Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
03.03.2020

«КАСАЛЛИК ПОЛИГОНИ»

ёки аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган катта хавф-хатар ўчоғи ҳақида

Ўтган чоршанба куни Бош муҳаррир топшириқ берди: – Ҳамма ишларни тўхтатиб, эртагаёқ Тошкент тумани, Кўксарой қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қушқўнди маҳалласига борасиз, – деди. Ушбу маҳалла яқинида жойлашган 10 гектарлик чиқиндихонада санитария-гигиена нормаларига риоя қилинмаётгани сабабли аҳоли азият чекмоқда, экологияга жиддий таъсир кўрсатмоқда экан.

 

...Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар жойларда аҳоли вакиллари билан тизимли учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб, улар томонидан ўртага ташланган муаммоларни ўрганган эди. Жумладан, Тошкент вилояти 91-сайлов округидан номзод, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисованинг Тошкент тумани, Кўксарой қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қушқўнди маҳалласида ўтказилган сайловолди учрашувида фуқаролар ушбу масалани кўтаришган экан. Маълум бўлишича, ҳудудда 5-6 йил бурун қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш хизматлари билан шуғулланадиган «Зангиота ободон» (собиқ «Гарант Азия») МЧЖ ташкил этилган. Шундан буён бу ерда чиқиндихона тоғи пайдо бўлган, экологик аҳвол ёмонлашиб, аҳоли ўртасида турли касалликлар тарқалмоқда. Сайловчилар чиқиндихонани аҳоли турар жой манзилидан узоқроққа кўчириш ҳақида мурожаат қилган эди.

Депутатликка номзод албатта бу масалани ўрганиб, ечимини топишга ваъда берган. 2020 йилнинг февраль ойи ўрталарида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова ваъдага биноан Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакили билан биргаликда бу ерга келиб, аянчли манзарани кўрди, маҳалла аҳлининг фиғонини эшитди.

– Бизнинг ҳудудимиз илгари вилоятимизнинг энг баҳаво жойларидан бири ҳисобланарди, – дейди меҳнат фахрийси, 74 ёшли Абдуқаҳҳор Усмонов. – Бу ердан маъданли шифобахш сув чиққанлиги сабабли, санаторийлар қурилди. Ҳудудимиз қўшни Қозоғистон билан чегарадош, у томонда ҳам иккита ана шундай 350-400 ўринли санаторий бор. Ана шу чиқиндихона пайдо бўлди-ю, оромимиз бузилди.

Тасаввур қилинг, 5-6 йил бурун 10 гектарлик чиқиндихона биз яшаб турган Кўксарой қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қушқўнди маҳалласи ва ўша ерда жойлашган 30-ўрта умумтаълим мактабидан 1-1,5 километр нарида қурилган. Об-ҳавонинг иссиқ кунларида тоғдек уюлиб ётган чиқинди таркибида енгил ёнувчи ташландиқ иккиламчи хомашё бўлгани учун олов  3-4 метр баландликка кўтарилади, ундан чиққан қўланса тутун осмонни қоплайди. Кейин шамол йўналиши билан 11,5 минг аҳоли истиқомат қиладиган учта маҳаллага, 1800 ўқувчи таълим оладиган мактабга ёпирилади. Ҳидига чидаб бўлмайди.

Бу ердан чиқиндихона қуришга ким рухсат берган, санитария-гигиеник ҳолатлар ҳисобга олинганми, ҳозир калаванинг учини топиб бўлмайди. Ҳамма ўзини жавобгарликдан олиб қочади. Бу ҳақда Президент қабулхонасига 4 маротаба мурожаат қилдик. Шикоятимиз Тошкент туман ДСЭНМга йўналтирилди. У ердан уч нафар вакил келиб, вазиятни ўрганди, ҳамма жойни кўриб чиқишди. Суратга олишди, қандайдир баённомалар тузишди. Кейин қўлларидан ҳеч нарса келмаслигини айтишди. Бўлмаса нега келдиларингиз, десам, «юқоридан ўрганиб келинглар, деган топшириқ бўлди, биз шу топшириқни бажараяпмиз холос», дейишди...

– Менинг уйим шу ерда, ҳаво исиши билан ҳамма ёқни пашша босиб кетади, кўз очирмайди, – дейди шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Ҳабибулло Шерматов. – Ёзда ҳовлида туриб бўлмайди, меҳмон келиб қолса, тезроқ кетишга ҳаракат қилади. Чиқиндихонадан ҳар куни тарқаладиган тутун туфайли экин бўлмаяпти, бир ойдан кейин хашакка айланиб қолаяпти. Қарияларимиз нафас қисма бўлишаяпти...

– Бу жойлар илгари баҳаво, курорт зонаси эди, об-ҳавоси тоза деб танилган, – дейди гулчилик билан шуғулланадиган Мурод Мирзаев. – Ҳозир ҳар куни кечқурун 2-3 соат чиқиндихонадан таралган қўланса, аччиқ ҳид томоқни қичитиб, кўнгилни беҳузур қилади. Бу қўланса ҳид оралиқ масофаси 5 километрни ташкил этадиган Тутзор маҳалласигача етиб боради. Бундан 10 кун аввал Қушқўнди маҳалласида ўтказилган йиғилишда шу масалани кўтардим. Оғайнилар, бу масалани тезроқ ҳал қилайлик, дедим. Худо кўрсатмасин, бирор-бир юқумли касаллик тарқалса, кейин кеч бўлади, дедим. Бирортасидан  жўяли гап чиқмади, ёзган шикоятларимиз айланиб-ўргилиб туман ДСЭНМга келади, шу билан иш тугайди...

Тошкент шаҳрининг бир қанча туманидан қаттиқ маиший чиқиндилар шу ерга олиб келинади. Ёзда чиқинди ташийдиган машиналардан оққан суюқлик йўл-йўлакай тўкилиб, ҳамма ёқни чидаб бўлмас даражада қўланса ҳид тутиб кетади. Бир кун эрталаб атай туриб, куннинг ярмигача кўчадан ўтган 470 чиқинди ташийдиган машиналарни санадим. Энди ўйлаб кўринг, тахминан ўртача 500 чиқинди ташийдиган машина у ёқдан-бу ёққа ўтиб турса, унга санаторийга келган меҳмонларнинг, маҳаллий аҳолининг автомобиллари қўшилса, буёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Болаларимизни, невараларимизни кўчага чиқаришга қўрқамиз. Ана шундай азобда қолдик...

– Чиқиндихона атрофида 40-50 нафар одам металл парчалари, органик маҳсулотлар ва шунга ўхшаш нарсаларни йиғиб юради, – дейди Бирлашув кўчаси, 2-уйда яшовчи Зиёвуддин Назаров. – Қаровсиз ит, мушукларнинг-ку сон-саноғи йўқ. Яқинда яна бир муаммо пайдо бўлди. Оқтом маҳалласида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун 4 та 4 қаватли уй, 20 та коттеж қурилди. Ўша ернинг канализацияси янги қурилган уйлардан 50 метр нарида оқава сув (сброс) учун қазилган ҳовузга йўналтирилди. Бундан норози аҳоли жанжал кўтарганидан кейин  уни 480 метр нарига олиб борадиган бўлишди. Лекин у ер ҳам аҳоли яшайдиган манзил бўлгани учун жанжал ҳали тингани йўқ.

Ёмғир ёғса, кўчаларда машиналардан тўкилган чиқинди қолдиқларининг бадбўй ҳидидан нафас олиб бўлмайди. Бир ой олдин учта неварам тинимсиз қусиб, тоби бўлмай қолди. Шифокорга олиб борсам, бу экологиядан, ҳаво тоза эмаслигидан заҳарланган дейишди. Бу бало даф қилинишини сўраб, кўп жойларга мурожаат қилдик, фойдаси бўлмаяпти.

– Мен бу ерга ҳавоси тозалиги, суви ширинлиги учун 1982 йилда кўчиб келганман, – дейди Дилдора Эгамбердиева. – Олти йилдан буён уйқум ҳам, ҳаловатим ҳам йўқ. Икки йил бурун юрак оғриғи билан шифохонага олиб боришди, клиник ўлимни бошимдан кечирдим. Ҳозир нафас қисма бўлиб қолганман, ҳар уч ойда даволаниб чиқаман. Битта қизим бирданига учта чақалоқлади, уччови ҳам чилласи чиқмасдан, ҳали гўдаклигида шифохонага тушди. Шифокорлар буни ҳам экологик аҳволнинг ёмонлашуви туфайли, дейишди.

Бу ерда яшаётган катта ёшли аҳолининг тахминан 60 фоизида турли хил аллергия касалликлари учраяпти, ёшларда бадан қичиши, оғиз-бурнига яра тошиш, томоғи яллиғланиб, шишиб кетиш ҳолатлари кузатилаяпти. Қўшнимиз Рустам аканинг невараси икки ой ичида 7 марта шифохонада ётиб чиқди.

– Маиший чиқиндихоналарни аҳоли яшаш манзиллари яқинида ташкил этиш экологик ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мезонларига зид бўлиб, ер ости сувлари ва атмосферанинг ифлосланиши, бадбўй ҳид тарқалиши, ёнғин келиб чиқиш хавфи, турли инфекциялар тарқалиши каби экологик хавф-хатар туғилишига сабаб бўлади, – дейди халқ депутатлари Тошкент туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Зангиота туман тиббиёт бирлашмаси аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолиятини ошириш маркази бошлиғи Ҳабибулла Расулов. – Республикамизда маиший чиқиндиларни бошқаришнинг кенг тарқалган йўли – уларни махсус чиқинди полигонларига чиқариб ташлашдир. Бу чиқинди полигонлари экология ва инсон саломатлигига катта зарар етказади. Чиқиндиларни утилизация қилишнинг экологик хавфсиз тизимини яратиш республикамиз учун муҳим масалалардан бири. Буни амалга ошириш учун чиқинди ташлаш жойи, унинг таркиби ва ҳажми, шунингдек, чиқиндилар экология ва инсон саломатлиги учун қандай хавф туғдириши каби масалалар атрофлича ўрганиб чиқилиши керак.

Аслида бундай чиқиндихона учун тўғри жой танланганми, йўқми, деган саволга мутахассислар жўяли гап айтмаяпти. Бироқ чиқинди сақлаш талаблари бузилаётгани ҳақида ҳеч қандай изоҳга ҳожат йўқ. Шамолда учиб тўзғиётган полиэтилен қоп ва енгил чиқинди қолдиқлари кенг майдон, қолаверса, экинзорларни ҳам эгаллаб олмоқда.

Бу ерда вояга етмаган болаларнинг ҳам чиқинди титиб юрганини учратиш мумкин. Бу ҳол кишини янада ташвишга солади. Мен бу масалани туман депутатлари  муҳокамасига олиб чиқдим, Шу билан бирга Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилганимизда, 2020 йилнинг 3 январида 01/05-8 рақами билан қуйидаги жавобни олдик (қисқартириб берилаяпти):

 «Тошкент тумани ҳудудида аҳоли хонадонларидан ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари билан шуғулланувчи собиқ «Гарант Азия» МЧЖ ҳозирги кунда «Зангиота ободон» МЧЖ ...балансида (10 гектарли) чиқиндиларни кўмиш полигони (чиқиндихона) мавжуд бўлиб, ушбу чиқиндихона ён-атрофида жойлашган аҳоли хонадонларига табиий физик ички қизиш натижасида ёнғин ҳосил бўлиши ва теварак-атрофни бадбўй ҳидли тутун билан қопланиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан («Зангиота ободон» МЧЖ) бир неча маротаба огоҳлантириш хатлари берилиб,  Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунининг 13-моддаси ва  Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 91-моддаси 1-қисми билан қонунбузарларга нисбатан чоралар кўрилишига қарамасдан, ушбу ҳолатлар қайтарилмоқда(!?).

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сонли қарори (1,11-иловасига) асосан Янгийўл тумани, Янгийўл шаҳар, Зангиота тумани, Тошкент туманларидаги мавжуд чиқиндихоналар Янгийўл туманига кўчирилиши режага киритилганлигини маълум қиламиз.

Ушбу чиқиндихона (полигон)ни кўчириш ёки бошқа ҳудудлардан ер майдони ажратиш Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ваколат доирасига кирмаслигини эслатиб ўтиб, ушбу масала юзасидан туман ҳокимлигига мурожаат хати юборилганлигини маълум қиламиз...

Одамлар ташвишланиб мурожаат қилаяпти, идоралар бир-бирига хат ёзишаяпти. Аммо амалий иш қилинмаяпти, масъуллар негадир жим.

Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунида юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги фаолияти фуқаролар ҳаёти ва соғлиғининг ҳамда атроф-муҳитнинг хавфсизлигини таъминламоғи кераклиги қатъий белгиланган.

Мазкур масала билан кўплаб ташкилотлар, жамғармалар, давлат органлари ва таълим муассасалари шуғулланмоқда, албатта. Бу борада бир қатор натижаларга эришилган. Бироқ қонун ижроси бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши керакка ўхшайди.

— Бизнинг Ўзбекистон Президенти халқ қабулхонасига ёзган шикоятимизни ёпиш учун ўзини «Зангиота ободон» МЧЖ раҳбари ўринбосари Саъдулла Муталшайхов деб таништирган йигит келди, — дейди пенсионер Дилдора Эгамбердиева. — Опажон, ҳамма эътирозларингизни қабул қиламиз, бартараф этамиз, деб ваъда берди. Телефон рақамларини қолдириб, «қанақа муаммоингиз бўлса, қўнғироқ қилинг, ҳал қиламиз», деб, ялиниб-ёлвориб қўл қўйдириб олди. Шундан буён соясини солмайди. Қани, ҳозир қўнғироқ қилиб кўрай-чи, дея унинг телефон рақамини терди:

– Опажон, эшитаман, – овоз келди телефоннинг нариги томонидан.

– Нега қўнғироқ қилсам, телефонингизни кўтармайсиз?

– Телефонни қолдириб, бошқа жойга чиққан бўлсам керак-да, мана олаяпман-ку.

– Берган ваъдаларингизни бажармаяпсиз-ку!

– Йўқ, нега, кейинги ойдан чиқиндини қайта ишлайдиган, сортировка қиладиган ускуналар келади, уларни ўрнатамиз. Умуман чиқинди тўпланиб қолмайдиган қиламиз.

– Нега, чиқиндихонани кўчирмаяпсизларми?

– Қаерга кўчирамиз опа, жуда катта кредит олганмиз, ҳар кунига 500 минг сўм ижара пули тўлаяпмиз. Лекин аҳолининг бизга қўйган талабларини бажарамиз...

– Мана шунақа, – деди Дилдора Эгамбердиева қўл телефонини ўчириб. – Булар чиқиндихонани ҳали-бери бошқа жойга кўчирмоқчи эмас, бу ҳолат шундай давом этса, ўзимиз майли, фарзандларимиз турли касалликларга чалиниши мумкинлиги бизни қаттиқ ташвишга солаяпти.

Чиқиндихонага кириш ва чиқиш йўллари носозлиги ва асфальтланмаганлиги учун ҳаммаёқ ахлатга тўлган, дезинфекция қилинмайди. Автоуловлар компост қилинмайди, майда кемирувчилар ва ҳашаротларга қарши зарарсизлантириш ишлари бажарилмайди. Чиқинди сақлаш, кўмиш ишлари талаб даражасида эмас, соат сайин чиқинди «тоғ»лари ўсиб бораяпти. Бу чиқиндихонага ким масъул? Нега Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун талаблари бузилаяпти? Бу ҳудуднинг эгаси борми ўзи?

Бу каби саволларга тегишли идоралар ва ташкилотлар жавоб топади, деб ўйлаймиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: