24.06.2020

«... ОҚЛАНСИН»

Жиззах шаҳар ИИБ Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Алишер Саидмуродовнинг асоссиз айблангани ва кейинчалик оқлангани хусусида

Алишер Саидмуродовга оид ҳужжатлар билан танишаётиб, унинг ''Жасорат'' медали гувоҳномаси нусхасини қўлимга олдим. 2014 йил 10 январда мукофотланган экан. Ўшанда Алишер билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида танишганим эсимга тушди. Жуссаси ихчам офицерни мукофот билан табриклаб, хизмат йўналишини сўрагандим.

Оператив ишидаман, деганди Алишер.

Орадан икки йилча ўтиб, Алишерни жиззахлик танишларимдан биридан сўрадим.

Танийман. Яхши ходим эди, деди у. Устидан жиноий иш қўзғатиб, суд қилишди. Билишимча, у айбсиз.

Унинг тақдири билан қизиқиб сўраб-суриштириб юрганимда тасодифан Зиёдулла Ражабов деган адвокат Алишерни яхши билишини, унинг ҳимоячиси бўлганлигини айтиб қолди.

Хўш, Алишер Саидмуродов қайси айби учун судланган эди?

Жиззах шаҳар ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ бошлиғи вазифасида ишлаган Алишер Саидмуродов қўл остидаги ходимлари билан 2015 йилнинг 3-5 октябрь кунлари хизмат сафари билан Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳарига боришади. Улар йўловчи сифатида Б.Зоировнинг автомашинасига ўтириб, Тошкент ва Хоразмга бориб келишган. Табиийки, ҳайдовчига хизмат ҳақи беришган. Бор гап шу.

Бироқ Алишернинг ҳар қадамидан ‘’кир’’ қидирганлар унинг ''айби''ни топишди у хизмат сафарида мансаб ваколати доирасидан четга чиққан...

Уни айблаш учун ҳайдовчи Б.Зоировдан фойдаланишган. Улар илгари бир-бирини мутлақо танимаган, билмаган.

Б.Зоиров 2013 йилда ЖИБ Жиззах шаҳар судининг ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. ЖИБ Навоий шаҳар судининг 2015 йил 30 январдаги ажрими билан Б.Зоировга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 3 йил 3 ой 23 куни шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилан.

2015 йил 13 ноябрда Жиззах вилоят прокуратураси Алишер Саидмуродовга нисбатан жиноий иш қўзғатади. Гўёки, Алишер Саидмуродов ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкум Б.Зоиров бошқарувидаги машина билан Хоразм ва Тошкентга бориб-келишда унга жазони ўташ тартибини бузишга шароит яратиб бериб, давлат манфаатларига жиддий зиён етказганмиш.

Тергов тугаб, ‘’иши’’ судга оширилади.

Алишер Саидмуродов Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Асоссиз тергов олиб борилгани, суд эса айбловга тўлиқ ‘’ишонгани’’ натижасида ички ишлар идорасининг офицери жабр кўрди: ишидан кетиб, судланди. Қанча асаббузарлик, ҳаловатсиз кунларни бошидан кечирди.

Ёз-ёзлардан кейин Алишер Саидмуродовнинг иши Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси (раислик қилувчи судья Т.Қодиров) да атрофлича кўриб чиқилди.

Суд ажримида қайд этилганидек, ишни кўриш вақтида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2001 йил 17 ноябрдаги 298-сонли буйруғи билан тасдиқланган ''Ахлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазоларни ижро этиш ва шартли ҳукм қилинганларни назорат қилиш тартибига оид йўриқнома''да ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумнинг жазони ўтаётган ҳудуддан вақтинча бошқа ҳудудга чиқиши борасидаги чекловлар мавжуд эмас. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2015 йил 17 ноярдаги Б.Зоировни ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш ҳақидаги ажримида ҳам маҳкумга жазони ўтаётган ҳудуддан ташқарига чиқиш каби чеклов ўрнатилмаган.

Бундан ташқари, А.Саидмуродов ва унинг ҳамкасблари Кобальт русумли автомашинада 2015 йил октябрь ойининг 3-5 кунлари хизмат сафари билан Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳарига олиб борганлиги учун ўзаро келишув асосида Б. Зоировга кунига 70.000 сўмдан тўлашган.

Шунга кўра, А.Саидмуродовнинг ҳаракатларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг нормал фаолият юритишини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, уларнинг обрўсини тўкиш, фуқароларнинг, яъни Б.Зоировнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари (инсон саломатлиги,эркинлиги,шаъни ва қадр-қиммати ҳамда бошқа қадриятлар)га, жамият ва давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказди, деб баҳолаб бўлмайди.

А.Саидмуродовнинг бўйнига қўйилган айблов асоссизлиги тўғрисида тергов ва суд жараёнида далиллар адвокат томонидан тақдим этилган бўлса-да, уларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Биринчи босқич суди қонун талабларига, Олий суд Пленуми тегишли қароридаги раҳбарий тушунтиришларга, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг буйруғи талабларига риоя қилмасдан А.Саидмуродовнинг айби ўз тасдиғини топган, деган нотўғри хулосага келган.

Ана шуларга асосан ЖИБ Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси қуйидаги ажримни чиқарди:

Саидмуродов Алишер
Базарбаевичнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлансин. Саидмуродов Алишер Базарбаевичга реабилитация қилиниши муносабати билан унга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилсин...

Бугун Алишернинг юзи ёруғ. Тасодифни қаранг, иккинчи бор у билан ишга қайтган куни учрашдик. Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Алишер Саидмуродовни ишга қайтганлиги билан табриклаб, яхши шогирдлар тайёрлаши лозимлигини ҳам таъкидлабди. Кадрлар бўлимидагилар эса хизмат гувоҳномаси учун майор унвонида тушилган сурат кераклигини айтишибди.

Кўчада кетаётиб Алишердан бошига тушган савдолар сабабини сўрадим.

Хизмат юзасидан уни танирдим, дея хўрсиниб гап бошлади Алишер. Икки-уч бор тортишганмиз. Аламини олиш учун шу ишни қилди. Битта фактни айтай. Кредитга олинган телевизорни пора эвазига олгансан, деб дўконни ҳам титкилашди...

Ҳаёт синовлардан иборат. Алишер ана шу синовни сабр, чидам билан енгди. Жиззах шаҳар ИИБ Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили Алишер Саидмуродов шаҳарда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишдек машаққатли, аммо шарафли вазифасини бажаришда давом этаяпти. Суҳбатлашаётганимизда унинг қўлидаги блокнот ва ручка диққатимни тортди. Майор, Жасорат медали соҳиби Алишер Саидмуродов энди бу блокнотга жасоратлар ҳақида ёзса, ажаб эмас...

 

Равшан ШОДИЕВ,

Ўзбекистон овозимухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: