Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
11.06.2019

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА КАТТАЛАР ЎРНАК КЎРСАТИШИ КЕРАК

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Яқинда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президентимиз фармони эълон қилинди. Бу барча юртдошларимизнинг эътиборини тортди десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Негаки, ҳар биримиз ҳаётимиз давомида қонун бузилиш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Уларга қонуний чора кўрилишини чин дилдан исташимиз ҳам бор гап.

Фармонда белгилаб берилган янги тизимли чоралар давлат дастурини тасдиқлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияга шу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, коррупция пайдо бўлиши сабаблари ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Президентимиз ўтган йили Конституция кунига бағишланган тадбирда «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз», деган ҳамда 1177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани таъкидланган эди.

Телевизорда ҳар куни кўриб турибсиз: банкда, ҳокимиятда, шифохонада, прокуратурада, ички ишлар органларида коррупция. Қачон бу касалликдан халос бўламиз? Қачон бутун мамлакат бўлиб унга қарши курашамиз?

Коррупция билан Ўзбекистон ҳеч қачон олдинга қўйилган мақсадларга эриша олмайди. Президентимиз: «1177 киши — бу жуда катта рақам. Бу нима дегани? Бу жамиятимиз адолат, ҳалоллик, масъулият, халқ эҳтиёжларини қондириш, халққа хизмат қилиш каби тушунчалардан ҳали узоқлигидан далолат беради», деган эди.

Ёшгина она фарзандини мактабгача таълим муассасасига олиб борар экан, тарбиячига албатта бирор совға бериш керак, деб ўйлайди. Шу билан гўё тарбиячи боласига яхши қарайди. «Совға» ота-онанинг кўнглини хотиржам қилади, муассасада боласи хавфсизлигини таъминлайди гўё. Энг ёмони эса бора-бора тарбиячида «совға» олиш одатга айланади. Бундан яна аҳоли жабр кўради. Лекин биз бу ҳақда ўйламаймиз, янада аниқроқ айтсак, ўйлашни хоҳламаймиз.

Яна бир ҳолат. Ота ўғли таълим муассасасини битиргач, йиллар давомида йиққан сармоясини олий даргоҳга ўқишга кириши учун сарфлашга шай туради. Аммо бу маблағ шу вақтга қадар тўғри сарфланганда, болага вақтида эътибор қаратилганда, кўнгли хотиржам бўлиб давлат имтиҳонига кузатган бўларди. Пулини кимгадир таваккал қилиб бериб, юрак ҳовучламасдан, фарзандининг имтиҳондан қайтишини кутиб ўтирарди. Афсуски, шу йўсинда келажак авлодда ҳам коррупцияга мойилликни пайдо қилаётганимизни унутяпмиз.

Ҳақиқат юзига тик карасак, бундай ҳолатлар ҳамма соҳаларга ўтиб, чирмашиб ўсадиган чирмовуққа ўхшаб жамиятни буткул ўраб олган. Бу чирмовуқни таг-томири билан юлиб, уни ўсишдан тўхтатишнинг иложи бўладими? Биз бугун бу саволга ҳа, албатта бўлади, деб жавоб бера олишимиз керак.

Айниқса, кейинги 3 йил давомида бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, коррупция ва қонунбузарликнинг олдини олиш профилактикаси, кўрилаётган кескин чоралар, коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонуннинг амал қилаётгани бизга куч бериши зарур.

Қорақалпоғистонда ҳам коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориляпти. Ҳуқуқбузарликларнинг сони камаймоқда.

Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органлари томонидан ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг самарали чораларини кўриш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг ҳамда иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилди.

Тергов қилинган жиноят ишлари якуни бўйича тегишли идораларга тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. Жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида давлат ҳамда жамият манфаатларига етказилган миллиард-миллиард сўмлик зарарлар ундирилиши таъминланган.

Идоралараро комиссия томонидан жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан 6 мингдан ортиқ учрашув, семинар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилган.

Очиқ айтиш керак. Бу тадбирлар коррупцияга қарши кураш вазифалари ижросини тўлиқ таъминлай олаётгани йўқ. Қорақалпоғистонда бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп.

Биз ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида жуда кўп гапирамиз. Идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида бу соҳада ўтказилаётган тадбирлар, танловларнинг сон-саноғи йўқ. Бундай тадбирлар асосан ёшлар орасида ўтказилаётгани мени ўйлантиради. Биз бу борадаги тадбирларга кўпроқ катта авлод вакилларини ҳам жалб этишимиз керак.

Коррупциянинг илдизига энг аввало катта авлод болта уриши керак. Ўз фойдаси, ўз манфаати учун давлатимиз қонунларини бузмаслиги керак. Бунинг учун биз барибир қайта-қайта инсон маънавияти тўғрисида гапиришдан чарчамаслигимиз керак.

Президентимиз томонидан бошланган коррупцияга қарши аёвсиз кураш ОАВ, радио, телевидение, интернет сайтларида ўз аксини топмоқда. Яъни, бюджет – халқ пулини ўмараётган, пора орқасида етти авлодига етадиган мол дунё тўплаётган коррупционерлар ким бўлишидан қатъи назар, прокурорми, ҳокимми, вазирми, қонун олдида жавоб бераяпти. Юзлаб жиноий ишлар қўзғатиляпти. Кўраяпмизки, ой сайин қайсидир бир катта амалдор ёки хизматчи, ходим коррупция ботқоғига ботиб, пора, деган бало ортидан жазога тортилаяпти. Ёшлар бундай кўнгилсиз ҳолатлардан сабоқ чиқариши керак.

Коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Бу вазифа нафақат ҳуқуқ органлари, балки ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Ота-она, идора раҳбари, нуронийлар, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда бу иллатга қарши курашда фаол бўлишимиз зарур.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: