17.06.2020

ПРИНЦИП — ТАМОЙИЛМИ?..

Яқинда бир маҳкамада бўлажак анжуманга тайёргарлик масаласи кўрилди. Йиғилишнинг рус тилида олдиндан тайёрлаб қўйилган хулосалари ўзбекчага ҳам ўгирилгану, шуни кўриб чиқиб, фикр билдирсак, кифоя экан. Хуллас, сип-силлиқ, тап-тайёр ҳужжат, маъқул, деб қўйсак, кифоя. Аммо тили қичиган одам нима қилади? Тилини қашиб ўтирмайди, ундан кўра гапиради-қўяди-да.

– Нега “... амалга ошириш тамойиллари”? Амалга оширишда қанақа тамойил бўлади? Принцип деб қолдирган дуруст эмасми? – деб сўрадим.

– Принцип русча, у ўзбек тилида тамойил бўлади, – деди бир жувон, икки карра икки – тўрт-ку, деган бир оҳангда. Бошқалар ҳам буни аксиома деб билишар эканми, масалани ковлаштириб ўтирмай, кейинги гапга ўта қолишди. Бир умр тил ва таржима масаласи билан шуғулланиб келаётган каминанинг бу луқмаси билмасвойнинг хархашаси каби қабул қилинди-ёв?

Наҳотки, принцип энди тамойилга айланиб кетган бўлса? Тамойил, ахир, шунинг нақ акси – принципсизликни билдиради-ку?

Қандай қилиб, дейсизми? Тамойил – арабча сўз; бирон нарсага мойилликни, майл қўйишни билдиради. Мойил бўлиш эса принципсизлик демак. Тамойилни рус тилига ўгирадиган бўлсак, у тенденция деб ўгирилади. Аммо бизнинг доно донишмандлар луғат қараб ўтиришармиди? “Ўзбекча-русча луғат”да тамойил сўзи “склонность, уклон..” деб берилганини кўриб қолишса, луғатшуносларни ҳам нодонга чиқаришса керак. Келинг, ўзимизникига ишонмасак, “Тожикча-русча луғат”ни ҳам ёрдамга чақирайлик: “Тамойил – наклон, уклон, наклонение; уклон, склонность, стремление, тенденция”.

Энди “Русча-ўзбекча луғат”га ҳам кўз ташлайлик. Унда тенденция сўзи майл, рағбат, мойиллик, интилиш... деб талқин этилибди. Принцип эса принцип, нуқтаи назар, хатти-ҳаракат, тарз деган калималар орқали талқин этилган. Араб сўзларини биздан кўпроқ истифода этадиган ва шунга мойилроқ бўлган тожикларда ҳам принцип сўзи принцип деб, ундан кейин эса асос, қонун, усул, бунёд, шарт деб изоҳланган.

Демак, принцип билан тамойил бошқа, аксар ўринларда эса ҳатто ўз­аро зид тушунчалар экан. Аммо чорак аср аввал тил соҳасида бир тамойил пайдо бўлди – ҳар қандай русча ва рус тили орқали кириб келган байналмилал сўзларнинг ўзбекчасини топиш, у бўлмаса, бирон арабча ё тожикча сўз билан алмаштириш! Бу эса принципсизликнинг ўзгинаси эди.

Принцип сўзини кейинги пайтда баъзилар “қатъият” деган калима билан алмаштиряпти. Лекин бунинг ҳам нозик жиҳатлари бор. Машинанинг ишлаш принципи бор, аммо ишлаш қатъияти бўлмайди. Қолаверса, қатъиятли одам – «решительный человек»дир, принципиал одам яна бошқа тушунча.

Мен интернетдаги онлайн-таржимон дастурига “принцип” сўзини киритиб кўрдим. Унда ҳам “принцип” ўзбек тилида “тамойил” бўлади, деб кўрсатиляпти (бояги билармонлар киритган-да). Кейин ана шу сўзни араб, форс, озар, тожик, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилишига юзландим. Уларнинг ҳеч бирида принцип – тамойил деб берилмаган.

Тил соҳасида юз бераётган бу ғайриилмий интилишни эҳтимол баъзилар пуризмга бўлган ҳаракат, деб ўйлар. Аммо афсуски, бу пуризм ҳам эмас-да. Пуризм – ҳар бир тилни тоза сақлашга бўлган тадорикдир. Бу ҳаракатни нима деб номлашни ҳам билмайсан, киши.

Майли, мусулмончалаштириш йўлидаги уриниш бўлақолсин. Аммо... у, лоақал, тўғри бўлиши керак-ку. Арабларнинг ўзи принципни “мабда”, “қоида” деб турганда, тожиклар эса ўзгартирмасдан принцип деганда, биз ўзбеклар – олисдаги бир туркий халқ вакиллари – араб тилини арабларнинг ўзига ўргатамизми, бу тилнинг араблардан ҳам қизғинроқ фидойиси бўлиб оламизми? Бизнинг “тамойил”га араблару форслар, турклар, озарлар, афғонлар, уйғурлар... кулмасмикин? Улар “тамойил”, “принцип”дан тамоман бошқа нарса эканини яхши билишади-ку.

Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинган дастлабки йилларда ҳар қандай русча ва рус тили орқали кириб келган европача сўзларни ўзбекчалаштириш, унинг иложи топилмаса, ишқилиб бошқа бирон калима билан алмаштиришга ружу қўйдик. Ана шунинг эпкинида яна бир туппа-тузук сўз ҳам ишдан чиқди – метод, методист, методика деганларини қайси бир шоввоз ўзича “брак” қилди-да, услуб, услубчи, услубиёт деган иборатларни қулоғидан тортиб юзага чиқарди.

Аввало, савол бергинг келади – нима сабабдан барча ғарб сўзларидан воз кечишимиз керак? Қолаверса, метод сўзи услубга тўғри келадими ёки усулга? Биз кўрган китобларда метод – метод деб берилган ва талқин маъносида усул, йўл, тарз, равиш тарзида шарҳланган. Аммо ҳеч бир манбада услуб дейилган эмас!

Чунки услуб – бошқа нарса. Абдулла Қаҳҳор услуби деган гапни эшитгандирсиз? Бу калима Абдулла Қаҳҳорнинг методи эмас, ёзиш тарзи, ижоддаги ўзига хослиги дегани. Публицистик услуб, расмий услуб, бадиий услуб деган тушунчалар бор. Уни қайтариб русчага ўгирсангиз, масала ойдинлашади – стиль! Стилистика – услубиёт, стиль писателя – ёзувчи услуби дегани. Методни – услуб десак, унда “стиль”ни нима қиламиз?

Хато нарса, агар уни юз миллион одам тўғри деб айтса ҳам, хатолигича қола беради. Тил эса амр-фармон, буйруққа бўйсунмайди, сиз марҳамат қилиб тилга бўйин эгасиз, унинг қонуниятларига амал қилиб иш тутасиз, ана шундагина муддаонгиз ҳосил бўлади.

Она тилимизнинг мавқеини юксалтириш, уни қўллаш доирасини кенгайтириш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Бундан қувонамиз. Шу билан бирга, боягидай хато сўзлар, янглиш ифода шакллари оммалашиб кетиб, кўпчилик шунга ўрганиб қолмасайди, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Ҳар бир атама, кенг қўлланадиган ижтимоий терминларни “ўзбекчалаштираман”, таржима қиламан-қўяман, деб енг шимаришнинг асло лузуми йўқ.

Принцип, тенденция, метод каби сўзлар-ку, бир асрнинг берисида қўлланяпти. Бироқ тилимизда азалдан бўлган айрим калималар маъносини ҳам яхши тушунмай, унга ўзгача маъно юклаётган фидойиларнинг ишига қараб туриб нима дейишингизни билмайсиз. Масалан, “тадбир” сўзи. Исталган одамдан қаёққа кетяпсан, деб сўранг, “тадбирга!” деб айтади.

Хўш, тадбир нима? Луғатларда тадбир – бошқариш, йўл топиб юриш, чигал вазиятлардан чиқиш, деб кўрсатилган. Яъни, чора, илож. Ўзбекнинг чора-тадбир дегани ҳам шу маънода. Мушкул вазиятдан чиқа оладиган уста одам мудаббир дейилади. Ўзини ўзи эплайдиган киши тадбиркор бўлади. Аммо тадбир – анжуман бўлмаганидек, тадбиркор – мажлис ўтказувчи ҳам эмас. Хўш, бу хато қандай келиб чиқди ўзи?

Бу – нотўғри таржиманинг касри. Негаки, “мероприятие” сўзи (эътибор беринг: меро + приятие = чорасини топиш) ўзбек тилига тадбир деб ўгирилади. Бироқ руслар маслаҳатсиз йиғилишни ҳам кўчма маънода мероприятие деб қўллашади (культурное мероприятие). Бундай ўринларда “мероприятие”ни кўр-кўрона равишда “тадбир” эмас, “маданий анжуман” деб ўгириш керак, ана шунда “тадбир ўтказилди” сингари мужмалликлар келиб чиқмайди. Қаранг-а, биргина ноўрин “тадбир” нутқимиздан мажлис, йиғилиш, анжуман деган гапларни сиқиб чиқаряпти, тилимизни бузяпти.

Руслардан тилимизга кириб, яқинда чиқиб кетган яна бир сўз ҳақида ҳам икки оғиз. “Акт” деганни эшитгансиз. Ўзи қисқа бўлгани билан маъноси бисёр: “акт заседания”, “акт вандализма”, “акт милосердия”, “акт гражданского состояния”, “террористический акт”, “речевой акт” сингари.

Она тилимиз қашшоқ эмас, буларнинг барига “йиғилиш баёни”, “меҳр-мурувват”, “бузғунчилик”, “нутқ тарзи” сингари ярашиқли ва муносиб сўзлар топилади. Аммо, тил бой бўлса-ю, биларманларнинг тилини ҳакка чўқиган бўлса, дардингизни кимга айтасиз? Улар ҳар қандай “акт”ни бир уриб, “далолатнома”га айлантирадилар. Шунчаликки, ЗАГС – “Зарегистрирование актов гражданскоо состояния” (фуқаролик ҳолатини қайд қилиш - ФҲҚҚ)га ҳам ўша ўзлари севган “далолатнома”ни қўшиб, “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш – ФҲДЁ) деб “таржима” қилишган-қўйишган.

Ё тавба, ЗАГСхонада далолатнома (акт) ёзилганини кўрган одам борми ўзи?

Бу хилдаги таржималар тилни бойитмайди, аксинча бузиб, қашшоқлаштиради. Унинг пойига болта уриш, масалан, ўшандай идоралар пештоқидан ФҲДЁ деган лавҳаларни олиб, ўрнига ФҲҚҚ деган қисқартмани илиш, далолатномабоз мутаржимларнинг эса тилини даволаш керак.

Узун гапнинг қисқаси, сўз ҳақида гап кўп, сўзлашимизда айб кўп. Нутқимиздаги ўнлаб, юзлаб “адашган” – бошқа маънони елкасига ортмоқлаб, базўр судралаётган сўзларни айтайликми, қори акаларимизнинг “ўқилинган китоб”, “айтилинган маъвиза” каби даббақорин калималарини таҳлилга тортайликми, спорт шарҳловчилар ўз нутқидан “дарвозабон”, “ҳужумчи”, “ён ҳакам” сингари бежирим ифодаларни четга суриб, “голкипер”, “форвард”, “лайндсмен” дея олифтагарчилик қилишларига куйинайликми, не-не тил устасиман деган муллакаларимиз ўристахлит “Мен ўйлайманки,” деб жумла тузишларини айтиб дардлашайликми?

Бироқ “Во ҳасрато!” дея нидо қилиш билан ҳожатлар раво, тилаклар мустажоб бўлиб қолармиди? Йўқ...

Она тилимизни рўёбга чиқариш учун тоғ-тоғ иш бор. Бунинг кўлами, залвори олдида теша билан тоғ тошини қазиб, сув келтириш ҳеч нима бўлиб қолади. Лак-лак Фарҳодлар керак бизга, уларнинг дилида ҳиммат ва шижоат, шуурида билим ва заковат қайнаб туриши шарт. Ана шунда она тилимиз булоғининг кўзига бостирилган харсанг олиб ташланади, тилимиз дарёдай тўлиб-тўлиб оқа бошлайди.

Зуҳриддин Исомиддинов,

филология фанлари номзоди.

Таҳририятдан:

Она тилимизда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган сўзлар оз эмас. Бундай сўзларни кимдир ўзбекчалаштириш керак, дейди. Кимдир ўзбек тилида муқобили бўлмаса, аслини қолдирган маъқул, дея фикр билдиради. Қайсидир хорижий сўзни ўзбекчага ўгираман, деб форсча, арабча сўзларга алмаштириш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Яқинда бир гуруҳ ижодкорлар даврасида “аввало” сўзи хатбошида келса, вергул қўйиш керакми, йўқми, деган савол устида баҳс кетди. Кимдир “натижадорлик” сўзи қандай пайдо бўлди, тушунмадим, деди. Биров бу сўзни тўғри, деса, бошқаси нотўғри деди. “Формат”, “Глобал” каби сўзларнинг ўзбекчаси йўқми, дея тортишувлар бўлди.

Хуллас, она тилимиз ҳурматини жойига қўйиб, унинг қадрини, нуфузини ошириш учун кўп масалаларга ойдинлик киритиб олишимизга тўғри келади. Шу боис, мутахассислар, ижодкорлар ушбу мақолада кўтарилган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришса, миннаддор бўламиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: