03.06.2020

Электр энергиясидан їарздорлар ёппасига тармоїдан узилди

Бунга сабаб нима?

2020 йил 28 май куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонлар қарздорлиги учун электр тармоғидан узилгани тўғрисидаги хабарлар телеграмм каналлар ҳамда ижтимоий тармоқларда, сайтларда эълон қилина бошланди. Электр энергияси тўловини амалга ошириш мақсадида корхонага келган истеъмолчилар бино ташқарисида тўпланиб туришибди, ичкарида ҳам анча одам борлигини англаш қийин эмас. Гап-сўзлардан маълум бўлдики, кўпчилиги карантин туфайли даромадини йўқотган, пули йўқ, қарзга ёқиб беринглар, деб илтимос қилишмоқда.

Бироқ корхона вакиллари электр энергиянинг ҳаққи тўланмаса «чироқ» ёнмаслигини таъкидлашмоқда Чунки, юқоридан буйруқ шунақа бўлган эмиш...

Шу ўринда ҳаммани бир савол қийнамоқда: Республика миқёсида карантин эълон қилингандан сўнг, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида қарздор истеъмолчилар (жисмоний шахслар) электр энергиясидан узилмайди, дейилган эди-ку?..

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти республика миқёсида қарздор ­истеъмолчилар электр энергиясидан вақтинча узилаётганига расмий муносабат билдирди. Унда шундай дейилади: «Мамлакатда карантин чоралари юмшатилгани боис фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларнинг ортишига йўл қўймаслик мақсадида қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилмоқда. Шу муносабат билан истеъмолчилардан ишлатилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириши сўраган.

Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўлаб боришингиз орқали энерготизимнинг барқарор ва самарали ишлаши, энерготизимда олиб борилаётган модернизация ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини ўз вақтида бажарилишига катта кўмак бўлиб хизмат қилади.

Айни вақтда Мирзо Улуғбек туман электр таъминоти корхонасидаги вазият истеъмолчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида тўлиқ бартараф этилди».

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, шу вақтгача аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги 2 триллион сўмдан ошган экан. Ушбу қарздорлик ишлаб чиқарувчининг барқарор ва узлуксиз фаолият юритишига жиддий таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, қарздор бўлган абонент мурожаатига биноан аҳоли тармоққа қайта уланмоқда ва қарзни ундириш бўйича енгиллик берилади.

Биз бу муаммони газетада кўтаришни истамаган эдик. Аммо қарздор шахслар хонадони чироғини тармоқдан узиш республика миқёсида оммавий тус олаётгани сабабли баъзи мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик.

Яқинда хизмат сафари билан Қарши шаҳрида бўлганимизда бизга ҳамроҳлик қилаётган ҳамкасбимиздан бири айтиб қолди, шаҳарда электр энергиясидан қарздорлиги бўлган истеъмолчилар ёппасига тармоқдан узиб қўйилибди. Шунда биз Қарши шаҳар электр таъминоти корхонасига бордик. Энди у ерда тўпланган тахминан 400 нафарга яқин фуқаронинг ҳасратини эшитиш учун юрак тошдан бўлиши керак.

Тўпланган фуқаролардан бири биз билан суҳбатлашар экан, исм-шарифини ёзмаслигимизни илтимос қилди. У  Қарши шаҳридаги олтинчи митти туманда истиқомат қилар экан.

— Мана, бугун эрталаб соат 10:00дан бошлаб уйда чироқ учиб қолди. Одатдаги чироқ ўчиши бўлса керак деб, ўйладик. Аммо, орадан икки соат ўтгандан сўнг билдимки, шаҳар бўйича электр энергиясидан қарзи бор истеъмолчилар ўчирилган экан. Шундан сўнг бу ерга келдим. Аҳволни кўриб турибсиз. Келганимга 4 соат бўлди ҳамки электр энергиясидан қанча қарздор эканлигимни аниқлай олмадим. Сиз ҳалиям одамлар камайганда келдингиз.

Бир соат аввал, келганингизда кўрардингиз... карантин даврида ҳеч кимнинг уйида чироқ учмайди, деб айтилганди-ку, деб тўпалон кўтарганлар бўлди. Шундан сўнг жамоат тартибини сақлаш учун Миллий гвардия ходимлари етиб келиб тўпланганларни анча тинчлантирди. Бир аёл уйда етим фарзандларим билан зўрға кун кечиряпмиз. Нимага чироқни ўчирасизлар, ҳозир ишламаётган бўлсам, деб фарёд қилиб, ҳолсизланиб қолди, кимларнингдир қон босими ошиб кетди. Уларни тез ёрдам келиб шифохонага олиб кетди.

Мана энди корхона ходимлари компьютер ишламай қолди, деб пулларни ҳам қабул қилолмаяпти. Савол туғилади компьютерлари ишламай қолса нима сабабдан шаҳар бўйича ёппасига чироқни ўчиради? Қарши шаҳар электр таъминоти корхонасининг раҳбари тўпланган фуқаролар олдига чиқиб, хавотир олманглар, икки соатларда  ҳамманинг уйида чироқ ёнади, деб сўз берди ва барчани тарқалишини илтимос қилди. Шундан сўнг кимдир ишониб, кимдир ишонмай уйига қайтди.

Биз ҳам ўз ишимиз билан машғул бўлдик. Эртаси куни шанба бўлишига қарамасдан ушбу муаммо нима билан якун топганига қизиқиб, яна электр таъминоти корхонасига бордик. Аҳвол кечаги кундан ҳам ёмонроқ эди. Икки юз нафардан кўпроқ фуқаро навбатда турибди. Кимдир кеча тўлов қилган бўлсада, ҳалигача уйида чироқ ёнмаганини, яна кимдир карантин даврида иш йўқлигидан уйда оиласини боқишга қийналаётганини айтиб, чироғини ёқиб беришни илтимос қиларди. Бир сўз билан айтганда, шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбарининг кеча айтган гапи ёлғонлигини аҳоли англаб бўлганди.

Энди юқорида айтганимиздек, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбариятининг расмий хабарида карантин чоралари юмшатилганлиги боис фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорлик ортишига йўл қўймаслик учун чироқлар ўчирилгани маълум қилинган эди. Шу ерда бир мулоҳазани айтмоқчи эдик. Тўғри карантин талаби юмшатилди, айрим корхона ва ташкилотлар иш фаолиятини бошлади. Аммо, кўпчилик оддий одамлар ошхона, кафе, ресторан ҳамда бозорларда тирикчилик қилиши сир эмаску. Бу масканлар очилгани йўқ-ку. Очилганда ҳам одамлар бирданига даромад кўрмайди-ку. Электр тармоғидагилар нега бу ҳақда ўйламайди.

Яна бир гап, карантин қоидаларини бузганликда, масалан, ниқоб тақмасдан юрганлар жаримага тортилади. Лекин тўрт юз нафарлаб одамни бир жойга тўплаб карантин қоидаларини бузишга мажбур қилган электр корхоналари нега жаримага тортилмаяпти?

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: