18.06.2019

КИТОБ, КУТУБХОНА, КУТУБХОНАЧИ

кеча, бугун, эртага

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори бутун халқимизни, қолаверса, 12 мингдан ошиқ ахборот-кутубхона муассасаларининг мутахассисларини жуда қувонтирди.

 

Жамият тараққиётининг бирор-бир соҳаси, йўналиши йўқки, китобсиз ва билимсиз, кутубхона хизматисиз ривожланса. Лекин афсус билан айтиш керакки, китобхонларнинг кутубхона хизматидан тўла ва самарали фойдаланиши учун барча шарт-шароитлар, қулайликлар етарли эмас. Кутубхоналарнинг моддий-техник базаси ўта ночор аҳволда. Кадрлар масаласи ҳам долзарб муаммо. Кутубхоналарда узоқ йиллар хизмат кўрсатиб келган фидойи ходимларнинг кўпчилиги 70-80 ёшни қоралашган. Бизга устозлик қилган ўқитувчиларимизнинг кўпчилиги дунёдан ўтиб кетишди.

Ривожланган мамлакатлар кутубхоналарида қўлланилаётган энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳали бизга етиб келмаган. 1958 йил Қўқон педагогика институти таркибида фаолият юритган кутубхоначилик факультети 1960 йилдан Тошкент давлат педагогика институти таркибига ўтказилди. 1974 йилда Тошкент давлат маданият институти очилди ва алоҳида кутубхоначилик факультети ҳам шу институтга ўтказилди. Бу факультет 2012 йилга қадар барча типдаги ва турдаги 17 минг кутубхона учун анъанавий кутубхоначилик ва библиография иши бўйича бакалаврлар, магистрлар тайёрлади.

2006 йилда барча оммавий кутубхоналар ўқув муассасалари кутубхоналари билан бирлаштирилди. Аввалги марказлашган кутубхоналар тизими тугатилди. Натижада кутубхоналар қисқариб, аҳолидан узоқлашиб кетди, арзимаган сабаблар билан китоб фондлари йўқотилди. Минглаб китоблар — халқимизнинг маънавий мероси, илмий ва маданий бойлиги изсиз йўқолди.

2012 йилда замон талабларидан келиб чиқиб, Тошкент давлат маданият институти Санъат институти билан бирлашиб, кутубхоначилик факультети Тошкент ахборот технологиялари университетининг ахборотлаштириш ва кутубхонашунослик кафедраси сифатида ишини давом эттирди.

Бугунги кунга келиб кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш масаласи кун тартибига чиқди.

 Биз, бир гуруҳ мутахассислар хорижий мамлакатларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш самарадорлигини, тажрибасини ўрганиш мақсадида Германия ва Жанубий Корея мамлакатларида бўлдик. Германияда ҳамманинг қўлида китоб. Ака-ука Гримм кутубхонасини эшитганмиз, талабаларимизга сўзлаб берганмиз, ниҳоят уни ўз кўзим билан кўриш бахтига муяссар бўлдим. 11 қаватли бинода жойлашган университет кутубхонасидан аҳолининг ҳамма табақаси фойдаланади. Китобхонлар эрталаб соат 8 дан кечқурун 22 гача, профессор-ўқитувчилар, талабалар 22 дан тонггача бу ерда шуғулланар экан. 1000 кишига мўлжалланган ўқув залларидан жой олиш учун буюртма онлайн тарзида берилади. Кечасими, кундузими, китобхон бу ерда овқатланиши, дам олиши учун барча шароитлар муҳайё. Турли хил ҳажмдаги кутубхона ресурсларини электрон шаклга ўтказиш учун энг катта қувватга эга техник воситалар мавжуд. Қадимги қўлёзмалар, ноёб адабиётларни рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ягона китобхонлик гувоҳномаси билан Берлин шаҳридаги барча кутубхоналардан фойдаланиш имкони яратилган.

Кутубхона фондларини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш масаласи жуда долзарб. Германиядаги оддийгина туман кутубхонасининг биноси бизни ҳайратга солди. Мамлакатимизда кутубхоначилик архитектураси умуман ривожланмаган. Уларда эса қуёшнинг қайси томондан чиқиши ва ботиши, шамолнинг қайси томондан эсиши, китобхоннинг компьютер қаршисида қандай ҳолатда ўтириши, компьютерлар оралиғидаги масофа, китоб токчалари орасидаги масофа, китобларнинг токчаларда жойлашиш тартиби, ҳолати, намлик даражаси, тозалаш йўллари, шамоллатиш қоидалари ҳам ҳисобга олинган. Буни архитекторлар билади ва тушунади. Кутубхонанинг ҳар бир иши, ҳар қандай ҳолати бир-бирига боғлиқ. Корея кутубхоналарида китобхон хоҳлаган ҳолатда, хоҳлаган жойида, масалан, зиналарда ҳам ўтириши мумкин.

Жанубий Кореяда эса шанба-якшанба кунлари ота-оналар учун кутубхона кунлари ҳисобланар экан. Яъни, ҳар бир фарзанди бор ота-она 2 ёшдан бошлаб болалари билан кутубхонада ўтиради. Фарзандини китоб токчаларидан мустақил китоб қидириб танлашга ўргатади, танланган китобни фарзандига ўқиб беради, кутубхона тадбирларида биргаликда қатнашади.

Жанубий Кореянинг барча кутубхоналарида болалар учун алоҳида хоналар ташкил этилган. Ота-оналар 2 ёшдан катта фарзандлари билан ўқув залларида машғул бўлса, эмизикли боласига махсус хонада ҳамширалар қараб туради, овқатлантиради, зарур ишларни бажаради. Болалар психологияси ҳисобга олиниб, турли хил ранглар, қизиқарли ҳайвонлар сиймосида ўқув хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Президент қарори иловасида белгиланган кутубхоналар учун янги бинолар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш вазифаси айнан бизнинг Фундаментал кутубхонага ҳам тааллуқли. 2014 йилда кутубхонамизда реконструкция ишлари бошланган эди. Унинг фасад қисми бутунлай қайта таъмирланди, 70 та компьютер олинди. Биз ҳам китобхонларимизга янги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни, барча шарт-шароитларга, янги жиҳозларга эга бўлишни, ана шундай шароитда залларимиз китобхоналар билан тўлиб-тошиб туришини истаймиз. Аммо кутубхонанинг ички қисмини тўла таъмирдан чиқариш ишлари ҳалигача бошлангани йўқ.

Соҳага оид ихтисослаштирилган илмий кенгашнинг ташкил этилиши жуда кўп муаммоларни бартараф этишга имкон беради. Чунки ҳозиргача бу борада номзодлар ёки фан докторлари бармоқ билан санарли даражада, борлари ҳам нафақага чиқиб кетган.

Мамлакатимизда 21 майнинг кутубхоначилар куни деб белгиланиши соҳа ходимлари кўнглини тоғдай кўтарди. Бу кутубхоначилик касбининг, кутубхоналарнинг имижини оширади. Ёшларда бу касбга паст назар билан қарашнинг, кутубхоначи бўлиш учун ҳам ўқиладими ёки кутубхоначининг фақат китоб бериб, китоб олиб ўтиришдан бошқа иши йўқ, деган муносабатларга барҳам беради. Ана шу кун муносабати билан ахборот-кутубхона муассасаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилганларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш масаласининг кўтарилиши айни муддао бўлди. Устозларимиз, ҳамкасбларимиз орасида 30-40 йил давомида кўзга кўринмас, лекин савобли, зиё тарқатувчилик ишини бажариб келаётганлар қанча.

Соҳада кўп йиллар фаолият кўрсатганларни оз бўлса-да қадрлаш мақсадида кутубхонамизда «Соҳамиз фидойилари» номи остида фидойи касб эгалари ҳақида тўплам нашр қила бошладик. Албатта, бунда кутубхоначи ёки кутубхонашунос ва библиограф олимларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилади, улар ҳақидаги мақолалар берилади ҳамда нашр этилган асарлари рўйхати ҳам илова қилинади.

Кутубхонамиз мутахассислари Мирзо Улуғбек туманига қарашли «Олимлар маҳалласи»да жойлашган 145-сонли болалар боғчасида кутубхона ташкил этди. Унда бизга Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Ёзувчилар уюшмаси, олимлар яқиндан ёрдам беришди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: архитектор тайёрловчи олий ўқув юртларида кутубхоначилик соҳаси учун архитекторлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарур. Яна бир муаммо шундаки, китоб маҳсулотларининг нархи масаласи. Уни ҳам бир тизимга, тартибга тушириш зарур. Бир номдаги адабиёт оддий китоб дўконларида бошқача нархда, бошқаларида бошқача нархда. Кўплаб кишиларимиз айрим адабиётларнинг шахсий кутубхонасида бўлишини, кимгадир совға қилишни хоҳлайди. Авваллари китоблар кўп минг нусхада нашр қилинарди. Бу эса 17 минг кутубхонага ҳам, китоб сотиб олувчиларга ҳам етарди. Шунга кўра, китоб нархи ҳам анча арзон бўларди. Назаримда, ҳозир китоб бизнеси авж олди, эндиликда қайси китоб ўқувчилар эътиборини тортса, кўпроқ сотиб ола бошласа, шу китоб танқис, пештахта тагида ёки дўкончи қанчага хоҳласа, шунча нархга сота бошлайди. Китоб савдоси тизимини тартибга солиш, нашрлар нусхасини ошириш, нашриётлардан китобнинг нархини кўрсатган ҳолда сотувга чиқариш, уни назорат қилиш керак бўлади. Яна бир муаммо — айрим нашриётларда чоп этилаётган китоблар газета қоғозида, полиграфик жиҳатдан паст сифат билан, юпқа муқовада ёки ялтироқ қоғозда бир неча марта қўлга олгандаёқ сифатини йўқотадиган ҳолатда китобхонлар қўлига етиб келмоқда.

Францияда китоб мутолааси, ўқиш психологияси, ўқиш педагогикаси, ўқиш тезлиги, ўқиш гигиенаси каби масалалар мактабданоқ ўқув дастурларига киритилган.

Президент қарорига илова қилинган Концепцияда кутубхона ходимларига уй-жой сотиб олиш учун фоизсиз кредит бериш ҳақидаги топшириқ ҳам айни муддао бўлди. Умр бўйи кутубхонада ишлаб, фарзандлари бўй етиб қолса-да, ижарада яшаб юрганлар бор. Вилоятлардан келган, аммо иқтидорли, йирик кутубхоналар учун зарур ноёб мутахассисларни Тошкент шаҳрига ёки пойтахтга яқин Тошкент вилояти туманларига доимий рўйхатга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилса, уларни уй-жой билан таъминлаш ҳам ўз-ўзидан ҳал этилади.

Ушбу қарор ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш билан банд барча муассасаларнинг келгуси тараққиётига йўл очиб беради, шу билан бирга аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди, масъулиятини оширади.

 

Зуҳра БЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: