11.06.2019

ТАЛОН-ТАРОЖ ЭТИЛГАН ДАВЛАТ МУЛКИ,

бузилган бинолар ёки ўзи қурган иншоотларга эгалик қилолмай, 9 йилдан буён сарсон-саргардон бўлиб юрган тадбиркор Жаҳонгир Ҳакимовни эшитадиганлар борми?

Самарқанд шаҳар, Хўжагунжоиш кўчаси, 35-уйда яшовчи фуқаро Жаҳонгир Ҳакимовнинг бир папкадан иборат шикоят-аризаси бўйича журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида хизмат сафарига йўл олдим. Унинг ёзишича, турмуш ўртоғи Зарина Ҳакимова, қайнотаси Аброрқул Жабборов ва қайнонаси Зуҳра Жабборовалар билан ҳамкорликда тадбиркорлик билан шуғулланиш давомида ўз оилавий маблағи ҳисобидан Геологлар қўрғони, 3-манзилда 2004-2009 йиллар давомида қурилиш ости майдони 2817,91 квадрат метр, умумий майдони 39255,41 квадрат метрдан иборат бўлган ҳудудда 1 та тарозихона, 4 та омборхона, 1 та кўмир тушириш учун мўлжалланган усти очиқ омборхона, 104 метр узунликдаги девор ва 360 пагонометр темирйўл шахобчасини тиклаган. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори билан бу иншоотлар бузиб ташланган.

Гап қандай низоли масала устида кетаётганини яхшироқ англаш учун воқеага аниқлик киритадиган бўлсак, Катта ўзбек трактининг Самарқанд шаҳрини четлаб ўтадиган қисмидаги кўприк остидан «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли поездлар ҳаракатланади ва шу билан бирга бу ерда 70-разъезд жойлашган. Ана шу ҳудуднинг бир қисмида шўро тузуми даврида юк-товар поездларида олиб келинган ва олиб кетиладиган қурилиш, саноат ҳамда турли хил маҳсулотларни ортиш-тушириш учун Тожикистон Республикасининг «Моғиён» Геология қидирув экспедицияси транзит базаси фаолият юритган.

 Мазкур базага тегишли 6 та маъмурий ва ёрдамчи бино, 5 та омборхона, бир қанча ёпиқ айвон, устахона, гараж, насосхона, ошхона, юк туширадиган асфальт майдон ҳамда темир йўл шахобчалари мавжуд бўлган. Жаҳонгир Ҳакимовнинг отаси Тош Ҳакимов 1992 йилдан «Моғиён» Геология қидирув экспедицияси транзит базасида иш юритувчи бўлиб ишлаган. 1994 йилда Жаҳонгир Ҳакимов ҳам базага ишга кирган ва «Дамир» тадбиркорлик корхонаси ташкил этиб, «Моғиён» Геология қидирув экспедицияси билан 2007-2010 йилга қадар ижара шартномаси тузган. Ўтган йиллар мобайнида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида бир қатор бино ва темир йўл шахобчаларини қурган ва таъмирлаган. Шу билан бирга ер-мулк солиғи, электр энергияси сарфи ва бошқа тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 2010 йил 25 февралдаги хатида Самарқанд махсус базаси 1955 йилдан собиқ шўро давлати бюджети ҳисобидан молиялаштирилган ва 1992 йил 9 сентябрдаги Бишкек келишувига мувофиқ Ўзбекистон мулки ҳисобланиши кўрсатилган.

Давлат мулк қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг 1999 йил 8 июлдаги буйруғи билан «Моғиён» транзит базаси бошқарма балансига қабул қилинган ва кўчмас мулк биржаси вилоят филиалида очиқ савдога қўйилган.

«Моғиён» Геология қидирув экспедицияси фаолияти мазкур ҳудудда тўхтаб қолгани боис, Жаҳонгир Ҳакимов ўзи томонидан қурилган бино ва ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини эътироф этишни сўраб, Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига мурожаат қилади. Суд томонидан 2010 йил 10 майда қабул қилинган ҳал қилув қарорига биноан мазкур иншоотларга унинг эгалик ҳуқуқи белгиланади.

Шундан сўнг Жаҳонгир Ҳакимов бу иншоотларни «Самарқанд Амир Заргар» МЧЖ сифатида шаҳар ҳокимлигидан рўйхатдан ўтказади ҳамда ҳокимликка «Моғиён» Геология қидирув экспедицияси корхонасининг унга нисбатан ушбу мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ўрнатилишига қарши эмаслиги ҳақидаги хатини тақдим этади. Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди томонидан ҳал қилув қарорига биноан мазкур иншоотларга унинг эгалик ҳуқуқи белгиланган бўлса-да, Жаҳонгир Ҳакимов уларни кадастр рўйхатидан ўтказолмайди. Масала ҳал бўлмагач, 2011 йилнинг 24 февралида ўзига тегишли низоли объектни биржа савдоси орқали Ўткир Тошпўлатовга 300 миллион сўмга сотиб юборади.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят кассация инстанциясининг 2011 йил 14 апрелдаги ажрими билан Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинади ва Жаҳонгир Ҳакимовнинг эгалик ҳуқуқини белгилаш бўйича даъво талабларини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинади.

2013 йил 19 февралда Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанцияси ажримига биноан 2013 йил 15 июлда Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан ушбу объектни Самарқанд вилоят Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказиш мақсадида комиссия тузилади. Ҳокимнинг 2014 йил 22 апрелдаги қарорига биноан «Моғиён» ГҚЭ корхонасига тегишли барча мол-мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказилади ва кадастр рўйхатига олинади. Лекин Жаҳонгир Ҳакимовга тегишли бино ва иншоотларни кадастр рўйхатига олишга негадир рухсат берилмайди.

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2015 йил 2 апрелдаги ҳал қилув қарори билан 2011 йилнинг 24 февралида «Самарқанд Амир Заргар» МЧЖ ва Ўткир Тошпўлатов ўртасида Республика кўчмас мулк биржаси Самарқанд вилоят филиали орқали тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилади ва Ўткир Тошпўлатов фойдасига 300 миллион сўм ундириб берилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги даъвосига кўра, Жаҳонгир Ҳакимов эгаллаб турган бино-иншоотлардан мажбурий тартибда чиқарилади.

Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 11 июнда чиқарган ажримига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2015 йил 2 апрелдаги ажрими ва ҳал қилув қарори ҳамда Самарқанд вилоят судининг 2015 йил 19 майдаги ажрими бекор қилинади. Иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилади.

2016 йил 26 январда бино ва иншоотларни ёки уларнинг алоҳида қисмларини ижарага бериш бўйича Давлат мулкини ижарага бериш маркази, Самарқанд вилоят Ободонлаштириш бошқармаси ва «Иқбол Умиджон» ўрталарида тузилган уч тарафлама шартномага асосан 2021 йилга қадар бино ва иншоотлар мазкур МЧЖга ижарага берилган.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2016 йил 6 июнда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармасига берилган хатда Жаҳонгир Ҳакимов томонидан қурилган бино ва иншоотларни ўрнатилган тартибда кадастрдан ўтказиш сўралган. Лекин ҳар иккала давлат идораси томонидан акс-садо бўлмаган.

Жаҳонгир Ҳакимов ўз маблағи эвазига қурилган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини белгилашни сўраб, Вазирлар Маҳкамасига ёзган аризага мувофиқ 2016 йил 26 октябрда Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, мурожаат муаллифи иштирокида ушбу масала ўрганиб чиқилади. Якуний хулосага кўра, тадбиркор томонидан қурилган бино ва иншоотлар қўшимча равишда кадастр ҳужжатлари рўйхатига киритилиши лозимлиги белгиланади. Лекин ишчи гуруҳининг бу хулосаси ҳам қоғозда қолиб кетади.

2017 йил февраль ойида Ободонлаштириш бошқармаси ва «Иқбол Умиджон» МЧЖ мутасаддилари «Моғиён» Геология қидирув экспедициясига тегишли бўлган ва Самарқанд шаҳар ҳокими қарори асосида Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказилган, кадастр рўйхатига олинган бино ва иншоотларнинг фойдаланганлик муддати ўтганлиги ҳамда шу ҳудудда Жаҳонгир Ҳакимов ва бошқалар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган биноларни бузиб ташлаш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза билан мурожаат қилади.

2017 йил 25 апрелда бўлиб ўтган суд мажлисида Жаҳонгир Ҳакимов ва бошқалар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган биноларни жавобгарлар ҳисобидан бузиб ташлаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилади. Давлат суд ижрочилари томонидан мазкур иншоотлар тўлиқ бузиб ташланади ва бу ҳақда 2018 йил 17 апрелда далолатнома тузилади.

Хўш, бузилган бино ва иншоотлардан чиққан қурилиш материаллари қаерга ишлатилди? Жаҳонгир Ҳакимов ўзига тегишли бино ва иншоотлардан чиққан қурилиш материалларига эгалик қилдими?

Бино ва иншоотлар бузилаётганида уни яқинига ҳам йўлатишмаган. Жаҳонгир Ҳакимовнинг айтишича, буларнинг ҳаммаси шу иш билан шуғулланган мутасаддилар бошчилигида ташкил этилган ва бундан уларнинг моддий манфаатдорлиги бўлган. Бинолардан тозаланган ер майдони «Иқбол Умиджон» МЧЖга ўтказиб берилган.

Жаҳонгир Ҳакимов яна суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб апелляция тартибида шикоят ёзади. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати аъзолари биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиради...

Тадбиркор томонидан шаҳар ва вилоят прокуратурасига Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ғайриқонуний ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб ёзган аризаларига протест келтириш учун асос йўқ, деб жавоб қайтарилмоқда.

Давлат мулкини талон-тарож этилганлиги ҳолати Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, Ободонлаштириш бошқармаси ва «Иқбол Умиджон» МЧЖ мутасаддиларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу қарор вилоят прокуратураси томонидан бекор қилиниб, қайта кўриб чиқиш учун яна шаҳар прокуратурасига юборилган. Ана шундай сарсонгарчилик...

Энг қизиғи, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 21 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Самарқанд шаҳар прокуратурасининг юқоридаги мулкларни давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилган. Аслида эса, бу бинолар аллақачон бузилиб бўлган эди. Сотилган қурилиш материалларидан тушган пуллар қаерга кетгани билан ҳеч кимнинг иши бўлмади.

Жаҳонгир Ҳакимов умр бўйи ҳалол пешона тери тўкиб топган маблағлари эвазига қурган бино ва иншоотлар ноқонуний бузиб ташлангани боис қарийб 10 йилдан буён турли суд-ҳуқуқ идораларига бош уриб, сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Лекин бир кун келиб, адолат қарор топишига ишонади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: