10.06.2020

СУДЬЯ ТЕРГОВЧИГА ХУСУСИЙ АЖРИМ ЧИҚАРДИ

лекин айбланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи Азмиддин Бузуруков тадбиркорлик билан шуғулланарди. 2010 йил октябрь ойида Чилонзор тумани ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов уни ҳузурига чақиртиради. «Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ер олиб беришни ваъда қилиб, Рустам Манапов деган шахсдан катта миқдорда пул олганингиз бўйича шикоят келган», дейди. Азмиддин Бузуруков бунақа одамни танимаслигини, у билан бирор маротаба ҳам мулоқотда бўлмаганини айтади. Шунда терговчи новчадан келган бир йигитни кабинетга чақиради ва унга: «Мана шу Азмиддин Бузуруков бўлади, танидингми?» дейди. Сўнгра Бузуруковга «Сиз ташқарига чиқиб туринг», дейди...

Шикоятда келтирилишича, Рихси­ Абзалова деган аёл Азмиддин ­Бузуруковнинг маҳалладоши Дилноза Раҳмонова орқали Рустам Манаповга Тошкент шаҳридан қурилиш учун ер майдони олиб беришни ваъда қилган. Кейин Азмиддин Бузуруков гўёки Рустам Манаповга пойтахтнинг бир неча жойидаги бўш ерларни кўрсатиб, 2007 йилнинг 25 ноябридан 2008 йилнинг июль ойигача ундан Рихси Абзалова воситачилигида ҳаммаси бўлиб 285 минг АҚШ долларини олган...

Азмиддин терговчига ўзига қўйилган айблар қуруқ туҳмат ва бўҳтондан иборат эканини ётиғи билан тушунтиради. Аҳрор Ҳожимуродов эса кабинетга бояги новча йигит – Рустам Манаповни таклиф этади ва Азмиддин Бузуруков билан юзлаштиради.

Рустам Манапов тахминан 2007 йил октябрь ойида маҳалладоши Рихси Абзалова орқали Азмиддин Бузуруков билан танишганини айтади. «Ҳой, калланг жойидами, сени биринчи марта кўриб турибманку!» дейишига қарамай, «Азмиддин Бузуруков тадбиркорлик фаолияти юритишим учун ер майдони ажратилишида ёрдам беришни ваъда қилган. 2007 йилнинг 25 ноябрида телефон орқали гаплашиб, ўртада турган Рихси Абзалова билан бирга унга «Фотон» заводи олдида 30.000 АҚШ доллари берганман», дейди. Бундан ташқари, 2008 йилнинг июль ойида укаси Мурод Манапов иштирокида, Рихси Абзалова воситачилигида унга 72.000 АҚШ доллари берганини, яна 1.900.000 сўм миқдоридаги пулни ҳисоб рақамига ўтказганини айтади. Пулнинг бир қисми – 75.000 АҚШ доллари 2008 йилнинг май ойида Рихси Абзалова гувоҳлигида Чилонзор тумани «Ц» мавзесида яшовчи Дилноза Раҳмоновага етказиб берилган...

Терговчи Аҳрор Ҳожимуродов ушбу ҳолатларнинг ҳақиқийлиги бўйича талаб даражасида текшириш ўтказмайди. Пул қайси ҳисоб рақамга ва кимнинг номига қандай мақсадда тўлангани батафсил ўрганилмайди. Гарчанд Азмиддин Бузуруков Рустам Манаповни умуман танимаслигини, у билан олди-берди қилмагани, телефонда сўзлашмаганини, буларнинг бари туҳмат эканини айтса-да, Аҳрор Ҳожимуродов унга уйига кетишга рухсат бермайди. ­Азмиддин Бузуруковни уч кун муддатга вақтинча ушлаб туриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради.

Азмиддин Бузуруков ўзига қўйилган бу айбларни кескин инкор этади ва уларнинг биротасини тан олмайди. Ҳибснинг учинчи куни Аҳрор Ҳожимуродов Азмиддинга пул ундирилмагунича уни қўйвормасликларини шама қилади. Лекин Азмиддин ўз сўзида қатъий туради. Шундан кейин тергов материаллари судга оширилади.

Табиийки, Азмиддиннинг ота-онаси, яқин қариндошлари қийин аҳволда қолишади. Ота ўғлини гаров эвазига вақтинчалик ҳибсдан чиқариш учун ўзига тегишли савдо дўконини Рустам Манапов номига ўтказишга рози бўлади. Азмиддин Бузуруков гаров эвазига ҳибсдан озод этилгач, адвокат Александр Пакни ҳимоячиликка ёллайди ва унинг ёрдамида ўзига қўйилган туҳмат айбловларидан қутулиш мақсадида ҳужжат тўплашга киришади.

Хўш, Рустам Манапов ва Рихси Абзалованинг ўзи ким ва нима учун Азмиддин Бузуруковга бу қадар ёпишиб олишди?

Рихси Абзалова илгари ҳам бировларга ноҳақ туҳмат, фирибгарлик ва бошқа жиноятлар содир қилгани учун судланган. У танишлари кўплигини рўкач қилиб, «қармоғига» илинган Рустам Манаповга давлат идорасида ишлайдиган Хуршид Муҳамедов деган шахс орқали Тошкент шаҳридан қурилиш учун ер майдони олиб беришни ваъда қилади, ундан мўмайгина пул ундиради. Лекин иш ҳал бўлавермагач, Рустам Манапов Рихси Абзаловадан берган пулини талаб қила бошлайди. Шунда у вазиятдан қутулиш учун олган пулларининг ҳаммасини Хуршид Муҳамедовга берганини айтади. Рустам Манапов ёнига 4-5 танишини олиб, пулини ундириш мақсадида Хуршид Муҳамедовни излаб топади. Бўлиб ўтган савол-жавоблардан кейин Хуршид Муҳамедовнинг Рихси Абзалова билан гаплашмагани, ундан ҳеч қандай пул олмагани маълум бўлади. Бундан ғазабланган Рустам Манапов Рихси Абзаловага қўнғироқ қилади, жавоб беравермагач, уни излаб топади. Абзалова бу гал ҳам сувдан қуруқ чиқади – «Ҳамма пулни дугонам Дилноза Раҳмонова орқали Азмиддин Бузуруковга берганман», дейди ва Рустам Манаповни унинг устидан шикоят ёзишга кўндиради. Энг қизиғи, Хуршид Муҳамедов устидан ёзилган, қуруқ туҳматдан иборат шикоят бу гал бир ҳарфи ҳам ўзгартирилмай, Дилноза Раҳмонова ва Азмиддин Бузуруковларга йўналтирилади...

Аслида 2007 йил 25 ноябрдан 2009 йил июнь ойига қадар бўлган вақт мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида тадбиркорлик фаолияти юритиш учун Д.Собировага Шайхонтоҳур тумани, Марказ 13-мавзесидан 6 сотих, Рустам Манаповнинг онасига Чилонзор тумани, Муқимий кўчасидан 0.018 гектар ер майдони ажратилган. Лекин бу қарорнинг сохталаштирилган нусхаларига Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмоноваларнинг исм-фамилияси киритилади, қалбаки имзолари қўйилади.

ИИВ эксперт-криминалистик маркази томонидан 2010 йил 24 декабрда берилган эксперт маълумотига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг тадбиркорларга ер майдони ажратиш тўғрисида 2009 йилда чиқарган қарор нусхаларидаги имзолар Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмонова томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан бажарилган. Лекин барча ҳолатлар Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмонова томонидан қилинган жиноят иши сифатида кўрсатилиб, Чилонзор туман ИИБга тақдим этилади.

Тергов-суриштирув давомида Рихси Абзалованинг шахси, муқаддам қилинган жиноятларига эътибор берилмаган, Рустам Манапов томонидан даъво қилинаётган пул маблағлари манбаси текширилмаган.

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси ҳамда Архитектура ва қурилиш бошқармасидан ушбу ер майдонлари кимга тегишли эканлиги тўғрисида маълумотнома олинмаган, хизмат текшируви ўтказилмаган, ҳокимият вакиллари сўроқ қилинмаган.

Ахир ер майдони шунчаки бир мулозимнинг саъй-ҳаракати билан ажратилмайди. Бунда ҳокимият вакилларининг иштироки, ёки ерни очиқ савдо орқали расмийлаштириш ҳолатларига эътибор қаратилмаган.

Дастлабки тергов томонидан Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг сохталаштирилган нусхаларига ким, қачон ва қандай ҳолатда имзо қўйгани аниқланмаган бўлсада, А.Бузуруков ва Д.Раҳмоноваларга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 2- ва 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Азмиддин Бузуруков Рихси Абзаловани 2009 йилда опасининг дугонаси, қўшниси Дилноза Раҳмонованинг туғилган кунига келганида кўрган. Унга қадар – 2007 йилда уни ҳам, Рустам Манаповларни танимаган, мулоқотда бўлмаган. Шунинг учун ўша даврда Рустам Манапов, Рихси Абзаловадан унга қўнғироқ бўлгани ҳақида маъумотлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли ташкилотдан телефонлар сўзлашув рўйхати нусхасини олади.

Рустам Манапов гарчанд 2007 йил 25 ноябрда Рихси Абзалова гувоҳлигида Азмиддин Бузуруковга 30 минг АҚШ доллари берганини даъво қилган бўлса-да, бу пайтда – яъни, 2007 йилнинг 19 ноябридан 27 ноябргача Рихси Абзалова фарзандлари билан Малайзия давлатида туристик сафарда бўлгани аниқланади.

Бундан ташқари, Рихси Абзалова, ака-ука Рустам ва Мурод Манаповларнинг ёлғон кўргазмалари асосида тузилган тергов ҳужжатларида ­Азмиддин ­Бузуруков юқорида кўрсатилган пулларни олганини тасдиқловчи далиллар – аудио, видеоёзувлар, тилхат ва бошқа ҳолатлар умуман кўрсатилган эмас.

2011 йилнинг бошида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида Дилшод Сулаймонов раислигида суд жараёни бошланади. Азмиддин Бузуруковнинг адвокати судга унга нисбатан туҳмат қилинаётганини исботловчи ҳужжатларни тақдим этади. Судья бундай инкор қилиб бўлмас далилларга ойдинлик киритиш мақсадида ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатган Рустам Манапов, Рихси ­Абзаловалар билан савол-жавоб қилади. Натижада улар берган кўрсатмалар ҳар хил чиқади, ишончли далиллар тақдим этилмайди. Шундан сўнг шу ҳолат бўйича Чилонзор тумани ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов гувоҳ сифатида судга чақирилади. Савол-жавоблар давомида терговчи Аҳрор Ҳожимуродов хизмат вазифасига лоқайдлик ва совуққонлик билан қараши оқибатида тергов ҳаракатлари етарлича олиб борилмаган, деб топилади.

Судда ака-ука Рустам ва Мурод Манапов Рихси Абзалова гувоҳлигида 2008 йил май ойида Дилноза Раҳмонованинг Чилонзор тумани «Ц» мавзесида жойлашган уйига бориб, унга 75.000 АҚШ доллари бергани ҳақида кўрсатма беради. Бунга жавобан Дилноза Раҳмонова уларнинг кўрсатмалари туҳмат эканини, 2007 йил ёз ойида қайнонаси билан муносабати ёмонлашгани сабабли уйдан чиқиб кетганини, 2008 йил май ойида Чилонзор тумани «Ц» мавзесида яшамаганини далиллар билан исботлаб беради.

Шундан сўнг суд муайян бир хулосага келиш учун танаффус эълон қилади, Азмиддин Бузуруков эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш муассасасига, ундан Тоштурмага жўнатилади. Азмиддин Бузуруковнинг айтишича, орадан бир ҳафта ўтиб, яъни, 2011 йилнинг 24 февралида уни Тоштурмадан Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суд мажлисига олиб келишади. Бир воситачи А.Бузуруковнинг ёнига келиб, шу иш бўйича унга «юқоридан» қўнғироқ бўлганини, у айбловларни тан олса, яхши бўлишини, кейин фуқаролик суди орқали пулларини ундириб олиши мумкинлигини билдиради. Лекин Азмиддин Бузуруков қўйилган айбларнинг бирортасини тан олмайди.

Суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Дилшод Сулаймонов туман ИИБ терговчиси Аҳрор Ҳожимуродов томонидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича хусусий ажрим чиқариб, унга нисбатан чора кўриш учун Тошкент шаҳар ИИБ тергов бошқармасига юборади. Унда қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:

«А.Бузуруков, гувоҳ Р.Абзалова ҳамда жабрланувчи Р.Манапов ўрталарида ўтказилган сўзлашувлар стенограммаси олиниб, ундаги сўзлашувлар кимга тегишлилигини аниқлаш учун унга оид фоноскопия экспертизаси ўтказилмаган».

«Қалбаки қарорлар айнан ким томонидан қалбакилаштирилганини аниқлаш учун судга оид хатшунослик экспертизаси ўтказилмаган».

«Жабрланувчи Р.Манаповнинг кўрсатувлари воқеа жойида амалга оширилмаган».

«Жабрланувчи Р.Манапов ва гувоҳ Р.Абзаловалар судланувчилар А.Бузуруков ва Д.Раҳмоноваларга ер майдони учун катта миқдорда АҚШ долларларини беришаётган вақтларида кимлар бу ҳолатни кўрганликларини аниқлаш учун қўшимча гувоҳлар умуман сўроқ қилинмаган» ва ҳоказо ва ҳоказо...

Энг қизиғи, санаб ўтилган камчиликлар бартараф этилмаган, айбдорликда гумон қилинаётган шахснинг айби исботланмаса-да, судья Дилшод Сулаймонов томонидан шу сана билан Азмиддин Бузуруков Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 228-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилади. У 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилади ва жазони умумий тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташ белгиланади.

Бундай бедодликлардан саросимага тушган Азмиддин Бузуруковнинг ота-онаси унинг тезроқ озод этилишини истаб, аслида қуруқ туҳмат асосида бўйнига қўйилган жиноят иши бўйича моддий зарарни қоплашга мажбур бўлади.

Азмиддин Бузуруковдан жабрланувчи Р.Манапов фойдасига 285.000 АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкнинг ҳукм чиқарилган кундаги курси бўйича ундирилади.

2011 йилнинг 29 апрелида бу иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида кўрилади ва Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмоноваларнинг айбидан ЖКнинг 228-моддасининг 3-қисми чиқарилиб, А.Бузуруковга ЖКнинг 59-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида, яъни, 9.814.000 сўм жарима жазоси тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилади. Азмиддин Бузуруковга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси жарима билан алмаштирилади. Жабрдийда ота-она емаган сомсаси учун туҳмат балосига йўлиққан жигарбандини қутқариб қолиш мақсадида учун бу суммани ҳам тўлашга мажбур бўлади...

Кассация инстанцияси томонидан А.Бузуруковнинг айбловидан ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми чиқарилган бўлса-да, ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми шундайлигича қолдирилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг қайд этилган қарорлари қалбакилаштирилганлиги ҳолати юзасидан номаълум шахсларга нисбатан жиноят иши алоҳида иш юритувига ажратилмаган.

Орадан 5-6 йил вақт ўтди, замон ўзгарди. Азмиддин Бузуруков 2018 йилнинг февраль ойида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан 2011 йил 24 февралда чиқарилган ноқонуний ҳукмни қайта кўриб чиқиш ва протест келтириш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилди. 2018 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳар прокуратураси дастлабки тергов ва суд томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилгани сабабли чиқарилган суд қарорини бекор қилиш юзасидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида Бош прокуратурага тақдимнома киритди.

Лекин Бош прокуратура томонидан тақдимнома рад этилди. Шундан сўнг Азмиддин Бузуруков адвокати билан 2018 йилнинг 5 декабрида шу масала бўйича Бош прокурор ўринбосари қабулига кирди. Ўринбосар шикоят тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини билдирди. Аммо афсуски, яна ёзма равишда рад жавоби берилди. Азмиддин Бузуруков Тошкент шаҳар прокуратурасига такроран мурожаат қилди. 2018 йил 14 декабрда Бош прокуратурага иккинчи маротаба тақдимнома киритилди. Масала бу сафар ҳам очиқлигича қолди.

Азмиддин Бузуруков тинмайди, 2019 йилнинг 7 июнида яна шу масала бўйича ўша пайтдаги Бош прокурор қабулига киради. Бу гал ҳам унга рад жавоби келади...

Азмиддин Бузуруков 2019 йилнинг 16 августида топталган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб Бош прокурор ўринбосари қабулига киради. У ҳам ишни кўриб чиқиб, аввалги ҳамкасблари сингари масалага адолатли ечим топишга ваъда беради. Лекин ҳали ҳанузгача ўзгариш бўлмади.

Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: суднинг қарорлари устидан протест келтириш учун асос бўладиган 10 дан ортиқ ҳолатлар ва 50 дан зиёд важлар бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси суд қарорларини бекор қилиш юзасидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида икки марта Бош прокуратурага киритган тақдимномаси инобатга олинмади.

Шаҳар прокуратурасининг протест келтириш ҳақидаги тақдимномаси жиноят иш билан танишиб чиқиб ёзилгани кўриниб турибди. Лекин бу тақдимномани рад этган томон жиноят иши билан танишиб чиққанмикин?..

Суд-ҳуқуқ идоралари томонидан ишни кўриб чиқмасдан ёки ўрганмасдан туриб, ушбу тақдимномаларга қайта-қайта рад жавоби юборилиши қанчалик тўғри? Улардан бири шу ҳолат бўйича ноҳақлик бўлган, дея тақдимнома киритса, рад жавоби қайтараётган иккинчи томон бу борада бошқача фикрдами?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: «Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини ­эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди», деб таъкидланган. Демак, йиллар давомида турли босимлар остида фаолият юритган суд-ҳуқуқ тизимидаги адолатсизликларни очиқ тан олиб, қўрқмай ҳақиқатни қарор топтириш керак.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: