08.10.2019

«ЭСКИ ҚОИДАЛАР БИЛАН ТАРАҚҚИЁТГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ»

Банк тизимида узоқ йиллар ишлаган иқтисод фанлари доктори, профессор Ашур Қодиров нима сабабдан ЎзХДПга аъзо бўлмоқчи? У бу йилги сайловлар, депутатликка номзодлар ҳақида қандай фикрда? Мухбиримиз ушбу саволларга аниқлик киритишга ҳаракат қилди.

— Ашур Қодирович, нима сабабдан ўз сиёсий позициянгизни ўзгартирдингиз?

— Ёшим етмишни қоралаб турган бўлса ҳам мен ўз гражданлик позициямни ўзгартирганим йўқ. ХДПнинг Сайловолди дастури менинг 13 йилдан буён ЎзЛиДеП сафида амалга оширишга ҳаракат қилиб келган таклифларимни қамраб олганлигини билиб шундай йўл тутяпман. Партиялараро дебатларни кўриб, дастури билан танишиб, Халқ демократик партияси сафида бўлишга қарор қилдим. Бу партиянинг ғоялари менинг қарашларимга мослиги учун шундай қарорга келдим.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган «Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам  бой ва кучли бўлади», деган тамойилга амал қилиб, Республика иқтисодиётини инновацион ривожлантириш орқали модернизация қилиш жараёнида  оила иқтисодиётини мустаҳкамлаш орқали халқни бой қилиш ғояси партиянинг сайловолди дастурида устувор, деб билдим.

Шуни айтишим керакки, мен ХДПга аъзо бўлаётганим учун ЎзЛиДеП ва унинг сиёсий кенгашини танқид қилмоқчи эмасман. Чунки мазкур партия ўз дастурига амал қилиб, жамиятни иқтисодий ривожлантиришга имкон қадар қатнашиб келмоқда. Янги  тадбиркорлик субъектларининг пайдо бўлиши ва минглаб иш жойларини яратиб, давлат бюджетига солиқ тўлаш базасини кенгайтириш ҳам халқни бойитишга қаратилган. Демак, кимдир тўғридан-тўғри халқ билан ҳамкорликда бўлиб, унинг муаммоларини ҳал этишга киришса, бошқа бир партия тадбиркорликни ривожлантириш орқали давлатни бойитишни ўзига вазифа қилиб олади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов олдидан менинг бир сиёсий партия сафидан чиқиб, иккинчисига киришим, халқимизнинг бўлажак сайловларга янада эътиборлироқ бўлишга ҳам озгина бўлса-да туртки беради, деб ўйлайман. Чунки ҳар биримиз қайси партия сафидалигимизни, нега айнан шу партияни танлаганимизни чуқур англаб, аниқ билишимиз зарур. Номига партияга аъзо бўлиш ёки ўз сиёсий бурчига эътиборсиз қараш ҳеч кимга, ҳеч бир партияга фойда келтирмайди.

— Сайловлар ҳақида гап бошладингиз, сиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Маҳаллий кенгашларига сайлов орқали қандай ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал бўлишини хоҳлардингиз?

— Мана, уч йил бўляпти, Президентимиз томонидан иқтисодиётдаги камчиликлар аниқ кўрсатилмоқда. Уларни бартараф этиш, албатта, вақт талаб этади. Аммо эски қонунчилик базаси янги Ўзбекистоннинг қурилишига тўсқинлик қилаётганини ҳаёт кўрсатмоқда. Навбатдаги сайловда сайланган депутатлар айнан иқтисодиётдаги муаммоларни бартараф этишнинг қонунчилик асосини яратади ва маҳаллий Кенгаш депутатлари қабул қилинган қонунлар ижроси устидан назорат ишларини кучайтиради, деб умид қиламан.

Президентимиз 2016 йили ўзининг сайловолди дастурида халқ билан мулоқотни йўлга қўйиб, қанча муаммолар йиғилиб қолганлигини кўрсатди ва 2017 йилни Ўзбекистонда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилди. Бу борадаги ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик. Президент халқ билан мулоқот қилиш зарурлигини кўрсатиб, амалда исботлаб берди ва Олий Мажлис депутатлари ўз сайловчилари билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг талаб ва истакларини амалга ошириши кераклигини қайта-қайта таъкидлади. Шунингдек, ҳукумат раҳбарини танлаш, унинг ҳисоботини эшитиб, муҳокама қилиш, вазирларни танлаш ва ҳисоботини эшитиш Олий Мажлисга нима учун юкланди? Депутат халқ вакили сифатида ҳукумат аъзоларини тасдиқлайди, ҳисоботларини эшитади. Аҳоли талабларини ҳукумат олдига қўяди... Бу вазифалар қандай бажарилиши халқимиз қандай депутатларни танлашига боғлиқ.

Аҳоли талабларини ҳукуматнинг юқори поғоналарида ҳал қилишига иродаси етамайдиган депутатларни сайласак, келажакда йўлни таъмирлаш, сув чиқариш, электр ўтказиш, мактабни таъмирлаш ва шунга ўхшаш юзлаб талаблар билан қаерга борамиз? Қачон депутатларимиз чинакамига халқ депутатларига айланади? Сайлов жараёнида талабларимизга жавоб берадиган муносиб инсонларни танлаб, овоз берсак, бунга эришилади.

Овоз беришдан олдин ўйлайлик, депутатликка номзоднинг тажрибаси, дунёқараши, билими, мардлиги қандай даражада? Акс ҳолда, бизнинг овоз беришимиз билан депутат бўлиб олган номзодимиз яқин беш йилда қорасини ҳам кўрсатмаслиги, бирорта ҳам муҳим масалани ҳал этмаслиги, асосли таклифлар билдирмаслиги мумкин. Бугун депутатга қўйиладиган вазифа ва талаб буткул ўзгарди.

Янги Ўзбекистонни қуриш стратегияси қонунчилик базасини такомиллаштиришни ва янгилари қабул қилинишини талаб этади. Айниқса, 28 йилда яратилган қонун ости ҳужжатларининг кўпи кун талабига тўғри келмай қолганини биладиган, буни дадил айтадиган депутатлар керак.

— Қандай хусусиятли инсонлар номзодини депутатликка қўйишимиз керак, деб ўйлайсиз?

— Бўлажак сайловларда барча партиялар парламентда кўп ўрин олишга ҳаракат қилиб, номзодлар орасида қаттиқ кураш кетади. Шунда кучлиларнинг кучлиси ғалаба қозонади.

Номзод партия дастурини яхши ўзлаштирган бўлиб, уни амалга ошириш учун нима ишларни бажариш кераклигини ўзига тасаввур эта олиши даркор. Шунга муносиб равишда билими ва тажрибага эга бўлиши талаб этилади. Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий асосини яратувчи депутатлар сайловчилар талабини вазирликка келтириб берувчи «почтальон” бўлмай, вақти ва жонини аямай, ҳаловат билмай халқ талабини бажартира оладиган шахс бўлиши керак.

Нега энди депутат ўз сайлов округидан Тошкентга келган касални яшаб турган ҳудудида тез ва сифатли даволаниши йўлларини топиб, тадбир қила олмайди? Ёки Олий Мажлис депутатлари нима учун озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, гўштнинг нархини пасайтиришга хизмат қилувчи таклифларни айтишмайди?.. Хулоса битта. Халқ ишондими, бу шарафга муносиб бўлиш керак. Ишончни оқлаш шарт.

Кимни депутат этиб сайлаш эса фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий билими, ўз тақдири ва келажагига қанчалик масъулият билан ёндашувига боғлиқ.

 

Абди Қодиров суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: