Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
28.05.2019

БУГУННИНГ ТАЛАБИ ҚАТЪИЙ

Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти битирувчилар билим даражасини белгилайди

Иброҳим ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори:

— Бугун зиммамизга юксак вазифалар юкланмоқда. Биз ҳозиргача қилган ишларимиз қўйилаётган талабларга жавоб бермаслигини англаб турибмиз. Президентимиз илгари сураётган вазифаларни уддалаш учун авалло ўз вазифамизга муносабатни мутлақо ўзгартиришимиз зарур. Ҳар куни янгиликка, ташаббусга интилиб яшашимиз лозимлигини бугунги ҳаёт кўрсатмоқда. Акс ҳолда замон талабига мос кадрларни тайёрлаш мумкин эмас.

Бизнинг институтимиз мисолида оладиган бўлсак, кечаги аҳвол билан бугунги имконият ва ютуқлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш ўтган йилдан бошлаб тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали амалга оширила бошланди. Бу тажриба иқтидорли ёшларнинг институт талабаси бўлиш имкониятини янада кенгайтирди.

Мамлакатимизда санъат ва маданият соҳасини ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда замонавий маданият масканлари, амфитеатрлар бунёд этилаяпти, таълим даргоҳлари самарали фаолият юритяпти. Республикамиз бўйлаб турли санъат ва маданият фестивалларининг давомли ташкил этилаётгани бу соҳадаги ислоҳотларнинг нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.

Олий таълим муассасасининг ўрни, битирувчиларнинг билим даражаси ёш авлодга таълим-тарбия бераётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти билан боғлиқ. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида сўнгги бир йил мобайнида 17 нафар ўқитувчи доцент ҳамда профессор илмий унвонига, 8 нафар ходим эса фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида институтнинг илмий салоҳияти 46,2 фоизга юксалди.

Талабаларнинг билим олиши ва ўз соҳасини ҳар томонлама чуқур ўрганишида энг аввало, соҳага доир ўқув адабиётларининг салмоғи муҳим аҳамиятга эга. Ўқув қўлланмалари қанчалик кўп бўлса, ўқитувчининг дарс жараёнини тушунтириши, талабанинг эса тушуниши шунчалик осон кечади. 2017 йилда барча таълим йўналишлари кесимида санъат ва маданиятга оид фанларга тааллуқли ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Натижаларга кўра, соҳага доир 144 фандан ўқув адабиётлари яратиш лозимлиги аниқланди. Энди тасаввур қилинг, талабалар шу пайтгача мазкур фанларни ўзлаштиришда манбаларни қаердан топишдийкин? Агар Қўқон ёки Навоий давлат педагогика институтлари бўлганида, зарурий ўқув адабиётларини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетидан олиш мумкин эди.

 Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти республикамизда ягона етакчи олий таълим муассасаси саналади. Мутахассислик бўйича ўқитиладиган адабиётлар сони эса етарли эмас. Ана шу муаммони ҳал этиш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари орасидан муаллифлар гуруҳи тузилиб, 2018-2019 ўқув йилида энг зарур бўлган 80 га яқин ўқув адабиёти, 2019-2020 ўқув йилида 60 дан ортиқ ўқув адабиётини яратиш режалаштирилди. Муаллифлар томонидан тақдим этилган дарслик мавзулари ва уларнинг қамров даражаси мунтазам равишда муҳокама этиб борилди. Мавжуд муаммолар ўз жойида ҳал этилди.

Натижада 76 фандан ўқув адабиёти яратилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан тасдиқланиб, чоп эттириш учун сертификат олинди. Бугунга қадар 24 номдаги ўқув адабиётлари чоп этилиб, институт Ахборот-ресурс маркази фондига қўйилди. Улардан талабалар самарали фойдаланишмоқда.

Институт талабалари турли Республика ва Халқаро тадбирларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Яқинда театр санъати факультети талабалари Буюк Британиянинг жаҳонга машҳур Роуз Бруфорт университетида йилда бир маротаба ташкиллаштириладиган «Халқаро талабалар диплом спектакли»да иштирок этиб қайтишди. Сафар давомида талабалар томонидан саҳналаштирилган, машҳур ёзувчи Шекспирнинг шоҳ асари «Гамлет» инглиз театрида ўзбек тилида ижро этилди. Уни саҳналаштиришда бир неча ой давомида ёш ўзбек талабалари билан бирга меҳнат қилган Роуз Бруфорт университети профессори Жон Таккернинг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Ўзбекистондаги бир неча ойлик фаолияти давомида британиялик профессор «Гамлет»да ўйновчи ёшларни шахсан ўзи саралаб олди ва улар билан бир неча ой давомида тинимсиз меҳнат қилди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари илк маротаба Россияда МДҲ давлатлари орасида ўтказилган «ГИТИС-мастер-класс» Халқаро театр фестивалида Михаил Булгаков асари асосида тайёрланган пантомима кўринишидаги «Артист» номли саҳналаштирилган театр томошасини намойиш этиб, «Энг моҳир режиссёр» номинациясида биринчи даражали диплом, «Энг яхши пластик саҳна асари» номинациясида «Эътироф» дипломини қўлга киритишди.

Чолғу ижрочилигида таҳсил олаётган ёшларнинг бир гуруҳи Испаниянинг Каталония шаҳрида ўтказилган санъат йўналишидаги Халқаро танлов ва фестивал — «Fiestalonia Milenio»да иштирок этишди. Фестивал доирасида Халқ ижодиёти факультети 4-босқич талабаси Баҳодир Баратов қашқар рубобида куй ижро этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди. Чолғу ижрочилиги кафедраси етакчи концертмейстери Аяпберген Отегенов фортепьяно ижрочилиги йўналишида 30 ёшдан ошган ўқитувчилар ўртасида биринчи ўринни олди.

Бундан ташқари, институт ўқитувчи ва талабалари Россия Федерациясида ташкил этилган «Серебряная шпага» Х Халқаро саҳна қиличбозлиги фестивалида, Молдова Республикасида бўлиб ўтган жаҳон театр ва кинематография мактаблари ўртасида ўтказилган «Class Fest» Халқаро фестивалда, Тожикистон пойтахти Душанба шаҳрида ўтказилган «Капля» номли талабаларнинг қисқа метражли фильмлари Халқаро фестивалида ва бошқа кўплаб нуфузли кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш мақсадида дунёнинг кўплаб санъат ва маданиятга ихтисослашган таълим муассасалари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорлик қилиш ниятида музокаралар олиб бормоқда. Бугунги кунда институтнинг мавжуд халқаро шартномалари сони 20 тага етди. Хусусан, ўтган давр мобайнида Челябинск давлат маданият институти, Т.Жургенов номидаги Қозоғистон миллий санъат академияси, Қирғиз-турк Манас университети, Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат маданият ва санъат институти, Корея Миллий санъат университети, Белорусь давлат санъат ва маданият институти, Донг-А санъат ва медиа институти ва бошқа кўплаб узоқ тарих ҳамда катта тажрибага эга хориждаги таълим муассасалари билан турли келишувлар имзоланди.

Челябинск давлат маданият институти билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик доирасида март-апрель ойларида россиялик талабаларнинг бир ой давомида ЎзДСМИда таҳсил олгани ва ўзбекистонлик ёшларнинг Челябинскда тажриба алмашиб қайтиши ўзаро келишувларнинг амалий натижаси бўлди.

Президентимиз томонидан имзоланган «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда келгусида Тошкент шаҳрида Россия санъат олийгоҳининг қўшма факультетини очиш кўрсатилган. Яқинда мазкур олий таълим муассасасининг икки нафар проректори ҳамда Олий кинематография курси директоридан иборат гуруҳ ана шу масала бўйича институтда бўлди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти қошида С.Герасимов номидаги Бутунроссия кинематография давлат институтининг ижодий маркази расман ташкил этилди. Марказнинг асосий мақсади қарорда белгиланган вазифаларни, хусусан, 2019-2020 ўқув йилидан эътиборан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатининг ихтисослашган йўналишлари битирувчилари учун Кинематография институти ассиссентура-стажировкаси, «Ижро этувчи продюсер», «Драматургия» ва «Аудиовизуал санъат режиссураси» мутахассисликлари бўйича кадрларни саралаш ва ўқишга тавсия этиш, институт ўқитувчиларини малака оширишга танлаб юбориш бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳар икки институт талабаларининг ўзаро амалиётларини ташкил этиш, 2020-2021 ўқув йилида Республикамизда Кинематография институти филиалини очишга замин ҳозирлаш кабилардан иборат.

Президентимизнинг кечаги учрашувида билдирган танқидий фикрлари, белгилаб берилган вазифалари таълим соҳасида янги даврни бошлаб беришга хизмат қилади. Бу жараён биздан янада жиддий изланишни ўз ишимизга танқидий ёндашишни, фидойи бўлишни талаб этади.

 

***

Мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида «Фан тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Олий таълимга инновация инвестицияларини – хорижий таълим-илм технологияларини жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йилда юртимизда Россиянинг 2, Жанубий Кореянинг 2, Латвиянинг 1 олий таълим муассасаси филиаллари ташкил этилди. Жорий йилда Ҳиндистоннинг 2, Россиянинг 2 ва АҚШнинг 1 олий таълим муассасаси филиали талабаларни қабул қилади. Улардаги таълим жараёнига 832 нафар хорижий мутахассис жалб этилган.

 

Ахмет РЕИМОВ, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, техника фанлари доктори:

      Бизни қийнаётган масала нима эди? Бугун ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг реал сектори ўқув жараёнидан, илмий тадқиқот йўналишларимиздан ҳам олдинлаб кетди. Уларга етиб олиш учун эса ўқув режаларимизни ривожланиш тезлиги бўйича ўзгартиришимиз шарт эди. Яъни, вазият ишлаб чиқариш билан ўқув жараёнининг интеграциялашувини таъминлашни талаб этаётганди. Янги қарорга биноан шу ҳуқуқ олий таълим муассасаларига берилди. Вазирликка таълим стандартларини белгилаш ва тасдиқлаш ваколатини берди. Бу бойланган қўлларимизни ечиб юборди, десам ҳеч муболаға бўлмайди.

Ўқув жараёнида моддий-техник базанинг қай ҳолатда экани ҳам сифат кўрсаткичида муҳим саналади. Президентимиз бу борада мутлақ янги моделлар, замонавий ускуналарни жорий этиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳими, молиявий манбалар ҳам аниқ кўрсатиб берилди. Шунингдек, келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Энг муҳими, профессор-ўқитувчилар, ёш олимларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун икки олий таълим муассасаси мисолида айтишим мумкинки, ёш олимлар учун турар-жой мажмуаларининг қурилиш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик. Буларнинг барчаси бизнинг бир неча ўн йиллик орзуларимиз эди. Замонавий лабораториялар, талабалар турар-жойларини таъмирлаш, замонавий шароит яратиш борасида ҳам керакли ҳужжатлар қабул қилинди.

Эндиги масала мана шу имконият ва яратилган шароитларга жавобимиз қандай бўлишида. Биз бунга муносиб жавоб қайтариш учун ўз фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, шахсий масъулиятимизни оширишимиз, жавобгарликни ҳис этиб, туну кун ишлашимиз керак бўлади.

 

Комилжон ТОЖИБОЕВ, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ботаника институти директори, академик:

      Учрашув мамлакатимизда илм-фан, олий таълим соҳасини ривожлантириш, олинаётган натижаларни амалиётга жорий этиш борасидаги долзарб масалаларга бағишланди. Давлатимиз раҳбари янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлатнинг келажаги буюк бўлишини таъкидлади. Бу борада Фанлар академиясининг олимлари, хусусан, Миллий университет, олий таълим муассасаларининг мутасаддилари олдига қатор янги вазифалар қўйилди.

Ботаника институтимиз отахон университетнинг биология факультети билан биргаликда 20 дан ортиқ бакалавр ва магистрларнинг диссертация ишлари бажарилишида бош-қош бўлмоқда. Шу билан бирга, улар институтимизда ходим сифатида ишламоқда. Мазкур тажриба келажакда авлодлар алмашинувида қўл келади, деб ўйлайман.

Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан институтимизга «Миллий гербарг» мақоми берилди. Бу ҳодиса ўз навбатида халқаро нуфузимиз ортишига асос бўлади. Хусусан, бугунги кунда 1831-1835 йиллардан буён яхши сақланиб келаётган гербарглардан нафақат илмий изланиш жараёнида, балки дарсларда ҳам фойдаланилмоқда.

Гербарглар хорижий олимларнинг ҳам эътиборини жалб этяпти. Натижада илмий изланиш сифати ошмоқда. «Миллий гербарг»ни рақамли форматга ўтказиш борасида Германиянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда иш олиб борилди.

Орол денгизи тубидаги майдонларни ўзлаштириш, у ерда яшил ўрмонларни барпо этиш борасида Урумчи шаҳридаги Геология-география институти билан биргаликда қиймати 432 минг АҚШ долларилик лойиҳа имзоланди. Орол денгизи ҳудудида инновацион услубларга асосланган янги лойиҳани ишга тушириш режалаштирилди. Бунинг учун дунёнинг қурғоқчил ҳудудларида қўлланилиб келинаётган халқаро тажрибалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг бири ёшларни илм-фанга жалб қилишдир. Лекин қотиб қолган олимлар билан бу ишни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун институтимизда лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Бу ўз-ўзидан ички соғлом рақобат руҳини шакллантирди. Айрим ходимлар рақобатга дош беролмади. Бўшаётган жойларга ёш олимларни жалб эта бошладик. Охирги йилларда қабул қилинган ёш олимлар институт салоҳиятини 40 фоизга оширди. Ўтган йили 20 га яқин олим чет элдаги энг нуфузли институтларда тажриба алмашиш имконига эга бўлди. Биласизми, уларнинг хитойлик ҳамкорлар билан эришаётган натижалари фан оламида янгилик бўлиши мумкин.

Агар шароит яратиб берсак, ёшларнинг илмий ташаббуслари ҳар бир илм масканида кўпаяди, уларнинг ютуқлари ҳаммамизни ҳайрон қолдиради.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: