15.07.2020

КИМЛИГИНГИЗ МАЪЛУМ БЎЛДИ-КУ,

қачонгача одамларни чалғитасиз?

Ҳаётда ҳамма амал қилиб келадиган оддий тартиб-тамойил бор: муаммоли вазият юзага келса, сабаблар ўрганилиб, ким ҳақ ё ноҳақлиги тошу тарозига қўйилади. Натижада, ҳақиқат аён бўлади-қўяди. Лекин, шундайлар борки, улар ўз манфаатларига хизмат қилмайдиган ҳар қандай ҳақиқатни инкор этишади. Агар ёлғон, сохта бўлса-да ўз манфаатига мос келса бўлди, ҳақиқат шу дея туриб олади.

Муддаога ўтсак. Бир неча ой аввал «Адабиёт» деган хусусий газетада иқтисод фанлари доктори, профессор Х. Аллақулов жабр-дийда қилиб кўрсатилган мақолани кўриб қолувдим. Уни ўқиган киши борки, Х. Аллақуловга ачиниши турган гап. Қисқача айтганда, мақолада профессорга нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатилган бўлиб, жиноят иши 10 дан ортиқ суд идораларда кўрилиб, охир-оқибат оқлов ҳукми чиқарилган экан. Профессорнинг ёзишича, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳали-ҳануз тикланмаяпти. У идорама-идора оввораю сарсон бўлиб юрибди. Мақоланинг мазмун-моҳияти шундан иборат.

ЯқиндаЎзбекистон овозигазетасида «Оқланиш мумкин, оқ бўлиш қийин…» сарлавҳали мақолани ўқиб, Х.Аллақуловнинг шу кунгача бўлган даъволари аслида пуч эканлигини тушундим. Буни қарангки, мазкур мақола чиққандан кейин профессор жаноблари ижтимоий тармоқда бир блоггернинг саҳифаси орқали «юриш» қилди. Мақоладан «дарча» ахтариб, ўз эътирозларини мужмал гаплар билан изҳор қилишга чиранди.

У қўлидаги қоғозларни кўрсатиб, “мана, мен ҳақимдаги иғводан иборат мақола”, деб мақоладан парча ўқиди: “Унинг хаёли қанақалигини билмадик-ку, аммо бугунга келиб, хорижда жазодан қочиб юрган, феъли бузуқ, мақсади ёвуз кимсалар тузоғига илингани аниқ. Улар ўз мақсадлари йўлида Х.Аллақуловдан, Х.Аллақулов эса улардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда

Сўнгра кескин бир оҳангда: “Қани исбот, қани далил?”, деган саволларни беради. Эмишки,  “хорижда жазодан қочиб юрган, феъли бузуқ, мақсади ёвуз кимсалар тузоғига илингани аниқ. Улар ўз мақсадлари йўлида Х.Аллақуловдан, Х.Аллақулов эса улардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда”, сатрлари учун далил умуман йўқ.

Хўп, яхши. Домла, сиз шунчалик оппоқ экансиз, нега мақолани энг асосий нуқталарига тўхталиб ўтмадингиз? Ундан айрим парчаларни яна такрорлашга тўғри келаяпти. Масалан, мақолада  ўша вақтда Марказий банкнинг юридик бошқармаси бошлиғи ва яна бир масъул ходими Термизга бориб, муаммони жойида ўрганиб қайтгани ҳамда таҳририятга жавоб хати юборгани ҳам айнан келтирилган. Ўша хатни энг асосий нуқталаридан бирига эътиборимизни қаратайлик:

«Уйжойжамғармабанк» Сурхондарё вилоят филилали мутахассиси Ҳайдаров Отабек жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан гувоҳ сифатида сўроққа таклиф қилинмаган ва сўроқ қилинмаган ҳолатда, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг мажлисларида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганлиги қайд этилганлигига асосланган. Аммо, сўроқ ўтказилган сана аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, О.Ҳайдаров томонидан тақдим этилган тушунтириш хатида у ишончнома билан эмас, балки бошқарувчининг оғзаки топшириғига асосан Ў.Саматов ўрнига 10 минутга судда иштирок этганлигини маълум қилган.»

Хўш, домла агар ҳақ бўлсангиз, мақолани нега айни шу жойига изоҳ бера олмадингиз?

Очиғи, мақолани ўқиган киши борки, унда Х. Аллақуловнинг фаолияти, унга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукми адолатли бўлганлигига ишонмай қўяди.

Яна ўша мақолага қайтамиз. Буни қарангки, Марказий банкнинг хатида айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди мазкур 1-418-сонли жиноят ишини кўришда, банк билан мижоз ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган банк ҳисобварағи шартномасида тарафлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларини қай даражада бажарганлиги ёки бажармаганлигини аниқламасдан банклар томонидан Термиз давлат университетининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари нақд пул билан таъминланмаган деган, асоссиз хулоса чиқарган, экан.

Бунинг устига мақолада Деҳқонобод суди икки гувоҳ кўрсатмасига асосан сизни оқлагани ва банк номидан кўрсатма бераётган бу икки гувоҳдан бири банк тизимида умуман ишламаган шахс экани, иккинчиси эса бу масалада судда кўрсатма бериш ваколатига эга эмаслиги аниқ-равшан исботланган. Яъни сиз сохта гувоҳлар кўрсатмалари асосида оқлангансиз.

Ижтимоий тармоқлардаги чиқишингизда нега бу ҳақда гапирмаяпсиз? Сиз ўзингиз ариза ёзиб ишдан кетган бўлсангизда, мени ишга тиклашмаяпти, деб ёш боладек йиғлаб юрибсиз. Агар вазирлик ташаббуси билан ишдан бўшатилганингизда талаб қўйишингиз мумкин эди.

Кўраяпмиз, эшитаяпмизки, адолатсизликка учраб ноҳақ судланганлар бугун оқланиши жамиятимиз маънавий муҳитини соғломлаштириб бормоқда. Х. Аллақулов мисолида яна тушуняпмизки, аслида айбдор бўлган кимсаларни оқланиши жамиятдаги муҳитни бузиб юборар экан. Сўнги сўз ўрнида олимга ўзи айтган фикрни такрорлагим келди: «ҳалқимиз оқни қорадан, жаҳолатни ҳақиқатдан ажратиб олади»! 

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

“Тошкент ҳақиқати” газетаси

бўлим муҳаррири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: