23.04.2019

У Дук Чэн: ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ МАРКАЗИЙ ОСИЁ БИРДАМЛИГИГА АСОС СОЛДИ...

У Дук Чэн, Бусан чет тиллар университети Марказий Осиё тадқиқотлари бўлими мудири, туркология фанлари доктори, профессор:

— Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиши жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан кенг таҳлил қилинди. Муносабатлар билдирилди.

Бугунги Ўзбекистоннинг бутун дунёга очиқлиги, демократия устуворлиги, фикрлар хилма-хиллиги, одамларнинг турмуш даражаси кун сайин юксалаётгани, инсон омили юқори даражага кўтарилаётганлиги жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг жозибадорлигини тобора оширмоқда.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида ўзаро ишонч, самимий дўстлик, холислик, ҳурмат, мухтасар айтганда стратегик шериклик тобора тарихий аҳамият касб этмоқда. 1400 йил олдин аждодларимиз томонидан тамал тоши қўйилган дўстлик, ҳамкорлик тамойиллари бугун ўзининг янги даврини бошлади.

Президентларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик бугун халқларимиз қалбига, юрагига кўчиб ўтди. Беғараз ёрдам, меҳр билан узатилган қўллар, тобора бир-бирига туташиб бораётган йўллар ҳар икки халқнинг дунё саҳнидан муносиб ўрин олишига хизмат қилмоқда.

Корея Президентининг: Сеул шаҳри темир йўли орқали Евроосиё қитъасини босиб ўтиб, Тошкент темир йўл вокзалида тушишни орзу қиламан, деган... Мазкур даъват барчамизни тўлқинлантириб юборди. Бу юксак ҳурматга, меҳрга, ишончга йўғрилган сўзлар эди. Бу нафақат темир йўлларни туташтирувчи, балки корейс ва ўзбек халқларини янада яқинлаштирувчи дил туғёнлари эди.

Ўзбекистонга, ўзбек халқига бундай беқиёс ҳурмат ва эҳтиром замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий хизматлари бор. Бу қандай омилларда намоён бўлади?

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг қуйидаги эътирофига эътиборингизни қаратмоқчиман: Дунёнинг диққат марказида бўлиб келаётган Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурматимни билдираман. Шавкат Мирзиёев ҳамма соҳалардаги – сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаётга доир ислоҳотлари билан Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичи сари етакламоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтардик. Уни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишларини муҳокама қилиб, истиқболли келишувларга эришдик...

XXI аср руҳи, талаби, истаги инсониятни йиллар давомида ўйлантирган, қийнаган мураккаб масалаларни бартараф этаётгани билан ғоятда қимматли ва азиздир. Бу гўзал, инсонпарвар туйғулар халқларнинг кўнглига кўчиб ўтиб, одамлар қалбини забт этмоқда. Эзгуликлар, қадриятлар бўй кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёнинг бир бутунлиги, яқинлиги йўлида олиб борилган сиёсат бутун дунё учун ибратлидир. Қаранг, инсоният тарихида қандай мудҳиш даврлар ҳам бўлди, бир дарёдан сув ичиб, бир ерда ризқ-рўз яратган, қони бир, жони бир, дини бир халқлар бир-бири учун дарвозаларини ёпдилар. Чегаралар қаттиқ қўриқланди. Қадрият, тарих, тақдирлар, урф-одатлар оёқости қилинди. Бу азоб-уқубатлар корейс халқи учун ҳам бегона эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё бирдамлигига асос солди. Одамларнинг бир-бирига интилишлари, қувончлар, борди-келди анъаналари тикланди. Халқаро экспертлар томонидан бу тарихий воқеалар барчага намуна қилиб кўрсатилмоқда.

Бугун Ўзбекистон раҳбари нафақат Марказий Осиё тинчлиги ва бирдамлиги борасида, балки бутун дунё тинчлиги ва халқлар аҳиллиги йўлида қайғурмоқда, курашмоқда. Буни Афғонистон борасида Ўзбекистон тутган йўл ҳам кўрсатиб турибди.

Дунёда ёлғиз ўзи ривожланган, тараққий этган давлат ҳам, миллат ҳам йўқ. Аслида инсониятнинг қувончи ҳам, қайғуси ҳам бир. Бир ҳаводан нафас оламиз, бир заминда яшаймиз.

Миллатлараро муносабатларда, яқин қўшнилар билан алоқаларда, бутун дунё халқларига кўрсатилаётган эътиборда, эъзозда, диний бағрикенгликда Ўзбекистон позицияси халқаро доираларни, сиёсатчиларни ҳайратга солмоқда. Эътирофлар янграмоқда.

Ўзбекистон — Корея муносабатларидаги энг устувор тамойил бу тараққиётга биргаликда эришиш, ҳамкорликда эзгу мақсадларга етишдир.

Мен бир олим сифатида Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга буюрган ташрифини жуда юксак баҳолайман. Мазкур ташриф ҳар икки давлат ва халқларимиз учун янги-янги имкониятлар эшигини очишига ишонаман.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг тараққиёти – Кореянинг тараққиётидир.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.