03.09.2019

ЎЗ ВАЗИФАМИЗГА УЙҒОҚ ҚАЛБ БИЛАН ЁНДАШМОҒИМИЗ КЕРАК

Инсон ўз ҳаётида касбни тўғри танлай олсагина завқ билан ишлайди, кўнгли тўқ бўлиб яшайди. Касбга бўлган меҳр ва садоқат эса инсонни катта марралар сари бошлайди.

«Дўстлик» ордени билан мукофотланган қорақалпоғистонлик Айгул Пирназарова ҳаёти ҳам бунга мисол бўла олади.

 

Айгул ПИРНАЗАРОВА, И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи катта илмий ходими:

      Бутун халқимиз учун энг азиз ва энг улуғ байрам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида муҳтарам Юртбошимиз томонидан «Дўстлик» ордени билан мукофотлангани мен учун кутилмаган воқеа ва катта қувонч бўлди. Бундай шукуҳли онларда кунглингда шунақа ажиб туйғулар пайдо бўладики, уни сўз билан таърифлаш қийин. Энг аввало менинг кўз олдимдан бутун меҳнат фаолиятим ўтди. Чунки ушбу музейга оддийгина фаррош бўлиб ишга кирган кунимдан бошлаб, бўлим мудираси даражасига етгунимча менга устозлик қилган инсонлар, ота-боболаримиз қўл меҳнатлари билан яратган мерослари орқасидан мана шундай юксак мукофотга сазовар бўлдим.

Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг тарихимизни ўрганишга, миллий меросларни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Халқнинг бебаҳо дурдоналари сақланган музейлар, улардаги экспонатларни кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар йўлга қуйилди. Бунинг натижасида музейимиз тез орада жаҳонга танилди.

Ўзларининг юксак маҳоратини, теран фикрини, орзу умидларини каштадаги, гиламдаги нақшлар билан сўзлата олган қорақалпоқ халқининг ҳунармандчилиги бугун дунё халқларини ҳайратга солмоқда. Бунга мисол тариқасида бир нечта чет давлатларда ўтказилган кўргазмалардаги экспонатларни айтсам бўлади. Мана шундай кўргазмаларда халқ орасидан етишиб чиқкан чеварларнинг ўз қўллари билан тайёрлаган каштали кийимларини, заргарлик буюмлари, чет эллик етук мутахассислар томонидан юксак баҳоланди. Ушбу музейга асос солган Игорь Витальевич Савицкий билан 10 йил бирга ишлаганим, музей ишларини ўрганганим ўзим учун бир умрга татигулик тажриба мактаби бўлди. Қишлоқма-қишлоқ оралаб ҳунармандчилик намуналарини йиғишни давом этдик, бир пайтлари Савицкий орзу қилган ҳунар турларини қайта тиклаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда каштачилик, тўқимачилик ҳунарлари юқори даражада ривожланиб, каштали миллий кийимлар, совғабоп буюмлар ишланиб, дўконларимизда сотилмоқда. Барчамиз фахр билан айтадиган «Саҳро Луври» номи билан машҳур бизнинг музейимизнинг обруйи кундан-кунга ортиб бормоқда. Музей заллари бўйлаб меҳмонларга экскурсия ўтганимда ўзимни унутиб, узоқ ўтмишга саёҳат қилгандай бўламан ва ҳамиша сўзимни «музей ҳақида сўзимни тўхтатиш қийин» деган жумла билан якунлайман. Халқимизнинг миллий меросларини асраб-авайлаш, кенг жамоатчиликка танитиш билан бирга келажак авлодга етказиш борасида қилаётган меҳнатим юксак баҳо олиши нафақат менинг, балки бутун жамоамиз, раҳбарларимизнинг ютуғи экани ҳақиқат. Бу юксак мукофотга жавоб тариқасида шогирдлар тайёрлаб, уларга халқ меросининг қадр-қимматини тушунтириш энг асосий вазифам бўлиб қолади.

 

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш ишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда жамоатчилик ишларидаги кўп йиллик самарали иштироки учун II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофатланганлар қаторида Қорақалпоғистондан Марям Аҳмедова ҳам бор.

 

Марям АҲМЕДОВА, Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Мен 34 йиллик меҳнат фаолиятим давомида 18 йил раҳбарлик лавозимида ишлаган эканман. 2001 йилдан 2005 йилгача 27-сонли ўрта мактаб таълим тарбия ишлари бўйича илмий бўлим мудири, 2005 йилдан 2012 йилгача 27-сонли ўрта мактаб директори бўлиб ишладим.

2012 йилдан буён Амударё тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисиман.

Бугунги кунда Амударё туманида 192,6 мингдан зиёд кўп миллатли аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 95,6 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, кредит олишларига кўмаклашиш, оилаларни янада соғломлаштириш ва мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида туманимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Биз хотин-қизларга доимий равишда эътибор қаратиб келмоқдамиз. Тиббиёт, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни турли ёт ғоялардан асраш мақсадида турли мавзуларда тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий равишда ўрганиш ишлари олиб борилиб, натижада 105 нафар оғир шароитда яшаётган хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Улардан 16 нафарига уй-жойларнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилган бўлса, 42 нафарининг бандлиги таъминланишга кўмаклашилди. 14 нафарига тикув машиналари олиб берилиб, касаначилик асосида бандлиги таъминланди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, қизлар таълим-тарбияси борасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида жорий йилда туманда эрта турмушга чиқиш, эрта туғруқ, оналар ўлими ҳолатлари содир бўлмади. Оилавий ажримлар, аёллар ўртасида жиноятлар камайди.

Туманда туғиш ёшидаги 51 минг нафар аёлнинг саломатлиги мунтазам равишда назоратга олиниб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши, ҳомиладор аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси скрининг марказига ўз вақтида юборилиб, тиббий назоратдан ўтказиб борилиши натижасида болалар ўлими камайиб, 70 дан ортиқ ногирон бола туғилишининг олди олинди.

Туманда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Туман аёллари жамоалари спортнинг қатор турлари бўйича вилоятда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ўзбекистон миқёсида ўтказилган «Яшил майдон маликалари» спорт мусобақасининг Қарши шаҳрида ўтказилган Республика босқичида қизларимиз фахрли 2-ўринни эгаллади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан II даражали «Соғлом авлод учун» ордени кўксимга тақилиши, қилган ишларимга эмас, балки қилинажак ишларим учун қарзга берилган баҳо деб биламан. Бу мукофатни оқлаш учун эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайратимни аямай меҳнат қилишга тайёрман. Ўзимда катта масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этаман. Ҳар доим иш жараёнига янги усуллар, инновацион ёндашувларни қўллашга энг фаол, жонкуяр ва фидойи хотин-қизлар сафини кенгайтиришга астойдил ҳаракат қиламан.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳар биримиз ўз ишимизга пок виждонимиз, уйғоқ қалбимиз билан ёндашсак, она ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

 

Ўз мухбиримиз

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: