04.02.2020

«ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ ХАЛҚИМИЗНИ ДЕМОКРАТИК ЖАМИЯТ БАРПО ЭТИШГА РУҲЛАНТИРМОҚДА»

АҚШнинг ўттиз иккинчи Президенти Франклин Рузвельт, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мурожаатномаларидаги муҳим жиҳатлар ҳақида… 

— Тарихда миллат ўз тараққиётининг масъулиятли босқичига кирар экан, халқни ортга қайтмас ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ва ислоҳотлар  учун сафарбар қилиш, узоқ муддатга мўлжалланган стратегик вазифалар ҳамда бугунги кунда кечиктириб бўлмайдиган тактик ҳамлаларни сиёсий элита ҳамда эл-юрт (жамоатчилик)га англатиш учун сиёсий лидерлар парламентга,  у орқали мамлакат аҳолисининг барча қатламларига Мурожаат қилиши дунё сиёсий маданиятининг ажралмас қисми бўлиб келди.

Мамлакатимизда бу сиёсий анъана 2017 йилдан – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шакллана бошлади. Зеро, Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга илк Мурожаатномасида қайд этилганидек, “...дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади...”

2020 йил 24 январда янги сайланган Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати аъзоларига хитобан сўзланган учинчи Мурожаатнома ўзининг мазмун ва моҳияти, бутун мамлакат, миллат ва парламент олдига қўйилган вазифалар кўлами жиҳатидан сиёсий маданиятимизда яқинда шакллана бошлаган бу анъанани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Мурожаатнома Ўзбекистон ҳаётида бошланган янгиланиш, очиқлик, демократик ва либерал иқтисодий ислоҳотлар Президент ва ҳукуматнинг ички ва ташқи сиёсатда тутувчи ўзгармас ва ортга қайтмас  йўли эканини  намойиш қилди. Бу Мурожаатномада Шавкат  Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, “Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман: демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишдамиз, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилмоқдамиз”.

Дунё тарихига кўз ташласак, мамлакат лидерининг парламентга ва халққа Мурожаатномалар билан чиқиши анъанаси ўз юртларида беқиёс ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширган, ўлканинг ва жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган буюк лидерларнинг сиёсий ҳаёт йўлидаги қийинчиликлар ва тўсиқларни енгишнинг бир усули ва рамзи бўлганини кўрамиз. Хусусан, АҚШдаги 1929-33-йилларда рўй берган буюк бўҳронни енгиш ва мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишда атоқли давлат арбоби Франклин Рузвельт ўзининг 12 йиллик Президентлик  даврида (1933-1945) бир неча бор Конгрессга ва тўғридан-тўғри америкаликларга мурожаат қилган. У 1933 йил 4 мартда Президентлик лавозимига киришар экан, Америка халқига биринчи бор мурожаат қилади ҳамда хонавайрон бўлган фермерларни ва қишлоқ хўжалиги тизимини,  банкротлик ботқоғига ботган саноатни, барбод бўлган банкларни жонлантириш орқали АҚШ иқтисодиётини ривожлантириш стратегиясини эълон қилади. Бу стратегияга асосан дастлабки 100 кунда “янги йўл” деб ном олган сиёсатнинг асосий параметрлари ва унинг ҳуқуқий асоси яратилган. Франклин Рузвельтнинг “янги йўл” сиёсати туфайли Америка ўз тарихидаги энг даҳшатли буҳронни енгани ва 2-Жаҳон урушидан кейин дунёдаги энг қудратли давлатга айлангани рост. Франклин Рузвельтнинг Конгрессга ва америкаликларга қилган Мурожаатларидаги қуйидаги фикрлар муваффақиятли бир сиёсатчининг ҳаётий тажрибасидан вужудга келган  афоризмларга айланган: 

 

“Ҳақиқий шахсий ҳурриятни иқтисодий хавфсизлик ва мустақилликсиз таъминлаш мумкин эмас”;   

  “Муҳтож инсон эркин бўла олмайди”;

 “Денгиз жангида кемаларсиз ғалабага эришиб бўлмаганидек,  ғоялар урушида китобларсиз зафар қозониш қийин”;

 “Сиёсатда ҳеч нарса ўз-ўзидан юз бермайди, агар бирор нарса рўй берса, у аввалдан ўйланган бўлади”;

 “Бизда тараққиётнинг даражаси бойларнинг янада бойиб кетиши эмас, балки ҳеч вақоси бўлмаган камбағалларни етарлича таъминлаш билан ўлчанади”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномасида АҚШнинг ўттиз иккинчи президенти Франклин Вузвельтнинг 1933 йил 4 мартдаги Мурожаатномаси ва ундан кейинги даврда америкаликларга хитобларида яққол намоён бўлган  ҳолат – бутун халқ, давлат, сиёсий партиялар,  жамоатчилик, матбуот, нодавлат ташкилотлари бирга, қўлни-қўлга бергандагина бугунги иқтисодий қийинчиликларни енгиш мумкинлиги, халқ ва жамият ўз келажагининг ижодкори (“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”) эканлиги ғояси олға игари сурилган:  “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”.

Инсониятнинг яқин тарихида ўзининг изчил сиёсий стратегияси ва тактик даҳоси билан жуда мараккаб вазиятлардан чиқишни уддалаган ҳамда миллатини орқасидан эргаштириб,  ҳар тарафлама сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, таълим ислоҳотларини муваффақиятли уддалаган яна бир улуғ сиёсатчи Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркдир. Мустафо Камол Отатурк (1881-1938)  Усмонийлар салтанати парокандаликка учраб, мамлакат Ғарб давлатлари томонидан ишғол этилган бир даврда сиёсат майдонига чиқди. У турк халқининг ғолибона озодлик урушига етакчилик қилди ва Усмонийлар салтанатининг вайроналари ўрнида замонавий, дунёвий-демократик Туркия Республикасини барпо этди.

Туркия Буюк Миллат мажлиси (ТБММ) ташкил топган 1920 йилдан эътиборан Отатурк ҳар йили парламентнинг янги тўпланма йили бошланишида парламентга хитобан нутқ сўзлаган. Айниқса, унинг 1922 йил 1 мартдаги ана шундай нутқи эътиборга сазовордир.

Турк инқилобининг йўлбошчиси ушбу мурожаатида янги барпо этилаётган турк давлатида ижтимоий адолатни қарор топтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатли қонунларга асосланган суд-ҳуқуқ тизимини  барпо этишга алоҳида тўхталади. Отатуркнинг ўша нутқидаги қуйидаги фикрлар эътиборга сазовордир:

“Ҳукумат мамлакатда қонунни устувор қилиш, адолатнинг ҳукмрон бўлишини таъминлаши лозим... Адлия тизимимизда эришиладиган мақсад  аввало халқни чарчатмасдан, тўғрилик ва ишончли тарзда ҳақиқатни жорий қилишдир. Иккинчи вазифа эса давлат ва жамоат ташкилотларимиз бутун дунё билан алоқаларини муттасил олиб бориши табиий ва зарурдир. Бунинг учун адолатни таъминлаш савиямизни бутун маданиятли ўлкаларнинг савиясида тутишимиз керак. Бу мақсадга эришмоқ учун ихтиёримиздаги қонун ва усулларни давомли равишда тузатиш, янгилаш ва жонлантириш лозим”.

Давлатимиз раҳбари 2017, 2018 йиллардаги Мурожаатномаларида ҳам айнан ана шу ғоялар кучли урғу билан ифодаланган эди:  “Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт”. Зеро, “ ...ички ишлар идоралари ҳали чинакам “Халқпарвар ички ишлар идоралари”га айлангани йўқ. 

Прокуратура органларининг эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти етарли эмас. Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ”.

Ушбу мурожаатномалар парламент ва халқимиз томонидан дастуриламал этиб қабул қилингандан  кейинги даврда  “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги ва “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиб ва қабул этилиши жамиятимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим силжишлар юз берди, “ваколатли органлар” конституцион рамка доирасида ишлай бошладилар.

Мустафо Камол Отатурк мамлакатни бошқарган йилларда Туркия типик бир аграр мамлакат, қишлоқ хўжалиги  ва деҳқонлар ўлканинг асосий ишлаб чиқариш кучлари эди. Ана шу вазиятда қишлоқ хўжалиги ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш иқтисодий тангликдан чиқишнинг ягона йўли эканлигини у ўзининг кўпгина мурожаатларида такрор-такрор айтиб ўтади. Унинг юқоридаги мурожаатномасида қуйидаги сатрларни ўқиймиз:

“Жаноблар, миллатимиз деҳқонлардан иборат. Биз миллатимизнинг деҳқончиликдаги ишларини замонавий иқтисодий чоралар билан энг юқори савияга кўтаришимиз лозим. Деҳқон меҳнатининг натижаларини ва меҳнатининг самарасини унинг ўзининг фойдасига хизмат қилишини энг юқори даражага кўтариш – иқтисодий сиёсатимизнинг бош тамойилидир. Шу сабабли, бир тарафдан деҳқоннинг меҳнати ҳажми ва маҳсулдорлигини оширадиган билим, восита ва илмий ишларни авж олдириш ва бошқа тарафдан пировард  натижада уни ўз меҳнатидан энг кўп даражада манфаат кўришини таъминлаш учун ҳаракат қилишимиз керак”.

Кўриниб турибдики, Мустафо Камол Отатурк жамиятдаги ислоҳотлар кенг омма орасига ёйилганда ва мамлакатдаги аҳоли банд бўлган иқтисод тармоғида реализация қилинганидагина муваффақиятга эришишига ишора қилмоқда. Президентимизнинг шу йил 24 январдаги Мурожаатномасида мамлакатимиз деҳқонларининг оёғига тушов ва қишлоқ хўжалигининг тез суръатли тараққиётига ғов бўлаётган “ғалла ва пахтага давлат буюртмаси” каби маъмурий-буйруқбозлик тизими ва унинг зарарли оқибатларини тугатиш хусусидаги ўринлар турк сиёсатчисининг бундан 100 йил олдин айтган фикрига ҳамоҳангдир. Бинобарин, мурожаатномада “ғалла ва пахтага давлат буюртмаси”нинг унсурини бекор қилиш хусусидаги кўрсатмалар деҳқонга ва деҳқончиликка берилаётган юксак  эътиборнинг намунасидир.  ­Президент Шавкат Мирзиёев куюнчаклик билан айтганидек, “...бозор механизмларини кенг жорий этиб, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширмас эканмиз, биз кутган сезиларли ўзгариш бўлмайди. Шу боис, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”.

Жамият  тараққиётини таълим ва илм-фансиз тасаввур қилмайдиган ­Мустафо Камол Отатурк каби узоқни кўра оладиган стратегик тафаккур эгалари таълимни тез суръатлар билан тараққий этишнинг калити деб билганлар. Мустафо Камол Отатурк жумладан, бу хусусда парламент аъзоларига қуйидагича мурожаат этган : “...мамлакатнинг ҳақиқий эгалари (турклар ва қишлоқдаги аҳоли назарда тутилмоқда – муаллиф) ҳозиргача таълимдан четда тутиб келинди. Шу туфайли бизнинг таълим сиёсатимизнинг моҳияти аввало билимсизликни йўқ қилишдир. Тафсилотга кирмасдан лўнда қилиб айтганда, бутун халқимизга ўқиш, ёзишни ўргатиш, уни ватанини, миллатини, динини, дунёни танишига кўмаклашадиган география, тарих, дин ва ахлоқ, математика  билан алоқадор билимларни бериш таълим дастуримизнинг биринчи ва асосий мақсадидир... Ўрта таълимда таълим-тарбияни амалиёт билан алоқали бўлишини таъминлаш шартдир. Хотин-қизларимизнинг таълимнинг барча босқичларидан ўтиб, вояга етишларига жиддий эътибор берилиши шартдир”.

Президентимизнинг Мурожаатномасида ҳам Отатуркнинг юқоридаги гапларига ҳамоҳанг фикрлар мавжуд. Яъни орадаги ўн йилликлар ва ҳатто бир аср  фарқ бўлишига қарамай, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллашга жазм қилган халқ ва жамият учун таълим ва илм-фан, бунда аёлларнинг ўрнини юксалтириш ғояси устувор бўлиб қолиши табиий. Шу сабабли Мурожаатномадаги ушбу фикрлар асло ва асло тасодифий эмас: “ Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз.

Бу борада шуни унутмаслик керакки, олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтирамиз, десам, сизлар бу фикрга қандай қарайсиз?

Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиши керак”.

Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномалари янги Ўзбекистоннинг  XXI асрдаги тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак фикр ва ғоялар билан тўлиб-тошган. Муҳими, бу ғоялар халқимизнинг қалбидан кенг ўрин олмоқда, уни ҳур, эркин, адолатли, фаровон ва  демократик жамият барпо этишга руҳлантирмоқда.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

Самарқанд давлат университети

филология факультети декани, профессор


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: