24.06.2020

КИМ ҲАҚ ЁКИ НОҲАҚ?

Шаҳрисабз туман ҳокимининг шу йил 14 майдаги қарори билан 25 фермернинг ери захирага олиб қўйилди. Нега?

Бир гуруҳ фермерлар Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон овози газетаси таҳририятига мурожаат қилишди.

Суд орқали ҳақ-ҳуқуқи тикланган, аммо ерини ҳануз қайтариб ололмаётган фермер Элмурод Қурбонов шундай дейди:

Суд қарори ижросини таъминламаётган туман ҳокими фаолиятига ким баҳо беради? Қаранг, пандемия шароитида экин эккан, дон етиштириб келаётган 25 фермернинг ерини олиб қўйишмоқда. Агар зарур бўлса, йил охирида малакали мутахассисларни жалб қилиб, ҳақиқий аҳволни ўрганса бўларди-ку. Сиздан илтимос, далаларга, деҳқон ва чорвадорлар ҳузурига борсангиз. Нимани кўрсангиз, шуни ёзинг...

У ери олиб қўйилган фермер Феруз Нуъмонов бизни аввал Чоршанбе қурғонига бошлаб борди. Ҳавасим келди, жуда обод бўлибди. Йўл четидаги қўшқаватли савдо дўкони акасига тегишли экан.

Ана шу дўконни гаровга қўйиб, банкдан кредит олмоқчимиз. Хориждан 20-25 бош зотли мол олиб келмоқчимиз.

Ҳозир молларингиз йўқми?

Юринг, ўз кўзингиз билан кўрасиз...

У собиқ Парда Шербобоев номли хўжаликнинг Бешкапа қишлоғига бошлади. Йўлда оддий оила тарихи билан танишаман. Отаси Нуъмон Ўроқов узоқ йиллар хўжаликда ишлаб, фарзандларини ерга меҳр қўйишга, ҳалолликка ўргатади. Уч ўғилдан кенжаси Феруз 2013 йилда чорвачилик фермер хўжалиги тузади. Унга 12 гектар суғориладиган ер ажратилади. Ўзини аямай ишлайди, йигирма саккиз ёшдан ўтиб уйланди, умр йўлдоши билан дала бошидаги кичик молхона ёнидаги иморатда яшашяпти.

Унинг даласига келганимизда кўнглим бирдан ёришди. Ғўза яхши ўсаяпти, ғалла бошоқлари ҳосилга тўла. Шу жойдаги молхонада 33 бош зотли қорамол, 42 бош қўй-қўзи, қулунлаган икки бош бия парвариш қилинаётган экан. Табиий офатдан жабр кўрган сирдарёликларга хайрия сифатида 250 кило гўшт жўнатибди.

Биз кўплаб фермерлар билан шартнома тузганмиз, дейди телефон орқали боғланганимизда Шаҳрисабз шаҳридаги сутни қайта ишлаш кичик корхонаси бошлиғи Алишер Хожиев. Шулардан Нуъмонов Феруз фермер хўжалиги ҳар куни 90-100 литрдан сут етказиб бераяпти. Насиб бўлса, маҳсулот яна кўпаяди...

Сизни шартнома режаларини бажармасликда айблашган экан, дейман Ферузга.

Ёлғон, туҳмат, дейди Феруз алам билан. Дон сотиш шартномасини 2017 йилда 119 фоиз, 2018 йилда 107 фоиз, 2019 йилда 116 фоиздан ошириб бажардик. Ўтган йили 2 гектар ерда пахта етиштириб, режани уддаладик. Ўтган йил ҳеч бир ташкилотдан қарзимиз қолгани йўқ. Ем-ҳашак майдонимиз бор-йўғи 2,5 гектар. Бу йил ҳам 4 гектар ерга пахта, 6 гектар ерга дон экканмиз. Қаранг, донимиз қандай мўл. Очиғи, мен ҳокимимизга ёқмай қолганман. Молинг керак эмас, деган эди бир сафар. Энди еримизни қайтариб олаяпти. Қишлоғимиздан 5-10 километр узоқликдаги собиқ Улуғбек номли хўжаликдаги бир фермерга еримизни қўшиб берганмиш, ўша келиб айтди. Шунча меҳнатга куйиб қолаверамизми?

Ферузжондаги ёшларга хос жўшқинлик, курашчанлик фазилати кўнглимга чўғ ташлади. Зеро, қишлоқларда ерга меҳр қўйган ана шундай ёш тадбиркорларни тарбиялаш лозим. Бундай ёшлар келажагимиз. Масала қандай ҳал бўлишини ҳозирдан айтолмайман, аммо Ферузга нисбатан қилинган ноҳақлик албатта фош бўлади.

Қўшни Мўминобод қишлоғида ҳам кўплаб меҳнатсевар одамлар истиқомат қилишади. Шулардан бири олий маълумотли муҳандис Абдуҳолиқ Расулов анча йил хўжаликда ишлади, МТП раҳбари бўлди. Оилада 3 ўғил ва 3 қизни улғайтириб, элга қўшишди. Ўғилларидан бири таниқли спортчи, полвон. 2019 йилда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Тоиров ўғлини мукофотлаганини севиниб айтди. Кейин аламларини баён қилди.

Анча йил олдин кўп тармоқли фермер хўжалиги туздик, 42 гектар еримиз бор эди, дейди Абдуҳолиқ Расулов. Чорва молларини кўпайтирдик, хориждан 6 бош насилли қорамол сотиб олдик. Фарзандларим ерга меҳр қўйиб улғайишди. Бугун улар мендан Нега сизга нисбатан ноҳақлик қилишаяпти?, деб сўрашганда бағрим ўртанади.

Шу ноҳақлик ҳақида гапириб берсангиз.

— 2019 йилнинг январида ерларни мувофиқлаштириш бўйича туманда танлов ўтказилди, дейди Абдуҳолиқ Расулов. Танловда бизнинг Расулов Жамолиддин Абдуҳолиқович хўжалигимиз ғолиб чиқди ва жами 94 гектардан зиёд ер майдонига эгалик қиладиган бўлдик. Аммо бирдан ҳамма нарса ўзгариб кетди. Танловда ҳеч нарсага эришмаган Тўраев Миробид Зарипович фермер хўжалиги ғолиб деб топилди ва еримизни олиб қўйишди. Бунга кўнмадик, ҳақимизни талаб қилдик. Шундан кейин туман ҳокимининг 2019 йил 14 февралдаги қарори билан хўжалигимизга 10 гектар сувли ер 49 йил муддатга ажратиб берилди.

Ҳозир аҳвол қандай?

Ўтган йили дон ва пахта шартномаларини тўлиқ бажардик, чорвачилик хўжалиги бўлсак-да пахта экиб келаяпмиз, дейди Абдиҳолиқ Расулов. Бироқ еримизни олиб қўйган Тўраев Миробод Зарипович хўжалиги ўтган йили пахта ва дон режаларини бажара олмади. Ҳокимимиз Исроил Амановга шуларни айтиб, Ноҳақ олинган еримизни қайтариб беринг! десам, парво қилмайди. Бунинг устига, ўтган йили ижарага берилган 10 гектар еримизни яқинда захирага қайтариб олди. Нимасини айтасиз, фермерлар кенгаши ҳам, депутатлар ҳам ёки ҳокимиятнинг бирор-бир масъул ходими ҳам даламизга келиб, ишимиз билан танишган эмас. Айни пишиқчилик бошланганда еримизни олиб қўйиши тўғрими?

Собиқ Амир Хушвақтов ҳудудидаги Кеш Гулшан боғи хўжалиги 2007 йилда чорвачилик йўналишида тузилган бўлиб, унга Гулшан Худойқулова раҳбарлик қилиб келяпти. Жуда оғир шароитда тепалик устида молхона қуришибди, кичик артизан қудуғи қазиб, сув чиқаришибди. Жами 12 гектар ер ҳисобидан 32 бош қорамол, яна анча қўй-қўзиси бор экан. Тағин наслли моллар сотиб олиш юзасидан шартнома тузишибди. Бу хўжаликнинг ери ҳам захирага қайтарилган. Мен шу жойда Фахриддин Раимов хўжалиги иш бошқарувчиси Аслиддин Раимов билан танишдим, олий маълумотли иқтисодчи, анча йил тафтиш маҳкамаларида ишлаган. Хўжаликка олий маълумотли ўғли Аловиддин раис экан. Жами ерлари 11,5 гектар, сабзавотчилик йўналишида. Дукчи қишлоғида яшаб келишяпти.

Ўтган йилнинг январида ерларни йириклаштириш бўйича танлов ўтказилди, дейди иш бошқарувчи Аслиддин Раимов. Бизнинг фермер хўжалигимиз ғолиб чиқди, аммо ер берилмади. Ҳақсизлик туфайли Республика Бош вазирига, Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилдик. Охири, ўтган йили 14 февралда туман ҳокимининг қарори билан 11,5 гектар ер ажратиб берилди. Юқори ташкилотлар аралашмаса, ҳоким ҳеч қачон бизга ер бермасди. Бу йил 6 гектар ерда ғалла етиштирдик, 2 гектар ерда ғўза парвариш қиляпмиз. Қолган ерга озиқ-овқат экинлари экилган. Ўзингиз биласиз, шу йил 9 апрелда ёққан қалин қор ва май ойи бошидаги кучли дўл катта зарар етказди. Аммо чидадик, экинларни ўстиряпмиз. Тут баргларини совуқ урган бўлсада, пилла шартнома режасини бажардик. Очиғи, биздан ҳеч ким хабар олган эмас. Тўсатдан еримизни олиб қўйишганини эшитдик. Натижада пахта ҳосилини оладиган кластер ташкилоти маблағ ажратмай қўйди. Ўз ёнимиздан пул сарфлаб, ғўзага ишлов бераяпмиз. Юзимизга ниқоб тутиб, тинмай меҳнат қиляпмиз.

Лекин ҳоким нега еримизни олиб қўйганини тушунмадик. Биз эрта баҳордан экин экиб, парваришлаб келяпмиз. Меҳнатимизга куйиб қоламизми? Нега йил охирини кутмади?

Биринчи мулоҳаза. Малакали иқтисодчи Аслиддин Раимов ҳақ гапни айтди. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари Шаҳрисабз туман кенгаши раиси С.Икромовнинг 2020 йил 16 апрелда тузган Хулосаси саёз, мутахассисларни жалб қилмай, дала бошига бормай, фермерсиз тузилган ҳужжат. Икки оғиз гап билан тинмай меҳнат қилаётган, келажак режаларини тузаётган фермерларнинг ерларини захирага қайтаришга асос йўқ эди.

Иккинчи мулоҳаза. Бу масала муҳокама қилинган халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига пухта ҳозирлик кўрилмаган. Агар депутатларга ўзлари сайланган мавзелардаги фермер ва деҳқонларнинг ишини мутахассислар ёрдамида ўрганиш, йил охирида кўриб чиқиш топширилганда, манзара бутунлай ўзгача бўларди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2020 йил 21 апрелдаги қарорининг 1-бандида шундай ёзилган: Боғ ва токзорлардан унумли фойдаланилмаган, озиқ-овқат маҳсулотлари экмаган фермерлар ва ташкилотлардан ер майдонларини туман ҳокимияти захирасига қайтариш тўғрисида халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши раиси И.Амановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. Кенгаш қарорига ҳам ­И.Аманов имзо чеккан. Сўнг 14 майда ҳоким 25 фермернинг ерини захирага қайтаради. Аммо боғ ва токзорлар эмас, балки кўплаб чорвачилик йўналишидаги хўжаликлар фаолияти ҳам тўхтатилади. Маълумки, чорвачилик ниҳоятда оғир тармоқ.

Ҳозир Шаҳрисабзда 30 дан кўпроқ сутни қайта ишлайдиган корхоналар фаолият кўрсатаяпти. Ерини олиб қўймаса, чорвачилик фермер хўжаликларини кооперативларга бирлаштирилса, самара юқори бўлар эди. Чунки бугуннинг талаби шундай. Чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ерига пахта эктириш ҳам нотўғри. Чунки пахта учун алоҳида ерлар ажратилган.

Шахрисабз туманида ер можаролари кўп бўлган. 2008-2010 йилларда туманнинг собиқ ҳокими фермер хўжаликлари ерини талон-тарож қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган эди. Бу воқеа бошқаларга сабоқ бўлиши керак эди. Аммо...

Бугун Президентимиз картошкачиликни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор чиқарди. Ихтисослашган туманлар орасида Шаҳрисабз ҳам бор. Туманнинг тоғли собиқ Оқдарё хўжалигининг қишлоқларида уруғлик картошка етиштириш учун яхши шароит бор.

Элмурод Қурбонов ҳам олиб қўйилган ерини суд орқали қайтиришга ҳаракат қилаяпти ва курашаяпти. Элмурод ака ёши улуғ, сув иншоотлари муҳандиси, деҳқончиликда катта малакага эга. 2000 йилларнинг ўртасида Элмурод ўғли Элбек фермер хўжалигини тузиб, раислик қилиб келаётган эди. Аммо тўсатдан 2019 йил 22 январда туман ҳоким қаророи билан уларга тегишли 38,2 гектар ер майдони захирага олиниб, кейин шу ер майдони Очилов Жаҳонгир Бозорович фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага бериш ҳақида қарор чиқарилди.

Элмурод ака ҳақсизликка қараб турмайди, курашади. Натижада Шаҳрисабз шаҳар маъмурий суди 2019 йил 4 октябрда ерни бошқага бериш ҳақидаги қарорни бекор қилади ва туман ҳокими И.Амановга жарима белгилайди. Аммо ҳоким суд қарорини тан олмайди, норозилик билдиради. Бироқ Қашқадарё вилоят маъмурий суди 17 декабрдаги ажрими билан туман ҳокимининг кассация шикоятини инобатга олмайди. Яна бир ҳужжат бор. Шаҳрисабз туман прокурорининг суд қарорларини ижро қилиш ҳақидаги 2020 йил 11 апрелдаги талаби ҳам бажарилмайди...

Элмурод ака билан Қиёмшайх қишлоғидаги ер майдонига борамиз. У ҳориган, аммо қатъиятини йўқотмаган, келажакдаги режалари ҳақида гапиради. Мени томчилатиб суғориш усулининг афзал томонлари билан таништиради. Республика сув хўжалиги вазирлигининг алоқа хатини кўрсатади. Унда Элмурод бобо ўғли Элбек фермер хўжалиги ер майдонида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг кредит линияси маблағлари ҳисобидан томчилатиб суғориш жорий қилиниши кўрсатилган экан. Қизиғи шундаки, туман ҳокими ҳам бир ҳужжатда шу фермер хўжалигида томчилатиб суғоришни жорий қилишни қайд этган экан. Элмурод ака фарзандларига бош бўлиб, ўз маблағи ҳисобидан артизан қудуғи қаздирибди, тайёргарлик ишларини бошлабди. Афсуски, ер майдонлари ҳануз қайтарилмабди.

Биз туман ҳокими суд қарорлари ижросини таъминламаётганини, еримизни қайтаролмаётганимиз ҳақида ҳукумат идоралари, Республика Бош прокурори, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотларга кўп бора мурожаат қилдик, дейди у. Ахир, суд қарори бажарилиши қонунда қатъий белгилаб қўйилган-ку! Наҳотки туман ҳокими қонунларимизга шунчалик нописанд бўлса? Мен ёши улуғ бир фермер сифатида айтаманки, бу йил 25 фермернинг ери захирага қайтарилганини адолатсиз, деб ҳисоблайман. Ишонаманки, суд идоралари ва тегишли ташкилотлар тумандаги ҳақиқий вазиятга тегишли баҳо беришади...

... Ҳеч қачон халқимиз бошига бу йилгидек кўп ташвишлар тушмаган. Тождор ажал-вирус ҳамла қилди. Мамлакатимиз халқини соғ-омон сақлаш учун қатъий карантин жорий этилди. Бунинг устига, табиий офатлар кўп ташвиш келтирди. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бугунги оғир шароитда ҳам иқтисодиётни тиклаш юзасидан кўплаб амалий чоралар белгиланди, ташкилот, корхона, тадбиркорларга қулайликлар, имтиёзлар белгилаб берилди. Тадбиркорлар билан ҳисоб-қитоблар октябрь ойидан кейин бажарилиши таъкидлаб келиняпти.

Айниқса, 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳокимлар ишдан кетиш билан қутула олмаслиги, балки қонун олдида жавоб бериши алоҳида таъкидланди. Бу огоҳлантириш ҳокимлар ва бошқа раҳбарларни ҳушёр торттириши керак эди. Жойларда, жумладан, Яккабоғ туманида ер можаролари бўлиб ўтди. Натижада олдинги ҳоким ишдан кетди. Китоб туманидаги анча фермернинг ерини захирага олиш борасидаги ҳаракатлар юқори ташкилотларнинг аралашуви билан тўхтатилди. Очиғи, бугун депутатлар ҳам уйғониши керак, фермерлар ҳолидан хабардор бўлиши зарур. Ҳақиқий вазиятдан бехабар ҳолда сессияларда қўл кўтаришдай номаъқул одатдан воз кечиш вақти келмадими?

Мен ери захирага қайтарилган барча фермерлар даласида бўла олмадим. Бунга имконият йўқ эди. Аммо меҳнатсевар, тадбиркор, келажак режалари жозибали фермерлар кўпчилик эканлигига ишонаман. Улар тиним билмай меҳнат қилишаяпти. Бу сўнгги оғир ва синовли кунларда улар қўллаб-қувватланмаса, иқтисодимизга, кўпчилик ризқига хиёнат қилинган бўлади, деб ўйлаймиз.

                                                               Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: