Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
10.03.2020

ЕР АЖРАТИШДАГИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИКЛАР

Тадбиркор Рустам Икромов муқаддам Наманган шаҳар солиқ инспекциясида жисмоний шахсларга солиқ солиш ва назорат бўлими инспектори бўлиб ишлаган. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Республика солиқ-божхона академиясида таҳсил олган. 2014-2019 йилларда халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати сифатида фаолият кўрсатган.

Президентнинг паст рентабелли экин майдонларини полиз ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга ўтказиш, қўшимча иш ўринлари яратиш борасида 2017 йил 10 октябрда қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан руҳланган Рустам Икромов ҳам боғдорчилик хўжалиги ташкил этишни ният қилди. 

Ана шу мақсадда у 2019 йилнинг апрель ойида Наманган туман ҳокимига паст рентабелли экин майдонларидан 2 гектар ер ажратиб беришни сўради. Унинг аризаси Наманган вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман ҳудудий бўлими ер ўлчовчиси Баҳодир Набиевга йўналтирилди. Ер ўлчовчи тумандаги ғаллачиликка ихтисослашган “Наманган замини” фермер хўжалиги ҳудудидаги паст рентабелли ер майдонини ҳукумат қарорига асосан полиз ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш учун тадбиркорларга ажратилиши режалаштирилаётганини билдирди.

 “Наманган замини” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Жўраев тасарруфида ўша пайтда 8 гектар паст рентабелли ер майдони мавжуд бўлган. У 2019 йил 23 апрелда туман ҳокими Шуҳрат Давронов номига “Фермер хўжалигидаги 8 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига олишингизни сўрайман”, деб ариза ёзади. Белгиланган тартибга кўра, Фазлиддин Жўраевнинг тасарруфидаги ер майдони  2019 йил 23 апрелда захирага топширилганидан кейин 10 кун муддат ичида, яъни, май ойининг бошларида фермер хўжалиги тугатилиб, унинг қўлидаги муҳр ва штамп Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлимига топширилиши керак эди.

Рустам Икромов 2019 йилнинг апрель ойи охирларида “Наманган замини” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Жўраевдан паст рентабелли ер майдонини Наманган туман ҳокимлиги захирасига топшириш тўғрисида розилик хати олади ва ариза билан қайтадан туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Наманган туман ҳокими томонидан “Ижодкор” ММТП ҳудудидаги “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан ўша 8 гектар ернинг 2 гектарини Рустам Икромовга ажратиш ҳақида 2019 йилнинг 29 майида 2078-қарор ҳамда 2019 йил 4 июнда ўша контурдан тадбиркор Анасхон Ибрагимов номига 2 гектар ер ажратиб бериш тўғрисидаги 2219-сонли қарор қабул қилинади. Ушбу қарорлар қонуний ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб, туман сессиясида тасдиқланади.

Илгари туман ер ўлчовчиси бўлиб ишлаган Аваз Тожимирзаев ҳоким номига фермерликни топширишга ариза берган, лекин муҳр ва штамп ҳали қўлида бўлган Фазлиддин Жўраевга ҳоким томонидан Рустам Икромов ҳамда Анасхон Ибрагимовга ер ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинганини айтиб, ўша жой учун бўлган Толиб Нуриддиновга розилик хати беришга кўндиради. Унинг гапига лаққа ишонган Фазлиддин Жўраев 2019 йил 1 июнда “Наманган замини” фермер хўжалиги ҳисобидаги ўша 8 гектар ерни қайтадан туман захирасига топшириш ҳақида ҳоким номига ариза ёзади ва Толиб Нуриддинов деган шахсга розилик хати беради.

  Маълум бўлишича, ана шу захирага олинган ер майдонининг 4 гектари ҳоким қарори билан боғдорчилик ташкил этиш учун аҳоли ўртасида “Одил раис” номи билан танилган кишига ажратилган. У эса бу ерда боғ яратиш ўрнига одамларга уй жой қуриш учун сотиб юборган. 

2019 йилнинг август-сентябрь ойларида Рустам Икромов ва Анасхон Ибрагимов ерни келгуси йил баҳорда экспортбоп олма ҳамда нок кўчатлари экишга тайёрлашга киришади. Ўша пайтда Шуҳрат Давронов ўрнига Садриддин Мўминов Наманган туман ҳокими этиб тайинланади. Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман ҳудудий бўлими ер ўлчовчиси Баҳодир Набиев ҳам ишдан бўшатилиб, унинг ўрнини илгари қилган қинғирликлари учун ишдан ҳайдалган Аваз Тожимирзаев эгаллайди. У Рустам Икромовга  “Сизларга ер ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган, бу ер майдони Толиб Нуриддиновга берилган, катталарнинг топшириғи шундай”, дейди.

Бу пайтда Рустам Икромов мазкур ер майдонига ариқ ковлатиш учун 4-5 миллион сўм миқдорида маблағ харажат қилиб, чет элдан мева кўчатлари олиб келиш учун хорижий ҳамкорлар билан 150 миллион сўмлик шартонома  тузиб қўйган эди. Шундан кейин у туман ҳокимига кириб, олдинги ҳоким томонидан чиқарилган қарорни кўрсатади. Садриддин Мўминов Рустам Икромовга “Бу ерда англашилмовчилик бўлган, Толиб Нуриддиновга нотўғри қарор чиқарилган”, деб, унга хотиржам бўлишни, бу масалани ҳал қилиб беришини айтади. Рустам Икромов ўша куни ишнинг натижасини билиш учун тушдан кейин яна ҳоким қабулхонасига кириб, туман ер ўлчовчиси Аваз Тожимирзаевни учратади. У бу масалада туман ҳокими Садриддин Мўминовга кириш бефойда эканини, иш “юқоридан” ҳал қилинганини айтиб, хоҳлаган жойга шикоят қилиши мумкинлигини билдирди.

Рустам Икромов бу масалага ойдинлик киритиш учун Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлимига боради. Янги бўлим бошлиғи унга: “Сизга ҳоким қарори асосида ер ажратиш учун тайёрланаётган кадастр ҳужжатларини тасдиқлатиш тўхтатиб қўйилган, шунинг учун бу ишни қилиш қўлимдан келмайди”, дейди.

Рустам Икромов асаби бузилиб, яна ҳоким қабулхонасига боради. Кечқурун ҳоким билан учрашади. Садриддин Мўминов: “Бу қарор вилоят ҳокими тасдиғидан ўтмаган экан, мен бу ерда янгиман, шунинг учун ҳеч нарса қилолмайман. Яхшиси, бошқа ердан жой ажратишни сўраб мурожаат қилинг”, дейди...  

 Кейинчалик маълум бўладики, 2019 йил июнь ойида Наманган тумани ҳокими Шуҳрат Давронов  ўрнига Садриддин Мўминов келганидан кейин “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан Рустам Икромов ва Анасхон Ибрагимовга берилган 4 гектарлик ер майдони 2019 йил 26 июль санаси билан 5 гектар ҳисобида Толиб Нуриддиновга ажратилиб, янги ҳоким томонидан 2592-сонли қарор чиқарилган экан...

Наманганда “Одил раис” номи билан танилган 60-65 ёшлардаги бу кимса илгари ер олди-сотди ишлари билан ноқонуний шуғулланиб келгани учун жавобгарликка тортилган. “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан Рустам Икромов ва Анасхон Ибрагимовга ажратилган ер майдонини қинғир йўллар билан ўзининг таниши бўлган Толиб Нуриддиновга ҳоким қарорини чиқартирган...

  2019 йил ноябрь ойида Одил раис Рустам Икромовга тегишли ер майдони четига бетондан пойдевор қуйдиради. У Одил раис билан учрашиб, ер майдони ҳоким қарори билан ўзининг номига чиқарилганини айтади. “Сизга чиқарилган қарор вилоят ҳокими томонидан тасдиқланмаган”, дейди Одил раис. Шунга қарамай Рустам Икромов эртаси куни трактор олиб келиб, ерни ҳайдата бошлайди. Ярмини ҳайдатганидан кейин ўз иши бўйича кетади. Ўша пайтда Одил раис, Толиб Нуриддинов ва яна 3-4 киши келиб, тракторчини қўрқитиб, ҳайдаб юборишади. Бундан хабар топган Рустам Икромов Одил раисга қўнғироқ қилиб, нима гаплигини суриштиради. У: “Ер меники, “ашуласини” (яъни, уларнинг шевасида пул бериш) бериб қўйганман. Бу ишга аралашма, қилган харажатингга куйиб қоласан”, дейди.

Рустам Икромов 2019 йилнинг 7 ноябрида мавжуд  икки гектар ер майдонида хориждан олиб келинадиган экспортбоп олма ва нок кўчатлари ўтқазиб боғ яратиш учун “Мурувват барака сервис” МЧЖ билан 150 миллион сўмга шартнома тузган. Бу маблағнинг 50 фоизи 15 ноябрда “Мурувват барака сервис” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган. Қолган 50 фоизи МЧЖнинг махсус ҳисоб рақамида турибди. 2020 йилнинг 31 мартигача кўчатлар келтирилиб, экилиши керак. Рустам Икромов шу масала бўйича 2019 йилнинг декабрида Наманган туман прокуратурасига мурожаат қилади. Прокурор ўринбосари унинг гапларини диққат билан тинглаб, бу низоли жойни бориб кўрганини, ажратилган ер майдони ҳақидаги туман ҳокимининг қарори вилоят ҳокими томонидан тасдиқланмагани учун протест киритиб, бекор қилишини билдиради. Шундан кейин Рустам Икромов бу ҳақда юқори ташкилотларга мурожаат қилади. Лекин ёзган аризалари қайта кўриб чиқиш учун Наманган туман ҳокимлиги ва прокуратурасига юборилади. Собиқ депутат эса адолат истаб сарсон-саргардон бўлиб юрибди...

Президент томонидан 2019 йил 14 августда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонга кўра, мулкдорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатларини кучайтириш ва бу борада ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган масъул шахсларнинг жавобгарлигини ошириш белгиланган.

Рустам Икромовга паст рентабелли ерда боғдорчилик хўжалигини ташкил қилиш ҳақида ўша пайтдаги туман ҳокими Шуҳрат Давронов чиқарган. Унинг ўрнига Садриддин Мўминов ҳокимликка тайинлангач, собиқ ҳоким қарори бекор қилиниб, ўша ер майдони Одил раиснинг одами бўлган Толиб Нуриддиновга “тортиқ” этилган. Буни қандай тушуниш мумкин? Янги келган ҳар битта ҳоким собиқ ҳокимнинг қарорини бекор қилиб, ўз билганича иш тутаверса, қонун бузилмайдими? Бундай адолатсизликлар аҳоли ўртасида кўплаб норозиликлар пайдо бўлишига олиб келмайдими?

2020 йилдан бошлаб ҳокимларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилди. Бу масала холис ва адолатли кўриб чиқишлиши лозимлиги белгиланди. Мулк дахлсизлиги презумпцияси пайдо бўлди.

Ердан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатлари таҳлилидан маълум бўлишича, сўнгги йилларда бирорта ҳам ҳоким бундай қонунбузарлик учун жавобгарликка тортилмаган. Лекин энди давр ўзгарди, замон ўзгарди. Ҳар бир раҳбар – у қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар, ўз қилмиши учун қонун олдида жавоб бериши керак. Рустам Икромов ана шу қонунлар амалда ҳаётга татбиқ этилишига ишонади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: