24.06.2020

ОЛИМ БЎЛИШ ОСОН...

Халқ ўртасида ҳикматли иборага айланган бу мақолнинг иккинчи бўлагини... дарров топдингиз: «Одам бўлиш қийин». Аслида-ку олим бўлиш ҳам осон эмас. Игна билан қудуқ қазигандек бир иш. Ҳақиқий олим қайсидир соҳани бошқалардан кўпроқ, чуқурроқ ўрганган бўлади. Шунинг учун улар орасидан фан ва таълим соҳасидаги муассасаларга раҳбар танлаб олинади.

Бироқ ҳақиқий илм кишилари азбаройи танлаган фан йўналишидаги режаларини кўзи қиймасдан мансабларга қистовлар билан ўтганини ҳам биламиз. Академик Тошмуҳаммад Саримсоқов вазирлик ва ректорлик курсисида ўтирганда ҳам теоремалар устида бош эгиб ўтирганига гувоҳлар кўп. Гап ректорлар мазусида кетар экан, мамлакатимизда машҳур олимлар Убай Орипов, Саъди Сирожиддинов, Ғани Абдураҳмоновлар ҳақида шогирдлари ҳамон худди отасини эслагандай энтикиб, ҳурмат билан гапиришини айтиш керак.

Яқинда «Ўзбекистон овози»да академик Саъди Сирожиддиновнинг таваллудига юз йил тўлиши муносабати билан шогирдларининг камтар аллома тўғрисидаги илиқ хотиралари берилди. Атоқли давлат арбоби, академик Оқилхон Салимов юқори лавозимларда ишлаган, олийгоҳда ректорлик қилган. У киши бугун сабоқ берган, меҳр кўрсатган шогирдлари ардоғида эканига гувоҳмиз. Илоҳим, у кишининг ёшларига етайлик, деб ният қиладиганлар оз эмас.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 17 июнь сонида эса таниқли журналистлар Муроджон Тиллаев ва Тоштемир Худойқуловларнинг «Оқланиш мумкин, оқ бўлиш қийин» сарлавҳали мақоласини ўқиб, тўғриси нохуш кайфиятда қолдим. Олимлик шаъни, ректорлик шарафини оёқости қилган Хидирназар Аллақуловга икки оғиз гап айтишни лозим топдим. Биз олий таълим олган шўро замонида ҳам наинки ректор, ҳатто деканларимиз ҳам талабаларга отадек, оғалардек ғамхўрлик қилишган, ётоқ ва стипендия масалаларини ҳамиша суриштиришган. Муҳтож талабаларга ёнидан пул берган ўқитувчиларни биламиз. Шунинг учун ҳам биз устозларимизни ҳар доим ҳурмат-иззат билан ёдга оламиз.

Аммо, сиз ҳурматга лойиқ нима иш қилгансиз? Талабалар стипендияларини нима қилгансиз? Талабалар орасида камбағал оилалар фарзандлари ёки етимлар борлигини ўйламадингизми? Ахир талабаларга ўз фарзандларингиздек қарашингиз керак эмасмиди? Сиз амалдор бўлиб олдим, энди фойдаланиб қолай, деб ўйлаган бўлсангиз керак-да...

Мақолада умумий гаплар айтилмаяпти, фактлар билан сизнинг қилмишларингиз очиб бериляпти. Қилар ишни қилиб қўйиб, қанчадан-қанча талабаларнинг шўрини қуритиб, жиноят ишингизни чекка бир туман судига кўчиртириб, қалбаки гувоҳлар, қалбаки кўрсатмалар билан оқланиб олибсиз. Шундан бери қарийб 15 йилдан буён қайта ректор бўламан деб талашиб келаётган экансиз. Ректор бўлмасам, отимни бошқа қўяман, деб қасам ичганга ўхшайсиз. Сизнинг асоссиз талабларингиз, миш-мишларингиз, оғзингиздан чиқаётган гаплар ёшингизга ҳам, олимлик мартабангизга ҳам мос келмайди. Гапларингизни эшитиб, уялмайсизми, деган савол бергим келди.

Ахир, инсоф билан ўйлаб кўринг, энг ёмон жиноят ҳам, гуноҳ ҳам бировнинг ҳаққига хиёнатдир. Айниқса, болалар ва қарияларнинг рисқига чанг солиш, кечириб бўлмас гуноҳдир. Эҳтимол, шунча гуноҳларингиз учун ҳам Яратган сизни йиллаб сарсон қилдириб қўйгандир. Сиз суднинг оқловини қалқон қилиб, ҳаммага туҳмат тошларини отаяпсиз. Аммо фактлар, маълумотлар сизга қарши.

 Ўзбекистондан фикрдош тополмай, четда қочиб юрганлар билан оғиз-бурун ўпишиб қолибсиз. Уларнинг ноғорасига ўйнаб, ўзингизни янада бадном қилиб қўймайсизми, боши берк кўчага кириб кетмаяпсизми? Чинакам олим бўлсангиз, оддийроқ ишда бўлса-да меҳнат қилиб, ўзингизни кўрсатиб, аллақачон обрў-эътибор топган бўлардингиз.

Океан ортида қочиб юрган бир лўттибоз сизга катта амал тавсия қилибди. Гарчи сизни умрида кўрмаган, яқиндан билмаса-да, сиз эса бундан хурсандсиз, ўзингизни еттинчи осмонда ҳис этаётганга ўхшайсиз. Ҳар қандай чаласавод аравакашнинг ҳам бунга ақли етади. Сизнинг қачон ақлингиз киради, мударрис? Сиз ўзи нималарни хоҳлаяпсиз? Эҳтимол, асл мақсад бугун сизга ақл ўргатаётганлар ёнига етиб олиш эмасмикин? Шу мақсадда гапни кўпайтирмаяпсизми? Сиздан ҳар нарсани кутса бўлади. Чунки, мафкурангиз шунга яраша.

 

А.Абдубаннопов,

собиқ талаба, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасининг аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: