Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
14.01.2020

АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ ВА ҲУКМДАГИ ДАЛИЛЛАР ҚАНЧАЛИК ҚОНУНИЙ?

Муҳаррам Нуралиева ва унинг қизи Шаҳноза ёзган мазмунан эгизак аризалар билан бир неча фуқаро бир хил жазога тортилгани хусусидаги мулоҳазалар

Мамлакатимизда сўнгги уч йил мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида яратилаётган қонуний асослар, кўрилган амалий  чора-тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бир сўз билан айтганда, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли тубдан оширилди. Жумладан, кейинги 3 йилда Олий суд томонидан дастлабки тергов ва қуйи суд томонидан йўл қўйилган хато – камчиликлар бартараф этилиб, қанчалаб фуқаролар оқланди, минглаб маҳкумлар жазодан озод этилди, кўпларининг жазоси енгиллаштирилди.

Сўнгги йилларда инсонпарварлик тамойиллари асосида Президентимизнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Конституциямиз байрами арафасида Давлатимиз раҳбари инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин намунаси сифатида яна бир Фармонга имзо чекди. Унга кўра, жиноий қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилди.

Бироқ таҳририятимизга келаётган мактублар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари қарорларидан норозиликлар ҳамон учраб турибди. Тўғри, шикоятларнинг ҳаммасини ҳам асосли, деб бўлмайди. Лекин кишини ўйлантираётган ҳолатлар йўқ эмас. Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшовчи Хадича Алибоева «ёрдам беринглар, бефарқ бўлманглар, ўғлим ноҳақ қамалди» – деб ёзади.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоят прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган ­Собит Абиддинович Алибоев Ўз.Рес. ЖКнинг 25 ва 168-моддалари 4-қисми, “а” банди ва 28 ва 211-моддалари 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Айбловнинг асосий мазмуни қуйидагича: ­Собит Алибоев Тошкент вилояти прокурорининг ёрдамчиси лавозимида ишлаб келиб, аризачилар – М.Нуралиева ва унинг қизи Ш.Хаджиакбароваларнинг ЖИБ Тошкент шаҳар судининг уларга нисбатан 2009 йил 22 декбардаги ҳукми билан тайинланган 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққанидан сўнг уларга оқлов ҳукми чиқарилишига ва “Дон-нон” МЧЖдаги улушларини тиклаб беришни ваъда қилиб, эвазига 50.000 АҚШ доллари беришни сўраган. 2018 йил 1 июнь куни соат 23:50 да Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ш.Рашидов кўчасидаги кўп қаватли уйнинг олдида  “Нексия” русумли автоуловида ­М.Нуралиева ва Ш.Ходжиакбаровадан пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.

Иш юзасидан адвокат Ҳайитмурод Келдияровнинг фикрича, дастлабки тергов ва суд томонидан Собит Алибоевга нисбатан қонун нормалари ва ЖПКнинг талаблари қўпол равишда  бузилган ҳолда жазо тайинланган ҳамда унга нисбатан жиноят иши ЖПКнинг 83-моддасига асосан тугатилиши керак.

ЖПКнинг 22-моддасига асосан иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши шарт. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги талаб этилади.

Тергов материалларида эса бу талабларга зид ҳолатлар кўп учрайди. Иш ҳужжатларидан кўринишича, М.Нуралиева ўзининг ташаббуси билан аввалдан номаълум ҳолатларда ва аниқланмаган мосламалардан фойдаланган ҳолда С.Алибоев билан бўлган суҳбатни СД дискга ёзиб, 2018 йил 25 март куни ДХХ Тошкент вилояти бошқармасига тақдим этган. Дастлабки тергов ва суд ушбу СД дискни ва ундаги аудио ёзувни далил, деб баҳолагани қай даражада қонунийлигига оддий юрист ҳам баҳо бера олади.

М.Нуралиева С.Алибоевнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан 2018 йил 25 март куни ариза билан мурожаат қилган. Лекин мазкур мурожаат 2018 йил 1 июнига қадар текширилмаган. Шу ҳолатнинг ўзи шубҳали эмасми, кишида қатор саволларни уйғотмайдими?..

2018 йил 1 июнь куни ўтказилган тадбир юзасидан диктафонга ёзиб олинган ва стенограмма қилинган сўзлашувда С.Алибоев томонидан пул маблағлари берилиши ҳақида сўраганлиги аниқланмаган.

ДХХ Тошкент вилоят бошқармасининг 2018 йил 1 июнь кунидаги алоқа хати билан ­М.Нуралиеваларнинг аризалари ва тўпланган ҳужжатлар, тадбир видео ёзувлари ва 50.000 АҚШ доллари юборилган. Бош прокуратура томонидан 1 июнь санаси билан қабул қилиб олинган ва 1 июнь санаси билан терговчига йўналтирилган. Ваҳоланки, С.Алибоев тезкор тадбир орқали 2018 йил 2 июнь куни қўлга олинган.?!

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги 24-сонли “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 10-бандида жиноят тўғрисида ариза, хабар билан тақдим этилган ҳужжатлар, предметлар, аудио, видео ёзувлар фақат ушбу материллларни тақдим этган шахслар иш қўзғатилгандан кейин сўроқ қилинган ва тақдим этилган предметлар ким томонидан қаерда, қандай ҳолатларда топилганлиги ёки фотосурат, аудио, видео ёзувлар амалга оширилганлиги аниқланган ҳолдагина мақбул далил сифатида фойдаланилиши мумкинлиги қайд қилинган.

Аммо иш ҳужжатларига кўра, С.Алибоевнинг пул беришни таклиф қилган ҳолати фақатгина М.Нуралиеванинг 2018 йил 25 мартдаги аризасига илова қилинган номаълум мосламага ёзиб олинган СД дискдаги аудио ёзувни эшитиб кўриш ва стенограмма қилиш баённомасида кўрсатилган. Аммо ўша СД дискдаги ёзув ким томонидан, қачон, қандай мосламада ёзиб олинганлиги маълум эмас. Пленум қарори тушунтиришларига кўра, далил тегишли субъект томонидан, уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинмаган бўлса, далил деб эътироф этилиши мумкин эмас.

Шундай экан, бу тадбирни мақбул далил, деб ҳисоблаб бўлмайди ва далиллар мақбуллиги мажмуидан чиқарилиши ҳамда жиноят иши тугатилиши шарт.

Яна бир масала — она-бола Нуралиеваларнинг шахси, хатти-ҳаракатлари жиддий эътибор ва холис, принципиал юридик баҳони талаб этади. Уларнинг Собит Алибоевга нисбатан берган кўргазмаларидек яъни ўзларининг оқланишлари ва мулкларини қайтариб олишлари эвазига пул беришни таклиф қилиш асосида 2017 йилда А.Юлдашева ва унинг укаси Ғ.Юлдашев, 2018 йилда Андижон вилоят ҳўжалик суди раисининг ўринбосари А.Абдуллаев,  фуқаролар А.Ҳакимов, Х.Турсунов  ҳамда 2018 йилда М.Муталовалар ҳам жиноий жавобгарликка тортилишган, – дея фикрини давом эттиради адвокат. – Тадбир ўтказилишида LF 90305370 G рақамли 100 АҚШ доллари купюрали муляж (қалбаки) пуллардан одамларни ушлашда қайта-қайта фойдаланилганлиги ажабланарлидир. Шу билан бирга, тадбир давомида олинган далилий ашёлар конвертларга солинган бўлиб, конвертлар С.Алибоев томонидан имзоланмаган.

Бундан ташқари, тадбир ўтказилиши ва унга тайёргарлик кўриш жараёнида тузилган баённомаларда кўрсатилган вақтларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ҳам мақбул далил эмаслигидан далолатдир. Бунинг устига С.Алибоев пулни олмаган. Нуралиева уни машина орқа ўриндиғида қолдириб тушиб кетади. Ўша куни ярим кечаси айнан у Алибоевни зарур гапи борлигини айтиб, учрашувга чақирган эди.

— Она-болалар бир неча йиллардан  бери орган ходимлари билан ҳамкорликда тил бириктириб, менга ўхшаганларнинг ҳаётини издан чиқармокда, – дейди уларнинг кўргазмаси билан судланганлардан  яна бири Муҳайё Муталова. – Улар менга ўхшаш содда ва ишонувчан инсонларга катта миқдордаги пулларни қарзга бериб туришлари мумкинлиги ҳақида ваъда бериб, сўнг қамалишига сабабчи бўлишмоқда. 

  Она-бола Нуралиевалар  бир неча марта  оғир жиноятларни содир этганлиги учун  узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

 Мен, Муҳайё Муталова ҳам алдовларга учиб, жиноий жавобгарликка тортилганлардан бириман. 2017 йил 27 апрель куни мени  оғир жиноятни  содир этганликда гумонланувчи тариқасида ушлашди. Жиноят иши бошидан охиригача фальсификация қилинган.

Менга нисбатан қўзғатилган сохта жиноят иши   2018 йил 8 январда ЖИБ Тошкент шаҳар, Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Судья Валиев Д.У. томонидан менга нисбатан Ўз.Рес. ЖКнинг 25-168 моддаси, 4-қисми, «а» банди  ва 28-211 моддаси, 3-қисми, «а» бандлари билан  асоссиз ҳукм чиқарилди.

   ЖИБ Тошкент шаҳар  кассация судида эса иш яна бир томонлама кўриб чиқилиб,  ҳукм ўз кучида қолдирилди.

Тошкент шаҳар прокурори ҳукмга нисбатан келтирган протестида ЖПКнинг 484-моддасига кўра, ҳукмда  баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, ушбу Кодекс нормаларининг жиддий бузилганлиги, Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўлиши кўрсатилган. Аммо ЖИБ Тошкент шаҳар  кассация судида эса,  ҳукм ўз кучида қолдирилди.

Менга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ёзилган барча айбловлар мутлақо нотўғри.

Аризачи Нуралиева М. ва Ходжиакбарова Ш. барча жиноят ишларида   жабрланувчи эмас, балки гувоҳ тариқасида қатнашишади.  Нима учун судья Валиев Д. уларни ҳукмда «жабрланувчи», деб ёзаяпти? Ахир пуллар — муляж, яъни сувенир бўлса, она-бола ҳеч қандай жабр кўрмаяптику. Вояга етмаган фарзандим билан жабр кўраётган аслида менман ва бошқа  фуқаролар-ку.

Мен ҳеч кимга ва давлатга моддий ёки маънавий зарар етказганим йўқ ва ҳеч кимнинг бир сўм пулини алдаб еб  кетмадим, мени ўта оғир жиноятда айблашларига асос қани?

Мен  Хожиакборова Шаҳнозадан қарзга пул олишга келишганмиз. Қарз олаётганлигим ҳақидаги тилхатга Шаҳноза ва ёнидаги ўртоғи Ходжаева Дилором рози бўлиб, имзо қўйишган-ку. Қандай қилиб мен уларни алдаган бўламан?

Нима учун мени фирибгарликда, пора беришга далолатчиликда айблашди? Гўёки мен она-бола содир этган жиноятлар бўйича суддаги танишларим орқали оқлов чиқаришга ваъда берган эмишман. Аслида менинг қўлимдан шу иш келадими? Судни умуман тушунмас эдим. Бирорта танишим ҳам судларда ишламайди. Кейин билсам, бу она-бола бошқаларга худди шундай сохта, даъволар қилиб қаматган.

Агарда тилхат асосида қарзга пул олиб, вақтида қайтариб берилмаса, бундай ишлар жиноят ишлари бўйича эмас балки, фуқаролик ишлари  бўйича судларда кўриб чиқилади. Нега бу ишни жиноят суди кўряпти? Эҳтимол кимдир судга босим ўтказгандир?

Шаҳноза билан тергов пайтида юзлаштиришганда, мен ундан нима учун менинг устимдан ариза ёзганлигини сўраганимда, илтимосларини қилмаслигимни аниқ билгач, ариза ёзганлигини айтди. Яна,«Нодира  билан сен ойимни устиларидан кулиб, масхара қилиб ҳайдаганларинг ҳамда Фарҳод билан тилларинг бир эканлиги учун ёздим”, деди. Шаҳноза мени ҳам ҳоли-жонимга қўймай учрашувга чақирди. Умрага кетган аммасининг пулини   қарзга бериб туришини айтди. Менга вақтинчалик пул зарур бўлиб қолганини у биларди.

Шаҳнозанинг шу гапларидан кейин ҳам нима учун терговчи менга нисбатан ЖКнинг 211-моддасини олиб ташламади? .

Улар мендан нимани илтимос қилишганди? Муҳаррам Нуралиева менга бир неча бор Олий суд раҳбарлари, судьялари, давлат идораларидаги мансабдор шахсларни пора олаётган шахс сифатида ушланишига ёрдам беришимни, керак бўлса улар билан «жинсий алоқада» бўлиб,  шантаж қилишимни таклиф қилган.

Мен бундай ишларни қилишни ор, оғир гуноҳ, деб биламан. Шунинг учун ҳам мен уларнинг ўта пасткаш, тубан ишидан ҳазар қилдим, ҳеч кимга ёмонлик қилмадим, улар айтганидек, ҳеч кимни шантаж йўли билан қармоққа туширмадим. Бундай қабиҳлик қўлимдан келмайди. Бу ҳақида олдинлари ҳам ўз аризаларимда ёзганман.

Мен М.Нуралиевага бундай ёвуз ниятдаги ишларни қилмасликка ва оқибати ёмонликка олиб келишини тушунтирганман. Кейинчалик бошимга тушган савдолардан билдимки, одамларни «овлаш» уларнинг доимий касбига айланиб қолган экан.

Нуралиеваларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари остида ўзларининг шахсий манфаатлари ётибди, албатта! Бўлмаса, бу она-болага зарилми, шунча судма-суд, терговма-тергов юриб. Бунинг учун маблағ, вақт керак.

Мана, икки ярим йилдирки, туҳмат балосидан қутулиш учун югуриб юрибман. Бу саҳналаштирилган жиноят иши  жуда ҳам машҳур бўлиб кетиб, уни бутун дунёдаги ҳамма дўстларим, қариндошларим, адвокатлар, ­судья­лар, кўплаб юристлар билишади.

Нуралиеваларнинг ижтимоий келиб чиқишига назар ташлайлик. Улар бир неча маротаба ўта оғир моддалар билан,  такроран жиноий жавобгарликларга тортилиб,  узоқ муддатларда  қамоқ жазоларини ўтаган.

Она-бола Нуралиевалар илгари қайта ва қайта Ўз.Рес.Жкнинг 165-моддаси — товламачилик,

166-моддаси — талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш,

167-моддаси — ўзлаштириш ёки  растрата йўли билан талон-торож қилиш,

209-моддаси —  мансаб сохтакорлиги,

210-моддаси — пора олиш,

227-моддаси — ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш,

228-моддаси — сохта ҳужжатларни ­тайёрлаб сотиш ёки улардан фойдаланиш,

233-моддаси — банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш каби жиноятлари учун жазоланишган.

Нуралиеваларнинг  сохта аризалари, махсус уюштирилган фитналари оқибатида (ҳукмларда улар  ҳеч қандай жабр кўрмасаларда “жабрланувчи” бўлиб ўтадилар) қуйидаги фуқаролар қамоққа олинган.

1. Алибоев Собит, оилали, 4 нафар фарзанди бор,

2. Абдуллаев Анвар Азимович,  оилали, 3 нафар фарзанди бор.

3. Турсунов Холназар, оилали, 2 нафар фарзанди бор. 

4. Ҳакимов Азиз Олимович, оилали, 2 нафар фарзанди бор.

5. Юлдашева Анора Маннабовна, оилали, 4 нафар фарзанди бор.

6. Юлдашев Ғайрат Маннабович, оилали, 4 нафар фарзанди бор.

7. Муталова Муҳайё Рихсибаевна, 1 нафар фарзанди бор.

Уларнинг барчаси она-бола Нуралиеваларнинг аризалари асосида ушланган, жавобгарликка тортилган. Судланганларнинг барчаси ЖКнинг 168-моддасининг турли бандлари билан айбланган.  

Булар билганларимиз, билмаганларимиз қанча?

Она-бола Нуралиевалар масъул лавозимларда ишловчи ёки ўзига тўқ одамлар билан танишиб, улар ишончига кириб олгач, фитна уюштириш йўлларини ўйлаб топишади ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги танишларига айтишади.

Фитна уюштириш услуби бир хил, айбловлар бир хил, жабрланувчи — аризачилар бир хил, холислар бир хил, «операция» иштирокчилари ҳам... Бу нимадан дарак беради? Қачонгача совет замонидан қолган бу услуб яшайди? Қачонгача одамларни бадном қилади?  

Агар ЖПКнинг 82-моддаси талаби бўйича “жабрланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар”га ҳуқуқий баҳо берилганида эди, аризачилар М.Нуралиева ва Ш.Ходжиакбароваларнинг даъвоси қанчалик асосли ёки асоссизлиги маълум бўларди.

Дастлабки тергов ва суд С.Алибоевнинг ўз қилмишидан пушаймонлик тўғрисидаги аризаси билан мурожаат қилганлиги билан унинг айби тўлиқ ўз исботини топади, деган асосий далилга тўхталсак. Собит Алибоевга қамоқ эҳтиёт чорасини белгилаш тўғрисидаги суднинг 2018 йил 3 июндаги ажримида С.Алибоев ЖИЭББ 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилсин, деб қаътий кўрсатилган бўлса-да, у масъул мансабдор шахслар томонидан ўзбошимчалик билан ИИВнинг подвалидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида 97 кун ушлаб турилганлиги ЖПК 244-моддасининг тўғридан-тўғри бузилишидир.

Агар дастлабки тергов ва суд келтириб ўтган барча далиллар ҳаққоний ва қонуний бўлиб, сценарий асосида ташкил қилинмаган бўлса, нима зарурат бор эдики, С.Алибоевни ВСҲда 97 кун ушлаб туришга ва унга турли хилдаги тазйиқлар ўтказишга ҳамда пушаймонлик аризасини ёздиришга мажбур қилинишига? Бу билан ЖПКнинг 113-моддаси талабига амал қилинмаган.

Дастлабки тергов томонидан 97 кун давомида ИИВ ВСҲсида Собит Алибоевнинг ҳимоячилари билан холи учрашишига рухсат берилмаганлигини қандай тушуниш керак? Президент Фармони, Олий суд Пленуми қарори ва ЖПКнинг 951-моддаси талабларига итоат қилинмай  номигагина сўроқда адвокат қатнашган. Шундай қилиб, С.Алибоев ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Апелляция судида ҳимоя томонидан юқорида келтирилган важлар бўйича илтимоснома киритилиб, далилларни номақбул деб топиш ва унга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан хизмат текшируви тайинлаш тўғрисидаги мурожаатлари текширилмасдан, уларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан қолиб кетди.

— Одил судловни амалга оширишда 2016 йилгача дастлабки тергов ва судлар томонидан далилларнинг мақбуллиги ва процессуал қонун нормаларининг бузилишларига эътибор қаратилмаслиги сабабли жуда кўп шахслар ноҳақ судланиб кетганликларини инобатга олиб, Президентимиз томонидан 2017 йил 30 ноябрда “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Президент фармони ижро қилинишини таъминлаш мақсадида ЖПКга ўзгартириш киритилиб, Олий суд томонидан 2018 йил 24 августда далиллар мақбуллигига оид 24-сонли қарор қабул қилинган эди,-дея фикрини давом эттиради адвокат.

Юқорида келтирилган аргументлар бўйича республикамиздаги жиноят ҳуқуқи билан шуғулланадиган институтлар, судлар ва тергов органлари ўз муносабатини билдиради, деган фикрдамиз.

Охир-оқибатда ЖИБ Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 10 январдаги ҳукми ва ЖИБ Сирдарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг ажримига кўра, Собит Алибоев айбдор деб топилиб, 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Яқин ўтмишда асоссиз ҳамда кимларнингдир туҳмати билан қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка учраганидан кўз юмиб бўлмайди.

Бир пайтлар одамни қамаш осон эди. Кимнингдир кўргазмаси ёки кимнингдир буюртмаси билан унча-мунча одамни қамоққа ташлаш оддий ҳол эди. Бугун замон ҳам, талаб ҳам ўзгардику. Бугунги кунда суд мустақиллигига, Олий суднинг адолат қалқони эканига одамлар ишончи ортиб бормоқда. Собит Алибоев ва Муҳайё Муталова ишлари ҳам кимнингдир манфаатини ўйлаб эмас, балки қонун талаблари,  адолат,  одиллик тамойиллари асосида кўриб чиқилади, деган умиддамиз.

 

Равшан ШОДИЕВ,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: