01.10.2019

ДАВЛАТ ПЕНСИЯЛАРИНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИНИ

бузган масъулларга нисбатан жазо борми?

Конституциямизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқига эга», деб белгиланган. Ушбу конституциявий ҳуқуқ фуқароларимизнинг энг муҳим иж­тимоий ва иқтисодий ҳуқуқларидан бири сифатида давлатимиз томонидан ҳар томонлама кафолатлаб қўйилган.

Лекин сўнгги пайтларда амалиётда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими масъул ходимларининг айби билан ҳам нотўғри пенсия тайинлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар аниқланганда, кўпинча пенсионерлардан ортиқча тўланган пулларни қайтариб олиш ҳам учрамоқда. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар учун кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йилнинг 12 декабрдаги меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг алоҳида тоифаларига қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони қабул қилинган. Бу орқали 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси — 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан, шунингдек, 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ортиқча тўланган пули қолдиқ суммалари ҳисобдан чиқарилди.

Яна шундай тартиб жорий этилдики, унга мувофиқ пенсионер Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан уч йил учун суд орқали ундирилиши белгилаб қуйилди. Шунинг билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги қарори билан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомнинг 202-бандида пенсионер томонидан содир этилган суиистеъмолликлар, хусусан, атайлаб нотўғри маълумотлар билан ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар яширилиши, қасддан нотўғри маълумот кўрсатилиши натижасида унга пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши туфайли давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти пенсионерга юкланиши белгиланган.

Аммо қонунчиликда ҳозирда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими масъул ходимининг айби билан нотўғри ҳисоб-китоб натижасида пенсиялар суммаси ортиқча тўланган бўлса, етказилган зарарни Пенсия жамғармаси томонидан қопланиши белгиланган. Кейинчалик аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда ушбу жамғарманинг масъул ходими томонидан қопланиши назарда тутилмаган.

Бугунги кунда масъул ходим томонидан етказилган зарарни қоплаш амалиёти Адлия вазирлиги тизимидаги нотариуслар иш фаолиятида ҳам жорий этилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги қарори билан нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унга кўра, зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси  маблағлари ҳисобига қопланиши белгилаб қуйилган.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналиши Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадлари ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ХДП фракцияси  ҳукуматнинг 2011 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 202-бандини учинчи хатбоши билан тўлдиришни таклиф этади.

Яъни, «Агар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими масъул ходимининг айби билан нотўғри ҳисоб-китоб натижасида пенсионерга пенсиялар суммаси ортиқча тўланган бўлса, давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юклатилади. Кейинчалик етказилган зарар аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими масъул ходимидан ундириб олинади».  

 

Аваз ЎРИНБОЕВ,

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ,

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ,

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: