Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
14.05.2019

ЎЗБЕКИСТОН — ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР МАМЛАКАТИ

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида иқтидор сўзининг маъноси куч-қудрат ва қодирликдир. Бугун тараққиёт йўлидаги Ўзбекистонга билим кучи, билим қудрати, билим қодирлиги сув билан ҳаводек зарур.

Таълим тизими сифати жамиятнинг етуклик даражасидан далолат берса, иқтидорлилар таълим-тарбиясига эътибор, уни кафолатлайдиган давлат раҳбари ва мамлакат миллий элитасининг етуклик даражасини кўрсатади. Президентимизнинг Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш тўғрисидаги қарори мазкур йўналишдаги ислоҳотлар узлуксиз давом эттирилаётганини кўрсатади.

Ёшлар тарбияси ва таълимини тўғри, миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш жиддий стратегик масала ҳисобланади. Таълим-тарбия тизими сифати ва таркиби ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини белгилайдиган энг асосий омиллардан биридир.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида ёшларнинг таълим-тарбиясини мақсадли ислоҳ қилиш натижасида ижтимоий-иқтисодий барқарор жамият қурган давлатларга бир эътибор берайлик: Япония, Жанубий Корея, Финляндия, Норвегия... Улар ислоҳни боғчадан бошлаб, 2-3 ўн йилликда ўзига хос, самарали таълим-тарбия тизимини яратиш ҳисобига иқтисодий барқарор, ривожланган мамлакатларга айланди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган бу соҳадаги ислоҳотлар хронологиясини таҳлил қилайлик. Ишни деярли тугаган мактабгача таълим тизимини тиклашдан бошладик. Ўзбекистонда илгари бўлмаган, ҳар жиҳатдан қулай, яхши жиҳозланган боғчалар қура бошладик. Энг аввало, узлуксиз таълимнинг ўта заиф ҳалқаси ва шу билан бирга, энг муҳим соҳаси бўлган мактабгача таълим муассасалари мазмунан ва ташкилий жиҳатдан янги шаклларда намоён бўлмоқда. Янги шаклдаги мактабгача таълим нафақат мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларнинг қамраб олиш кўламини кескин оширишга, шунингдек, болаларни 3-6 ёшиданоқ қизиқиши, эркин мулоқот қила олиш қобилиятига қараб алоҳида гуруҳларга бўлиб таълим-тарбия бериш механизмларини жорий этиш имкониятларини бермоқда.

Мактабгача таълим муассасалари учун тарбиячиларни тайёрлаш тизими ҳам деярли йўқ даражага келган эди. Олий таълим даргоҳларида мактабгача таълим муассасалари учун мутахассислар, тарбиячилар, мураббийлар тайёрлашнинг сон ва сифат жиҳатидан янги даври бошланди. Турмушимизга мактабгача таълим муассасалари ва ўрта умумтаълим мактаблари хусусий шаклларининг кириб келиши таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратмоқда. Жамиятда таълим муассасасини танлаш, шу билан бирга, инновацион таълим берувчи мураббийлар, ўқитувчиларга бўлган янгича талаб, шунга муносиб ҳақ тўлаш тизими ҳам амалиётга кириб келмоқда.

Халқимиз кўпдан буён кутган 11 йиллик мактаб таълимига қайтилиши болаларимизнинг таълим олиш сифатини ҳам, тарбиясини ҳам янада юксалтириш имкониятини берди. Умумий ўрта таълимда тизимли ўзгаришлар жараёни тезкорлик билан давом этмоқда. Фанлардан янги дастурлар, дарсликлар, ўқитувчи маоши ва қадрининг ошиши шулар жумласидандир.

Касб-ҳунар таълими — коллежлар борасида ҳам янги тизим яратилмоқда. Бу тизим иш берувчиларнинг реал талабидан келиб чиққан ҳолда, аниқ ва оптимал бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан миллий элита ёшларни тарбиялаш бўйича давлат сиёсатининг юритилиши ва таълимга концептуал ёндашиш яқин йилларда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларини инновацион фикрлайдиган мутахассис кадрлар билан таъминлаш имкониятини яратади. Бу мақсадга эришиш учун таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим омиллар белгиланди ва уларни мамлакат миқёсида бажариш бўйича қатор манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу омилларнинг ичида академик лицейларнинг қайтадан ислоҳ қилиниши, мактабгача таълим тизимининг ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида тубдан ўзгартирилиши, таълим соҳасида рақобат муҳитини яратишга олиб келувчи хусусий таълим муассасаларининг очилиши, инновацион билим ва фанни эгаллаш учун хорижий университетларда ёшларнинг таҳсил олиши, Президент мактабларининг ташкил қилиниши таълим ислоҳотларини изчил давом эттириш ва янада юксалтиришга хизмат қилиши табиий.

Президентимиз Конституция байрамидаги маърузасида олий таълим ислоҳотларига алоҳида тўхталди.Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак.

Президентимизнинг «Ўзбекистонга жадал ислоҳотлар суръатига мос илғор кадрлар керак» номли маърузасида замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялаш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, «Бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз» деб алоҳида таъкидланган.

Албатта, Ўзбекистонимизнинг дунё мамлакатлари ичида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши сўзсиз инновацион билимларни эгаллаган, инсон капитали соҳиби бўлган бугунги ёшларнинг қўлида. Шу сабабли ёшлар тарбиясидаги энг муҳим навбатдаги қадамлардан бири — бу Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги тарихий ва стратегик қарордир. Мазкур ҳужжатда 2019-2021 йилларда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда Президент мактабларини қуриш белгиланган. Бу мактабларда таҳсил оладиган ўқувчиларни танлаш Кембридж университети профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилади. Бу борада Халқ таълими вазирлиги махсус меморандум имзолади. Президент мактабларига умумтаълим мактабларининг 4-синф битирувчилари мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижасида танлаб олинади. Шунингдек, халқаро «STEAM» — таълим (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури асосида ўқитиш йўлга қўйилади. 9-11-синфларда ўқувчилар ўзларининг қизиқишларига қараб айрим фанларни танлаш орқали индивидуал билим олиш имкониятига эга бўлишади.

Президент мактабларининг бош вазифаларидан бири — табиий ва аниқ фанларни чуқур ўқитиш, ўқувчиларнинг инновацион билимларни ўзлаштиришларини, уларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятларини очиб бериш ва ривожлантиришдан иборатдир. Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, фарзандларимизнинг қобилиятларини рўёбга чиқаришга болаликдан эътибор бериб, уларнинг камолоти учун барча имкониятларимизни сафарбар этсак, юртимизда яна кўплаб Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар етишиб чиқади.

Президентимизнинг Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш тўғрисидаги қарори бу соҳада ташланган яна бир ўта муҳим қадам бўлди. Бу ҳужжат ёшларимизни илм-фан бобида янада ғайрат-шижоат кўрсатишларига катта туртки бўлади.

Таълим сифати жамиятнинг равнақини таъминлайдиган асосий ва бирламчи омил эканлиги ҳукуматнинг доимий эътибор марказида туради. Иқтисодиётнинг реал секторлари талабларидан келиб чиқиб миллий элита кадрларни тайёрлаш ва уларни дунё бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш минтақа (вилоят)лар стратегик мақсадига айланиб бормокда. Бу ўта муҳим сиёсатнинг муваффақияти мамлакатнинг ҳар бир фуқароси таълим ислоҳотларида фаол иштирок этишини тақозо қилади. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаб ўтилганидек, ... ислоҳот — бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотларнинг ижобий натижа бериши учун, аввало, раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради.

 Ҳақиқатан ҳам таълим сифати ҳар бир ўқитувчининг малакаси ва ўз касбига фидойилигидан ташқари, жамиятнинг таълимга бўлган муносабатига ҳам бевосита боғлиқдир. Бугун биз янги авлод ўқитувчисини хорижда ёки ўзимизда тарбиялаш билан биргаликда олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган 25-45 ёшдаги педагогларнинг малакасини оширишнинг тубдан янги, мукаммал ва иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларга мослашувчан тизимини ишлаб чиқишимиз лозим. Ахир бугун янги типдаги боғчада тарбияланаётган болалар олий таълим муассасасига ўқишга келгунича камида 12-15 йил ўтади. Ваҳоланки, шу вақт ичида ҳозирги профессор-ўқитувчиларнинг 75-85 фоизини янгилашни давр шиддати тақозо этади. Кутишга ва лоқайдликка берилишга ҳеч ҳам ҳаққимиз йўқ.

Президентимиз Мурожаатномасида келтирилган Нажмиддин Кубронинг «Муваффақиятни — саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса — лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим», деган ҳикматли сўзларининг маъносини ҳаммамиз чуқур англашимиз керак. Жамиятнинг ҳар бир кишисида мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, миллий фидойилик туйғусини шакллантириш ва ривожлантириш вақти келди, бу жараённи кундалик турмуш тарзига айлантириш кун тартибимиздаги бош масаладир. Ўшанда жонажон Ўзбекистонимиз иқтидорли ёшлар мамлакатига айланади.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

 Самарқанд давлат университети ректори.



DB query error.
Please try later.