23.07.2019

30 ФОИЗ ДЕПУТАТ ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИДА ОЙЛИК ОЛИБ ИШЛАЙДИГАН БЎЛАДИ

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик амалиёти бекор қилинишига тайёргарлик кўриляпти. Вакиллик ҳокимияти мустақил иш юритиши, ҳудудий ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилиши кутилмоқда. Бу жараён нимаси билан муҳим? Яна қандай масалаларга эътибор қаратиш керак?

 

Алтибой РАДЖАПОВ, Хоразм вилояти ўзини-ўзи бошқариш тизимини мувофиқлаштириш кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутати:

— Тўғрисини айтиш керак, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар жамоатчилик асосида ишлайдиган ходимларга ўхшайди. Ўзи сайланган ҳудудга бориш, сайловчиларни қабул қилиш каби иш режасида қатьий белгиланган вазифаларни адо этишлари осон кечмайди. Айтайлик, Ҳазорасп туман Кенгашидаги депутат Тупроққалъа мавзесига бориши учун камида юз эллик километр йўл босиши лозим. Бу эса вақт ва маблағ талаб этади. Депутат шунча масофага ўз ҳисобидан жамоат транспортида борса ҳам, ойлик маошининг анча қисмини сарфлашига тўғри келади. Бу ёқда эса рўзғор...

Депутат бирор идора раҳбари бўлса, ўзига бириктирилган хизмат машинасидан фойдаланишга мажбур. Бу ҳолат у билган ҳолда қонунни бузишини англатади. Чунки хизмат машинаси харажатлари депутат бош бўлган ташкилот томонидан қопланади. Агарда депутат раҳбар бўлган корхона мулкчиликнинг бошқа шакли бўлса, у жамоа акциядорлари чўнтагига «қўл чўзади»... Гапнинг дангалини айтганда, истаймизми-йўқми масаланинг шу томонларини инобатга олишимиз керак. Негаки, депутат ўз сайловчиси билан мулоқотга ошиққанда, моддият унинг йўлини тўсмаслиги керак. Шунда у вазифасини тўлақонли бажаришига имкон берган бўламиз.

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг матбуот анжуманларидан бирида юқоридаги муаммолар ечим топаётгани ҳақида айтилди. Бундан депутатларимиз жуда мамнун. Маҳаллий кенгашлардаги депутатларни моддий қўллаш, яъни уларга маълум маънода маош тўлаш, хизмат машинаси, алоҳида хона ажратиш ишнинг сифатига ҳам жиддий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман. Шу билан бирга, депутатнинг масъулиятини оширибгина қолмай, ўз вазифасини мунтазам бажаришга олиб келади. Гап маошнинг қанчалигида эмас. Бу тартибнинг жорий этилиши депутатнинг обрўсини бир неча поғона оширади. Депутат ўзи раҳбар бўлган корхона ёки ташкилот маблағларига мажбуран кўз олайтирмайди, ўз ходимлари олдида юзи ёруғ бўлади.

Моддий томондан таъминланган депутатдан ўз вазифасини бекаму кўст бажаришни талаб қилиш ва албатта, уларнинг буни ҳалол бажаришлари фаолиятига унум бағишлайди. Сайловчилар ҳурматини ва ишончини қозонишига олиб келади. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, амалиётга киритилаётган бу маъёрлар депутатларимизнинг фаол бўлишлари учун муҳим кафолатдир.

 

Мақсуд НУРИЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

— Жорий йилги сайловлардан сўнг 213 туман(шаҳар) Кенгашлари депутатларининг ўртача 30 фоизи ойлик маош, автомашина ва алоҳида хона билан таъминланиши маълум қилинди. Шу тариқа 1500 нафардан ортиқ депутат доимий иш ўрнига эга бўлади. Аниқ айта оламанки, виждонан ишлаган ҳар бир депутат бундан хурсанд бўлди. Негаки, йилдан-йилга уларга эътибор кучайиб, жамиятдаги нуфузи ўсаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Ўрни келганда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини янада жонлантириш учун қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.

Аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларига ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдори маош тўланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу маблағ уларга исталган вақтда сайловчилар билан учрашиш имконини оширади.

Шунингдек, солиқдаги имтиёзлар ҳам халқ вакиллари ишида жонлантиришга таъсир кўрсатади. Автомашина сотиб олишда имтиёзли кредитлар ажратилса, нур устига нур бўларди. Қилаётган ишидан ҳам раҳмат, ҳам рағбат оладиган депутат сайловларда ютиб чиқиш, халқнинг ишончи ва меҳрини қозониш учун ҳаққоний, астойдил ҳаракат қилади. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгаш депутатларига транспорт воситаларидан фойдаланишда (самолёт, поезд) чегирмалар жорий этилиши лозим, назаримда.

Айрим давлат идораларининг депутатлик сўровига беписандлик билан қараб, белгиланган муддатда жавоб қайтармаслик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Депутатлар томонидан корхона ва ташкилотларга юборилган депутат сўровларини назорат қилиш учун Кенгаш таркибида янги штат бирлиги жорий этилса, яхши бўларди. Сўровларга жавобдаги юзаки ёндашув, беписандлик ҳолатларига қонун доирасида чора кўрилишини илова қилиш шарт, деб ҳисоблайман. Бу орқали идора ва ташкилотлардаги масъулларнинг хушёрлигини ошириш мумкин.

 

Баҳодир КАРИМОВ, халқ депутатлари Наманаган вилоят кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Негадир фаол тадбиркор, фермерларни депутатликка номзод сифатида кўрсатиш ҳоллари кўпайган. Бу яхши, албатта. Фақат улар депутатлик фаолиятига қизиқиб, аҳоли учун у ёки бу масалани ҳал этишга енг шимариб киришишга қодир бўлишлари зарур. Ҳар бир депутат Кенгашда соҳалар бўйича доимий комиссияга аъзо бўлади. Бошланишида доимий комиссиянинг бир-икки йиғилишига қатнашиб, кейин эса унинг «иши» чиқиб қолади. Натижада 9-10 нафар комиссия аъзосидан 3-4 нафари ишлайди, холос. Бу эса белгиланган режанинг бажарилмай қолишига сабаб бўлади. Ўйлайманки, жорий йилги сайловларда сиёсий партиялар шу жиҳатларга ҳам эътибор беришади.

Шунингдек, сиёсий партия депутатликка номзодларни танлашда имкон қадар мулоҳазали бўлиши, етти ўлчаб бир кесиши лозим. Чунки уларнинг кўпчилиги депутат бўлиб сайлангунча фаол бўлишади. Бундай депутатлар сессияларга, доимий комиссия йиғилишларига бефарқлик билан қарашади. Сессияларда кўрилаётган масалаларнинг махзмун-моҳиятини тушуниб-тушунмай қарор қабул қилишади. Қисқа қилиб айтганда, қўл кўтариб тасдиқлашга ярайдиган депутатлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Раҳбарлик лавозимида, айниқса, давлат идоралари бошлиқларининг депутат бўлиб сайланиши мени ўйлантирарди. Тасаввур қилинг, туманда Давлат дастури ижроси ёки иш ўрни яратилиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масала муҳокама қилиняпти. Туман ҳокими — Кенгаш раиси. Депутатлар кимни сўроққа тутсин? Аслида ҳокимнинг депутатлик ва Кенгаш раислигидан бошқа қиладиган иши, бажариши лозим бўлган вазифалари кўп. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, жорий йилги сайловлардан кейин янги тартиб жорий этиладиган бўлди. Унга кўра, туман(шаҳар) ҳокимларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раиси мақоми бекор қилинадиган бўлди. Ҳоким партия аъзоси ҳам, депутат ҳам бўлмайди. Давлат ташкилоти вакиллари ҳам депутат бўлолмайди. Энди Кенгаш раиси сайланган депутатлар орасидан овозга қўйилиб танланади. Раис жойида ўтириб, фақат ўз фаолияти билан машғул бўлади. Ҳар олти ойда малака ошириб боради. Ҳудуддаги тўртала сектор раҳбарлари билан доимий алоқа ўрнатиб, уларни эшитади. Аҳоли муаммолари юзасидан бажарилган ишларни таҳлилини амалга оширади. Бу тартиб ҳудудларда янгича муҳит пайдо бўлишига шароит яратади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: