Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.05.2019

ТАРИХ ВА ТАҚДИРЛАР

Тарих сабоқларидан маълумки, қарамликдан қутулиб, мустақилликка эришган ҳар бир халқ кутилган ва кутилмаган синовларга дуч келади. Эскилик билан янгилик ўртасида кураш кетади, зиддиятли ҳолатлар юзага келади. Турли ўйинлар, миш-мишлар кўпаяди, оқ билан қорани ажратиш қийин бўлади. Одамлар кимга ишонишни билмай қолади. Асл қаҳрамонлар бир четда қолиб, қўрқоқ ва сотқинлар қаҳрамонга айланади. Адолатсизликка йўл қўйилади. Асоссиз гаплар, ёлғонлар ўз вақтида фош этилмаса, тарих сохталаштирилади.

Яқин ўтмишда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар гувоҳлари, иштирокчилари бугун орамизда экан, ҳақиқатни жойига қўйиш имкони бор. Акс ҳолда, тарих тахминлар, башоратлар ҳукмида қолади.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг дастлабки йилларидаги мураккаб воқеалар, зиддиятли ҳолатларнинг бевосита гувоҳи бўлган, ичида юрган инсон, собиқ Ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон АЛМАТОВ билан синовли йилларнинг айрим воқеалари ҳақида суҳбатлашдик.

 

— Зокиржон ака, бу йил мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлаймиз. Орадан шунча йил ўтиб, ортга назар ташласангиз, аввало, қандай воқеа-ҳодисалар ёдингизга тушади?

— Аввало, Мустақиллигимиз эълон қилинган 1991 йил, 31 август ёдимга тушади. Бу тарихий кун халқимиз тақдирида туб бурилиш ясади. Биламиз, Мустақиллик не-не аждодларимиз учун армон бўлиб қолган эди. Тоғнинг улуғворлиги ундан узоқлашганинг сари кўпроқ намоён бўлади деганларидек, йиллар ўтиши билан Мустақиллигимиз эълон қилинган куннинг аҳамияти ва қадрини чуқурроқ англаймиз. Бу кун биздан кейинги авлодлар учун ҳам азиз ва муборак кун бўлиб қолиши керак. Шу ҳақда ўйлаганда, хаёлимга бир фикр келаверади: Ушбу улуғ санага ҳайкал ўрнатишимиз керак эмасмикин? Масалан, пойтахтимизнинг Мустақиллик майдони дарвозаси олдидами ёки майдоннинг бошқа бир маъқул жойида «1991 ЙИЛ, 31 АВГУСТ» деган ёзув мармар тошданми, бошқа материалданми, катта қилиб ўрнатилса, кечаси ёниб турадиган бўлса...

Бу ёзув ҳар бир юртдошимиз юрагига кўчади, кишида ғурур уйғотади. Айниқса, ёшлар тарбияси учун муҳим, деб ўйлайман. Чет элдан келган меҳмонлар «Бу ёзув нимани англатади?», деб сўраганда, Мустақиллигимиз эълон қилинган кун эканини фахр билан тушунтирамиз...

— Таклифингиз, фикримча, кўпчиликка маъқул бўлади. Бу иш амалга ошса, Мустақиллик эълон қилинган кунга халқимизнинг яна бир ҳурмати, эътиқоди, миннатдорлиги тимсоли бўлади, деб ўйлайман.

Энди Мустақиллик эълон қилинган дастлабки кунлардаги воқеаларга қайтсак.

— Ҳозирги ёшлар у кунларни тасаввур қилиши ҳам қийин. Вазият жуда оғир ва мураккаб эди. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳвол тобора таранглашиб бораётганди. Ёши улуғларнинг хабари бор, ўшанда бир-икки ҳафтага етадиган ун захираси қолган эди. Собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикалар ўртасидаги алоқалар узилиб, саноат корхоналари бирин-кетин фаолиятини тўхтатиши оқибатида ишсизлар сони кун сайин ошиб борарди. Турли миш-мишлар одамларни саросимага сола бошлаганди. Мустақиллигимизни тан олишни истамаган кучлар жамоатчиликни чалғитишга уринарди. Тўғриси, Ўзбекистонда халқ норозилиги кучайиб, тўс-тўполон юзага келишини, фуқаролик уруши бошланиб, Мустақиллик барбод бўлишини хоҳловчилар бор эди. Энг алам қиладигани, ўзимиздан чиққан айрим кимсалар мустақил давлатимизни қўллаб-қувватлаш ўрнига, душманлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, бузғунчилик билан шуғулланишди. Ўша пайтда юртимизда тинчликни сақлаш бош вазифа эди. Чунки тинчлик бўлмаса, ҳамма нарса барбод бўларди.

Ватан тинчлиги, осойишталиги ҳамма замонларда ҳам энг муҳим, энг жиддий масала ҳисобланган. Юрт тинчлигига рахна солишга уринишлар, таҳдидлар ҳар доим бўлган. Бу бало-қазолар фақат ҳамжиҳатлик, аҳиллик билан енгиб ўтилган.

Мен ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ўтмишга бугунги кун нуқтаи назаридан қараб баҳо бериб бўлмайди. Ўша оғир вазиятларда баъзан тўғри, баъзида мураккаб қарорлар ҳам қабул қилинган. Лекин мақсад битта бўлган — Ўзбекистон мустақиллиги ва тинчлигини сақлаб қолиш. Мана шу муқаддас мақсад йўлида керак бўлса қон тўкилган, жон берилган.

Эътибор қаратайлик, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз фаолиятини бошлаган дастлабки кунлардан тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга биринчи вазифа сифатида қараб келмоқда. Аслида мамлакат тараққиёти мана шу омилларга боғлиқ. Тинч юртда юксалиш бўлади. Тинч юртга инвестор келади. Мен мутахассис сифатида шуни алоҳида таъкидламоқчиман, давлатимиз раҳбари томонидан бугун жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини кескин ислоҳ қилиш, мазкур тизимларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ҳар бир жиноятнинг туб илдизига етиб бориш масалаларига жиддий аҳамият берилмоқда. Бу кенг миқёсдаги ишлар натижасида жиноятчилик камайиб бормоқда.

— Бир пайтлар сохта шуҳрат кетидан от қўйганлар, шовқин-сурон билан нимагадир эришишни ўйлаганларнинг иши юришмади, бузғунчилик билан шуғулланганлар узоққа бормади. Халқимиз оқ билан қорани вақтида ажратиб олди. Лекин барибир бир савол кишини ўйлантиради. Мустақилликдек буюк неъмат қўлга киритилган бир пайтда одамлар митингларга чиқишига нима сабаб бўлганди?

— Шу ўринда бир масалага эътибор қаратиш керак. Бировга қарамлик пайтларимизда одамлар дардини ичига ютиб юрган эди. Бир оғиз норози гап айтса, бошига нима тушишини билган. Ўша замон сиёсати ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Мустақиллик арафасида, Мустақилликнинг дастлабки кунларида одамлар митингларга чиқишининг сабабларидан бири йиллар давомида тўпланиб қолган ўткир муаммолар билан боғлиқ эди.

Бу вазиятдан бузғунчи кучлар, жиноятчи тўдалар фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди. Уюшган жиноятчилик, оғир турдаги жиноятлар ошди, фитна кўпайди. Масалан, диний эркинликни суиъистемол қилиб, ёшларни экстремистик оқимларга тортиш ҳоллари кучайиб борди. Чет эллардан диндор ниқобида юртимизга террорчи ташкилотлар вакиллари кириб кела бошлади. Фарғона, Бўка, Паркент, кейинчалик Наманган, Андижон воқеалари айнан ташқаридаги ёвуз кучлар томонидан уюштирилди. Улар ўзларининг қора ниятларига етиш учун аламзада бўлиб юрганлар, иродаси мўрт кишилар, мустақил фикри шаклланмаган ёшлардан фойдаланишди. Биринчи Президентимиз ҳушёрлиги, оқилона сиёсати билан кўплаб хавф-хатарлар бартараф этилди. Халқимиз бало-қазолардан асраб қолинди.

Ўтган кунларни эслаганда, аввало, ана шу воқеалар, фожиалар ёдимга тушади. Бугунги ёшларимизга Мустақилликка осонликча эришилмагани, қаттиқ курашлар бўлгани, кўп синовлардан ўтилганини тушунтириб беришимиз керак, деб ўйлайман. Бугун Президентимиз ҳам шуни талаб қилаяпти. Ёшларимиз тарихимизни чуқурроқ билиши кераклигини таъкидлаяпти. Кечаги кунни, ўтмишни ёшларимиз қанча яхши билса, Мустақиллик, умуман, ҳаётнинг қадрига шунча кўпроқ етади.

— Сиз ўша оғир даврдаги воқеалар ичида юрган инсонсиз. Шуни ҳисобга олиб, яна бир масалада фикрингизни билмоқчимиз. Мустақилликкача экстремизм деган гап бизда йўқ эди. Бу бало-қазо қаердан пайдо бўлди?

— Мустақилликка эришилгандан кейин юртимизда динга эркинлик берилди. Исломнинг барча амалларини бекаму кўст адо этиш имкони яратилди. Масжидлар сони ошди, ҳаж амалларини бажарувчиларга қўшимча ўринлар берилди.

Афсуски, бу жараёнлардан ғаразли кучлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, ҳали оқу қорани билмаган ёшларимизга исломдан «сабоқ» бериш баҳонасида ўзларининг ёвуз ғояларини улар онгига сингдиришга уринишди. Диний экстремистлар алдовига учиб, қанчалаб ёшларимиз йўлдан адашди, жувонмарг бўлиб кетди. Кейинчлик давлатимиз қўли қон бўлмаган, чин юракдан тавба қилиб, халқдан кечирим сўраганларнинг гуноҳидан ўтди, билиб-билмай йўлдан адашганлар оиласи бағрига қайтди.

— Бироқ ўша пайтларда ғарбнинг кўпгина оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда диндорларга тазйиқ ўтказилмоқда, номоз ўқиганлар қамоққа олинмоқда, деган шов-шувлар кўтарганди...

— Бу туҳматлар душманларнинг иши эди. Ўзимиздан чиққан сотқинлар уларга малайлик қилишганди. Қолаверса, экстремизм билан ислом динининг, экстремистлар билан диндорларнинг фарқига бормасдан жаҳонга жар солганлар ҳам бўлди. Бир ўйлаб кўрайлик, азиз-авлиёлар хотирасига ҳурмат кўрсатиб, мақбаралари обод қилинаётган, янги масжидлар қурилаётган, ҳаж зиёратига бораётганлар қўллаб-қувватланаётган Ўзбекистонда, Имом Бухорий юртида тинч намоз ўқиб, ибодат қилаётган одамни ким жиноятчига чиқаради. Ҳукумат қарори билан Ҳайит байрамлари эркин нишонланаётган юртда диндорларга тазйиқ кўрсатиляпти, дейиш мантиққа тўғри келадими?

Бу фитналар ғоясининг эгалари, уни амалга оширувчи ижрочилари бўлган. 1999 йил февраль воқеалари, 2004 йилда юз берган террорчилик ҳаракатларини эсга олайлик. Бу юртимиздаги тинчликка, мустақилликка қаратилган ҳужумлар эди. Оқибатда қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди...

— Яна бир масалага аниқлик киритсак, ўша пайтларда қатор хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда таниқли уламоларга нисбатан ҳам тазйиқлар ўтказилмоқда, масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хорижга чиқиб кетишига раҳбарият билан келишмовчиликлар сабаб бўлди, деган миш-мишлар тарқалганди.

Ўша даврда Ички ишлар вазири сифатида, табиийки, кўп воқеалардан хабардор бўлгансиз. Шу сабабли ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан давлат олий раҳбарияти, аниқроғи, биринчи раҳбар ўртасида зиддият бўлган эди, деган гап қай даражада ҳақиқатга яқинлиги тўғрисида фикрингизни билмоқчи эдик.

— Юртдошларимизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этилган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди.

Бир мисолни айтай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида совет ҳукумати раҳбариятига мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Айнан шу мисолнинг ўзи ҳам у кишининг ватанпарварлиги, жасоратини кўрсатиб турибди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир умр Ислом дини ҳақиқатларини фидойи бўлиб тарғиб этиб келган, бу мавзуда кўплаб китоблар ёзган, юксак маънавиятли инсон эдилар. Бундай маърифатпарвар, дили пок зот хотираси олдида фақат ҳақиқатни айтиш лозим, албатта. Асоссиз, айниқса, ёлғон аралашган гап-сўзлар у кишининг руҳини безовта қилади, деб ўйлайман.

Яна такрор айтаман: бу улуғ зот нафақат ғоят маърифатли, айни чоғда журъатли инсон бўлган. 1990-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси сифатида минтақада мусулмонларнинг бирдамлигини сақлаш, турли фитна ва гуруҳбозликлар келиб чиқишининг олдини олишда ўткир зеҳн, жасорат билан хизмат қилганлар.

1991-1993 йилларда мамлакатда оғир вазият юзага келган эди. Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ғаламислар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ҳукуматга қарши қўйишга интилиб, турли тартибсизликларни ташкил қилишга уриндилар. «Адолатчилар», «Ислом лашкарлари» деган тўдаларни тузишга ҳаракатлар бўлди. Чаласавод, жоҳил кимсалар тўпланиб олиб, жиноятчиликка қарши курашяпмиз, деган ниқоб билан одамларни ўзлари «суд» қилиб, жисмоний жазо қўллаш ҳолатларини содир этишди. Ана шу қийин вазиятларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳудудларга шахсан ўзлари бориб, аҳоли билан гаплашиб, вазиятни ўнглаш, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш масаласида жуда катта ишларни амалга оширганлар. Шу инсоннинг бевосита ҳаракатлари билан кўп ғалаёнларнинг олди олинди. У кишининг Ислом оламидаги катта обрўси, мамлакатда тинчлик осойишталик ўрнатишдаги беқиёс хизматлари юксак эътирофга лойиқдир.

Ўша даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўртасида зиддиятлар бор, шайхга нисбатан тазйиқ ўтказилаяпти, деган иғво ва бўҳтонлар тарқалган эди. Шу йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган инсон сифатида бир нарсани айтмоқчиман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган.

Кўпчиликка номаълум бир воқеани айтай, 1992 йилнинг охирларида айрим давлатларнинг махсус хизматларидан бизга кетма-кет тезкор хабарлар келиб тушди. Маълум қилинишича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Фарғона водийсининг қайсидир туман ёки шаҳрига борган вақтларида, у кишига нисбатан террорчи гуруҳлар томонидан суиқасд уюштирилиши режалаштирилаётган экан.

Ўша пайтда Биринчи Президентимиз топшириғига биноан ана шу террористик ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор қидирув ишлари амалга оширилди ва табиийки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари давлат ҳимоясига олинди. Аммо ғаламислар ўз ўйинларини давом эттирди. Уларнинг нияти Шайхга суиқасд уюштириб, бу жиноятни Республика раҳбариятига тўнкаш эди. Шу тариқа жамоатчиликни амалдаги раҳбариятга қарши қўйиш, ғавғо чиқариш, уруш оловини ёқиш эди.

Террорчиларнинг айёрлигини, пасткашлигини қаранг, улар Шайхга суиқасд уюштиришдан олдин мамлакат раҳбари билан шайх ўртасида низо чиққан, деган гап тарқатишди. Шундан сўнг шайхни ўлдирмоқчи бўлишди. Агар уларнинг қора нияти амалга ошса, «ана, биз огоҳлантиргандик, бу жиноятни ҳукумат қилди», деб дунёга жар солмоқчи бўлишган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Мен туфайли мамлакатда нотинчлик бўлмасин», деган ниятда мусулмон мамлакатларидан бирида вақтинча яшаб туришга қарор қилдилар, ўзларининг бу фикрларини шахсан менга бир неча маротаба айтганлар...

Шайх ҳазратларининг суюкли укалари Муҳаммадамин ака 1999 йилда менга акалари Ватанга қайтмоқчи эканликларини айтдилар. Мен Шайх ҳазратларининг ниятларини Ислом Абдуғаниевичга етказдим. У киши бу хабарни мамнуният билан қабул қилдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тез орада Ўзбекистонга қайтдилар ва умрларининг охригача илм-маърифат билан шуғулландилар.

Халқимиз, барча мўмин-мусулмонлар учун у кишининг вафотлари улкан йўқотиш бўлди. Минглаб юртдошларимиз Шайх билан видолашувга келди, ўзининг чексиз меҳр-муҳаббатини, ҳурматини билдирди. Ҳозирги кунда ҳам Шайхнинг китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда, инсонларни тўғри йўлдан бошлашга хизмат қилмоқда. Халқимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан то абад фахрланади ва у кишини ҳеч қачон ёддан чиқармайди, бунга ишончимиз комил.

— Маълумки, тарих энг одил ва холис тарбиячи. Ўз тарихини яхши билган халқ адашмайди, йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқариб яшайди. Яқинда давлатимиз раҳбари тарихни ўргатишнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, тарихий шахслар, воқеалар ҳақида ёшларга кўпроқ маълумот бериш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошида Тарих каналини ташкил этишга қарор қилинди. Шулардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, нима деб ўйлайсиз, мустақилликнинг дастлабки йилларида бўлган воқеа-ҳодисалардан ёшларимизни кўпроқ хабардор қилиш учун қандай йўл тутмоқ керак?

— Албатта, тарихни ўқиб-ўрганиб, ундан сабоқ чиқариб яшаш, инсонни бугунги кунни қадрлашга, шукроналикка ўргатади. Суҳбатимиз давомида Мустақиллик арафасида ва Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги айрим воқеаларни ёдга олдик, холос. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчликни асраш йўлида жонини фидо қилган, ўзини аямай меҳнат қилган инсонларни халқимиз, айниқса, ёшларимиз билиши керак. Тарихий шахслар ҳаёти ва жасоратини ибрат қилиб кўрсатишдан чарчамаслик керак.

Бугун Президентимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадига диққат билан эътибор қаратсак, кўп нарсани англаймиз.

Биринчидан, очиқ жамият учун кураш бораяпти. Очиқ жамият дегани аввало халқдан ҳеч нарсани яширмаслик, одамларни алдамаслик, ширинми, аччиқми, ҳақиқатни гапириш, дегани. Иккинчидан, инсон ҳуқуқи, қадри ҳамма нарсадан устун қўйилмоқда. Инсонни улуғлаш барча соҳа раҳбарлари учун бош вазифа қилиб қўйилмоқда. Бу жараёнда адолатли бўлиш, тарихга тўғри кўз билан қараш керак. Зеро бугунги ёшларимиз асл ҳақиқатни билсин, ўзимизнинг тарихимизга тегишли ниманидир четдан, бошқалардан ўрганишга эҳтиёжи қолмасин.

 Бугун орамизда яқин ўтмишдаги воқеалар иштирокчиси, гувоҳи бўлган кишилар оз эмас. Улардан фойдаланиш керак, деб ўйлайман. Юртга хизмати сингган қанчалаб фахрийларимиз уйида зерикиб ўтиришибди. Улар билан учрашувлар изчил йўлга қўйилса, хотиралари ёзиб олинса, улуғ иш бўларди, деб ўйлайман. Халқимиз, ёшларимиз асл ҳақиқатни ўзимиздан эшитсин, билсин, хулоса қилсин.

— Суҳбат учун, қимматли фикрлар, маълумотлар учун миннатдорлик билдирамиз.

 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Сафар ОСТОНОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.