24.06.2020

ИМТИЁЗ АДОЛАТГА, ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИМИ?..

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарида ҳаяжон кучаяди. Шу боисданми, соҳага тегишли ҳар қандай янгилик билан қизиқишади. Айниқса, кириш имтиҳонларидаги имтиёзлар, енгилликларга эътибор катта бўлади. Оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда бу мавзуга оид ёритилган фикрларга муносабат билдирувчилар кўп бўлади.

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисованинг олий таълим бўйича ўқишга кириш билан боғлиқ имтиёзлар ижтимоий адолат тамойилига зид экани, ёшлар ўртасида тенгсизликни келтириб чиқариши борасидаги фикри кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Ҳар бир ёш олий таълим муассасасида ўқишни, яхши мутахассис бўлишни чин дилдан истайди, дейди Мақсуда Ворисова. Ҳар йили қабул жараёнлари олдидан қандай янгилик бўлар экан, деган саволга жавоб топиш мақсадида турли ахборот манбаларини кузатиб боради. Йигит-қизларнинг аксарияти талаба бўла олмаса, кейинги ҳаёти қандай давом этишини ўйлаб, хавотирланади. Бу йил ҳам анъанага кўра, олий ўқув юртларига қабул ҳақида ­оммавий ахборот воситаларида батафсил ахборот берилди. Қабул ўринлари ошгани ёшлар билан бирга уларнинг яқинларини ҳам қувонтиргани аниқ. Бироқ ўқишга киришда имтиёзлар берилиши тўғрисидаги янгиликларни ҳар ким турлича қабул қилди. Пухта тайёргарлик кўриб, астойдил меҳнат қилган ёшларимизда хавотир пайдо бўлгани ҳам бор гап. Биз буни тўғри тушунишимиз керак.

Зеро, Конституциямизда барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканликлари белгиланган. Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас.

Бу борадаги айрим мулоҳазаларимни билдирсам. Мактабни аъло баҳоларга битирган абитуриентга ҳеч қандай имтиёз йўқ. Бироқ республика фан олимпиадалари ғолибларига имтиёз белгиланган. Алоҳида таъкидламоқчиман, республика миқёсидаги фан олимпиадаларини назарда тутяпман, халқаро олимпиада совриндорларини эмас.

Шунингдек, мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин, деб ўйлайман. Негаки, бу тизимда фаолият олиб бораётганларга қанчадан-қанча қулайликлар яратилгани барчамизга маълум. Энди ўйлаб кўрайлик, уларнинг ҳисобидан фарзандларига имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига мос келади?.. Ўқитувчи ёки қайсидир ташкилотда оддий ходим бўлиб ишлайдиган инсонларнинг фарзандлари бундан оғринмайдими?

Яна бир гап. Ҳарбий хизматни намунали ўтаганлик учун тавсия асосидаги имтиёз ҳам фақат ҳарбий соҳадаги таълим тизимига татбиқ этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу орқали ҳақиқий билим ва қобилиятга эга, энг муҳими, ўзи танлаган соҳа бўйича йиллаб тайёргарлик кўрган йигит-қизлар олий таълимда ўқиш бахтидан бенасиб бўлмасди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қаерда ўринсиз имтиёз берилса, шу ерда коррупция, деган балога кенг эшик очилади. Айтмоқчиманки, фарзандларимизни коррупция оғуси билан суғормайлик, бошқаларини эса адолатсизлик билан ҳаётдан норози қилмайлик.

Депутатнинг юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалари бўйича кўплаб юртдошларимиз ўз муносабатларини билдиришмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Нишонгул Ғаниева,

ҳамшира:

Уч нафар фарзанднинг онасиман. Айни вақтда фарзандларим юртимиздаги турли олий таълим муассасаларида таҳсил олишяпти. Биринчи ва иккинчи фарзандларим уч йил талабалик бахтига эришолмади. Ҳар йили уларга далда бериб, билимларини ошириш кераклигини қайта-қайта уқтирардик. Қўшимча дарсларга қатнашди, анча-мунча маблағ сарфладик, репетитор учун пул топишга қийналган пайтларимиз ҳам бўлди. Ўзимиз учун кўп нарсадан воз кечдик. Болам ўқиса бўлди, деган ният билан сабр қилдик.

Айтишим керакки, ўзим улардан кам ҳаяжонланмаганман. Имтиҳон жавоблари чиқиши керак бўлган кун яқинлашган сайин кечалари ухлай олмасдим. Фарзандларим келажагини ўйлаб хавотирланардим. Болаларимиз бирин-кетин талаба бўлишди. Ҳар куни уларга бунинг қадрига етишни, астойдил таълим олишларини насиҳат қиламан. Бу орада катта фарзандим ҳарбий хизматга бориб келди. Имтиёзлар масаласига келадиган бўлсак, буни доим ҳам ёқлаб бўлмайди. Ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз берилиши тўғри, бироқ кимнингдир фарзанди бўлгани учун енгиллик яратиш масаласини чуқур ўйлаб кўриш керак. Депутатимизнинг бу борадаги фикрларига қўшиламан.

Низом ИСЛОМОВ,

журналист:

Рағбат қанчалик катта бўлса, бу ўз навбатида коррупцияни, порахўрликни келтириб чиқаради. Масалан, Зулфия давлат мукофоти совриндорларига олий ўқув юртига имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилди. Натижада айрим ота-оналарда қандай бўлмасин ушбу мукофотни фарзандларига олиб бериш истаги кучайди. Ҳатто икки сатр шеър ёзишни билмайдиган қизларнинг шеърий тўпламлари чиқа бошлади. Мақсад мукофот эмас, ўқишга кириш. Хўш, ушбу мукофотдан мақсад нима? Чинакам иқтидорлиларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, бироқ ўқишга имтиҳонсиз кирадиган ёшлар сафини кўпайтириш эмас! Тасаввур қилинг, агар бу мукофот совриндорлари учун ОТМга имтиҳонсиз кириш имтиёзи бекор қилинса, ўз-ўзидан нияти Зулфияга муносиб издош бўлиш эмас, балки бу мукофот ниқоби остида ўқишга имтиҳонсиз киришни ният қилган сохта ижодкорлар йўқ бўлади.

Рағбат керак, имтиёз керак. Аммо ҳеч қандай имтиёз олий ўқув юртига киришга алоқадор бўлмаслиги лозим. Чунки бу ҳамманинг ҳуқуқи. Бир ёшга берилган имтиёз бошқа бир ёшнинг тақдирига салбий таъсир қиляптими, демак, у имтиёз эмас.

Гулчеҳра Раҳмонова,

ўқитувчи:

Ҳозирда Японияда яшайдиган бир курсдош акамиз Кунчиқар мамлакатда кириш имтиҳонларидаги имтиёз ҳақида шундай фикр билдирди: Япония университетларига кириш имтиҳонлари совуқ январь ойида бўлади. Имтиҳон кунлари барча иситиш тизими ўчириб қўйилади. Боиси, кимдир кондиционер ёки печкага яқинроқ ўтирса, узоқроқда ўтирганга нисбатан имтиёзлироқ бўлиб қолиши мумкин экан.

...Хизмат вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўғил-қизлари учун бундай имкониятлар берилиши тўғридир. Бироқ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари фарзандларига бериладиган имтиёзлар баҳсли бўлиши мумкин. Ушбу масала кўпчилигимизни қизиқтиряптими, демак, муаммо бор, ўйлаб кўриш лозим бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири Маҳлиё АЛИҚУЛОВА тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: