11.06.2019

ПРЕЗИДЕНТ БИЗНИ АФВ ЭТДИ

Бу меҳр-мурувват масъулиятини юрак-юрагимиздан ҳис этиб турибмиз, дейишмоқда афв этилганлар

Оқибатини ўйламай қадам ташладингми?.. Етти ўлчаб, бир кесмадингми, жаҳл келганда, ақлинг кетдими?.. Ўзингни жиловлаб ололмадингми?.. Шайтон йўлдан урдими?..

Жиноятга қўл урдинг... Жиноят жазосиз қолмайди, қўлга тушдинг, судландинг, қамалдинг...

Ота-онанг дод, деб ортингдан чопди, жиноят қилганингга ишонмади... Ишонса-да, сени қамоқдан олиб қолиш учун елиб-югурди, ўзини тўрт томонга урди... Кимларга ялинмади, кимлар олдида елка қисмади, тиз чўкмади... юрак-бағри қон бўлиб, қадди букилиб қолди. Сени тоғдек суянчиқ, деб билган аҳли аёлинг — ёстиқдошинг бир қанотидан айрилган ярадор қушдек бўлиб қолди. Жондан азиз фарзандларинг-чи? Улар ҳоли не кечганини биласанми?.. Улар кўзлари тўла ёш билан жавдираб аёлинг қўлида қолди. Аёлинг эса ё ишсиз, ё топгани рўзғорга етмайди. Сени ўйлаб бир куйса, болаларинг кўзига қараб ўн куяди. Ўзини ўққа-чўққа уриб, уларни боқиши мумкин. Аммо ота ўрнида ота бўлолмайди, Худо кўрсатмасин, мабодо она қамалган бўлса, ота ҳам она ўрнини босолмайди. Болага ота керак, она керак. Ота тарбияси, меҳри керак. Она тарбияси, меҳри керак. Отаси ёки онаси қамоқда ётган боланинг руҳий ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Ўзини камситилгандай, айбдордек сезади. Худдики ҳамма унга қараб тургандек, уни муҳокама қилаётгандек, кесатаётгандек туюлади...

Туну-кун отажоним қачон келаркин, онажоним қачон келаркин, деб ўйлайди, Яратганга илтижо қилади.

Аризасини Олий суд кўриб чиқиб, кўз ўнгимизда қамоқдан озод этилган аёлнинг ўн икки ёшли қизчаси айтган гап ёдга келади. «Ҳар куни кечаси ухлолмай йиғлаб чиқардим. Художон, онажонимни тезроқ уйга қайтар, деб ялинардим, дуолар қилардим...»

Отаси қамоқда ётган болаларчи, айниқса, ўсмирлар. Улар ҳимоячиси, суянчиғи йўқлигини ҳис этади, елкасини қисиб, бошини эгиб юради. Болаларингизнинг онаси ҳолини тасаввур қила оласизми? Боқиш, тарбиялаш унинг бўйнида. Қайсидир она буни амаллаб уддалайди, қай бирининг эса қўлидан келмайди. Ишлаб пул топиб, болаларини боқиши ҳам мумкин. Аммо боланинг ўқиши, тарбиясини назорат қила олмайди. Икки-уч йил орасида хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, эгри йўлга кириб кетиши мумкин, кейин уни тўғри йўлга қайтариш жуда мушкул бўлади. Бола бахтсиз бўлиб қолади. Сиз қамоқда руҳан эзилиб кун ўтказасиз. Лекин аёлингиз сиздан кўра кўпроқ азоб чекади, болаларининг ғамгин чеҳрасига, ёш милтиллаган кўзларига ҳар куни қараш унга қанчалик оғирлигини биласизми?...

Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз, фарзандлар тақдири ҳақида нега қайғурмагансиз?

Нима учун жиноятга қўл урдингиз, нега кимнингдир гапига кирдингиз? Шунчалик гўлмидингиз? Ҳаром йўл билан топилган пул буюрмаслиги, яхшиликка олиб келмаслигини билмасмидингиз? Бундан кўра оч қолган яхши эмасмиди? Қай бирингиз ёт ғоялар, хом-хаёлларга берилдингиз? Чаласавод, чаламулла бир ярамаснинг гапига кириб, ота-она, бола-чақани қақшатиб кетдингизми? Бугун қамоқда ётибсиз, ўйламай қилган жиноятингиз учун жазони оляпсиз.

Бошингиз деворга тегиб, энди кўзингиз очиляпти. Энди хатоларни тушуниб етаяпсиз, болаларни, оилани ўйлаяпсиз. Озодлик қадрини билаяпсиз. Ўз уйингда, оиланг бағрида бўлиш бебаҳо бахтлигини англаяпсиз. Қилган жиноятингиз учун ич-ичингиздан тавба-тазарру қилаяпсиз, болаларингиз, оилангиз, ота-онангизни ўйлаб, изтироб чекаяпсиз, ҳар куни хаёлан улардан кечирим сўраяпсиз. Қамоқда ётганларга ота-она тобутини кўтариш, қабрига бир ҳовуч тупроқ ташлаш ҳам насиб этмаган ҳолатлар бўлган. Бу қандай кўргулик, қандай бахтсизликки, фарзанд бўлиб ота-онани сўнгги йўлга кузата олмаса, ота-она уни не-не орзу-ҳаваслар билан вояга етказган эди-я...

Шуларни ўйлаб, ота-онангизга тани-сиҳатлик, узоқ умр тилаяпсиз, оилангиз, фарзандларингизни Яратган ўз паноҳида асрашини илтижо қилиб сўраяпсиз. Жазо муддатини ўтаб, улар бағрига қайтиш насиб этишини ўйлаяпсиз. Ўйлаяпсизу, ўйлаганингиз сари азобланаяпсиз, чунки яна икки-уч йил бор, эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ муддат ўтириш керакдир. Содир этган жиноятингиз учун чин дилдан пушаймон бўлиб, ёзган аризаларингиз инобатга олинишига ҳам унчалик ишонмайсиз. Жиноятчини ким кечирарди, деб ўйлаяпсиз...

Бироқ сизнинг ҳаётингиз, фарзандларингиз тақдири учун давлат ташвиш тортаётганини билмайсиз, Президент қайғураётганини билмайсиз. Ҳеч бир адолатли жамият, демократик жамият ўз фуқаролари қамоқда ётишидан манфаатдор эмас. Бугун мамлакатимизда ҳам инсон тақдирига ёндашув ўзгарди. Шу боис, сиз учун кутилмаганда, аслида кўпчилик учун кутилмаганда Президент жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу Фармон муборак Рамазон ҳайити арафасида эълон қилингани замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам. Оддий қилиб айтганда, халқимизнинг олижаноб фазилатлари, мамлакатимизда, инсон тақдирига муносабатнинг намойиши бўлди. Ўйлаб кўринг, яқин ўтмишда қамалиб кетганлар оқланармиди, афв этилармиди? Тўғри, амнистиялар қўлланиларди. Аммо оқланиш, афв этилиш бугунги куннинг, сиёсатнинг инъоми.

Ҳозир бир пайтлар бегуноҳ қамалганлар ҳам аниқланиб, оқланмоқда. Иккинчидан, чин дилдан пушаймон бўлган, тўғри йўлга кирган ёки саломатлигида муаммоси борлар, айниқса, аёллар аризалари судлар томонидан кўриб чиқилиб, муддатидан илгари озодликка чиқарилмоқда. Бу ишлар изчил олиб борилмоқда. Бу ишларни бундан 4-5 йил илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бу ўзгаришлар мамлакатда сиёсат ўзгаргани, давлат ўз фуқароларига ўзиники, деб қараб қайғураётгани, меҳр-мурувват кўрсатаётгани ва қадрлаётганини билдиради.

Президентнинг 575 нафар маҳбусни афв этиш тўғрисидаги фармони мазмун-моҳиятига эътибор беринг, ўйланг, 575 нафар маҳбус — 575 нафар жон, шунча тақдир...

Улардан 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, оиласи, фарзандлари, ота-онаси бағрига қайтмоқда. 214 нафарининг эса озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилмоқда.

Улар ортида қанча ота-она, оила, фарзандлар борлигини ҳисобга олиб, хулоса чиқарайлик. Бугун уларга марҳамат кўрсатилди, меҳр-мурувват кўрсатилди.

Бошқачароқ айтганда, рўзаи Рамазон кунлари, Рамазон ҳайити арафасида Лайлатул-қадр келди, ажойиб хушхабар келди, ҳаётбахш садо келди. Маҳкумликдаги одам учун бундан ширин, бундан азиз, қиммат сўз йўқ дунёда. Улар учун тонг отгандай бўлди. Қуёш чиққандай бўлди. Оилаларга шодлик қайтди, ор қайтди. Болалар учун ота қайтди, она қайтди, бахт қайтди, қанот қайтди, тоғ қайтди, ғурур қайтди...

Бу чексиз қувончу шодликлар афвнинг каромати, қудрати, саодатидир. Афв дегани, аввало, ишонч дегани, Президентнинг ишончи дегани. Бунинг масъулияти жуда катта. Бу ишончни оқлаш, унга муносиб бўлиш инсоний бурч. Афв дегани — меҳр-мурувват дегани. Оғир кунингда сенга кўрсатилган меҳр ва мурувватга муносиб жавоб бермоқ керак. Яхшиликнинг жавоби фақат яхшилик бўлмоғи керак, дейилади улуғ боболаримиз ўгитларида. Афв дегани, имкон дегани, тўғри йўлга қайтиб, ҳаётнинг, оиланинг, фарзандларнинг қадрига етиб яшаш учун берилган имкон дегани. Киши бир марта афв этилади, унга бир марта ишонч, имкон берилади. Бунинг қадрига етган тўғри хулоса чиқаради, бахтли бўлади. Қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, ҳар кимнинг тақдири ўз қўлида.

Аммо яна бир англаб етайлик, афв этиш — мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида муҳим воқеа. Аммо унда қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш ундан-да муҳимдир. 575 инсон масаласи афв этиш билан тўла ҳал бўлиб қолмайди. 575 инсон — бу 575 минг масала дегани. Ҳаётга қайта мослаштириш, уй-жой муаммоси бўлса, ҳал этиш, ишга жойлаштириш каби юмушларни амалга ошириш керак. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни уларга эътиборли бўлиши, бегона кўз билан қарамаслиги, уларни ёлғизлатиб қўймаслиги муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар қандай қарорнинг ижроси, тақдири жамоатчилик назоратига боғлиқлигини бугун кўпроқ тан олаяпмиз, чуқурроқ англаб бораяпмиз. Буйруқлардан, дағдағалардан кўра, жамоатчилик назоратининг таъсир кучи кўп баробар юқорилигини тушуниб бораяпмиз. Жамоатчилик назоратининг энг самарали воситаси, шак-шубҳасиз, матбуот ва оммавий ахборот воситаларидир. Фармон ижросини таъминлаш бўйича масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилган. Бу топшириқлар қандай бажарилаётганидан жамоатчиликни кенг хабардор қилиб бориш журналистлар зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Хабардорлик очиқликни таъминлайди. Очиқлик масъулиятни оширади, камчилик ёки кўзбўямачиликнинг олдини олади. Шу боис фармонда белгиланган вазифалардан ҳар қандай чекинишларга нисбатан муросасиз бўлишимиз талаб этилади.

Сўнгги икки ярим йилда давлатимиз раҳбари инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича билдирган фикрлар жамланса, неча-неча китобга сиғмайди. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг қиёсини топиш қийин. Ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар қисқа икки-уч йилда бажарилди. Энг асосийси, одамларни қийнаб, эзиб келган адолатсиз тартиб илдизига болта урилди. Унинг ўрнига инсон эрки, ҳуқуқи ва манфаатини чинакамига ҳимоя қиладиган тизим яратила бошланди. Инсон ҳуқуқи, ҳаёти ва тақдирига муносабат тамоман ўзгараётганини тобора кўпроқ кўришга муяссар бўлаяпмиз. Бугунги афв этиш ҳам инсонга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин бир мисолидир.

Мамлакатимизда инсон эрки, ҳуқуқи, шаъни, қадри ҳимояси учун астойдил кураш кетаётган экан, журналист аҳли сукут сақлашга ёки бефарқ бўлишга асло ҳаққи йўқ, деб ўйлайман.

Бунинг учун аввало англаб олайлик, улар бизга бегона эмас. Улар биздан айро ҳолда яшамаган. Демак, улар жамиятнинг, бизнинг хатоларимиз... Бу хатоларни фақат биргаликда тузатиш мумкин.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: