Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.03.2020

ЮРТИМИЗДА КОРОНАВИРУС ҚАЙД ЭТИЛГАНИ РАСМАН МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ

Аммо ваҳимага тушишга ўрин йўқ. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳимоя этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Куни кеча Ўзбекистонда илк коронавирусга чалинган бемор аниқланди. Бош санитар шифокорнинг маълумот беришича, ушбу бемор билан алоқада бўлган шахслар алоҳида назоратга олинди.

Шифокорлар фуқаролардан ваҳимага тушмасдан, доимий равишда гигиена қоидаларига риоя этишни сўрашмоқда.

Коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилди. Шу муносабат билан мамлакатимиздаги барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва олий таълим муассасалари профилактика мақсадида ёпилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус мавзусига бағишланган брифинг чоғида маълум қилди. Маълумотларга кўра, таълим муассасаларидаги карантин уч ҳафтагача давом этиши кўзда тутилган, вазиятга қараб муддат узайиши ҳам мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг видеобаёнотига кўра коронавирус аниқланган фуқаро билан контактда бўлганлар изоляцияга олиниши маълум қилинган.

Республикамизга 14 март куни халқаро аэропортлар орқали 38 та рейсда 4800 нафар, темир йўл орқали 1860 нафар, қолган чегара божхона постлари орқали 38 000 нафар киши кириб келган. Йўловчиларнинг аксар қисми касаллик қайд этилган Россия, Қозоғистон ва Европа давлатларида бўлиб, чегарадан ўтиш жараёнида бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, тана ҳарорати ўлчанган.

Эпидемик вазият нохуш бўлган давлатларда бўлиб қайтган 7 781 нафар фуқаро уй шароитида тиббий кузатувга олинган. Улардан 5,6 минг нафарида касалликнинг яширин даври якунлангани учун тиббий кузатувдан чиқарилган. Бугунги кунда 2 100 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.

Мавжуд вазият бўйича хавотирга ўрин йўқ. Касаллик аломати аниқланган дастлабки бемор билан мулоқотда бўлган шахслар, у билан бирга Франциядан учиб келган йўловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилган, уларнинг яшаш жойларини аниқлаш ва улар устидан тиббий кузатув ўрнатиш ишлари давом этмоқда, эпидемияга қарши барча тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кўриниб турибдики, аҳоли ўртасида ваҳима уйғонишга асос йўқ. Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 80 фоиз ҳолатда касаллик енгил ўтмоқда, 15 фоизида ўрта даражада, фақат 5 фоиз ҳолатдагина вазият оғир ўтиши мумкин.

— Касалликнинг оғир ўтиши ҳолатлари сурункали касаллиги бор, ёши катта одамларда кузатилмоқда. Кўряпмизки, касалланганларнинг 50 фоиздан ортиғи бутунлай соғайиб, нормал ҳолатга қайтган. Шунинг учун, халқимиздан ваҳимага тушмасдан шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя этишларини, хонадонларини озода сақлаб, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин доим қўлларини совунлаб ювиш, зарарсизлантирувчи воситаларни қўллашларини сўрардик, — деди респондентимиз биз билан суҳбатда.

Ўзида касаллик аломатларини сезган фуқаролардан шифохонага бормаслик, 1003 РАҚАМИГА қўнғироқ қилиб, тез тиббий ёрдам чақириш сўралмоқда.

Шунингдек, 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет давлатлар билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов махсус брифинг чоғида маълум қилди. Шу билан биргаликда, темир йўл орқали йўловчи ташишга уч кун давомида рухсат берилади. Бу қарор айни вақтда Россия ва бошқа давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон поездларининг қайтиб келиши билан боғлиқ экани таъкидланди.

Эндиликда Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши вақтинча тақиқланади. Вазиятга қараб, чет давлатларда қолган ўзбекистонликларнинг қайтиши учун чартер рейслар ташкил этилиши мумкин, хориждан қайтарилганларнинг барчаси тиббий назорат остида бўлади. Шунингдек, жамоат транспортлари, автобус ва поезд бекатлари ҳар 4 соатда дезинфекция қилинади.

Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда қуйидаги чоралар белгиланди:

Оммавий тадбирлар

Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз байрами доирасидаги умумхалқ сайллари бекор қилинди. Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати тўхтатилди.

Ҳукумат мамлакатдаги барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққан, жума намозларининг жамоат билан ўқилиши тўхтатилди.

Шунингдек, мамлакатдаги барча кинотеатрлар фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади, концертлар қолдирилади.

Ўз навбатида хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмайди, Ўзбекистондаги хорижликлар учун ҳам ўз ватанларига қайтишларига рухсат берилади.

Соғлиқни сақлаш соҳаси

Хориждан олиб келинадиган фуқаролар Тошкент вилоятидаги санаторийларда карантинга жойлаштирилади.

16 мартдан Ўзбекистонда коронавирус бўйича маълумот берувчи махсус колл-марказ ишга тушди.

Тиббий ниқоблар экспорти тўхтатилди ва барча маҳсулотлар ички бозорга йўналтирилди.

Мактабгача таълим вазирлиги МТТлар ёпилган давр учун болаларнинг МТТга келмаган даври тўлови қайта ҳисоб-китоб қилинишини назорат қилиши ҳақида хабар берди.

Халқ таълими вазирлиги таътил вақтида ўқувчилар учун телевидение орқали видеодарслар намойиш этилиши режалаштирилганини маълум қилган. Мактабларда ўқитувчилар ишлашда давом этишади, уларга иш ҳақи тўланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги коронавирус туфайли ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга (ҳозирча) таътилга чиқарилишини маълум қилган. Айни вақтда талабалар Тошкент шаҳридаги ётоқхоналарни тарк этишмоқда.

Талаб кескин ортгани туфайли Тошкентдан вилоятларга қўшимча рейслар қўйилмоқда — самолёт ва темир йўл чипталари учун талабаларга 50 фоизлик чегирмалар жорий этилган.

Нарх-наво:

Ҳукумат раҳбари карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.

Карантин даврида осойишталикни таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини қатъий назоратга олади.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев савдо тармоқларида маҳсулот етмай қолиши ҳақидаги гап-сўзлар асоссизлигини маълум қилган.

Тартиб:

Абдулла Арипов жамоатчиликни коронавирус бўйича асоссиз маълумот тарқатганларга қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан карантин қоидаларини менсимаслик ёки уни бузганлик учун кўриладиган чоралар қатъийлаштирилди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 257-1-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 54-моддасида қайд этилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилганини ҳам эслатиб ўтмоқ зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

ТаҳририятдаН:

Дарҳақиқат, ваҳимага тушишга ўрин йўқ ва асоссиз гаплар ҳамда миш-мишлар тарқатишдан эҳтиёт бўлмоқ зарур.

Энг муҳими, шу кунларда шифокорлар бераётган тавсияларга ва белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиш керак бўлади. Афсуски, баъзан огоҳлантиришларга лоқайд қарайдиган, тартиб-қоидани менсимайдиганлар ҳам учраб туради. Бундайлар аввало ўзларига, қолаверса, бошқаларга зарар етказишади. Ўзини асраганни Яратган ҳам асрайди, деган ҳикмат бор. Демак, ҳушёр, огоҳ ва масъулиятли бўлишимиз талаб этилади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: