28.10.2020

16 ЁШЛИЛАР МАШИНА БОШЇАРИШГА ТАЙЁРМИ?

Сўнгги кунларда бу савол аҳоли орасида кенг муҳокама қилинмоқда

Хабарингиз бор, “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган бу таклиф юзасидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси баёнот билан чиқди. Унда билдирилган фикрларда асос бор. Негаки, 16 ёшда инсон ҳам руҳан, ҳам жисман энди шаклланаётган, турли ўзгаришлар, ўтиш мавсумини бошдан кечираётган бўлади.

Қарама-қарши фикрлар айтилаётган бу масалада хориж тажрибаси қандай, деган савол кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Маълум бўлишича, Янги Зеландияда 16 ёш, Канада штати – Альбертадада 14 ёшдан ёнида тажрибали ҳайдовчи бўлиши шарти билан ўсмир автомобиль бошқариши ва гувоҳнома олиши мумкин экан. Буюк Британияда эса 16 ёшга тўлишдан 3 ой олдин бемалол ҳайдовчилик лицензиясини қўлга киритади. Аммо аксарият мамлакатларда балоғат ёшига етганларга ҳайдовчиликка рухсат берилади ва бу халқаро меъёрларга ҳар томонлама мос келади.

Бу борадаги фикрларга янада ойдинлик киритиш мақсадида мутахассисларга мурожаат қилдик.

Қаҳрамон ХУДОЙБЕРГАНОВ, ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари:

— Ушбу масала ҳақида гапиришдан олдин баъзи рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда содир этилаётган йўл транспорт ҳодисаси асосан тезликни ошириш билан боғлиқдир. Хусусан, ўтган ойнинг 9 ойи давомида 200 мингдан ортиқ ана шундай ҳолатда ҳалокатлар рўй берган. Светофор чироқларига зид равишда ҳаракатланиш бўйича ҳам 2100 дан ортиқ ҳодиса қайд этилган. Бундан ташқари, маст равишда автомобиль бошқариш, йўл белгиларига амал қилмаслик ва яна бошқа сабабларга кўра ҳам ана шундай фалокатларга йўл қўйилган. Бу қоидабузарлик ва кўнгилсиз воқеаларнинг аксарияти, яъни 60 фоизи ёшлар томонидан содир этилган.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 2 йил бўлмаган ҳайдовчилар томонидан 612 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида 191 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган, 571 нафари эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирганлиги, тажрибаси, ёши ва маданияти жуда муҳим ўрин тутади.

Афсуски, айрим ота-оналар йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фарзандига машинасининг калитини ишониб топшириб қўймоқда. Баъзида эса қаровсиз қолдирилган автомобилларни болалар ҳайдаб кўчага чиқиб кетиши оқибатида аянчли ҳалокатлар рўй бермоқда.

16 ёшдан автомобиль бошқарувига рухсат берилсин ёки берилмасин, деган қатъий фикрни айтишдан йироқман. Ушбу масала жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниб, маъқул қарорга келиниши керак, деб ўйлайман.

Дилбар МАМАЖОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғрисини айтсам, она сифатида фарзандимнинг 16 ёшда автомобиль бошқаришини эмас, ўқишини, билим олишини ёқлаган бўлардим. Чунки ёшликда ўрганилгани тошга ёзилгани, дейишади. Бошқа тарафдан эса транспорт бошқаришни билгани ёмон эмас. Бироқ 16 ёшдан ҳамма ҳам машина бошқариш қобилиятига эга бўлолмайди. Кимдир бу ёшда бошқаларга нисбатан эпчил, зийрак бўлиши мумкин. Лекин бошқаси табиатан бўшроқ, ҳушёрроқ бўлолмаслиги мумкин.

Яна бир жиҳати, соғлом турмуш тарзига амал қилиш масаласи турибди. Масалан, ўғлим 22 ёшда машина бошқарган. Шундай бўлса ҳам уни ҳамиша тергаб тураман. Йўлда ҳамиша зийрак бўлишга чақираман. Соғ-саломат уйга қайтмагунига қадар ҳаловатим бўлмайди. Энди 16 ёшли болани тасаввур қилиб кўринг. У ҳали жуда ҳам ёш.

Ушбу масаланинг қонуний асосларига келсак, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бир қанча талаблар белгиланган. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган Низомда “А” тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 16 ёшга тўлган бўлиши зарур. “В” ва “ВС” тоифада ҳайдовчилик гувоҳномалари 18 ёшдан берилса, “D” тоифада автомобиль бошқаришга 21 ёшдан (жумладан, трамвай ва троллейбуслар) рухсат этилади.

Асосийси, қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилган ва бу талаблар Йўл ҳаракати тўғрисидаги (1968 йилдаги Вена Конвенцияси) Конвенцияга асосланган ҳолда қўлланилган. Шу билан бирга, 16 ёшдан ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби жорий қилинган хорижий давлатлар ҳам йўқ эмас. Бироқ улар жуда ҳам кам. Швеция, Франция, Австрия, Эстония, Норвегия ва бошқа Европа давлатларида ҳам худди мамлакатимиз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланганидек, 16 ёшда унча катта бўлмаган мотоциклларни, 18 ёшда автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат этилади.

Рустамжон ЮЛДАШЕВ, меҳнат фахрийси (Андижон):

— Бу таклифга қаршиман. Аксинча, 20-25 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат берилиши тарафдориман. Ҳаёт шундоқ ҳам мураккаб. Ҳар куни аянчли якун топаётган транспорт ҳодисаларига гувоҳ бўляпмиз. Қанчадан-қанча жонлар қурбон бўлиб, қанчалари майиб-мажруҳга айланяпти. Энг ёмони эса бундан хулоса чиқарилмаяпти, автоҳалокатлар ҳам камаймаяпти.

Билсангиз, 16 ёшли боланинг ўқишдан бошқа нима эҳтиёжи бўлиши мумкин? Ҳатто, ишласа ҳам унга машинанинг қандай зарурати бор? Яхшиси, таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаш, ўйлаш керак. Масъуллар бош қотириб, бундан ҳам муҳим бўлган муаммолар ечими юзасидан таклифлар берсин, муҳокамага қўйсин. Халқимиз фикрини ўргансин. Шахсан мен Тошкентда яшайдиган ўғлимнинг уйига борадиган бўлсам, тўғриси, ёши каттароқ одамнинг автомобилига ўтираман. Энг камида 15 йиллик тажрибаси бўлмаган ҳайдовчига ишониш қийин. Тўғри, замон ўзгарди, ҳаёт тезлашиб кетди, дейишади. Аслида, замон жойида турибди. Шунчаки одамлар ўзгарган. Қўлидан ҳамма нарса келадигандек санайди ўзини. Йўлдаги ёш-ёш ҳайдовчилар эса бошқаларни менсимайди. Ўзини кўз-кўз қилади. Бир нарсани ишонч билан айта оламанки, эс-ҳушини йиғиб олган шахс машина ҳайдаши керак. Акс ҳолда, ҳар қадамда фалокат ётади.

Нигора ҲАСАНОВА, психолог:

— Инсон руҳияти ўз ривожланиш қонуниятларига эга. Таълим-тарбия жараёнида қўлланиладиган тарбиявий воситалар ўспиринларнинг ички дунёсига таъсир кўрсатади. Бугунги кунда ўспиринлар олдига мустақил фикрлаш, иқтисодий-ҳуқуқий билимдонликка эга бўлиш каби талаблар қўйилмоқда. Аммо ўспиринлар орасида енгил-елпи ҳаётга қизиқадиганлари ҳам оз эмас, улар кўпроқ кўчага интилишади. Шўхлик ва ўйин-кулгуга мойил бўлишади.

Ўспиринлик ёшида болани ортиқча нарсалар билан чалғитмаслик лозим. Уларни айни шу мураккаб даврда тўғри йўналтириб, маслаҳат ва ширин сўз билан тарбиялаш зарур.

Бу ёшда уларда тиришқоқлик, изланувчанлик билан бирга мақтанчоқлик, ўзини кўз-кўз қилиш истаги авжига чиққан вақт ҳисобланади. Яъни, транспорт воситасини бошқариши кўпроқ салбий оқибатларга олиб келади...

Бу фикрларни инкор этиб бўлмайди, албатта. Биз масалани ўрганиш жараёнида турли касб эгалари билан ҳам суҳбатлашдик. Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровимиз натижаларида ҳам инкор этувчи фикрлар кўпчиликни ташкил қилди. Аксарият ҳамюртларимиз 16 ёшда автомобиль бошқариш хатарли эканини таъкидламоқда. Умумий хулосаларга кўра, 18 ёшда ҳам киши транспорт воситасини бошқаришига руҳий жиҳатдан тўлиқ тайёр бўлмаслиги мумкин.

Биз аввало айрим саволлар устида ўйлаб кўришимиз керак: Ўн олти ёшли боламиз учун нима муҳим? Ўқишми, тарбиями, машинами? Машина унга нимага керак? Бола ўн олти ёшида машина ҳайдайдиган бўлса, ўқишдан чалғимайдими, тарбиясига путур етмайдими?

Бу саволлар устида ўйлаб, сўнг хулоса чиқарсак, тўғри бўлади, деган фикрдамиз.

 

Зилола Анвар қизи,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: