25.06.2019

БОЛА ҲУҚУҚИНИ БУЗИШ, УНИНГ ҲАҚИГА ХИЁНАТ ҚИЛИШ — ОҒИР ГУНОҲ

Мактабгача таълим тизимидаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида

Миллий матбуот марказида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Президентимизнинг таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорига асосан Мактабгача таълим вазирлигида ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати ташкил этилгани ва унинг асосий вазифаларидан бири этиб бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатларининг олдини олиш эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу хизмат республика бўйича жами 43 штат бирлигидан иборат бўлиб, бугунги кунда 38 нафар мутахассис фаолият юритаётгани ҳам айтиб ўтилди.

— Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли даражада назоратда бўлмаганлиги учун бу соҳа танг аҳволга тушиб қолганди, — дейди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқулов. — Ички аудит томонидан 2018 йилда 11 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолати аниқланди ва 278 ўрганиш ҳужжати қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 109 ўрганиш ҳужжатидан 5,4 миллиард сўмлик 101 ўрганиш материали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. Жами аниқланган молиявий қонунбузилишлардан ўтган йилда 47,6 фоизини, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 54,7 фоизини камомад ва ноқонуний харажатлар ташкил этган.

Ноқонуний харажатларнинг асосий қисми 2018 йилда — 40 фоизи, 2019 йилнинг биринчи чорагида 28 фоизи, яъни мактабгача таълим муассасасига турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин ҳақиқатда муассасада ишламаган ходимлар ҳисобига тўғри келмоқда. Уларнинг ижтимоий хавфи нафақат мактабгача таълим тизимига, балки давлат бюджетига зарар келтирмоқда. Хусусан, ишламайдиган ходимлар ноқонуний меҳнат стажига эга бўлади ва уларга шу стаж учун пенсия жамғармасидан пенсия тўланади. Бу ҳам етмагандек, болани муассасада хавфсиз сақлаш ва сифатли таълим олишига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Мисол учун, шундай ҳолатлар кузатилдики, ошпаз, фаррош каби вазифаларга расмийлаштирилган ходимлар тарбиячининг ўрнига ишламоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур иллат мактабгача таълим тизими ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатувчи энг катта ва асосий зарарли омиллардан биридир.

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этиш мақсадида вазирлик томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда, масалан, жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун мактабгача таълим муассасаларида кузатув кенгашлари ташкил этилган.

Бироқ ушбу муаммоларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ёрдамисиз ҳал этиш мушкул. Шунинг учун барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Молия вазирлигининг давлат молиявий назорат органи, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Яна бир ҳолат, ходимларга иш ҳақларини бермасдан ноқонуний ўзлаштириш, ходимларга сохта иш ҳақи ва мукофот пулларини ёзиб, нақд пулларни асоссиз ҳисобдан чиқаришдир.

Мисол учун, Хоразм вилояти Шовот туманидаги 14-сонли мактабгача таълим муассасасида ишлаган ходимларга 5-6 йиллаб ўзларига тегишли бўлган ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўлиқ берилмаган, яъни муассаса мудираси ойлик иш ҳақининг фақатгина 40 фоизини бериб, қолган фоизини ўз эҳтиёжига ишлатиб келган. Ишга қабул қилишда эса 4 ойлаб текинга ишлатилган. Бу ҳам етмагандек, муассаса ходимлари фермер хўжаликларида ишлашга жалб қилиб келинганлиги ҳолатлари аниқланган.

Яна бир ачинарли ҳолат. Ушбу муассасани мудиранинг қайнонаси бошқариб келган. Аслида мудира келин бўлган, қайнонаси эса 2010 йилдан шу муассасага тарбиячи лавозимига расмийлаштирилган. Ҳақиқатда эса қайнона мудира сифатида фаолият олиб борган. Келин мудира эканлигини ҳаттоки МТМнинг ходимлари ҳам билишмаган. Ушбу муассасада ўтказилган дастлабки ўрганиш ва якуний тафтиш ишлари натижасида жами 197,5 миллион сўм миқдорида давлат бюджети маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

— Минг афсус билан шуни айтиш мумкинки, ота-оналарнинг болалар таъминотига ҳамда ҳомийлик асосида тўлаган пулларини ғазнага кирим қилмаслик ҳолатлари учраб турибди, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов. — Аслида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган «Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан болалар таъминоти учун тўловлар ҳар ойнинг 15 санасидан кечиктирилмасдан тўланиши ҳамда болалар таъминоти учун тўловлар фақат тижорат банклари орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланиши лозимлиги белгиланган.

Ота-оналар тўлов пулларини нақд пулда гуруҳ тарбиячисига беришади. Улар ўз навбатида нақд пулларни мудирага ёки мудира томонидан бириктирилган ходимга беришади. Шу тариқа йиғилган пуллар ноқонуний ўзлаштирилишига шароит яратиб беришади.

Ота-оналар тижорат банклари орқали тўлов қилмасдан муассаса ходимларига нақд пулни бериши оқибатида болаларнинг тўлов пуллари талон-тарож бўлмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 19-сонли МТМда — 100 миллион сўм, Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги 24-сонли МТМда — 64,3 миллион сўм тўлов пуллари ғазнага кирим қилинмаган. Ота-оналар шуни ёдда тутишлари лозимки, МТМ томонидан нақд пулларни қабул қилиб олиш мутлақо мумкин эмас.

Ўз ўрнида айрим нопок ходимлар томонидан болаларнинг ризқи қийилишига шароит яратмаслик учун, ота-оналардан тўлов пулларини ўрнатилган тартибда тегишли банк муассасалари орқали тўлашларини сўраб қолардик.

Яна бир ўта ачинарли ҳолат, тарбияланувчилар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан ўзлаштириш. Минг афсуски, бу энг кўп учрайдиган ҳолатлардан биридир. Бугунги кунда болаларнинг озиқ-овқат таъминотидаги камчиликларнинг олдини олиш вазирликнинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Чунки буни ҳар куни назорат қилишнинг имкони йўқ. 5700 дан зиёд давлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд.

Ўрганишлар давомида озиқ-овқатларни болаларга бермасдан яшириб қўйиш ҳолатлари, озиқ-овқат маҳсулотларини таомномада таом пиширишда ишлатилган деб кўрсатиб, лекин ҳақиқатда маҳсулотлар қозонга солинмаганлиги аниқланган. Хусусан, Яшнобод туманидаги 596-сонли, Сергели туманидаги 292-сонли, Мирзо Улуғбек туманидаги 137-сонли, Миробод туманидаги 548-сонли, Сирдарё туманидаги 1-сонли, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 5-сонли, Қуйи Чирчиқ туманидаги 8-сонли, Чирчиқ шаҳар 9-сонли, Ўрта Чирчиқ туманидаги 4-сонли, Нурафшон шаҳридаги 7-сонли мактабгача таълим муассасаларида болаларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг маълум бир қисми ходимлар томонидан турли йўллар орқали яшириб қўйилган. Бу ҳам етмагандик, Жиззах шаҳридаги 39-сонли МТМ ходимлари аудиторлар келганида тарбияланувчиларга бериладиган 27 килограмм гўшт маҳсулотини яшириб қўйган ва уни яшириш учун канализация чуқурига ташлаб юборишган.

Бундан ташқари, вазирлик ва ҳудудий бўлинмалар томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича чоралар кўрилмоқда, масалан, Яшнобод туманидаги 596-сонли МТМда яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт — 11,7 килограмм, пишган гўшт — 10,9 килограмм, товуқ гўшти — 4 килограмм, шакар — 23,8 килограмм, чой — 0,65 килограмм, қанд— 1,45 килограмм, сариёғ — 5,5 килограмм, тухум — 100 дона, сут — 2,5 литр ҳолатлари аниқланиб, ошхона ходимлари вазифасидан озод этилган. Ҳужжатлар эса прокуратура органларига қонуний чора кўриш учун юборилган.

Бир сўз билан айтганда, вазирлик мактабгача таълим тизимидаги ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларини — бола ҳуқуқини бузиш ва уларнинг ҳақига хиёнат қилиш, деб ҳисоблайди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Мактабгача таълим вазирлигининг ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати ҳудудларда ўтказган ўрганишлар давомида озиқ-овқатларни болаларга бермасдан яшириб қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Алоҳида хонада яшириб қўйилган озиқ-овқатлар

27 кг. гўштни канализация қудуғига ташлаб юборишди

Яна бир хонадаги аҳвол


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: