Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
04.11.2020

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ АРЗОН БЎЛАДИ

бунинг учун фақат омилкорлик билан иш юритиш лозим

Сурхондарёнинг иқлими ўзгача: бир пайтда баҳор ва ёзни, қишни кузатиш мумкин. Табиати ҳам ўзига хос: бир томони гўзал водий, бир томони теп-текис яйловлар, чўл, бошқа бир томони пурвиқор тоғлар билан ўралган. Тупроғи сахий, ҳосилдор, бир йилда 3-4 мартагача ҳосил олиш мумкин. Кенг яйлов ва тоғлар этакларида чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун имконият катта. Шунингдек, балиқчилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш учун ҳам шароит етарли.  

Бироқ бу имкониятларга қарамай, жорий йилнинг сўнгги чорагида воҳада картошка, пиёз, гуруч, шолғом, сабзи каби озиқ-овқат маҳсулотлари бироз қимматлашди. Ун, шакар, тухум, ўсимлик ёғининг нархи ҳам сезиларли даражада ошди. Аммо, гўштнинг баҳоси кескин кўтарилди. Хўш, бунинг асл сабаблари нимада, бу ҳол яна қачонгача давом этиши мумкин? Бу саволларга ойдинлик киритиш  мақсадида мутасаддилар, депутатлар ва соҳа вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

Мен шифокор сифатида аввало гўштнинг фойдали томонлари тўғрисида фикримни айтмоқчи эдим, — дейди болалар шифокори Умарали Мелибоев. — Гўшт таркибида инсон саломатлиги учун зарур бўлган 10 дан ортиқ оқсил ва аминокислоталар мавжуд. Ушбу маҳсулотнинг бир кунлик истеъмол миқдори – 150-220 грамм бўлиб, организм уни 60-90 фоизгача ўзлаштиради. Фойдали жиҳатларини сақлаб қолиш учун уни қайнатиб ёки буғда пишириб истеъмол қилиш тавсия этилади. Қовурилган гўштда холестерин миқдори юқори бўлгани боис, камроқ тановул қилган маъқул.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, одам бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур экан. Мутахассислар томонидан 2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига бу кўрсаткич 0,25 фоизга ошиши ёки йилига 54,8 (ҳозирда 41 кг) килограммни ташкил қилиши айтилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўштнинг қиммат бўлишида қатор сабаблар бор экан. Биринчидан, озуқа-ем таннархининг юқорилиги бўлса, иккинчидан, воситачиларнинг кўплиги, энг асосийси, зарур ер майдонларининг етишмаслигидир. Шунингдек, яйловларда сув камлиги, қўра ва иншоотлар йўқлиги, махсус озуқа ускуналари (охур) топилмаслиги ҳам шулар жумласидан...  

Ота-боболаримиз чорвадор бўлган, — дейди Сариосиё туманинингНурободмаҳалласида истиқомат қилувчи Матлуба Қурбонова.  Қарамоғимизда 70 бошдан зиёд қўй ва йирик шохли чорва моллари бор. Чорвамизни ривожлантириш учун имкониятлар етарли. Аммо, яйлов майдонимиз йўқ. Масалани ижобий ҳал қилиб беришларини сўраб, 2019-2020 йилларда Сариосиё тумани ҳокимлиги, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳамда  туман прокуратурасига бир неча марта мурожаат қилдим. Афсуски, муаммо ҳал қилингани йўқ. Жойлардаги ана шундай сунъий тўсиқ ва ғовлар бартараф қилинмас экан, гўшт нархи арзон бўлмайди...  

Ўттиз йилдан буён қассобман, – дейди Собир Муродов. – Илгари қассобчиликдан яхшигина даромад топса бўларди. Аммо ҳозир қийин бўлиб қолган. Ўтган йилнинг ёз ойларида мол гўштини 36-38 минг, қўй гўштини 42-45 минг сўм сотган бўлсак, айни кунларда бу — 55-65 минг сўмни ташкил қилмоқда. Хўш, нега?

Бир ёшга етган буқани бозордан 6-8 миллион сўмга сотиб оламиз. Уч ой давомида унга икки тоннага яқин озуқа-ем берилади. Бундан ташқари, семиртирадиган дори, зараркунандаларга қарши ишлатиладиган восита, ишчи кучи, дегандай... Барча сарф-харажат қўшиб ҳисобланганда бу 12-14 миллион сўм, деганидир. Шундай бўлгандан кейин гўшт қиммат бўлади-да...

Озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашгани таомлар нархига ҳам таъсир қилмай қолмади, – дейди ошпаз Абдуғаффор Назаров. – Қовурилган қўй гўштининг килосини 90 минг сўм сотаётган бўлсак, тандир кабоб 110-130 минг сўмгача баҳоланмоқда. Сомса, кабоб, шўрва, палов ва бошқа овқатлар  ҳам бироз кўтарилган... 

Ҳудудда истиқомат қилаётган 92 минг нафарга яқин аҳолининг бир қисмини электоратимиз вакиллари  ташкил қилади, – дейди Ўзбекистон ХДП Термиз туман Кенгаши раиси Тўра Зойиров. – Нарх-навонинг кўтарилгани  аввало кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож юртдошларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, тўрт киши яшайдиган оила бир ойда ўртача бир қоп ун, 5 кило гўшт, 5-6 литр ўсимлик ёғи, 2-3 кило балиқ, 5-6 кило гуруч, 30 дона тухум, 3-4 кило шакар истеъмол қилиши аниқланган. Ўтган йилнинг шу даврида бу маҳсулотлар 480-500 минг сўмга олинган бўлса, ҳозирги кунда бу 650-680 минг минг сўмни ташкил қилмоқда.

Халқимизни ўйлантираётган муаммони ўрганиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши, депутатлик гуруҳи ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаГулбаҳор”, “Сабзипоя”, “ХалқободваАйритоммаҳаллаларидаги 200 га яқин хонадонда бўлдик.

Маълумки, халқимизнинг асосий қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Демак, кўпчиликда томорқа бор. Ундан унумли фойдаланиш эса давр талабидир. Биласизми, жорий мавсумда бозорларда картошка, пиёз, помидор, бақлажон, булғор қалампири, бодринг, помидор каби озиқ-овқат маҳсулотларининг килоси 200-400 сўмдан, анор, беҳи, гилос, олма, олхўри, нок, узум ва бошқа мевалар 2-5 минг сўмдан сотилди. Оқиллик билан иш юритганлар аллақачон куз-қиш мавсумига зарур захира тўплагани бизни хурсанд қилди. Мева ва зираворларни етарли ҳозирлаган бекаларимиздан мамнун бўлдик ҳам. 

Аммо, айрим оилаларда ҳамон бепарволик ва лоқайдлик кузатилаётгани афсусланарли. Баъзи томорқалар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани кишини ажаблантиради. Томорқалардан самарали фойдаланса, маҳсулот танқислиги ва нарх-наво борасида муаммо бўлмайди...   

Гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми деҳқон ва шахсий-ёрдамчи хўжаликлар ҳиссасига тўғри келади, – дейди Узун туманинингГулистонмаҳалласида яшовчи Носир Бердиев. – Аммо, уларни ўғит билан таъминлаш, ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш ва сифатли уруғ топиш борасида муаммолар бор. Ана шундай масалалар ечим топса, ўйлайманки, маҳсулот баҳоси албатта барқарорлашади.   

Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Собиқ иттифоқ даврида колхоз-совхозларда 3-4 минг бош қўй ва мол боқиладиган фермалар бўларди. Хўжаликлар тугатилганда, чорва бир кишига сотилган бўлса, иншоотлар бошқа тадбиркорга хусусийлаштириб берилди. Бу эса қатор салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Ҳозир аҳолининг чорваси ўтлайдиган яйловнинг ўзи йўқ. Ҳатто, дала четида ҳам мол боқолмайсан, киши. Ана шундай нуқсонлар чорванинг бош сони камайиши ва маҳсулот танқислигига  сабаб бўлаяпти.  Яйловлар кимларга, қанча гектардан тақсимланган?

Хўжалигимиз 1990 йилда ташкил топган, – дейди Шўрчи туманидагиАкбарфермер хўжалиги иш бошқарувчиси, ЎзХДП аъзоси Шайдулло Қурбонов. – Тасарруфимизда 363 гектарга яқин ер майдони бор. Унинг 300 гектари ёзги яйлов бўлса, 59 гектарга пахта ва ғалла экилади. 2,5 гектар боғда бодом парвариш қилинмоқда.

Эл фаровонлиги ва дастурхон тўкинлиги йўлида соҳаларни кенгайтираяпмиз. Хўжаликда 160 бош қўй, 37 бош қорамол ва юзга яқин парранда боқилаётган бўлса, 1,20 гектардаги ҳовузда балиқ етиштирамиз. Томорқадаги 20 тупга яқин мевали дарахт ҳар йили 8-10 тонна ҳосил беради. Помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, картошка, пиёз экамиз. Ишонасизми, ўн беш йилдан буён рўзғор учун гўшт, сут, тухум, балиқ, мева ва бошқа маҳсулот сотиб олингани йўқ.

2018 йилда соф фойдамиз 60 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 85 миллион сўмдан ошди. Жорий йилда эса 110 миллион сўм даромад қилишни режалаштириб турибмиз. Излаган имкон топар, деганларидек йил охиригача Украинадан 33 бош наслдор қорамол олиб келмоқчимиз. Бодомзорни 10 гектарга етказсак, йилига 10-12 тонна ҳосил олинади. “Акбарнинг рақобатбардош маҳсулотларини келажакда хорижга экспорт қилиш кўзда тутилган.   

Бозораслида талаб ва таклифдан келиб чиқади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон бўлиши учун айрим таклифларни айтмоқчиман. Биринчидан, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига макка, беда ва бошқа озуқабоп экин экиш учун сувли майдонлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозирги кунда Шўрчи туманида бир боғ маккапоя 5-6 минг, беда 8-10 минг, кепак, макка ёрмаси ва ёғли шротнинг килоси 2-4 минг сўмдан сотилаётганини инобатга оладиган бўлсак, масала ниҳоятда жиддий эканлигидан далолат беради. Иккинчидан, минерал ўғит таннархини назорат қилиш вақти келди, деб ўйлайман. Тадбиркор ниқобидаги айримишбилармонларазотнинг бир қопини 120, карбамидни 150, аммофосни эса 250 минг сўмгача пулламоқда. Бу нафақат томорқа ер эгалари, балки халқимизнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлаяпти. 

Яна бир муҳим масалаҳар бир хонадонда чорва, балиқ, парранда, асалари, мева-сабзавот етиштириш йўлга қўйилса, ўйлайманки, ўз-ўзидан барака энади. Шундагина бозорлар обод, дастурхонлар тўкин, кўнгиллар хотиржам   бўлади.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Сариосиёнинг ҳисори зотли қўйлари нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам машҳур бўлган, – дейди Сурхондарё вилоят ҳудудий чорва-наслчилик марказининг Сариосиё тумани вакили Жомаҳмад Саидмирзаев. – Собиқ иттифоқ даврида Москвада ўтказилган халқаро кўргазма ва танловларда Сариосиё тумани ушбу чорва тури бир неча марта ғолибликни қўлга киритганини кўпчилик яхши эслайди.

Асосан гўшт ва ёғ учун боқиладиган ҳисори зотли қўйлар тана тузилишининг пишиқлиги, кўкрагининг кенглиги, суякларининг бақувватлиги, тумшуғининг дўнглиги, бошининг йириклиги ҳамда белининг узунлиги билан ажралиб турган. Совлиқлар 120-130, қўчқорлар 160 кило­граммгача тош босган бўлса, думбаси 18-20, ҳатто 25 килогача семирган. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 30 апрель-1 май кунлари Сурхондарё вилоятида бўлганида Сариосиё туманида чорвачилик, хусусан, ҳисори қўйчиликни ривожлантириш борасида зарур кўрсатма ва топшириқлар берган эди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус уюшма ташкил қилинди. Қўйчиликка ихтисослашган 52 та фермер хўжалиги мутасаддилари ҳамда 200 га яқин тажрибали чорвадорлар билан учрашдик. Чўпон-чўлиқларни қийнаётган масалалар атрофлича ўрганилган ҳолда муаммолар бартараф этилмоқда. Истиқболли лойиҳаларга асосан жорий йилда қўйлар бош сони 180 мингтага, 2025 йилда эса 400 минг бошга етказилади. Ишончим комилки, Сариосиёнинг ҳисори зотли қўйлари шон-шуҳратини тиклайди ва гўшт маҳсулотлари нархи арзонлашади. 

Шу ўринда айрим таклифларни ҳам айтмоқчиман. Сўнгги 10-15 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатларда ҳам ҳисори қўйчилик ривожлана бошлади. Масалан, 100 кило тош босадиган қўчқорлар Америка, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа мамлакатларда 6-6,5 минг долларгача баҳоланмоқда. Бу ўртача 60-70 миллион сўм, деганидир. Шундай экан, аллақачон жаҳон бозорига чиқиш вақти келди. Бунинг учун халқаро кўргазмаларда иштирок этиш ва хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш керак. Тўғри, ҳудудда мол ва қўй гўшти етарли бўлса-да, аммо қайта ишлайдиган корхоналаримиз йўқ. Ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилса, 4-5 баробар кўп фойда олинган бўларди.    

Маълумки, ҳисори қўйларнинг жуни 1 йилда 2 марта (баҳорда ва кузда) қирқилади. Қўчқорлар 1,3-1,6 кг, совлиқлар эса 1,0-1,4 килогача дағал жун беради. Саноат учун муҳим ҳисобланган хомашёдан кигиз, намат ва бошқа тўшамалар тайёрланмоқда. Фармацевтика ва косметология соҳасида ҳам кенг қўлланилаётгани сир эмас. Афсуски, бунга эътибор қаратилмаяпти. Ички имкониятлар ишга солинса, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар  кўпаяди. 

Чорва молларини юқумли касалликлардан сақлаш ҳам асосий вазифалардан бири, –дейди ветеринар шифокор Умарали Қурбонов. – Бунинг учун мавсумий эмлаш тадбирларини намунали ташкил қилиш керак. Хавфли хасталикларни олдини олиш учун дори-дармонлар етарли бўлса-да, ўтган асрнинг охирларида ишлаб чиқарилган асбоб-ускуна ва лаборатория жиҳозларидан ҳамон фойдаланиб келяпмиз. Уларнинг баҳоси эса ниҳоятда қиммат. Бу ҳам охир-оқибат гўшт нархининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Воҳанинг экспорт салоҳияти тобора яхшиланаётгани қувонарли, – дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Бахтиёр Аҳроров. – Уч-тўрт йил аввал саноқли давлатлар билан ҳамкорлик қилинган бўлса, қисқа даврда Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Украина, Эстония, Сингапур каби 30 га яқин мамлакат билан ҳар томонлама мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Жорий йилнинг 9 ойида 253 та корхона томонидан 150,4 миллион долларлик ёки 291 турдаги маҳсулот экспорти амалга оширилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Унинг 87,4 миллион долларини саноат, 63 миллион долларини эса мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил қилган. Экспорт кўламини янада кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.  

   Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йилнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус ишчи гуруҳи ташкил қилдик, – дейди Денов туман ҳокими Бахтиёр Ибатов. – Ҳудудда 390 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилса, 2021 йилнинг май ойигача халқимиз учун 135 минг 252 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари зарурлиги аниқланди. Унинг 82 минг 438 тоннадан ортиғи аллақачон тайёрлаб қўйилди. 52 минг 500 тоннага яқин парранда гўшти, балиқ, шакар, гуруч, ун, ўсимлик ёғи эса босқичма-босқич Хоразм, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан олиб келинади. Асосий мақсадимизаҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар  билан таъминлашдир.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон овозимухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: