Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
18.06.2019

ДАВЛАТ ҲУҚУҚНИ, ИМТИЁЗНИ СОТАДИМИ?..

Фикрлаган, савол берган жамият тез ўсади

Ҳар қандай давлатнинг асосини халқ ташкил этишини ҳамма билади. Лекин билиш бошқа, ҳис этиш умуман бошқа экан. Кўзларимизни юмиб, бир муддат тасаввур этайлик, Ўзбекистондаги одамлар, яъники халқ бўлмаса, шу ердаги давлатнинг, ташкилотлар, ҳашаматли бинолар, ваколатли муҳрларнинг аҳамияти ҳам йўқ бўлиб кетади. Шаҳару қишлоқлар, далаю боғ-роғлар, улкан заводу корхоналар ҳувиллаб қолади. Ҳар қандай мамлакат ва давлатнинг кучи, файзи энг аввало одамлар билан, албатта.

Халқ билан мулоқот тадбирлари натижасида мулозимлар реал ҳолат ва ҳақиқатни тобора теранроқ тушуна бошлагани кишига чексиз қувонч бағишлайди. Ўйлаб кўрсак, халқимиз тушуниш сиёсатига неча юз йиллардан бери ташна бўлган. Хонликлар давридан буёғини олиб, Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ўтиш даври қийинчиликларини қўшиб ҳисобласак, халқимизнинг туриш-турмуши осон кечмаган. Бобо-бувиларимиз ҳуқуқлар устуворлиги асосида эмас, муайян шартлар ва шароитни ҳисобга олган ҳолда ишлаб, яшашга кўниб, кўникиб келган. Тақдир юзма-юз қилган синовли замонлар ортда қолди, бугун халқимиз кучга, ирода ва фикрга тўлиб боряпти.

Давлату ҳукумат қаттиқ меҳнат қилаяпти, муаммо оз эмас, уларни бирин-кетин ҳал этиш осон бўлмайди, ҳаммаси тушунарли. Яхши ишларни халқ кўриб, билиб турганига шубҳа йўқ. Албатта, фақат давлат ишлаб, халқ бир чеккада қараб тургани йўқ. Жон кўп, (ишчи) жой кам; даромад оз, харажат мўл даврдаги турфа қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб келаяпти.

Кичикроқ тепаликка чиқиш учун ҳам одамга кайфият керак. Ваъда этилаётган буюк келажакка етмоқ учун халққа ҳам, давлатга ҳам иштиёқ жуда зарур. Кўз тегмасин: охирги йилларда икки томонда ҳам интилиш, ўсиш сезилди.

Лекин охирги ҳафталарда ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама этилаётган айрим мунозарали масалалар кенг жамоатчиликнинг кайфиятига таъсир кўрсатаётгани яққол сезиляпти. Муҳокама, эътироз ва мунозаралар марказида битта асосий савол турибди: давлат ташкилотлари айрим ҳуқуқ ва имтиёзларни пулга сота бошладими?..

Бу – жиддий савол.

Бу – жиддий ўйлашга ундайдиган савол.

Ўтган ҳафта Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида журналистлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда қизиқарли, айни пайтда характерли савол-жавоблар кузатилди. Ноқулай саволларнинг аксарияти фуқароларни доимий рўйхатга қўйиш ва автомашина ойналарини қорайтириш масалалари билан боғлиқ бўлибди. Саволлар қизиқ, жавоблар ундан ҳам қизиқ.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан янги қурилган кўчмас мулк сотиб олган фуқаролар доимий рўйхатга қўйилиши белгиланган. Фақат бунинг шартлари бор. Биринчи шарт шундаки, янги қурилган уй сотиб олган, бироқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турмаган фуқаро шартнома пулининг 5 фоизини (лекин энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ)нинг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда) тўлаши керак. (Ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда турган фуқаро асосан ЭКИҲнинг 1 баробарини тўлайди). Шунингдек, харид қилинган янги уйни уч йил ичида сотишга қарор қилинса, Тошкент (шаҳар ва вилоят)да доимий рўйхатдан ўтган фуқаро ЭКИҲнинг 1 баробари миқдорида, бошқа ҳудудлардан келган фуқаролар эса 400 баробари миқдорида бож тўлаши қайд этилган.

Журналистлар ИИВ вакилларидан Ўзбекистон фуқаролари учун икки хил божлар жорий этилиши сабабларини сўраган. ИИВ вакиллари бу саволни парламентга ёки ҳукуматга беришни тавсия қилган.

Бундай қарорни Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган, бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Биз ижро этувчи органмиз. Ҳукумат қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, бажаришга мажбурмиз. Бундай саволлар билан қонун чиқарувчи органга ёки Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишингиз керак, бизга эмас, дея фикр билдирган ИИВ бошқарма бошлиғи.

Доимий рўйхат, яъни «прописка» масаласи ҳамон энг кўп эътироз билдириладиган мавзу бўлиб қоляпти. Аслида тортишадиган масаланинг ўзи йўқ, бу борадаги тақиқ инсоннинг энг олий ҳуқуқларига хавф солиб турибди. Саволлар очиқ, уларга парламент ва ҳукумат жавоб бериши керак. Инсоннинг устувор ҳуқуқлари нозик масала, давлатга нисбатан халқаро ҳамжамият муносабатининг кайфиятига таъсир кўрсатадиган масала. Яъники, жавоб берилмагунча, бу мавзудаги саволлар очиқ тураверади...

Ўша мулоқотда яна бир мавзу автомашиналарнинг орқа ойналарини қорайтириш, яъни орқа ўриндиқларни қуёш иссиғидан тўсиш масаласи ҳам кўтарилибди. Болалар орқа ўриндиқларда ўтиради, мактаб, боғча, жазирама кунлардаги бошқа турли сафарлар вақтида машина салонига тўғридан-тўғри тушадиган иссиқ нурдан қийналади. Шуни ҳисобга олиб, жамоатчилик автомашиналарнинг орқа ўриндиқларини соялатиш, яъни ойналарни камроқ фоизда қорайтиришга рухсат берилишини сўраган эди. Бунга рухсат берилди, лекин жуда катта ҳақ — 16 миллион сўм эвазига. Бунинг маъноси шундай бўлдики, пули кўпга мумкин, пули камроқларга йўқ. Бу тартиб ҳам кенг жамоатчиликнинг эътирозидаги масала бўлиб турганди. ИИВ вакилининг бир фикри мунозараларни янада қизитиб юборди.

Рухсатнома олмасдан «тонировка» қилганлик учун жарима миқдори кескин оширилишидан мақсад нима экани ҳақидаги саволга ИИВ вакили «биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчилигининг мақсади бошқа бўлиши мумкин», деган мазмунда жавоб берибди. Таажжуб! Ундан келиб чиқди, рухсатнома билан ойнаси қорайтирилган автомашинанинг орқа ўриндиғида ким нима иш қилаётганини ИИВ ходимлари кўриб, «билиб»турар экан-да?.. 16 миллион тўламаган бир фуқаро шунча пулни тўлаган бошқа фуқарога нисбатан шубҳалироқми шунда? «Пул тўласангиз, фарзандингиз, оила аъзоларингиз жазирама пайтда машинада сояда ўтирсин, пул тўламасангиз, ўзингиз биласиз. Яъни, соя пул туради. Аслида мумкин эмас, лекин кўп пул тўласангиз, марҳамат!», деган маънолар чиқмаяптими бундан?..

Бу масала бўйича айрим фикр билдирувчилар ҳар хил қоидаларни ўйлаб топишдан, жорий этишдан кўзланаётган асосий мақсад бюджетга муайян ташкилот номидан кўпроқ пул тушириш, шу орқали «яхши кўринишга уриниш», идоравий манфаатдорликни ошириш эканини айтишмоқда.

Мактабларга болаларни қабул қилиш тартиб-қоидаларига киритилган ўзгартиришлар ҳақида турли фикрлар билдириляпти. Айниқса, талабгорлар кўп бўлган мактабларга бошқа ҳудудлардан болаларни қабул қилишда тўлов жорий этилаётгани кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Мактабга қабул жараёнлари муаммоларини пулга боғлаб ҳал қилишга уринилаётгани, бу Конституцияга зид келаётгани эътирозларга сабаб бўлди.

Кундузи автомашиналарнинг яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юриш мажбурийлиги ҳақидаги ҳукумат қарори ўзгартирилди. Бу масалада ҳам эътирозли мулоҳазалар эшитилди. Айниқса, кундузи «фара»ларни ёқиб юрмаганлик учун ҳайдовчиларга ёзиладиган жарима пулларининг муайян қисми тўғридан-тўғри ИИВ махсус жамғармаларига тушиши, бу идоравий манфаатдорликка олиб келиши хусусида хавотир билдирилди. Тўғри, бу қарор бекор қилинди. Лекин яхши ўйланмаган қоидаларни жорий этишдан идора фойдасига пул тушумини ошириш илинжида бўлингани ҳақидаги фикрлар миллионлаб кишиларнинг эсида қолди.

Давлатнинг, вазирликларнинг вазифаси халққа хизмат қилишми ёки одамлардан пул йиғиш пайида бўлишми? Агар давлатнинг баъзи ташкилотлари одамларнинг қўлига қараб, халқнинг чўнтагига кўз тикиб турган бўлса, бу уят эмасми?..

10 июнь куни «Ўзчармсаноат» ассоциацияси меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га чарм-пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар соҳасини ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини жойлаштирди. Унда мамлакатимизга импорт қилинаётган оёқ кийимларга божхона тўловини ошириш таклиф этилган. Бу масала бўйича ҳам кескин танқидий фикрлар билдириляпти. Уларнинг маъноси шундай: ўзбекистонликлар шундоқ ҳам чет элдан келтириладиган оёқ кийимларни қимматга сотиб олишга мажбур бўляпти. Божхона тўловлари, олибсотарлар қўяётган катта устамалар нархни кескин ошириб юборяпти. Шунга қарамай, харидорлар олишга мажбур. Чунки ўзимизда сифатли, чидайдиган оёқ кийимлар етарли даражада ишлаб чиқарилмайди. Таклиф этилаётган тартиб нархларнинг осмонга чиқиб кетишига олиб келади.

Баъзида озроқ катта кетамиз, лекин қўшни давлатларга борсак, уларнинг бозорларида кийим-бош, оёқ-кийим биздагидан арзонроқ, сифатлироқ бўлади. Тан олиш керак, халқимизнинг даромадлари ҳали унча юқори эмас, бироқ шу катта бўлмаган даромаднинг асосий қисми кийим-кечакка, еб-ичишга кетиб қоляпти, билимлар учун, дунёқарашни кенгайтириш учун, соғлиқни мустаҳкамлаш учун пул деярли қолмаяпти. Бу эса айланиб келиб давлат равнақига жиддий таъсир кўрсатади. Шундай бир вазиятда яна кийим-кечакнинг нархи ошишига йўл очиш кимга керак? Ёки харидорларнинг ҳуқуқини чеклаш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга имтиёз яратишдан кимлардир манфаатдорми?

Шундай бўлган тақдирда ҳам бу «усул» иш бериши қийин. Сабаби, ўзимизда чиқаётган маҳсулотларнинг сифати кескин яхшиланмас, ишлаб чиқарувчилар ўз устида қаттиқ ишламас экан, гарчи янада қимматласа ҳам барибир импорт маҳсулотлар харидорлари камайиши қийин.

Бир қарашда бу масалалар кимгадир унчалик муҳим эмасдек туйилиши, яна кимдир мамлакатда булардан муҳим масалалар кўп, деб ўйлаши ҳам мумкин. Тўғри. Лекин жамоатчиликнинг кайфияти, иштиёқи ва ишончига таъсир ўтказиши мумкин бўлган масалаларда катта ёки кичик, деган ўлчовлар роль ўйнамайди. Кўпчиликни қизиқтирган ҳар қандай масала катта ва жиддийдир.

Юқорида келтирилган барча мисолларни умумлаштирадиган бир характерли жиҳат, минглаб фикрлар, муҳокамалар мазмунидан англашилаётган долзарб саволар бор. Саволлар шундай бўляптики, давлат ташкилотлари ҳуқуқ ва имтиёзларни сотяптими? Давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш учун ғайритабиий «услуб»лардан фойдаланиляптими? Идоравий манфаатдорлик ўйланяптими? Бундай ёндашув ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаяптими?.. Ҳозирча якуний хулоса чиқариш қийин.

Фикрлаётган, эртанги куни ҳақида қайғураётган жамиятдагина мунозара бўлади, саволлар туғилади. Саволлар бўлгани яхши. Зеро, уларга бир кун барибир жавоб топилади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: