30.04.2019

ОНА ТИЛИ ДАРСЛИКЛАРИДАГИ ХАТОЛАР,

чалкашликлар ва мураккабликлар ҳақида

Мен мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида ҳар куни ўқувчилар билан юзлашаман, уларга сабоқ бераман. Лекин баъзан улар шундай саволлар беришадики, унга жавобни на дарсликлардан, на бошқа жойдан топиб бўлади.Чунки бу дарсликларни тузган муаллифларнинг ўзида ҳам жавоб йўқ...

 

Дарсликлар — таълим самарадорлигини таъминловчи энг асосий воситалардан бири. Лекин бугун она тили таълими СЎЗ аталмиш илоҳий тушунчадан узоқлашиб, тилшунослик фанига айланиб кетди.

Бугун қайсидир соҳага (тил фанига бутунлай бегона соҳа бўлса ҳам) ўқишга киришни хоҳлаган абитуриентлар она тили фанининг мураккаб илмий жиҳатларини ҳам манаман, деган тилшунослар билан бемалол мунозара қила оладиган даражада ўзлаштириб қўйди.

Гап шундаки, она тили фанини зўраки мураккаблаштириш жараёни шиддат билан давом этяпти. Бунинг «меваси» сифатида абитуриентлар учун бирйўла 4-5 топшириқни ўз ичига олган ўта мураккаб тестлар тузилди. Менга шундай туюладики, гўё бу тестлар ўқувчи қоқилсин деган мақсадда тузилгандай.

Хўш, она тили фани мактабларда қай аҳволда ўқитилмоқда? Афсуски, она тили дарсликларига назар ташлаган киши юқоридаги салбий иллатлар илдизи мактаб дарсликларида эканлигини сезиб олиши қийин эмас. 5-9- синфларни-ку қўйиб турайлик, ҳатто бошланғич синфлар дарсликларида ҳам тил грамматикасига катта эътибор қаратилган. Кичик ҳажмдаги машқларда ҳам «белги билдирувчи сўзни топинг, ҳаракат билдирувчи сўзни топинг», тарзидаги грамматик топшириқлар қўйилган.

Бу билан она тили аталмиш сирли мамлакатга эндигина саёҳатга отланган жажжи саёҳатчиларнинг ихлосини қайтариб қўймаяпмизми? Саёҳатнинг кўтаринки руҳда давом этиши учун ўқувчини сўзнинг сеҳрли оламига етаклашимиз, унинг жозибасидан, маъно товланишларидан завқлантира олишимиз керак эмасми?!.

Шунинг учун нафақат бошланғич синфларда, ҳатто 5-6 синфларда ҳам тил грамматикасидан бутунлай воз кечиб, ўқувчи ёшига мос, бадиий жиҳатдан пишиқ, сўзни ҳис қилиш кўникмасини шакллантирадиган бадиий намуналар — хоҳ шеър бўлсин, хоҳ наср кўринишида бўлсин — тавсия этилиши керак. Турли манбалардан олинган, бир-бирига боғлиқ бўлмаган турли гаплардан ташкил этилган машқлар ўрнига боғланишли матнлар олинса, ўқувчиларда матн тузиш, сўзлаш, муносабат билдириш, хулоса чиқариш каби кўплаб кўникмалар шаклланади. Агар бу матнлар имлоси китобнинг ўзида тўғри берилса, ўқувчи ҳеч қандай грамматик қоидаларсиз ҳам саводхонликка эриша олади. Бу даврда ўқувчида 3 жиҳат шаклланиши лозим деб ҳисоблайман:

Биринчидан, сўз бойлигини ошириш ва равон нутқ. Иккинчидан, имловий саводхонлик. Учинчиси, мустақил фикрлаш ва баён этиш.

Каттароқ ҳажмдаги шеърларни ёдлаш, насрий матнлардаги янги сўзлар маъносини чақиш билан ўқувчининг луғат бойлиги ошса, матн воқеаларига муносабат билдириш, муаммоли вазиятларда хулоса чиқаришга даъват этиш орқали мустақил фикрлашга ўрганади. Шеърий матнларни кўпроқ ёдлатиш, матнларни чиройли ҳуснихатда хатосиз ёзишга ўргатиш билан ҳам саводхонликни таъминлаш мумкин.

Н.Маҳмудов, А. Нурмонов, А. Собиров, В. Қодиров ва З. Жўрабоевалар ҳаммуаллифлигида тузилган 5-синф дарслигида, афсуски, мураккаб грамматик тушунчаларга кенг ўрин берилган. Аввал 8-синфда ўргатиладиган «Гапда сўзларнинг боғланиши», «Сўз бирикмаси» ва ҳоказо мавзулар ҳозир 5-синф дастурига киритилган ва бу ўқувчи учун оғирлик туғдиради. Ўқувчи уларни ёдлаб ўзлаштирса-да, барибир тушуниб етмайди.

Фонетикага оид назарий фикрларда ҳам ғализлик бор. Нутқ товушларини бийрон тил билан талаффуз қила оладиган болажонларимизни бу товушларнинг қаерда ва қандай ҳосил бўлиши каби мураккаб илмий фикрлар билан қийнашимиз шартми? Ўқувчилар буларсиз ҳам тўғри талаффуз қила оляпти-ку! 5-синф она тили дарслигининг 46-бетида ҳолга, 47-бетида тўлдирувчига илмий таъриф берилган бўлиб, ҳар иккала таъриф ҳам «феълга боғланиб», деб бошланади. Бу албатта ўқувчини чалғитади ва агар шу қоида асосида ишлайдиган бўлсак, синтактик таҳлил жараёнида ортиқча муаммолар келиб чиқади. Агар шу қоида «феълга боғланиб эмас, кесимга боғланиб», деб ўзгартирилса, мантиқан тўғри бўлади, шу билан бирга, таҳлилдаги чигаллик ва баҳсларга барҳам берилиши мумкин. Дарсликдан бундай чигалликларни яна келтириш мумкин.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ўзгартирилган ДТС асосида тузилган ва амалда қўлланаётган тақвим иш режаларига метафора, метонемия, синекдоха, вазифадошлик сингари мураккаб тушунчаларнинг кириб келганини қандай изоҳлаш мумкин?! Биламизки, бевосита тил билан боғлиқ олий таълим муассасаларида бу мавзулар устида сўз борса, катта мунозараларга дуч келинади. Унутмайлик, тингловчиларимиз ҳали 5-синф ўқувчилари.

Н.Маҳмудов, А.Нурмонов, А.Собиров, Д.Набиевалар ҳаммуаллифлигида яратилган 6-синф дарслигида изоҳга муҳтож, ўзгартириш лозим ўринлар бор. Масалан, «Аслий ва нисбий сифатлар» мавзуси «Сифат даражалари» мавзусидан олдин ўтилади. Ҳолбуки, сифатларнинг аслий ёки нисбийлигини аниқлаш учун айнан ўзини билиш шарт бўлади. Даража нималигини билмаган ўқувчига аслий сифат қандай тушунтирилади?! Дарсликда 6-синф ўқувчилари учун тавсия этилган 287- ва 288-машқлардаги ўрин-жой номларини манаман, деган тилшунос ҳам беш баҳога ёзиб бера олмаса керак.

Дарсликда ёзилишича, «роқ» қўшимчаси қиёсий даража ҳосил қилади, «бироз, сал, пича» сўзлари озайтирма даража ҳосил қилади. Қиёслаб кўрайлик: баландроқ – сал баланд (бироз баланд, пича баланд). Менимча, иккала бирикма мазмунида катта фарқ йўқ, аммо бири қиёсий даража, иккинчиси озайтирма даража деб тушунтирилмоқда. Қолаверса, бироз баланд бирикмасида белги озаймаяпти, балки ортяпти. Бундай мисолларни дарсликдан яна келтириш мумкин.

Н.Маҳмудов, А.Нурмонов, А.Собиров, Д.Набиева, А. Мирзааҳмедовлар ҳаммуаллифлигида тузилган 7-синф дарслигида илмий баҳсталаб ўринлар ниҳоятда кўп. Ёрдамчи сўз туркумлари доирасида ўргатилаётган соф ва вазифадош атамалари ҳам ўқувчини чалғитишдан бошқа нарса эмас. Масалан, «билан» сўзи китобнинг 78-саҳифасида соф кўмакчи қаторида санаб ўтилган. Ҳолбуки, бу сўз боғловчиларни ўрганиш дарсларида бириктирув боғловчиси (94-саҳифа) сифатида мисоллар асосида тушунтирилган. Модомики, дарсликдаги илмий фикрлар бу тарзда бир-бирини рад этиб турса, ўқитувчи уни қай қудратли тил билан ўқувчиларга тушунтирсин? Демак, уни соф эмас, вазифадош ёрдамчи сўз сифатида олишимиз керак. Кўряпмизки, уларни, кези келганда, мутахассис ёки дарс ўтаётган ўқитувчининг ўзи ҳам фарқлай олмайди.

Дарсликдаги «Инкор боғловчиси ва инкор юкламаси» ҳақида. Аввало, иккала тушунчага берилган илмий таърифнинг ўзи ниҳоятда ғализ. Диққатимизни икки тушунчани фарқлашга хизмат қилувчи асосий белгига қаратамиз. Инкор боғловчиси қўлланганда, гапнинг кесими тасдиқ шаклида, инкор юкламаси қўлланганда, кесим инкор шаклида келар экан. Майли, шундай бўлсин ҳам. Шу фикрни далилловчи гапларга назар ташлайлик. Дарсликда юклама сифатида берилган мисолни келтираман. «Кўнглимни тутолмас на ов, на ўйин» (дарсликнинг 121-саҳифасидаги 252-машқнинг 9-гапи). Хўш, гапдаги инкор шаклидаги кесимни тасдиққа айлантирайлик-чи, маънода ўзгариш бўлармикан? Кўнглимни на ов, на ўйин тута олади. Менимча, ҳеч нарса ўзгармади. Гапда «на» ёрдамчиси уюшиқ эгаларни боғлаб келмоқда, холос. Ахир уюшиқ бўлакларни боғловчи боғлаб келади-ку. Демак, бу сўз юклама эмас, боғловчи. Қолаверса, юклама сўзларни боғлаш учун эмас, сўз ва гапларга қўшимча маъно юклаш учун хизмат қилади.

Дарсликда 6 та келишик 6 та мавзу сифатида 6 соат бўлиб берилган ва шундай ўтилади. Агар уларни битта жадвалга жойлаб бир соатда ўтсак, ўқувчи тезроқ ўзлаштиради. Иқтисод қилинаётган 5 соат вақтда тарбиявий мазмундаги кичик матнлар танлаб, баён ёздириш ёки сўзлаб бериш машғулотлари ташкил этиш мумкин. «Матнда қўлланган келишик шаклларини топинг», тарзида топшириқ бериш билан ўқувчиларда келишикларни мустақил ҳолда таний олиш кўникмаси шаклланади.

«Олмош сўз туркуми ва унинг таснифи» мавзуси ичида берилган олмошлар жадвалида (дарсликнинг 18-саҳифаси) «шунча» сўзи белгилаш олмоши сифатида берилган. Ҳолбуки, бу сўзнинг асоси шу кўрсатиш олмоши бўлиб, «-ча» миқдор билдирувчи қўшимча қўшилиши билан «н» товушининг ортиши кузатилган. Демак, бу белгилаш олмоши эмас, кўрсатиш олмоши сифатида берилиши керак эди.

Олмошлар мавзусида сўз ясалиши ҳақида ҳеч қандай фикр учрамайди. Аслида икки асосни қўшиш орқали ясалган «ана шу», «мана бу», «ҳар бир» каби олмош сўзлар мавжуд. Шу ўринда «кимдир», «нимадир» олмошлари таркиби ҳам баҳсталаб. Китобнинг 32-саҳифасига «Сўроқ олмошларига «алла», «-дир» қўшимчаларини қўшиш билан гумон олмошлари ҳосил қилинади, деган қоида киритилган. Савол туғилади: 6-синфда «Қўшимчалар таснифи» мавзуси ўтилганда, бу қўшимчаларни учратмаган эдик. Хўш, уларни қўшимчанинг қайси турига киритамиз? Сўз ясовчими, луғавий шаклми ё муносабат шакли? Мен бу ҳолатни сўроқ олмошига гумон юкламаси қўшиш билан гумон олмоши ясалган, деб баҳолаган бўлардим (масалан, «ким + дир). Демак, олмошларда ҳам ҳар иккала турдаги: икки асосни қўшиб сўз ясаш ва қўшимча қўшиб сўз ясаш ҳодисаси мавжуд ва у ясалиш хусусиятига эга бўлган мустақил сўз сифатида саналиши керак.

Дарсликдаги «Исмлар» мавзуси ҳам жуда тушунарсиз. Сўзларни исмлар деб жамлаш шартмикан?!

М.Қодиров, Ҳ.Неъматов, М.Абдураимова ва бошқалар ҳаммуаллифлигида тузилган 8-синф дарслигида «Сўз бирикмаси» мавзуси «Тенг ва тобе боғланиш» мавзусидан олдин ўтилади. Ҳолбуки, тескариси бўлиши керак. Чунки тобе боғланиш туфайли сўз бирикмаси ҳосил бўлади.

От кесим ва эга орасида тиренинг ишлатилиш қоидаларида ҳам тушунарсиз ҳолатга дуч келамиз (дарсликнинг 65-саҳифаси). Шунинг учун кесим боғламасиз ишлатилганда, тире қўйилади, деган қоидани қабул қилиш ва шу асосда имлодаги мураккабликка нуқта қўйиш керак.

Эгали ва эгасиз гаплар мавзусини ўтишда қанақа илмий фикрга суянишни билмайсан киши. Бундай гапларнинг таснифланишидан тушунтиришгача бўлган жараённинг ўзида аниқ бир принцип йўқ. Бу мавзуни бутунлай қайта кўриб чиқиш керак.

«Уюшиқ кесим» (дарсликнинг 110-саҳифаси) мавзусида «Сиз аълочи ва жамоатчисиз», «Сиз аълочисиз ва жамоатчисиз» кўринишида 2 та гап берилган ва биринчиси уюшиқ бўлакли гап, иккинчиси қўшма гап деб талқин этилган. Бу умуман тушунарсиз ҳолат. Дарслик ўзининг 51-саҳифасида айтган илмий фикрига ўзи қарши чиқмоқда (Қўшма гап таърифи). Ахир икки гапнинг грамматик асоси битта-ку. Фақат кесимлар уюшяпти, холос. Ҳаракат бир киши томонидан бажариляпти. Агар гапда ҳаракат ҳам, бажарувчи ҳам камида иккита бўлса, бундай гап қўшма гап сифатида қабул қилиниши керак. Дарсликдаги яна кўплаб мавзуларни қайта кўриб чиқиш ва ихчамлаштириш керак.

Энди диққатимизни Н.Маҳмудов А.Нурмонов, А.Собировлар ҳаммуаллифлигида яратилган 9-синф она тили дарслигига қаратайлик. «Содда ва қўшма гаплар» мавзусида шундай қоида берилган. «Кесимнинг нечталиги гапларни содда ва қўшма гапларга ажратишга асос бўлади». Савол туғилади: уюшиқ кесимлар мавжуд гапларни ҳам қўшма гаплар сирасига киритамизми?

Бу қоида таркибида нeчта грамматик асос бўлишига қараб гаплар содда ва қўшма гапларга ажратилади, деб ўзгартирилса, мантиқан тўғри бўларди. Дарсликда келтирилган илмий маълумотларга кўра, эргаш гапларнинг кесим, эга, тўлдирувчи, аниқловчи каби турлари бош гапга «-ки» юкламаси ёрдамида боғланади. Савол туғилади: ўзи «-ки» деган юклама борми? 7-синфда юкламани ёрдамчи сўз туркуми сифатида ўқувчига кенг ўргатамиз. Афсуски, «-ки» ушбу дарсликда юкламалар орасига киритилмаган. Қолаверса, юклама гапларни боғлаш учун хизмат қилмайди. Ўқувчи: «Устоз, «-ки» деган юклама йўқ-ку?» деганда унга қандай жавоб беришимиз керак?!

Шунинг учун «-ки» ёрдамчисини эргаштирувчи боғловчи сифатида ўқувчига тушунтирсак тўғри бўлади, чунки гап «-ки» қўшилган сўз билан тугаса, ҳар доим фикр давом этади, демак, у эргашган қўшма гапнинг қисмларини боғлашга хизмат қилади. Қўшма гаплар мавзуси ҳажман қисқартирилиб тушунарли ҳолатга келтирилиши керак.

Юқорида дарсликларда учраган чалкаш фикрлар шунчаки фикр исботи учун келтирилди, холос. .Айтмоқчиманки, бу ҳали ҳаммаси эмас, дарсликлар билан ҳар куни юзлашадиган ўқитувчи яна ўнлаб шундай ҳолатларни кузатиши мумкин.

Дарсликларни хатолардан холи қилиш, она тили таълимининг мақсадини ўз вазифасидан келиб чиқиб белгилаш учун, қолаверса, мукаммаллаштириш учун амалиётчи ўқитувчилар билан тилшунос олимлар ҳамкорлигида илмий анжуманлар, мунозаралар ташкил этилиши ва бир тўхтамга келиниши лозим, деб ҳисоблайман. Бу — бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаси.

 

Гавҳар УСМОНОВА,

Нарпай туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Ушбу мақолада муаллиф амалиётчи ўқитувчи сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган ва куюнчаклик билан айтилган бу фикрлар, албатта, газетхонни эътиборсиз қолдирмайди. Тўғри, изланишлар бор жойда хато-камчиликлар бўлиши табиий, лекин келажагимиз бўлган ёшлар таълим-тарбиясида хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, дарсликлар тайёрлашда ҳам бу масъулиятни фақат назариячи олимларга юклаб қўймасдан, унга амалиётчи педагогларни ҳам жалб этиш, бу борада танловлар ташкил қилиш орқали ҳар бир дарсликнинг пишиқ-пухта бўлишига эришишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ана шу масалада педагог-олимларимизни баҳс-мунозарага чорлаб қоламиз.



DB query error.
Please try later.