Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
16.07.2019

МАТЕМАТИКА: БУГУН КЕЛАЖАКНИ ЎЙЛАБ

Абдулла АЪЗАМОВ, академик:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 июль куни Математика таълими ва фанларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Фанлар академиясининг В.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги тарихий қарорни имзолади.

Ушбу муҳим ҳужжат мамлакатимизда илм-фаннинг барча жабҳалари каби математика фанини ҳам, ва унинг татбиқи самара берадиган бошқа соҳаларни ҳам янада ривожлантириш учун фундаментал аҳамиятга молик. Олдинги пайтлар бундай соҳаларга астрономия ва механика, физика ва техника, картография ва метеорология кирган бўлса, ҳозирги вақтда математика бўйича билимлар ахборот коммуникация технологиялари, сунъий интеллект, йирик ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш, эконометрияда зарур бўлиб, улар борган сари кимё, биология, тиббиёт, социология ва бошқа соҳаларда ҳам татбиқ этилмоқда. Ахборот коммуникация технологиялари ривожлангани ва ишлаб чиқаришни компьютерлаштириш даражаси ошиб боргани сайин ҳаётнинг барча соҳаларида математика билимларига бўлган талаб ва эҳтиёж кучаяверади. Шунинг учун биз тўла асос билан айтамизки, ушбу қарорнинг аҳамияти математика фани доираси билангина чекланмайди.

2018 йил 19 июль куни Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда мамлакат ривожланишида математика фанининг аҳамияти тўғрисида фикр юритилган, фаннинг бу соҳаси анча йиллар давомида эътиборсиз қолгани афсус билан қайд этилган эди.

Кенг жамоатчиликка маълумки, ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан ижтимоий соҳани, айниқса илм-фанни молиялаштириш «Қолдиқ тамойили» асосида амалга оширила бошлаган. Соддароқ қилиб айтганда, «бюджет дастурхонида илм-фанга фақат ушоқлар тегарди». Ушбу аҳвол бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида янада оғирлашди. Зеро, Фанлар академиясини ушлаб туриш осон эмас. Фундаментал фанга инвестиция тезда самара беравермайди. Иқтисодий натижа ўн йиллардан кейин олиниши мумкин. Устига-устак ҳар бир илмий ишланма ҳам фойда келтиравермайди. Шу каби сабаблар билан илмий тадқиқот ишларига йўналтирилаётган маблағлар йилдан-йилга қисқариб борди.

Бундай ёндашув натижасида мамлакат илм-фан тизимига катта зиён етказилди. Хусусан, «ақл оқими» деб аталадиган жараён юзага келди — истеъдодли олимлар ривожланган мамлакатларга чиқиб кета бошлади.

Шундай мураккаб шароитга қарамасдан Математика институти раҳбарияти барча имкониятларни ишга солиб ёш математикларни илмий ишга жалб этишга ҳаракат қилди. Уларнинг илм пиллапояларидан юқорилаши учун имконият туғдирилди, хорижий илмий марказларга сафарбар қилиш йўллари изланди. Зотан, устоз аллома академик Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг шундай ҳикматли гапи бор: «Ёши улуғлардангина ташкил топган илмий жамоа — бу фожиа, фақат ёшлардан ташкил топган илмий муассаса эса комедия». Бу сўзлари билан атоқли олим илмий мактабларда авлодлар алмашиб туришини, илм-фан саҳнасини ташлаб чиқаётган олимлар ишини муносиб давом эттирадиган ёш истеъдодларни тарбиялаш нақадар муҳимлигини қайд этган.

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, Математика институти илмий ходимларининг ўртача ёши 47 га тенг. Илмий муассасанинг истиқболи учун муҳим бу кўрсаткич янада яхшиланиб боради, дейиш учун барча асос мавжуд — охирги йилларда илмий ходимлар маоши бир неча баробар ошди, илмий даражалар учун устама сезиларли миқдорда катталашди, 2018 йилда қатор илмий муассасалар қаторида Математика институтининг базавий харажатлари бюджетдан молиялаштиришга ўтказилди. Қиёслаш учун эслаш жоиз — 2002-2017 йиллар давомида ҳаттоки коммунал хизматлар ҳам илмий тадқиқотлар учун ажратилган грант маблағлари ҳисобидан қопланар эди, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш учун умуман маблағ берилмаган. Бундай ёндашув қандай оқибатларга олиб келиши яхши маълум. Бу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки институт дунё математиклари ўртасида ўз обрўсига эга, ҳар йили ўнлаб хорижлик мутахассислар семинарларда фикр алмашиш, илмий тадқиқотларда ҳамкорлик қилиш мақсадида ташриф буюрадики, очиғини айтганда, институтдаги шароит учун биз меҳмонлар олдида ўзимизни анча-мунча ноқулай сезар эдик. Президентимизнинг қарори туфайли Математика институтининг шароити кескин яхшиланади, худди шу йўналишдаги энг яхши хорижий муассасалар шароитига тенглашади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2020 йил 1 январдан институтни молиялаштириш тўлиқ бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ҳам қувончлидир. Бу тадбир илмий фундаментал табиатли йўналишлардаги, айниқса математика бўйича тадқиқотлар ҳақиқатдан ҳам чуқур муаммоларни ҳал этишга қаратилишини кўзда тутади. Чунки натижада ҳисоботлар ва рейтинглар талаби билан миқдорий кўрсаткичлар кетидан қувмай, эътибор ва салоҳиятни натижаларнинг сифатига қаратишга имкон яратилади. Сиртдан қараганда, илмий тадқиқотларни молиялаштириш танлов асосида ютиладиган грантлар орқали молиялаштирилиш тамойилига зиддек туюлади. Гап шундаки, грантлар муайян мавзуга берилиб, аниқ бажариш муддати белгилаб қўйилади. Бу муддат одатда 2 йилдан 5 йилгача бўлиб, тематик режага мувофиқ чоракма-чорак ҳисобот талаб этилади. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай тизим ўзини фақат амалий мавзулардаги тадқиқотларга нисбатан оқлайди. Мисол тариқасида айтсак, пахтанинг муайян талабларга жавоб берадиган янги навини яратиш ёки қишлоқ хўжалиги техникасининг янги конструкциясини ишлаб чиқиш ана шундай тартибда олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Ўз пайтида Ер сунъий йўлдошини бир орбитадан бошқасига ўтказишнинг оптимал вариантини топиш, учиш аппаратларини автоматик қўндириш масалалари математикадаги амалий тадқиқот намунаси бўлган. Бундай табиатли ишлар грантлар асосида молиялаштирилиши кераклиги равшан. Фундаментал фанларга келсак, улар сирасига биринчи навбатда математика киради, албатта, чуқур илмий натижаларга эришишни олдиндан режалаштириб бўлмайди. Аксинча, олдиндан, «фалон муддатда олинади» деб режалаштириладиган натижа сира ҳам фундаментал бўлмайди. Ўн йиллар давомида очиқ қолаётган муаммоларни ҳал этиш олимдан узоқ муддат, бор диққатни, ақлни жамлаб қаттиқ изланишни талаб этади. Шунинг учун қатъий режалаштириш ва қисқа муддатли ҳисоботлар нафақат илмий изланишларга ёрдам беради, балки уларга тўсиқ бўлади.

Шу нуқтаи назардан қарорда ўзбек математиклари ўз тадқиқотлари даражасини янада юксалтириши, улуғ аждодларимиз — алгебра ва алгоритим тушунчаларининг асосчиси ал-Хоразмий, илмий геодезия фанига таъмал тошини қўйган Берунийларга муносиб тарзда энг юксак натижа ва ютуқларни кўзлаб ишлашлари учун муносиб шароит яратиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга унда мамлакат иқтисодиёти ва бошқариш тизимини инновацион янгилашда математика фанининг муҳим ўрни ҳам кўрсатиб ўтилган. Яхши маълумки, математика асрлар давомида дунёни билишнинг самарали воситаси сифатида хизмат қилиб келган. Бугунги кунга келиб математик моделлаштириш илм-фан тараққиётиниг муҳим омилларидан бирига айланди. Бунга ёрқин мисол америкалик олимлар А.Хожкин ва Э.Хаксли томонидан яратилган, нейрон тўқималари бўйлаб нерв импульсларининг тарқалишини тавсифловчи математик модель бўлиб, у бир неча нерв касалликларининг сабабини очишга имкон берди. Бу ўз навбатида ана шу касалликларни самарали даволаш усуллари ишлаб чиқилишига асос бўлди. Компьютер даври бошланиши билан бундай мисоллар сони геометрик прогресс тезлигида ошиб бормоқда. Улар сирасига Математика институти ходимлари томонидан ишлаб чиқилаётган талай моделлар, жумладан, кимёвий реакциялар моделлари киради. Яна бир мисол учун иссиқлик электр станцияларига бириктириладиган айланиб турувчи регенератив ҳаво қиздирувчи агрегатда иссиқлик тақсимотининг математик моделини кўрсатиш мумкин. Бу модель амалиётга жорий этилган тақдирда сезиларли даражада маблағ тежаш имкониятини беради.

Математиканинг татбиқий имкониятларини ҳисобга олиб, ҳужжатда Институт илмий лабораторияларидан бир қисмини амалий тадқиқотларга йўналтириш вазифаси топширилган.

Маълумки, фундаментал фанлар натижасини амалиётга қўллаш бир томондан олимлар, иккинчи томондан иқтисодиётнинг реал секторлари ва бошқарув соҳаси мутахассислари яқин ҳамкорлигини талаб этади. Ифодали қилиб айтганда, бу борада икки томонлама ҳаракатни таъминлайдиган ишончли кўприк зарур. Зотан, тадқиқотлар натижаларининг бўлғуси истеъмолчилари иштирокисиз амалга оширилган ишлар соф илм-фан нуқтаи назаридан нақадар қизиқарли бўлмасин, жорий этишга келганда умуман маъносиз бўлиб қолиши мумкин. Яна шундай ҳам бўладики, олимлар амалиёт билан боғлиқ масалани ечишади, аммо у назарий натижалигича қолиб кетади. Чунки уни амалиётга татбиқ этишни кимдир, айтайлик, бирор корхона раҳбари ўз зиммасига олиши керак. Бу муайян даражада иқтисодий таваккалчиликни тақозо этиши одатий ҳол. Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, қаерда илм-фан ва ишлаб чиқариш қўлма-қўл иш юритса, бундай муҳитни яратиш масаласи ижобий ҳал этилган бўлса, ўша ерда инновацион ривожланиш ҳам, иқтисодий тараққиёт ҳам юқори ўсиш суръатига эришади. Очиғини айтиш керак, биз ўзимизда кўпинча бунинг тескарисига шоҳид бўламиз — мамлакатимизнинг илмий-техник салоҳиятини писанд қилмаслик кузатилади. Кўп мутасаддиларда ҳамон «хорижникини сотиб олган яхши» деган фикр устувор. Бундай қарашни синдириш вақти етди. Хоҳ маҳсулот бўлсин, хоҳ хизматлар — ишлаб чиқариш соҳаларини илм-фан билан бир-бирига яқинлаштиришга интилиш керак. Шуниси қувончлики, Президент қарорида олимларимизнинг илмий ишланмаларини амалиётга жорий этиш муаммоларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, математикада олинаётган натижаларни бошқа фанлар ва турли соҳаларда фойдаланиш имкониятларини ўрганиб, тегишли хулосалар чиқариш ва чора-тадбирлар кўришга қаратилган, манфаатли томонлар иштирокида учрашувлар, самарали маслаҳатлашувлар ташкил этиш топшириғи берилган.

Пайтдан фойдаланиб шуни қайд этиш лозимки, математик методлар, айниқса, бошқарувда катта самара бериши кузатилади. Бошқариш объекти қанчалик катта бўлса, бошқарувнинг илмий услубларидан фойдаланиш шу қадар катта самара беради. Афсуски, кўплаб корхона ва муассасалар раҳбарлари замонавий бошқариш усулларини ёқтиравермайди, ўз даврини ўтаб бўлган эски маъмурий-буйруқбозлик услубларидан воз кеча олмайди. Ҳолбуки, жаҳонда тўртинчи саноат инқилоби даври авж паллага кирган. Бошқарув объекти қанчалик сертармоқ, мураккаб тузилмали бўлса, бошқарув қарорларини қабул қилиш учун шунчалик кўп вақт ва ресурс сарф бўлиши аниқ. Бундай шароитда «қарор қабул қилиш назарияси», «тармоқлаб режалаштириш» ҳамда компьютерли моделлаштириш деб аталадиган амалий математика соҳаларидан фойдаланиш бошқариш жараёнларини жиддий оптималлаштириш имконини беради.

Қарорда умумтаълим мактабларидан то олий ўқув юртларигача бўлган тизимда иқтидорли ёшлар билан ишлаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш муаммоларига, айниқса, математик олимпиадаларни ташкил этишга махсус эътибор қаратилган. Шу ўринда эслаш лозимки, мамлакатимизда математик олимпиадалар ҳаракатини академик Саъди Сирожиддинов бошлаб берган ва умрининг охиригача математика олимпиадалари республика ташкилий қўмитасининг раиси бўлган. Ҳакамлар ҳайъати олимпиада ҳаракатининг фидойилари бўлган профессионал математиклар — асосан Математика институтининг илмий ходимлари ва ЎзМУ математика факультетининг профессор-ўқитувчиларидан тузилар эди. У пайтларда олимпиаданинг якуний босқичи юртимизнинг турли шаҳарларида ўтказилган. Ҳар бир ҳудуд жамоаси олти ўқувчидан иборат бўлиб, юқори уч синф ўқучиларидан таркиб топиши қатъий белгиланган. Шу билан бирга олимпиада ўтказиладиган ҳудудий бирликка — у хоҳ Тошкент шаҳри бўлсин, хоҳ Жиззах вилояти — асосийсидан ташқари яна бир жамоа билан иштирок этиш ҳуқуқи берилган. Ҳар бир ўқувчига унинг математика ўқитувчиси ҳамроҳлик қилар, натижада олимпиада математика байрамига айланиб кетар, математик олимлар билан иқтидорли ёшлар, энг фаол ўқитувчилар ва халқ таълим бошқармалари методистлари тўғридан-тўғри мулоқот қиладиган майдонга айланарди. Буларнинг ҳаммаси мамлакатда олимпиада ҳаракатининг мустаҳкамланиши ва кенгайишига омил бўлиб хизмат қилган, ўқувчи ёшларда математикага қизиқишни кучайтириш, бу қийин фанга муҳаббат туйғусини уйғотиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўзбек математикларининг бугунги кундаги ютуқлари асосан ўша даврда қўйилган пойдевор устида турибди.

Афсуски, ўтган асрнинг 90-йилларида профессионал математиклар фикрлари ҳисобга олинмай, олимпиада тизимига мутлақо мақсадга номувофиқ ўзгартиришлар киритилди. Бунинг натижаси яхши бўлмади — ҳозиргача мамлакатимиз терма жамоаси кумуш ва бронза медаларини қўлга кирита олди, холос. Айниқса, 2018 йилги халқаро математика олимпиадасида терма жамоанинг натижаси ниҳоятда қониқарсиз бўлди, устига устак терма жамоанинг олтита аъзосидан учтаси мусобақадан четлатилди.

Қарорда математика олимпиадаларини «Сирожиддинов руҳида» тиклаш ва чуқурлаштириш бўйича қатор чоралар кўзда тутилган. Шунингдек, математика ўқув фанлари бўйича дарсликлар ва қўлланмалар Математика институтида экспертизадан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Умид қиламизки, Халқ таълими ва Олий таълим вазирликлари Қарор руҳидан келиб чиқиб математика мутахассисликлари ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ҳамда дастурларини тузиш ёки қайта кўриб чиқишда мамлакатмизнинг етакчи математиклари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Мамлакатимизнинг математиклар жамоатчилиги Президентимиз қарорини кўтаринки руҳда қабул қилди. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши муносабати билан математиканинг яна бир ижтимоий вазифасини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. У ҳам бўлса, математиканинг аҳоли интеллектуал савиясига фаол таъсир кўрсатиш хусусиятидир. Ҳар қандай миллатнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётдаги ютуқлари, аслини суриштирганда, таълим шакллантирадиган интеллектуал салоҳиятга асосланади. Бунда математик таълим ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бунда сўз математик билимлар йиғиндисини берувчи фан устида кетмаяпти. Эътироф этиш лозимки, аксинча математик билимлар ҳаётда физик ва биологик ҳодисалар ҳақидаги билимларга нисбатан камроқ талаб этилади. Сўз инсон тафаккурини қуроллантирувчи фан бўлмиш математика ҳақида. Бу бир қатор хусусиятлар билан белгиланади. Биринчидан, математика ўқувчи ва талабаларда мантиқий фикр юритишни ривожлантиради, ҳатто бу хусусиятга эга ягона ўқув фани дейилса, хато бўлмайди. Математикада ҳар бир тасдиқ қатъий исбот талаб қилади. Мантиқ эса мактабдан сўнг олий ўқув юртини битирган ҳар қандай мутахассисга зарур. Иккинчидан, математика аниқ фикрлашни шакллантиради, ўз фикрларини аниқ ва қисқа ифода этишга ўргатади. Бусиз муҳокама ва баҳслар кўпинча натижасиз якунланишига доим гувоҳ бўламиз. Учинчидан, математика ўқувчиларни алгоритмик тафаккур билан қуроллантиради. Бундай тафаккур унсурлари қадимий математик ёдгорликлардаёқ учрайди (масалан, иккита сонни ўзаро кўпайтириш қоидаси одамнинг миясида алгоритм тарзида сақланади). Бироқ Муҳаммад ал-Хоразмий туфайли бундай фикрлаш ўзига хос тафаккур услуби сифатида шаклланган. У ҳозирги замонда компьютерлар ва компьютерлашган техника билан ишлашда ниҳоятда зарур. Шу билан бирга алоҳида қайд этиш лозимки, фақатгина сифатли математик таълим асосидагина ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш мумкин. Айниқса, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва экспорт қилиш дастурлаштириш мутахассисларидан пухта математик илмни талаб этади. Ва аксинча, математикани яхши ўзлаштирган кишигина дастурлаш мутахассиси бўла олади. Тўртинчидан, математика эвристик тафаккурга ўргатади. Бу — масала ечиш, ностандарт масалаларни ечиш ғояларини излаш, қийин муаммолар «чакалакзори»дан йўлини топиш дегани. Кўп қадамда ечиладиган масалалар билан машқ қилиш, теоремаларнинг ўнлаб мулоҳазалар орқали исботлаш жараёнида ўқувчиларда таҳлилий (аналитик) тафаккур ҳам ривожланади.

Ўқувчида табиий эътироз туғилиши мумкин: математиканинг ҳаётдаги ўрни ошириб юборилмаяптими? Бунга жавобан шундай бир қонуниятни таҳлил этиш тавсия этилади. Бу қонуният замон кўламида ҳам, макон кесимида ҳам ўз кучини кўрсатиб келади. Унга мувофиқ қачон ва қаерда у ёки бу тамаддун юксак ривожланишга эришган бўлса, шу давр ва ҳудудда математика фани ва таълими ҳам юксак даражада ривожланган. Шунинг учун Президентимизнинг ушбу қарори келажакка қаратилгандир. Унда Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланган давлатга айлантириш мақсадига эришишнинг муҳим омилларидан бири мужассам — халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ва бунёдкорлик қудратини намоён этишга, шу мақсадда зарур шарт-шароит яратишга қаратилган. Бу тарихий ҳужжатда қайд этилган топшириқларни амалга ошириш институт жамоаси, мамлакат математиклари жамоатчилиги зиммасидаги масъулиятли ва шарафли вазифадир.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА,

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: