17.06.2020

ОҚЛАНИШ МУМКИН, ОҚ БЎЛИШ ҚИЙИН

Ёки сохта оқлов дейишга асослар етарли эмасми?

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу мавзуга яна қайтишни ҳеч ҳам истамаган эдик. Термиз давлат университетининг собиқ ректори Хидирназар Аллақулов қанча ўйинларни уюштирмасин, газетамиз шаънига асоссиз, туҳмат тошларини отмасин, қўлсилтаб кетавердик. «Аламзада одам-да, гапириб-гапириб ҳовуридан тушади», деб қўяқолдик. Бироқ у борган сайин ҳаддидан оша бошлади. Ўзи тўқиган ёлғонларга ўзи ҳам ишонди шекилли, бугунга келиб қаҳрамонликка даъво қилишга ўтди. Кимлардир бизга: «Нега сукут сақлаб ўтирибсизлар, муносабат билдиринглар», — деди. Кимлардир: «Унга тенг бўлиб ўтирасизларми, у бекорчи одам, пули кўп, бир-икки югурдак топиб, ўшаларни ўзи учун ишлатиб юрибди-да. Улар билан тортишиб вақтингларни бекорга йўқотманглар», деди.

Бу фикрларнинг ҳар бирида жон бор, албатта. Биринчидан, ортиқча вақтимиз йўқ, иккинчидан, кўнгилни хира қиладиган гап-сўзлар... Индамай кетавердик. Аммо...

Турли идора ва ташкилотларга ариза-шикоятлар ёзавериб, отнинг қашқасидек бўлиб қолган Хидирназар Аллақуловнинг ўзи бизни мавзуга қайтишга мажбур қилди. Чунки, у суд томонидан оқланганини рўкач қилиб, ректорликка тикланмаётганидан нолиб, ишдан бўшатилишига газетамизни, бир гуруҳ раҳбарларни айбдор қилиб, ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида турли идораларга, халқаро ташкилотларгача тўхтовсиз арзномалар ёзиб келади.

Аввалига Олий таълим вазирлиги, Бош вазир ўринбосарларини, прокуратура органларини, таҳририятимизни, мақола муаллифини айбдор қилиб кўрсатди. Кейинги арзномаларида янада юқорироқ лавозимдагиларни, республика ва вилоят давлат хавфсизлик хизмати раҳбар шахслари номларини ҳам аризаларига тиркай бошлади. Аниқроғи, вазиятга қараб, рўйхатга «айбдор»ларни қўша бошлади. Гўё ҳақиқат учун курашган, бу одам оппоқдан-оппоқ, адолатсизлик қурбони бўлиб келаяпти. Кўплаб раҳбарлар, шунингдек, газетамизда чоп этилган мақола муаллифи нохолис, инсофсиз одамлар...

У аввал Денов туман газетасида ўзини адолатсизлик қурбони қилиб мақола чиқарди. Хусусан, газетамиз шаънига беаёв заҳарли гаплар айтилди. Кейин халқаро нашрлардан бирида шу мақолани эълон қилдиришга ҳаракат қилди. Унинг асоссиз даъволари чоп этилмади. Лекин у тўхтамади, мамлакатдаги ўзгаришлардан «самарали» фойдаланиб қолиш учун ўзининг «қаҳрамонликлар»ини янада бўрттириш мақсадида олдинги мақолаларни пуфлаб, шишириб, ижтимоий тармоқларнинг бирида эълон қилдирди. Аслида бу мақола эмас, ёлғон-яшиқлардан иборат гап-сўзлар эди. Бу ижтимоий тармоқ мутасаддилари, фикримизча, газетамизда Хидирназар Аллақулов ҳақида чоп этилган «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими? Ёки давлат бюджетидан ажратилган маблағларни айрим жойларда қандай талон-тарож қилинаётгани ва ўғирланаётгани ҳақида» сарлавҳали мақолани (2004 йил, 20 май), бу мақолага вилоят прокуратурасидан келган муносабатни ўқимаган. Ёки «Хидирназар Аллақуловнинг гаплари ростмикин?.. Нега бу айбсиз одамни танқид қилгансизлар?», деб қизиқиб кўришганида, собиқ ректорнинг қилмишларига оид ҳужжатларни, мақоламизда биз фойдаланмаган, аммо давлат идоралари университетда ўтказган текширувларда аниқланган қўпол қонунбузишлар ҳақидаги ҳужжатларни кўрган ва табиийки, Х.Аллақуловни ҳимоя қилишга ўйланиб қолган бўларди.

Авваллари кимда алами бўлса, ўшаларни ёмонлаб келган собиқ ректор кейинги пайтларда осилсанг, баланд дорга осил, деган мақолга амал қилишни ўйлаб қолди шекилли, Ўзбекистон раҳбарларига ёпиша бошлади. Унинг гапларини эшитган кишилар, хусусан, университетда у билан ишлаган олимлар «Хидирназарнинг хаёли ростдан ҳам жойида эмасга ўхшайди», дейишмоқда.

Унинг хаёли қанақалигини билмадик-ку, аммо бугунга келиб, хорижда жазодан қочиб юрган, феъли бузуқ, мақсади ёвуз кимсалар тузоғига илингани аниқ. Улар ўз мақсадлари йўлида Х.Аллақуловдан, Х.Аллақулов эса улардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Собиқ ректорнинг баҳоси қанчалигини тушуниш учун бир савол устида ўйлаб кўрайлик: Агар таълим соҳасида обрўси, қадри бўлганида нега уни шу пайтгача ҳеч ким ишга олмади? Олий таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси уни нега бирор институтга ўқитувчи, кафедра мудири, деканликка қўйишга ишонч билдирмади. Чунки унинг кимлигини, савиясини ҳам яхши билишса керак. Ёки у фақат ректор бўлмоқчими, бошқа вазифаларда ишлашни ўзига эп кўрмаяптими? Аслида ҳақиқий олим амал талашмайди, қайтага амалдорликдан қочади-ку.

Шу йилнинг март ойида тайини йўқроқ, ҳар кимлар маблағи ҳисобига ҳар замонда бир кўриниш берадиган, ўз низомидан аллақачон четга чиқиб, кимларнингдир «хизмати»ни қилиб келаётган «Адабиёт» деган хусусий газетада ушбу газета муҳаррири Бахтиёр Каримовнинг «фельетон» деган рукнда ҳақоратлардан иборат гап-сўзлари чоп этилди. Бахтиёр Каримов деганнинг сиёсий саводи ҳам, ҳуқуқий саводи ҳам ўта ночорлиги кўриниб турибди. «Фельетон», деб номланган, бироқ «фельетон» жанридан минг чақирим наридаги пала-партиш, гаплардан иборат бу «чиқиш»нинг сабаби, мақсад-муддаосини ҳам англаш қийин эмас, албатта. Хидирназар Аллақуловни мақтаб, ундан қаҳрамон ясаш, бир пайтлар унинг талабалар ҳақига қилган хиёнати ва бошқа қилмишларини фош этган журналистни эса ёмонотлиққа чиқариш...

Бу ишлар аслида буюртма бўлиб, «Адабиёт» газетаси муҳаррири четдан туриб ҳамон бузғунчилик билан шуғулланиб келаётган, қиёмат қойим бўлганда ҳам ўз айбини тан олмайдиган Жаҳонгир Мамат деган бир кимса ва собиқ ректор Хидирназар Аллақуловнинг ноғорасига кўз юмиб, ўйнаётгани кўриниб турибди. Уларнинг ҳар бири халқни, ҳақиқатни эмас, балки ўз шахсий манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётгани ҳам аниқ.

Бугунги газетхонга тушунарли бўлиши, жамоатчилик холис хулосага келиши учун уч-тўрт саволни кўндаланг қўйиб, уларга жавоб беришга тўғри келади.

Биринчи савол: — «Ўзбекистон овози» газетасида «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими? Ёки давлат бюджетидан ажратилган маблағларни айрим жойларда қандай талон-тарож қилинаётгани ва ўғирланаётгани ҳақида» сарлавҳали мақола (муаллифи С.Остонов) чоп этилишига нима туртки бўлган эди?

Таҳририятимизга Термиз давлат университети иқтисодиёт кафедраси доценти С.Ҳамидовадан шикоят хати ва бир тўплам ҳужжат келган эди.

Ушбу шикоят аризадаги айрим маълумотларга эътибор қаратайлик:

«... Мен ўн йилдан бери шу даргоҳда дарс бераман. Иқтисод фанлари номзодиман... Сизга мурожаат қилишимнинг боиси ректор Х.Аллақуловнинг тазйиқлари жонимдан ўтиб кетганлиги учундир... 2002 йил март ойидан факультетда ўқув ишлари бўйича декан муовини бўлиб ишлаб келаман. 2003 йил августдан... факультетда ортиқча бўлиб қолдим. Сабаби, мен улар қилаётган турли ноқонуний ишларни билар ва тушунар эдим... Мен юқори идораларга телеграммалар жўнатган эдим, ректор Аллақуловнинг жиноят ишлари ҳақида. 2004 йил 22 январда декан мени кабинетига чақириб, «Ҳамидова сиз бугундан бошлаб бўшсиз..., ректорнинг буйруғи чиқарилади ходимлар сонини қисқартириш бўйича, бюджет асосида ишлайдиган декан муовини штати қисқариши керак, шунинг учун штатингиз қисқаради», деди. Лекин мен шартнома ҳисобида ишлардим. Мен Олий ва ўрта махсус таълим вазирига ариза ёздим, бошқарма бошлиғи қабулида бўлдим...

Унинг шикоят-аризасини батафсил келтирмай, яна айрим маълумотларга эътибор қаратайлик.

«... 2004 йил 9 февралда вилоят «Уйжойжамғармабанк»дан университет кассасига профессор-ўқитувчиларнинг 2004 йил январь ойи учун олинган 11 млн. 200 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи, 2 млн. сўм миқдоридаги нафақа 25 февралда, яъни 16 кундан кейин тарқатилди. Февраль ойи стипендияси учун 23 февралда 11 млн., 24 февралда 5 млн., 27 февралда 12 млн. 500 минг сўм, жами 28 млн. 500 минг олинган бўлиб, 23 мартда тарқатилди...».

Шикоят хатида маош ва стипендиялар банкдан ўз вақтида олинган бўлишига қарамай, бир ой, ундан ҳам кўпроқ вақт ўтиб тарқатилиши одат тусига кириб қолгани ҳақида кўплаб мисоллар келтирилган эди.

Таҳририят бу масалага ойдинлик киритиш учун Республика Марказий банки раҳбариятига ёзма равишда мурожаат этдик. Банк раҳбарлари зудлик билан Термизга ўз вакилларини юборишди. Текширув натижаси бўйича таҳририятга берилган расмий хатда маълум қилинишича, Термиз давлат университети Республика бюджетидан молиялаштирилган маблағлар билан ўз вақтида таъминланган...

Аммо, банкдан олинган маблағлар қачон тарқатилганини текшириш Марказий банк ваколат доирасига кирмас экан. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, бюджет ҳисобидаги ташкилотларда касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига риоя этилишини текшириш ваколати тегишли молия органларига берилгани учун Марказий банк таҳририятга Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш Бош бошқармаси топшириғига кўра, вилоят назорат-тафтиш бошқармаси 25 март – 12 апрель кунлари шикоят хатлари асосида университетда ўтказилган текшируви натижаси бўйича тузилган ахборотномани тақдим қилди.

Ўша ахборотномадан айрим мисолларни келтирамиз:

«...2004 йил март ойида ... хазинага ҳар хил тушумлар ҳисобидан жами 126.9 минг сўм кирим қилинган, аммо 126.9 минг сўм хазиначи томонидан банкка топширилмай, (?) хазинанинг ўзидан тўғридан-тўғри ҳар хил тўловлар учун сарфланганлиги аниқланди... ».

Ахборотномада иш ҳақи, стипендия, ижтимоий тўловлар учун банкдан олинган маблағ эгаларига тўлиқ тўланмагани ҳам қайд этилган. «...жами 15.583.3 минг сўмлик нақд пул банк томонидан берилган мақсадлар учун тарқатилмасдан, нақд пуллар ҳам, бюджет маблағлари ҳам мақсадсиз сарфланганлиги оқибатида ректор ва бош ҳисобчи томонидан бюджет интизоми бузилганлиги аниқланди».

Бундай мисолларни ахборотномадан яна ўнлаб келтириш мумкин.

Ахборотномада университет белгиланган маблағни банкдан олган вақти аниқлиги, лекин тарқатилган куни қайд этилмагани кўрсатилган. Ҳар ойнинг охирида бир марта тузилган хазина ҳисоботларида, уларга илова қилинган тўлов ҳужжатларида сана ёзилмаган.

Банкдан олинган нақд пулнинг тарқатилган санасини кўрсатмасликдан мақсад нима эканлигига изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Университет студентларининг таҳририятимизга ёзган ариза ва тушунтириш хатларидан кўчирма: «Биз иқтисодиёт факультети талабалари контракт бўйича 2003 йил июль, август ойининг стипендиясини 2003 йил 25-26 декабрда олдик. 2003 йил сентябрь, октябрь ойлари стипендиясини 2004 йил январь ойининг охирида олдик. 2003 йил ноябрь стипендиясини 2004 йил 26 февралида олдик. 2003 йил декабрь ойи стипендиясини эса 2004 йил 12 март куни олдик. Лекин пул талабаларнинг ярмига етмасдан қолди...

4-курс, 404-гуруҳ сардори Д.Шарипов».

Бу хат тагига юқоридагиларни тасдиқлаб бошқа курсларнинг саркорлари – Н.Ҳайитова, Р.Рамазонов, М.Худойбердиев, Р.Ашурова, Ж.Хуррамов, Ф.Тошмуродов ва бошқалар ҳам имзо чекишган.

Қизиқ, шунча муддат ичида миллион-миллион сўм бу пуллар қаерда, кимнинг қўлида, ихтиёрида бўлган экан?..

Энди, стипендиясиз, пулсиз қолган студент аҳволини кўз олдингизга келтиринг. Ахир улар орасида камбағал оилалар фарзанлари, қаровчиси йўқлари ҳам бор-ку. Стипендия олмаган, ёнида овқатга пули йўқ талаба қандай кайфиятда бўлади?..

Студентлар таҳририятга ёзган иккинчи хатида баён қилинишича, юқори ташкилотларга шикоят ёзганлари учун тазйиққа олинишган, университетда уларни биттадан чақириб, дўқ-пўписа қилишган, ўқишдан ҳайдайман, қаматаман, деб қўрқитиб, «биз бу аризага билмасдан қўл қўйибмиз» деган мазмунда тушунтириш хати олишган.

Катта, нуфузли, муқаддас маърифат маркази ҳисобланган даргоҳда бўлаётган бу ишларга бефарқ қараш мумкинмиди? Қўлимизда шунча ҳужжат тўплангач, нима қилишимиз керак эди? Индамай кетсак, бурчимизга, талабаларга хиёнат бўлмасмидик?

Ўша пайтларда қийинчилик билан бўлса-да, давлат бюджетидан талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун маблағ ажратиб берилаётганди. Аммо, талаба учун сув билан ҳаводек зарур бу маблағ нега ўз вақтида тарқатилмай, қаерлардадир, кимларнингдир манфаатига хизмат қилиб юрган бўлиши мумкин?

Эътибор беринг, таҳририятга келган аризага асосланиб мақола ёзилгани йўқ. Масала ўрганилди, суриштирилди, қўшимча ҳужжатлар олинди...

Иккинчи савол: Мақола эълон қилингач, кўтарилган масала тегишли ташкилот ёки идора томонидан ўрганилмай, кимнидир жазога тортиб бўладими? Асло. Текширув пайтида фактлар тасдиқланиши ёки тасдиқланмаслиги мумкин. Прокуратура ёки Олий таълим вазирлиги газетамиз таҳририятига бўйсунмайди ва биздан қарздор ҳам эмас. Агар гапимиз асоссиз бўлса, «мақолада келтирилган фактлар тасдиқланмади ёки қисман тасдиқланди», деган жавоб қилиниши табиий эди.

Мақола юзасидан Сурхондарё вилоят прокуратурасидан таҳририятимизга келган жавобда эса университетнинг бир гуруҳ раҳбарлари ва масъул ходимлари устидан жиноят иши қўзғатилгани айтилганди. Таҳририят бу жавобни эълон қилиб, масалага нуқта қўйган эди.

Бироқ орадан икки йил ўтгач, кутилмаганда бизни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Миробод тумани судига чақириб қолишди. Маълум бўлишича, жиноят ишининг Х.Аллақуловга тегишли қисми ажратилиб қўйилган ва айланиб-айланиб, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани судида кўриб чиқилиб, у оқланибди?!

Аввалига ишонишимиз қийин бўлди, кейин ўзимизча ҳар хил гумонларга бордик. Суд қарорида газетамиз таҳририяти ва мақола қаттиқ қораланган эди. Аммо судья таҳририятдан ҳеч қандай маълумот сўрамаган, тилшунос экспертлар хулосаси олинмаган. Майли, нима бўлса бўлгандир, аммо фуқаролик ишлари бўйича суд Х.Аллақуловнинг аризасини кўриб чиқиб, ўз ажримида «раддия берилсин», деган жумлани келтирган. Раддия матни тақдим этилмаган. Биз «майли, ҳозирча тортишиб ўтирмайлик, суд талабини вақтида бажарайлик, кейин журналист суриштируви ўтказаверамиз», деган фикр билан суднинг «раддия берилсин» деган жумласи келтириб ва узримизни айтиб, раддия эълон қилдик. Тўғриси, тортишиб ўтиришдан фойда чиқадими, йўқми, номаълум эди. У қандай оқланганини ўрганишга вақт керак эди.

Аммо орадан бирмунча вақт ўтгач, Х.Аллақулов компьютерда 14 бетлик раддия ёзиб келиб, шуни эълон қилишимизни талаб қилди. Биринчидан, уни суд белгилаб бермаган. Иккинчидан, раддия матни газетада бир ярим саҳифани ташкил этади. Ҳажми мақоладан қарийб уч баробар катта. Қолаверса, унда мақоламизга мутлақо дахли йўқ бўлган бош вазир ўринбосарлари, Олий таълим вазирлиги раҳбарлари ва бошқа қатор раҳбарлар шаънига аччиқ ва қўпол гаплар айтилган эди.

Биз юристлар билан маслаҳатлашдик. Юқорида айтилганидек, раддия матни суд қарорида белгилаб берилиши керак эди. Агар газетада эълон қилинган раддия матнидан даъвогар норози бўлса, белгиланган муддат орасида таҳририятга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилди. Х.Аллақулов эса анча кечикиб ариза кўтариб келган эди. Собиқ ректор биздан эмас, нўноқ ҳимоячилари ва маслаҳатчиларидан хафа бўлиши керак эмасми?..

Йўқ, у таҳририятни, мақола муаллифини жазолашга жон-жаҳди билан киришди. Газетада чиққан мақола асоссиз бўлса, ҳеч ким жиноят иши қўзғатмаслигини тан олишни хоҳламади. Ваҳоланки, мақоламиз эълон қилинишидан уч-тўрт кун олдин вилоят прокуратураси бошқа бир масалада университетда жиноят иши қўзғатганлигини кейин билдик. Х.Аллақулов қайта ректор бўламан, деб бошини кўп деворларга урди. Олий таълим вазирлигини судга берди, ютқазди. Нега? Устидан жиноят иши қўзғатилган кунларда, аниқроғи, 2004 йил 14 июнда ўз хоҳишига кўра, лавозимидан озод этилишини сўраб ариза ёзган. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 июндаги қарори билан лавозимидан озод этилган.

Аммо у ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаганини тан олгиси келмайди. Мени мажбурлаб ариза ёздиришган, дейди. Олий маълумотли одамнинг, собиқ ректорнинг гапига қаранг? Кимдир ариза ёз, деган бўлиши мумкин, лекин «менинг айбим нима, нега ариза ёзаман, қандай бўшатсанг, бўшатавер», — дейиши мумкин эди-ку.

Эҳтимол, ўшанда судланиб, жазоланиб кетишдан қўрқиб турган пайтида ишдан бўшашга дарров рози бўлгандир. Афсуски, у хатосини тан олгиси келмай, асоссиз талабларни беҳуда илгари суриб, қанчалаб идора ва ташкилотларни неча йиллардан буён безовта қилиб, вақтини олиб келмоқда.

Яна бир мулоҳаза: Яхши кадр, яхши инсон ҳар бир ташкилотга зарур-ку. Демак, Х.Аллақуловнинг ё яхши олимлигига ёки яхши одамлигига шубҳа бор. Х.Аллақулов эса «мендек одамнинг қадрига етишмаяпти, улуғлигимни билишмаяпти», деб бошқаларни айблаб келмоқда. Университетдан кетганидан буён ўтган ўн беш йил давомида фақат фисқу-фасод билан шуғулланиб келмоқда.

Атрофида табиатан ўзига ўхшаганлар ўрмалашиб юради. Ёки аламзада, нохолис одамларни ахтариб топиб, улар «маслаҳати» билан қонунга, зид ҳаракатлар қилиб, оғзидан чиқаётган гаплар учун жавобгарликни ҳам ўйламай қўйди. Кейинги пайтда у эски иғволари қаторига сиёсий ўйинларни қўша бошлади. Бундан нимани кўзлаётганини ўзи яхши билади. Лекин бошқалар ҳам бу ўйин кимларнинг «таклифи» билан, нима учун бўлаётганини билиб туришибди. Эски аламзадаларга ғаламис, ғаразли мақсадлари йўлида кўпроқ гап-сўзлар, миш-мишлар тарқатиш учун айнан Х.Аллақуловга ўхшаганлар керак бўлади.

Х.Аллақуловнинг мафкураси, дунёқараши, олимлик даражаси ҳақида хулоса чиқариш учун уни тестдан ўтказиш шарт эмас. Кейинги пайтда ҳамтовоқларининг ижтимоий тармоғида у билдирган асоссиз гаплардан бирига эътибор қаратайлик. Унинг айтишича, гўё кейинги уч-тўрт йилда Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмабди, ҳамма соҳа ботқоққа ботибди... ва ҳакозо.

Бу гапларни айтиш учун одам чаласавод, дунёдан бехабар бўлиши керак. Ёки ношукур, худбин киши шундай дейиши мумкин.

Ўзбекистонда қандай тарихий ўзгаришлар бўлаётганини халқ кўриб, билиб турибдику. Камчиликлар ҳам оз эмас, уларни бартараф этиш учун кураш кетяпти.

Агар Х.Аллақулов ўзини олим деб билса, кейинги икки йилда аҳолининг ўртача иш ҳақи, пенсия миқдори қанчага ошганини ҳисоблаб кўрсин. Ёки қанча иш ўрни яратилганидан хабари борми? Боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронларнинг қанчаси бепул уй-жой билан таъминланганини биладими? Камбағал оилаларга арзон уй-жойлар берилаётганидан бехабарми? Қанчалаб янги «сити»лар, саноат корхоналари қурилмоқда, сўз ва матбуот эркинлиги таъминланмоқда...

Шунча ишларни кўрмаган ёки кўролмайдиган, баҳосини холис бераолмаган Х.Аллақулов ички дунёси тўғрисида нима дейиш мумкин?.. Шундай феълли одамга ёшлар таълим-тарбиясини ишониб бўладими? Ректорлик нари турсин, бундайлар оддий ўқитувчи бўлиши ҳам хатарли эмасми?..

Бу гапларни бир четга суриб, навбатдаги саволни, асосий саволни ўртага қўйиб, унга жавоб ахтариб кўрайлик.

Собиқ ректор Хидирназар Аллақулов қандай оқланди, унинг оқланишига туман суди нималарни асос қилиб олган эди?

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судининг 2006 йил 23 февралда чиқарган ҳукмининг 14-бети 2-хат бошида шундай дейилган: «судда гувоқ тариқасида сўралган» ДАТ «Асака» банкнинг Сурхондарё вилоят филиалининг нақд пулни назорат қилиш бўлими етакчи мутахассиси Ўткир Алимов ва «Уйжойжамғармабанк»нинг Сурхондарё вилоят филиали етакчи мутахассиси Ўткир Саматовлар ҳақиқатдан ҳам ўзлари ишлаётган банкларда нақд пулнинг бўлмаганлиги сабабли, Термиз Давлат университети ўқитувчиларининг иш ҳақи ва талабалар стипендияларини тўлаш учун ўз вақтида нақд пул билан таъминлай олмаганликларини, бунда университет эмас, балки банкда нақд пул бўлмаганлиги сабабли, банк айбдор эканлигини... билдиришди».

Биз бу ҳолатдан ажабланиб, Марказий банкка яна мурожаат қилдик: Сизлар стипендия ва ўқитувчилар маоши банк томонидан вақтида чиқарилган, деб бизга расмий маълумот берган эдинглар, Сурхондарёдаги икки банкнинг икки ходими судда бошқача кўрсатма берибди-ку...

Ўшанда Марказий банкнинг юридик бошқармаси бошлиғи ва яна бир масъул ходими Термизга бориб, муаммони жойида ўрганиб қайтгани ва Марказий банкнинг расмий жавоб хатини (2009 йил, 16 январь) таҳририятга олиб келгани ёдимизда. Мана, ўша хат:

«Асака» банк Сурхондарё вилоят филиалининг 2009 йил 21 январдаги 6К/12-сонли хатида Ўткир Алимов Асака банкнинг ушбу филиалида умуман ишламаганлигини, жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди ушбу жиноят ишини кўришда умуман банкда ишламаган шахс – Ўткир Алимовдан гувоҳ сифатида кўрсатма олганлигини қайд этган.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан Термиз давлат университетининг собиқ ректори Хидирназар Аллақуловга нисбатан 2006 йил 23 февралда чиқарилган ҳукмнинг 27-варағи, 3-хат бошида «Булардан ташқари, мазкур иш бўйича ЖИБ Термиз шаҳар судида ўтказилган суд мажлисларида гувоҳ тариқасида сўралган ДАТ «Асака» банк Сурхондарё вилояти бўлимининг нақд пулни назорат қилиш бўлими етакчи мутахассиси Пардаев Шуҳрат ва АТ «Уйжойжамғармабанк» Сурхондарё вилояти бўлими мутахассислари Самадов Ўткир ва Ҳайдаров Отабеклар ҳақиқатан ҳам ўзлари ишлаётган банкларда нақд пулнинг бўлмаганлиги сабабли, Термиз давлат университетининг ўқитувчилари иш ҳақи ва талабалар стипендияларини... ўз вақтида нақд пул билан таъминлай олмаганликларини билдиришган», деган ҳолат келтирилган.

«Уйжойжамғармабанк» Сурхондарё вилоят филилали мутахассиси Ҳайдаров Отабек жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан гувоҳ сифатида сўроққа таклиф қилинмаган ва сўроқ қилинмаган ҳолатда, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг мажлисларида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганлиги қайд этилганлигига асосланган. Аммо, сўроқ ўтказилган сана аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, О.Ҳайдаров томонидан тақдим этилган тушунтириш хатида у ишончнома билан эмас, балки бошқарувчининг оғзаки топшириғига асосан Ў.Саматов ўрнига 10 минутга судда иштирок этганлигини маълум қилган. Судьянинг қонундан қўрқмаганига, масъулиятсизлигига қаранг (изоҳ бизники).

«Ипотека банк» Сурхондарё вилоят филиалининг 2009 йил 27 январдаги 218/01-сонли хатига кўра, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1-418-сонли жиноят иши юзасидан мутахассис сифатида О.Ҳайдаров ва Ў.Саматовлар номига суд чақирув хати банк филиалида мавжуд эмас, суд чақирув хати кирим ҳужжатларини рўйхатга олиш китобига кирим қилинмаган ҳамда юқоридаги ходимларга судда қатнашиш учун банк филиали томонидан ишончнома берилмаган.

Шунингдек, ушбу хат орқали маълум қилинишича, мазкур жиноят иши юзасидан жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди ва бошқа судларга «Ипотека банк» Сурхондарё вилоят филиали ходимларини суд инстанцияларида иштирокини таъминлаш тўғрисида сўровнома ва суд чақирув хатлари берилмаган ҳамда филиал ходимлари жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди мажлисида қатнашмаган.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкнинг Термиз бўлимининг 2009 йил 28 январдаги 261/01-сонли хатига кўра, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1-418-сонли жиноят иши юзасидан банк ходимлари номига суд чақирув хати банк филиалида мавжуд эмас. Суд чақирув хати кирим ҳужжатларини рўйхатга олиш китобига кирим қилинмаган ҳамда судда қатнашиш учун банк бўлими томонидан ишончнома берилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан университетнинг банкдаги ҳисобварақларидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда стипендиялар учун ўз вақтида банк филиалларида нақд пул билан таъминланганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси марказий банкининг Экспертлик Кенгашидан, берилган нақд пуллар мақсадли ишлатилганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан тегишли хулосалар олинмаган.

 Қайд этиш лозимки, «Асака» банкнинг Сурхондарё вилоят филиали «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, банк филиали билан Термиз давлат университети ўртасида 2004 йил 9 ноябрда 298-сонли банк ҳисобварағи шартномаси тузилган.

Мазкур шартноманинг 4.6-бандида, «Марказий банк меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган барча керакли ҳужжатлар банкка тақдим этилгандан кейин, ҳисобварақларида пул маблағлари мавжуд бўлиб, иш ҳақи ва бошқа қонунчиликда кўзда тутилган мақсадлар учун нақд пул маблағлари ўз вақтида бермаганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган жавобгарлик қўлланилади», деб белгиланган.

Ушбу шартноманинг 4.11-бандида, мижоз қонунчиликка мувофиқ операцияларнинг қонунийлигига ва пул маблағларидан қатъий белгиланган мақсадларда фойдаланишга жавобгар эканлиги белгилаб қўйилган.

Юқорида қайд этилган банк ҳисобварағи шартномасида белгилаб қўйилган ҳуқуқларга асосланган ҳолда Термиз давлат университети раҳбарияти томонидан 2003 ва 2004 йиллар давомида университет ўқитувчилари ва жамоасининг иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларни тегишли банклар томонидан белгиланган муддатларда нақд пул билан таъминланмаётганлиги бўйича белгиланган тартибда Сурхондарё вилоят хўжалик судига даъво аризалари киритилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди мазкур 1-418-сонли жиноят ишини кўришда, банк билан мижоз ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган банк ҳисобварағи шартномасида тарафлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларини қай даражада бажарганлиги ёки бажармаганлигини аниқламасдан банклар томонидан Термиз давлат университетининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари нақд пул билан таъминланмаган деган, асоссиз хулоса чиқарган.

Раис ўринбосари Б.К.Зарипов».

Марказий банк раиси ўринбосари Б.К.Зарипов томонидан берилган ушбу расмий хатдан сўнг Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани суди Хидирназар Аллақуловни қай тариқа оқлаганлиги шубҳамизни оширди. Марказий банкнинг расмий хатида айтиляпти: «Ўткир Алимов «Асака» банкнинг ушбу филиалида умуман ишламаган». Собиқ ректор Хидирназар Аллақуловнинг судида гувоҳлик берган бу фуқаро банкда ишламаган бўлса, бундай гувоҳнинг кўрсатмаси ҳуқуқий кучга мутлақо эга эмас-ку.

Марказий банк раиси ўринбосарининг расмий хатидаги яна бир масалага эътибор қаратайлик: «жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди ва бошқа судларга «Уйжойжамғармабанк» (ҳозирги Ипотека банк) Сурхондарё вилоят филиали ходимларини суд инстанцияларида иштирокини таъминлаш тўғрисида сўровнома ва суд чақирув хатлари берилмаган ҳамда филиал ходимлари жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди мажлисида қатнашмаган...».

Бунга қандай изоҳ бериш керак? Унда судда ким гувоҳ бўлиб кўрсатма берди? Бу гувоҳларни ким топди, судга ким, қандай қилиб олиб келди? Х.Аллақуловми ёки судьями?..

Демак, судья собиқ ректорни қандай бўлмасин, оқлашни мақсад қилган, деган фикр пайдо бўлади. Нега, нима учун? Бу унинг ўзига аён. Яна бир масала устида фикр юритиш хулоса чиқаришга озгина бўлса-да ёрдам беради. Ушбу судда Х.Аллақулов оқлангач, судья икки ойдан сўнг пенсияга чиқиб кетаяпти. Гувоҳлардан бири эса Россияга ишга кетяпти.

Ўша пайтда турли сабаблар билан бу масалани охиригача ўрганишга имкониятимиз бўлмаганди. Лекин кейинчалик олинган маълумотлар, эшитган гапларимиз бу оқловга нисбатан шубҳамизни ошириб борди.

Талабаларнинг стипендиялари, ўқитувчиларнинг маошлари банкдан вақтида олинган бўлса-да, вақтида тарқатилмаган. Негалигини аниқ айтиш қийин, лекин тахминлар бор эди...

Бу пуллар, яъни талабалар стипендиялари Тошкентдаги савдо дўконларида айлантирилганмикин? Бу дўконлар кимга тегишли бўлган? Ҳуқуқ-тартибот идоралари қизиқиб кўрса, масалага аниқлик киритилади, албатта. Аммо бизни Х.Аллақулов оқланишининг қай даражада қонунийлиги қизиқтиради.

Суд икки банкнинг икки ходими кўрсатмасини асос қилиб олаяпти. Марказий банк бу гувоҳлардан бири банк тизимида ишламайди, деяпти. Иккинчисини бу масала бўйича судда кўрсатма бериш ваколатига эга эмас, деяпти. Судга банкдан кўрсатма берувчи ходим керак бўлса, судья ёки суд раиси банк раҳбарига расмий хат билан мурожаат қилиши, ўз навбатида банк раҳбари судда гувоҳ сифатида иштирок этувчи ходими исм-шарифини кўрсатиб, расмий жавоб бериши керак эди.

Бу қонуний талаблар бажарилмаган. Бунинг устига, гувоҳларнинг бири банкда ишламаган шахс, иккинчиси бу масалада судда гувоҳлик бериш ваколатига эга эмас.

Сўнгги савол: Кимнингдир хатоси учун нега таҳририят ва мақола муаллифи йиллаб ҳақоратли сўзларни эшитиб, асаби бузилиб, жабрланиб, ёмон отлиққа чиқиб, туҳматларга қолиб юриши керак? Нега юзлаб ташкилот ва идоралар йиллар давомида вақт кетказиб, Х.Аллақулов найранглари билан шуғулланиши керак? Қонунсизликни кўра, била туриб, нега сукут сақлашимиз керак?

Кейинги йилларда адолатсизликка учраб, ноҳақ судланганлар оқланяпти. Эгилган ҳақиқатлар тикланяпти. Мақсад адолатни тиклаш, қонун устуворлигига эришиш экан, нега кўриниб турган асоссиз оқлов ишини қайта кўриш мумкин эмас?! Нега кимларнингдир нопок ўйинларига, қайсидир йўллар билан жазодан қутулиб олиб, айбсиз одамларга туҳмат қилишларига йўл қўйилиши керак? Масалани қонун доирасида очиқ-ойдин, принципиал қайта кўриб чиқиш зарур, деб ўйлаймиз.

Битта асоссиз жазо кўплаб ҳалол одамлар виждонига отилган ўқ, деган гап бор. Битта асоссиз оқлов ҳам ҳалол одамлар устидан чиқарилган айбловдир, қонун обрўсига путур етказувчи номаъқул ишдир. Шу боис, қонунни ҳурмат қилсак, қонунга хиёнат қилишни истамасак, Х.Аллақулов жиноят ишини қонун доирасида синчиклаб қайта кўриб чиқмоқ лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу нафақат журналист сифатида бизнинг, балки қонуннинг ҳам талабидир.

Хидирназар Аллақуловга эса бир саволимиз бор: Виждонингиз нима деяпти, айбсизлигингизни тан олаяптими? Қандай оқланганингизни ўзингиз яхши биласиз. Бир ҳақиқатни унутманг, оқланиш мумкин, оқ бўлиш қийин.

Мурод ТИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: