларини ҳамда “Матиз” енгил машинасини менинг қарамоғимга ўтказишга ҳаракат қилди. Лекин бевақт ўлим унинг ёзганларини қонуний ҳужжатлаштириб қўйишга имкон бермади. Эри бундан фойдаланди. Гарчи у қизим яшаб турган уйда рўйхатдан ўтмаган, қизим ўлимидан олдин у билан ажрашган бўлишига қарамай, таниш-билишлар орқали ниятига етди...

2015 йилда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига қизимга ҳадя қилган уйимни ва невараларимни ўзимга қайтариш учун даъво аризаси киритдим. Суднинг 2015 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан вояга етмаган невараларимнинг яшаш жойи Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадон белгиланди. Лекин куёвим устаси фаранг экан. Ҳаммамизни доғда қолдирди. У фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига ариза билан мурожаат қилиб, уйга ва невараларимга эгалик ҳуқуқини қўлга киритди. Апелляция инстанциясининг 2015 йил 25 декабрдаги ажрими билан Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, менинг даъво аризамни рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди. Суҳробнинг даъвоси қаноатлантирилди.

Энг ажабланарлиси, қизим билан куёвимнинг никоҳи 2011 йил 31 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарорига кўра бекор қилинган. Суҳроб Обидхўжаев 2010 йилдан буён бу уйда яшамаган. Мен қизим вафот этгунга қадар шу уйда яшаб, болаларини оқ ювиб-оқ тараб, коммунал тўловларни, солиқларни тўлаб турганман...

С.Обидхўжаев касаллиги боис, ҳар йили белгиланган пайтда бир маротаба Юнусобод туманидаги республика Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволаниши зарур. Тошкент шаҳар наркология диспансерининг 2015 йил 3 июлдаги маълумотномасига кўра, С.Обидхўжаев диспансер рўйхатида турмайди. Аммо Зевара Ибрагимова уни гиёҳвандлик бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш кераклигини қайта-қайта айтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш марказининг 2015 йил 20 августдаги хатида қайд этилишича, Суҳроб Обидхўжаев мазкур муассасада рўйхатда туради. Марказ хулосасига кўра: «вояга етмаган болалар ОИВ инфекцияли шахс билан қолганда, агар уларга ОИВ инфекцияли шахс томонидан тиббий муолажалар ўтказилмаса, маиший мулоқот даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда ҳаёт кечирса, шахсий воситалардан фақат индивидуал ҳолда фойдаланса ва бемор қони билан бола терисининг бутунлиги бузилган жой чегараланганда салбий таъсир кўрсатмайди», экан...

Таҳририятга Зевара Ибрагимова тақдим қилган, 2018 йил 1 февраль санаси билан Олий суд томонидан унга жўнатилган жавоб хатида шундай дейилади: «Биринчи инстанция суди вояга етмаган болаларнинг доимий парваришга муҳтож эканлиги, келгусида соғлом вояга етишини ва ­­С. Абидхаджаевнинг «ОИТС» касаллигига чалинганлигини инобатга олган ҳолда сизнинг даъво талабингизни қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган...

...Апелляция инстанцияси ...биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилиш ва сизнинг даъво талабингизни рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиш ҳақида асосли хулосага келган. Юқоридагиларга асосан, шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди».

Эҳтимол, шундайдир, бу жавоб тўғридир. Бироқ бошқа кўп масалалар кишини уйга толдиради.

Масалан, вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш тартиби қандай ва васийликни белгилашда нималарга эътибор берилади? Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Оила Кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 171-сон қарори билан тасдиқланган Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида низом асосида амалга оширилади. Низомда келтирилишича, фарзандликка олиш фақат ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болаларга нисбатан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўл қўйилади.

Фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни ва фарзандликка олинувчиларни жойлаштириш бўйича туман, шаҳар фуқаролик судларига тавсиялар тайёрлаш туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга оширилади. Фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига бир қатор ҳужжатларни, шу жумладан, соғлиғи тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномаларини тақдим этади.

Кейин туман (шаҳар) халқ таълими бўлими болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиш натижалари бўйича далолатнома тузади ва хулоса тайёрлайди. Низомга кўра, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, фарзандликка олиш бўйича зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганликлари ёки уларни лозим даражада бажармаганликлари, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганликлари, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек, сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган шахслар васийлик ҳуқуқига эга эмас, деб кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатлардан шундай мантиқий хулоса ва саволлар келиб чиқади:

1. Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уйдаги низоли 51-хонадон Зевара ­Ибрагимова томонидан қизи Наргиза Ибрагимовага сотиб олиб берилган ва албатта, ўз-ўзидан невараларининг мулки ҳисобланади.

2.Суҳроб Обидхўжаев Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонга расман рўйхатга қўйилмаган ва 2010 йилда турмуш ўртоғи Наргиза Ибрагимова ҳамда икки фарзандини ташлаб, уйдан чиқиб кетган.

3. 2011 йил 31 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг қарорига кўра, Наргиза Ибрагимова ва Суҳроб Обидхўжаевларнинг никоҳи бекор қилинган. Ўшандан буён Зевара Ибрагимова Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонда қизи ва неваралари билан яшаб келган.

4. Апелляция инстанциясининг 2015 йил 25 декабрдаги ажрими билан Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинганидан кейин Суҳроб Обидхўжаев гарчанд Юнусобод тумани, 2-мавзе, 5-уй, 51-хонадонга расман рўйхатга қўйилмаган бўлса-да, уйни эгаллаб олиб, икки фарзанди ҳамда шаръий никоҳида бўлган аёл ва унинг икки қизи билан биргаликда яшай бошлайди.

4. Апелляция инстанцияси Суҳроб Обидхўжаевни фарзандларининг отаси ва уларнинг қонуний вакили эканини, қўни-қўшнилари ва маҳалла фаоллари у ҳақда ижобий тавсифлар берганини, ишга жойлашиб фарзандларини моддий таъминлай олиши важларини келтирган ҳолда биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилган.

Қизиқ, Суҳроб Обидхўжаев оиласидан ажрашган бўлса, ОИТСга қарши курашиш марказида рўйхатда турса, бунинг устига, гиёҳвандликда гумон қилинаётган бўлса, собиқ қайнонаси Зевара Ибрагимова етим невараларига қараб турган бўлса, унинг бу низоли уйни эгаллаб олишига қанчалик ҳаққи бор? Ота васий сифатида ўз бурчини бажараяптими?

2018 йил 25 декабрь куни Юнус­обод туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси собиқ раиси Н.Мирбобоева Зевара Ибрагимова билан суҳбат ўтказиб, унга оилавий келишмовчиликлар ечимини топиш учун Фуқаролик судига мурожаат қилиш кераклигини тушунтирган.

 – Қизим вафот этганидан кейин Юнусободдаги уйда невараларим билан 2018 йил сентябрь ойигача яшадим, – дейди Зевара Ибрагимова. – Суҳроб Обидхўжаев бир аёлни шаръий никоҳига олиб, икки қизи билан уйга кўчириб келганидан кейин чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Қандай мажбур бўлмай, қизимга совға қилган никоҳ каравотида невараларимнинг, менинг кўз ўнгимда куёв боланинг янги уйланган хотинига қилган беҳаёликларига чидай олмай, чиқиб кетдим. Бу ҳақда участка профилактика нозирига шикоят қилсам, у: «Бу аёл Суҳроб Обидхўжаевнинг шаръий хотини, шунинг учун мен ҳеч нарса қилолмайман», деди. Лицейда ўқийдиган катта неварам Сарваржон шу йил февраль ойида кийим-кечакларини олиб, менинг уйимга кўчиб келган эди. Ҳозир яна отасиникига кетди. На ота назорати, на буви назоратида бўлмаган бола эртага қандай инсон бўлиб вояга етади? Мени ана шу нарсалар қийнайди...

Гарчанд Суҳроб Обидхўжаевга «Ҳусниобод» МФЙ раиси ва мутахассислари томонидан: «яхши инсон, ишга жойлашиб, фарзандларини боқади», деган ижобий тавсиф берилган бўлса-да, айтишларича, у 1,5 йилдан буён ишсиз юрибди. Онаси пенсия тўғрилаб берган эмиш. Куёвнинг ўзи Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволанаётган бўлса, қайси маблағига невараларимни боқади?

Ҳозир кичкина неварам мен билан яшаяпти. Юнусободдаги уйга бормайман, дейди, ҳар куни уруш-жанжал бўлаверганидан юраги зада бўлиб қолган. Куёв катта неварамни пул топиб келиш учун кўчага чиқариб юборган экан. Унинг айтишича, Юнусобод туманидаги «Малика» савдо мажмуасида қўл телефони олди-сотдиси билан шуғулланаётган экан. Кунора уйга келиб, укасидан хабар олиб кетади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 169-моддасига мувофиқ фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.

– Мен бу йил 6-синфни битириб, 7-синфга ўтдим, – дейди Зевара ­Ибрагимованинг кичкина невараси Сардор. – Ҳозир бувимникида яшаяпман. Уйимизда егулик, озиқ-овқат етарли. Лекин дадам камдан-кам ҳолларда кийим-кечак олиб беради. Ўгай онам менга доим иш буюради, ишламаяпсан, деб уришади. Сарвар акамни «Пул топиб кел», деб чиқариб юборади.

– Суҳроб Обидхўжаев ота сифатида болаларига васий қилиб тайинланган дейишади, лекин уларнинг юриш-туриши қувонарли эмас, – дейди «Ватанпарвар-коммунал» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ижрочи директори Евгения Галеева. – Наргиза Ибрагимова уйдаги гапни, уруш-жанжалларни кўчага ташиб чиқармасди, мендан ёш бўлса ҳам кўз ўнгимда сўниб борарди. Унга неча марталаб: «Бундай азоб чеккандан кўра, эринг билан ажраш», деганман. Бу сабр-тоқат уни гўрга тиқди... Суҳробни ҳозир ҳам баъзида учратиб қоламан, шундаям ҳушёр кўрмайман. Ўтган йили ёзда ҳамма болалар оромгоҳда дам олган бўлса, у катта ўғлини дўконда ишлашга мажбур қилди. Уйда яшаб турса ҳам, коммунал хизматлар ҳаққини тўламайди...

«Ҳусниобод» МФЙ профилактика катта инспектори Акмал Мавлонов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, у Суҳроб Обидхўжаев устидан қўни-қўшни ёки оиласи томонидан ҳеч қандай шикоят тушмаганини, агар янада тўлиқроқ маълумот керак бўлса, учрашиш кераклигини билдирди.

Ваҳоланки, Зевара Ибрагимова неваралари тарбияси, тақдири ҳақида ташвиш чекиб, куёви бу уйда рўйхатда турмаслиги, бунинг устига, бегона аёлни икки боласи билан олиб келиб, яшаётгани тўғрисида участка нозирларига кўп бор айтган.

Зевара Ибрагимованинг таҳририятимизга ёзган аризаси бўйича ўтган йили Юнусободдаги “Ҳусниобод” маҳалласига, тақдири хавф остида қолган икки бола ўқийдиган мактабга бориб, нохуш кайфият билан қайтганмиз. Икки ўсмир тарбияси, соғлиғи ва тақдиридан ташвишга тушганмиз. Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилганмиз. Афсуски, ёзган хатимиз инстанцияма-инстанция айланиб, энг қуйи ташкилотлардан бирига етиб борган ва ундан: "Бу борада шикоятчи билан учрашилди ва у билан тегишли тушунтириш ишлари ўтказилди", қабилида ўта юзаки жавоб хати олинган...

Ўйлаб қоласан киши. Шуми вояга етиб келаётган инсон тақдирига муносабат?! Суҳроб Обидхўжаев васийлигидаги Сарвар яқинда дарсларни ўзлаштириш даражаси пастлиги учун лицейдан четлаштирилибди. Иккинчи фарзанд – Сардорнинг ҳам дарсга қатнаш ҳолати қониқарли эмас. Хўш, эртага уларнинг тақдири нима бўлади? Биз кўриб-билиб туриб, уларнинг эртага жиноят йўлига кириб кетишига йўл очиб бермаяпмизми? Қачонгача бундай ҳолатларга томошабин бўлиб ўтирамиз? Виждонимиз қийналмайдими?

Шу ўринда яна бир муҳим масалани эътиборга олиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, вояга етмаганларга нисбатан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан васийлик ва ҳомийлик фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур фаолиятга жалб этилган мутасаддилар ҳар йили камида икки маротаба васийлик ва ҳомийликка берилган вояга етмаганларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ўз хулосаларини беришлари керак. Амалда эса улар зиммасига берилган бошқа юкламалар туфайли бу вазифани деярли бажаришмайди.

Бизнинг асосий қонунимиз — Конституциямизда, Оила кодексида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари билан фарзандларимиз, яъни вояга етмаган болалар манфаатларининг тўлақонли ҳимояси кафолатланган.

Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида вояга етмаган, шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ёшларни жисмоний ва маънавий етук инсон қилиб тарбиялаш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Ҳар қандай суд муҳокамаси даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, қарорлар қабул қилинишида ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устувор манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги белгиланди. Афсуски, бу талаблар бажарилаётганига кафолат бериб бўлмайди. Буни юқоридаги мисол ҳам кўрсатиб турибди. Икки йилдан буён Зевара Ибрагимова йиғлаб борган идоралар, жумладан, таҳририятимиз ҳам бу муаммони ҳал этолмаяпти. Чунки, масъуллар бағритошга ўхшайди ёки лоқайдлик ботқоғига ботиб қолишган.

"...бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади», деб ёзган эди бундан бир неча асрлар муқаддам яшаб ўтган улуғ алломалардан бири Абдулҳомид Ғаззолий. Суҳроб Обидхўжаев қарамоғида ташвишли бир шароитда яшаётган икки боланинг таълим-тарбияси, уларнинг эртанги куни муаммолигича қолмоқда. Ҳозирги муҳит уларнинг тарбиясига, руҳиятига, тақдирига салбий таъсир қилмайдими? Болалар ҳуқуқлари ҳимоясига масъул ташкилотлар, хусусан, суд-ҳуқуқ идораларининг бу масалага қатъий муносабатини кутамиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: