Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
09.09.2020

КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИДА

17 та вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ жойларда одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, бартараф этмоқда

Таҳририятда ишлаб ўтирган эдим, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиаутдин Бобоназаров қўнғироқ қилиб қолди.

Қандайсиз ёшулли, саломатликлар жойидами? Вақтингиз бўлса, шаҳарнинг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларига ўтиб келсак. 2020 йил 20 августдан ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланганидан хабарингиз бор, албатта. Шу икки туманга борсангиз, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзингиз билан кўрардингиз. У ерда бизнинг вакилимиз ҳам бор, ҳаммасини кўрсатиб беради...

 Тан олиш керак, кейинги уч йил мобайнида республикамиз ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қатъий назоратга олинди. Жорий йилда ҳам 17 та вазирлик ва идоралар вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тасдиқланган жадвал бўйича ҳудудларда фаолият кўрсатмоқда. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 8 та йўналиш кесимида ўрганилиб, камчиликлар жойида бартараф қилинмоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, республика бўйича иккита ишчи гуруҳи тузилиб, 1-ишчи гуруҳи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев раҳбарлигида Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳрида, 2-ишчи гуруҳи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Ш.Абдураззоқов раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида фаолият кўрсатмоқда экан.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси бўлим мудири Зиаутдин Бобоназаров билан ишчи гуруҳлардан бири фаолият кўрсатаётган Чилонзор туманидаги Катта Қозирабод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига бордик. Бизни Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан шу ҳудудга бириктирилган Умид Маниязов кутиб олди.

Маҳалладаги тўққиз қаватли 85-уй йўлакларига лифт ўрнатилганига 40 йилдан ошган, дейди у. Ҳозир ўшаларнинг ишламай қолган иккитаси янгисига алмаштирилди. Қолган камчиликлар ҳам бартараф этиляпти.

Тўғрисини айтиш керак, кўпинча лифт ишламай қолиб, қарияларимиз, ёш болалар юқори қаватларга зинадан чиқишга қийналишарди, дейди шу ерда яшовчи Муяссар Алиева. "Семурғ-лочин" уй-жой мулкдорлари ширкатига бир йил бурун Саида Султоновани сайлаган эдик. У ширкат кучи билан кўпгина камчиликларимизни бартараф қилиб берди. Жуда ҳаракатчан аёл, раҳмат шунчалик бизга жон куйдиргани учун. Лекин бузуқ лифтларни алмаштириш масаласига келганимизда, бунга ширкатнинг ҳам кучи етмай қолди. Шунинг учун туман сектор раҳбарларига, Халқ қабулхонасига мурожаат этишга тўғри келди...

Мана кўраяпсиз, ишчи гуруҳи вакилларини, Нодиржон Абдуллаев Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан, Шуҳрат Аҳмедов Президент Админстрацияси масъул ходими, Хуршид Хушвақтов туман прокурори катта ёрдамчиси, Яқуб Қодиров туман ободонлаштириш бошқармаси йўл хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси ва ҳоказо, дейди тўққиз қаватли 85-уй хўжалиги бошлиғи Навбаҳор Турдиева. – Қишда хонадонларни иссиқ сув билан таъминлайдиган 400 метр масофадаги қувур пайвандчилар томонидан алмаштирилаяпти. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида қурилган уй билан бир вақтда ўрнатилган қувур чириб-занглаб, тешилиб кетган эди. Натижада қишда хонадонларга бериладиган иссиқ сув таъминоти кўнгилдагидай эмасди.

Мен "Семурғ-лочин" уй-жой мулкдорлари ширкати бошқаруви аъзосиман, дейди тўққиз қаватли 85-уйда яшовчи нафақахўр Мавлуда Маматова. – Илгари ширкатга раис ҳам бўлганман. Уйимиз олдидаги кўчанинг асфальти қўпорилиб, чанги чиқиб ётибди, қишда эса лойгарчилик. Болаларимиз, кексаларимиз қийналади. Шу кўчага асфальт ётқизиб беришни сўраб, сектор раҳбарларига мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Шу айтган гапларимизни газетангизда чоп этсангизлар, зора фойдаси тегиб қолса...

Жорий йил 17 июль куни Президент ҳузурида ва 17 август куни Бош вазир раҳбарлигида республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари белгилаб берилган, дейди Президент Админстрацияси масъул ходими, ишчи гуруҳи вакили Шуҳрат Аҳмедов. – Ҳозир кўп квартирали уйларни ва ижтимоий соҳа объектларини ҳамда иссиқлик, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминоти тизимларини мавсумга тайёрлаш ишлари ўрганилаяпти. Аниқланган муаммолар жойида бартараф этилаяпти.

Тумандаги 2-сектор штаби "Катта Чилонзор-3" МФЙ биносида жойлашган экан. Штаб ишчан кайфиятда. Сектор раҳбари, туман прокурори Иззатилла ­Бозоров раҳбарлигида ҳар куни бажарилган ишлар, батараф этилган камчиликлар ҳақида кечқурун маълумот йиғилиб, ишчи гуруҳ ўртасида муҳокама қилинади, эртанги кунги вазифалар белгиланади.

Тумандаги 2-сектор ҳудудида 11 маҳалла мавжуд бўлиб, уй-жой мулкдорлари ширкати қарийб 60 минг аҳолига хизмат кўрсатади, дейди Чилонзор туман прокурори катта ёрдамчиси, сектор мувофиқлаштирувчиси ­Хуршид Хушвақтов. – Кўп қаватли уйлар 365 та, хонадонлар сони 18 мингга яқин. Маҳаллаларда 11 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган ҳолда 431 та объект ўрганилди, 72 та муаммоли масалалар аниқланиб, шулардан 54 таси ҳал этилди. Қолганлари ҳам турли бошқарув идоралари даражасида ҳал қилинаяпти. 425 та ижтимоий ва бошқа объектлар ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда. Ишонсангиз, уйма-уй юриб, аҳолидан қандай камчиликлар борлигини сўраб-суриштириб чиқаяпмиз, бизга шундай топшириқ берилган. Иссиқ жон, ҳар бир инсоннинг ўз муаммоси бор. Аммо шундай муаммолар борки, буни баъзан бир киши, ўн киши, ҳатто ширкат ҳам бажаролмаслиги мумкин. Тумандаги кўп қаватли уйлар асосан ўтган асрнинг иккинчи ярмида қурилган, шунинг учун вақт ўтган сайин ҳар хил муаммолар пайдо бўлиши табиий. Бугунги кунда том қисмидан чакки ўтиш, лифт ишламаслиги, иссиқлик таъминоти талаб даражасида эмаслиги, ертўлалардаги қувурлар носозлиги бор гап. Ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп. Фаолиятимиз давомида ана шуларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилаяпмиз.

Йирик муаммолардан бир-иккитасини айтиб ўтадиган бўлсам, масалан, "Чарх Камолон-1" ва "Чарх Камолон-3" МФЙларда 3-6 ёшдаги болалар сони 1500 нафардан ортиқроқ. Лекин бу ҳудудда ҳалигача мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмас. Ёки, масалан, "Бешёғоч" МФЙ ҳудудидаги мавжуд якка тартибдаги уйларда канализация тармоғи йўқ. Буларни ҳал қилиш учун эса бир қанча ташкилот ва муассасаларнинг бошини бириктиришга тўғри келади...

Яширишнинг ҳожати йўқ, баъзи ширкатлар талаб даражасида ишламаётганидан ташқари, баъзи ҳолларда ўз манфаатидан келиб чиққан ҳолда шаҳарсозлик қоидаларига амал қилмаётгани ўша ҳудудда яшаётган аҳоли норозиликларига сабаб бўлмоқда. Пойтахтимизнинг Учтепа туман 12-мавзе, 9 қаватли 65-уйда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларнинг мазкур хонадонларга хизмат кўрсатадиган "Афросиёб-2" уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Сойибжон Бойқобилов устидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига, Президент Виртуал қабулхонасига қилган мурожаати бўйича йўл-йўлакай ўша манзилга кириб ўтдик.

Биз "Афросиёб-2" уй-жой мулкдорлари ширкати манзилида унинг раҳбари Сойибжон Бойқобиловни тополмадик, аммо 65-уйни бориб кўрдик. Бу уйнинг аҳоли кириб-чиқадиган йўлагининг нариги томонига бир пайтлар узунасига гаражлар қурилган экан. Болалар ўйнайдиган майдонча йўқлиги сабабли аҳолининг талаби билан гаражлар бузилиб, болалар ўйингоҳи қилинган. Лекин "Афросиёб-2" уй-жой мулкдорлари ширкатига Сойибжон Бойқобилов раҳбар бўлгач, худди ўша жойга қайтадан машиналар учун бостирма қилинган. Болалар ўйингоҳи эса номигагина "бостирма гаражлар"нинг нариги томонидаги ташландиқ жойга кўчирилган, чанг-тўзонга ботиб ётибди. Тўғри, машиналарни қўйиш учун ҳам жой керак. Аммо болалар ўйин майдончаси ҳисобига эмас, деб ўйлаймиз. Бу ҳолатга балки тумандаги мутасадди сектор раҳбарлари баҳо берар?!

Айни пайт мамлакатимиздаги мавжуд 37 мингдан зиёд кўп қаватли уйларга 4,5 мингдан зиёд уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда 150 дан кўпроқ бошқарув-сервис компаниялари томонидан хизмат кўрсатилади. Ҳудудлар кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатаётган мулкдорлар ширкати ҳолати, айланма маблағлардан фойдаланиш ва ҳисоб-китоб тизимини таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунгача ҳудудларда 45 параметрдан иборат намунавий жадвал асосида мингдан ортиқ мулкдорлар ширкати фаолияти таҳлили ўтказилган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Аҳолининг кўп каватли уй-жойлардаги ички иситиш тизимидаги эътирозларини камайтириш мақсадида ҳаракатланувчи мобил авария-тиклов бригадалари ташкиллаштирилиб, кўп квартирали уйларнинг ички иситиш тизимларини созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги пайтда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг муаммоли қарздорлигини қисқартириш, кўп хонадонли уйлар бошқарувини сервис компанияларига бериш тажрибасини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва аҳолига қулайлик яратишдан иборат.

Навбатдаги манзилимиз Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ бошлиғи Улуғберди Нарзуллаев раҳбарлик қилаётган 3-сектор ҳудуди бўлди. "Обиназир" маҳалласида жойлашган сектор штабида Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳамда бўлим бошлиғи Учқун Қодиров билан учрашдик. Бу ерда қурувчилар ҳар йили қорли-қировли кунларда чакка ўтадиган кўп қаватли 3-уйнинг томини таъмирлашаётган экан. Туманда 51 та маҳалла бўлиб, шундан 13 таси 3-секторга бириктирилган экан.

– 3-сектордаги Кўкча, Шофайз, Маннон Уйғур, Оқлон маҳаллаларида қишда якка тартибдаги хонадонларда газга бўлган талаб ортади, дейди сектор мувофиқлаштирувчиси Учқун Қодиров. – Чунки ушбу аҳоли уланган газ қувурига «Кўкча» МФЙда жойлашган Тошиссиққуватга қарашли 3-сонли қозонхона ҳам улангани сабабли қишда газ босими тушиб кетади. 3-қозонхона хизмат кўрсатаётган кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектларда иситиш тизими ва иссиқ сув меъёр кўрсаткичларидан паст бўлади. Бу масала бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, муаммони бартараф этишга ҳаракатлар бошланган.

«Кўкча» МФЙда 1080 та хонадон мавжуд. 7300 дан ортиқ аҳоли яшайди, Куз-қиш мавсумида электр токи истеъмоли кўпаяди. Мавжуд юкламани меъёрга солиш мақсадида 630 КVA қувватли трансформатор пункти ўрнатилиши лозим. Яна мазкур ҳудудддаги Кўкча қабристонига туташ 30 га яқин хонадон эгалари бу ҳудуд яшашга номаъқуллиги, муҳит ва шароит оғирлигидан шикоят қилиб келади. Ўтган йили ҳам бу муаммо кун тартибига қўйилган эди. Бироқ бу муаммо ҳозирга қадар ҳал этилмаган. Ана шуларни бартараф этиш мақсадида юрибмиз.

Боғкўча МФЙда жойлашган 44-оилавий поликлиника ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган. Поликлиника 44 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ўтган йиллар давомида бу иншоотда фақат енгил таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинган, лекин капитал таъмирлаш ишлари ўтказилмаган. Бугунги кунда поликлиника капитал таъмирлашга муҳтож. Мавжуд тиббий аппаратлар ва ускуналар эскирган. Юқори ташкилотларга бўлган мурожаатлар натижасида бу поликлиника жорий йилда давлат бюджетининг таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун ажратилган маблағлари ҳисобига капитал таъмирлаш режасига киритилган.

Ушбу ишларни амалга оширилиши бўйича Соғлиқни сақлаш, Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул этиб белгиланган. Шайхонтоҳур туманида 20 мингга яқин якка тартибдаги хонадонлар, 720 та кўп қаватли уйлар мавжуд. 300 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 49 та маҳалласида 42 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Уйма-уй юрилиб, 1486 та хонадон ўрганилди, 134 та муаммоли масалалар аниқланиб, шундан 108 таси ҳал этилди. 996 та ижтимоий ва бошқа объектларда ўрганишлар ўтказилиб, мавжуд 456 та муаммодан 345 таси ҳал этилди.

Шайхонтоҳур туманидаги энг катта муаммолардан бири 1-сектор Ипакчи МФЙ ва 3-сектор Кўкча МФЙлардан ўтган генерал Узоқов кўчасида жойлашган 46 та кўп қаватли уй, 3 та МТМ ва битта мактабни иссиқлик энергияси билан таъминловчи магистрал иссиқлик тармоғи кўп йиллар давомида эксплуатация қилиниши натижасида авария ҳолатига келган. Куз-қиш мавсумида шу ҳудудда яшаётган 11 мингдан зиёд аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб берилмаяпти. 1991 йилда қурилган, жами узунлиги 3.758 погонометр бўлган мазкур тармоқда ҳар йили бир неча ўн маротабалаб авариялар юзага келади. Уларни бутунлай янгиламаса, жуда катта миқдордаги иссиқлик йўқотишлари давом этаверади.

Тумандаги «Кўкча Дарвоза», «Камолон», «Камолон дарвоза», «Маннон Уйғур», «Чақар», «Зангиота» маҳаллаларида ҳам аҳоли сони кўпайганлиги ва электр истеъмоли кескин ошганлиги сабабли кичик қувватли трансформатор пунктларини катта қувватли трансформатор пунктларига алмаштириш лозим.

Аварияларнинг олдини олиш учун туман бўйича 5280 метр юқори ер остидан ўтган юқори кучланишли ва 15260 метр паст кучланишли кабеллар ўтказилиши керак. «Зангиота», «Обиназир», «Янгишаҳар», «Эски Жарариқ», «Эшонгузар», «Лабзак», «Самарқанд дарвоза» маҳаллаларидаги эскирган авария ҳолатидаги ёғоч таянчларни темир бетон таянчларга алмаштириш ва 15 километрдан зиёд ҳаво линияларини тортиш лозим.

 Республика ишчи гуруҳининг таклифига асосан барча секторларда Шайхонтоҳур туманини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва зарурий чораларни кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Шайхонтоҳур туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда доимий иш олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳлар билан аҳоли алоқасини йўлга қўйиш учун махсус буклетлар тайёрланиб, унга туман Халқ қабулхонасининг 71-248-10-00 рақамли телефони, сектор раҳбарларининг телефони рақамлари ёзилиб, уйма-уй юриш жараёнида хонадонларга тарқатилмоқда. Тумандаги кўп қаватли уйлар йўлаклари ҳамда маҳалла идораларида ҳам ана шундай буклетлар мавжуд.

"Обиназир" маҳалласида жойлашган 3-сектор штабидан қайтаётганимизда томи таъмирланаётган 3-кўп қаватли уйда яшаётган уч-тўрт фуқаро бизни кутиб турган экан.

Бу уй ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган. 105 та хонадон бор. Анчадан буён томидан чакка ўтарди. Икки марта банкдан кредит олиб тузатишга ҳаракат қилдик. Барибир бўлмади, деди кўп қаватли уйнинг 73-хонадонида истиқомат қилаётган Муқаддам Тошмуҳамедова. – Мана, ниҳоят муаммо ҳал бўлди. Аввало мана шу ишларнинг бошида турган Президентимизга, Халқ қабулхоналари, секторлар раҳбарларига минг раҳмат.

Лекин бизларнинг сизга бошқа арзимиз бор. Мана шу уйимизнинг рўпарасига қурилаётган беш қаватли уй ўртасидаги масофа умуман мусулмончиликка тўғри келмайди. Уят бўлса ҳам айта қолай, одам ўз уйида ечинади, кийинади, эмин-эркин юради. Рўпарадаги уйга аҳоли кўчиб кирганидан кейин нима бўлади? Ҳамма нарса деразадан кўриниб туради-ку.

Туманимизнинг олдинги ҳокими томонидан чиқарилган қарор асосида икки қаватли "Замонавий маҳалла" мажмуаси қуриб битказилди. Лекин қарорга кўра, турли ижтимоий соҳаларга йўналтирилган хоналар, қариялар дам олиш уйи, кутубхона, ёшлар учун енгил конструкцияли спорт иншоотлари, болалар ўйингоҳи қурилиши керак эди. Ҳозир ана ўша "Замонавий маҳалла" марказини бориб кўрингчи, юқорида санаб ўтилган маданий-маиший йўналишдаги шохобчаларнинг қайси бири бор экан?!

Мана шу уйимизнинг рўпарасида ҳозир қурилиши битай-битай деб қолган янги беш қаватли уйнинг ўрнида болалар ўйингоҳи бўларди, деб суҳбатга қўшилди 73-уй бошқарувчиси Мансур Латипов. – Унинг бир томонида кичкинагина бўлсаям тўй-маърака ўтказадиган жой ҳам бор эди. Бир тадбиркор мана шу жойга янгидан болалар ўйингоҳи, кутубхона, тўй-маърака ўтказадиган жой, қариялар учун дам олиш маскани қуриб бераман, деб архитектура ташкилоти томонидан чиздирган лойиҳасини кўтариб келди. Биз ҳам бу ваъдаларга ишондик, рози бўлдик. Кейинчалик бир гуруҳ қурувчилар келиб, қурилишни бошлади.

Кўп қаватли уйдан мана бу янги қурилишгача бўлган масофа 15 метрча чиқади. Болалар ўйнайдиган майдон тугул, бемалол ўтириб, нафас ростлашга ҳам жой йўқ. Кейинчалик ростми-ёлғонми, билмадик, бизга лойиҳасини кўтариб келган тадбиркор бу жойни бошқа бировга сотган экан. У ҳам ўз навбатида бу уйда яшаётган аҳоли билан келишмасдан, қанақадир савдо комплекси қурилишини бошлаб юборибди, деб эшитдик. Бу жойга майда савдо комплекслари биноси деб қарор чиқариб олинган экан. Ана шундан буён ҳаловатимиз йўқолган...

Суҳбат асносида 73-уй бошқарувчиси Мансур Латипов қўлимга иккита ҳужжат тутқазди. Улардан бири "Замонавий маҳалла" лойиҳаси асосида маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шохобчалар ташкил этиш учун жисмоний шахс Муҳитдинов Жавлон Ҳасановичга Шомаҳмудов кўчаси, 3-уй ёнидан 0,10 гектар ер майдони ажратиш ҳақида 2018 йил 4 май санаси билан Шайхонтоҳур туманининг ўша пайтдаги ҳокими Б.Ғойибназаров имзолаган қарор экан. Унга кўра, Ж.Муҳитдинов намунавий лойиҳа асосида икки қаватли "Замонавий маҳалла" мажмуасини қуриб битказиб, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлимига беғараз фойдаланиш учун топширади ва эвазига ўзи учун савдо ва маиший шохобчалар комплексини қуради. Қурилиш ишлари якунланганидан кейин фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан жисмоний шахс Муҳитдинов Жавлон Ҳасановичга мулк ҳуқуқи эътироф этилиши таъминланади.

Шу масала бўйича кўп қаватли 3-уй аҳолиси томонидан Президентнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилинган. Бу мурожаатномага ҳам Шайхонтоҳур туман ҳокими А.Тўхтаев имзоси билан 2020 йил 29 августда жавоб олинган. Унда ҳам Шайхонтоҳур туманининг олдинги ҳокими Б.Ғойибназаров томонидан ушбу масала бўйича қабул қилинган қарор келтирилган...

Бу ерда бўлаётган қурилишнинг бошида ким турганини ҳеч биримиз билмаймиз, дейди 93-хонадон соҳибаси, нафақахўр Феруза Юсупова. – Қурилиш бошланмасидан олдин пойдеворни бир метр орқага суриш учун қанча уруш-жанжал қилдик, шунда ҳам атиги ярим метр орқага сурдирдик, холос. Учта неварам бор, подъезддан ташқарига чиқса, хавотир оламан. Чунки ўйнайдиган жой йўқ, тротуарни кўриб турибсиз, машина қатнови тинмайди. Ёзмаган, бормаган жойимиз қолмади. Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Бу қайси бир қўлини осмонга узатса, ойга етадиган, халқнинг азалий қадриятларини писанд қилмайдиган тадбиркор экан, деб ҳайрон бўламан. Бизнинг дардимизни газетага ёзсангиз, бу ерни қураётган тадбиркор балки инсофга келармиди. Ёки Президентимиз бизнинг гапларимизни газетада ўқиб кўриб, тарафимизни олармиди...

Биз бу масала бўйича 3-кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларнинг фикрларини эътиборга олган ҳолда албатта уни газета саҳифасида ёритишга ҳаракат қилишимизни билдирдик...

Икки кун давомида пойтахт шаҳрининг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай давом этаётгани билан танишдик, ҳар икки туманда фаолият юритаётган ишчи гуруҳнинг фидойилик билан ишлаётганига, юзага қалқиб чиқаётган камчиликларни бартараф этишда жон куйдираётганига гувоҳ бўлдик.

Мана, иккала туманда бўлиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмаётганини, аҳоли томонидан тушаётган мурожаатлар жойида ўрганилиб, ечими топилаётганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз, ишонч ҳосил қилдингиз, деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими Зиаутдин Бобоназаров. – Аслида бу бизнинг кундалик ишимиз. Халқ қабулхоналари куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан чекланиб қолаётгани йўқ. Уйма-уй юриб ўрганишларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, айниқса, ишсиз фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, доимий даромад манбаига эга бўлиши, турмуш шароити яхшиланиб, кам таъминланган оила рўйхатидан чиқарилиши учун ҳар бир хонадон кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам берилаяпти, иш билан таъминланмаган фуқаролар мутахассислигига қараб ишга жойлаштирилаяпти, оилаларга имтиёзли кредитлар берилаяпти. Давлатимиз, Президентимиз, ҳукуматимизнинг мақсади битта: ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топиши лозим. Ана шундагина ҳар бир инсон эртанги кунни ишонч билан кутиб олади, ўз турмуш тарзини ўзгартиришга, янада яхшилашга ҳаракат қилади. Натижада жамиятда ривожланиш бўлади, аҳоли фаровонлиги ошади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Равшан ШОДИЕВ,

"Ўзбекистон овози" мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: