08.04.2019

ХАЛҚ БОРКИ, ДАВЛАТ БОР

Ҳуқуқни чеклайдиган, йўл очиш ўрнига тўсиқ қўядиган ҳужжатларни энди замон ҳам, халқ ҳам қабул қилмайди

Яқин-яқингача «парламент қонун лойиҳасини қабул қилмасдан орқага қайтарибди», деган гапларни деярли эшитмасдик. Айрим муроса қилиб бўлмайдиган масалаларда фикри, қатъий нуқтаи-назарини билдирган депутатлар хушланмас ёки бўлмаса, қўллаб-қувватланмасди. Бундай муҳитнинг салбий таъсири бутун мамлакатда сезиларди.

Фикр билдиришдан ийманиш, бирон воқеага кўпнинг олдида муносабат билдиришдан тортиниш, давлат мулозимларига қарши фикр айтишдан чўчиш халқ ва миллат сифатида юксалишимизга халақит қилаётган иллатларнинг энг каттаси, десак, ҳаққимиз кетмаса керак. Эрта-индин тараққиётимиз, ҳаётимиз қандай даражада бўлиши фикрлар эркинлиги ва хилма-хиллиги масаласи билан узвий боғлиқ. Фикр йўқ жойда ўсиш ҳам бўлмайди. Бу мураккаб мавзу, битта мақола доирасида унинг айрим жиҳатларини таҳлил қилиш мумкин, холос.

Ўтган йили апрель ойида парламентда ер ости сувларидан рухсатсиз сув олганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланмагани ҳақида мақола берган эдик. Лойиҳага кўра, сув қудуқларини рухсатсиз қазганлик учун фуқароларга жарима жазоси белгиланиши керак эди. Парламент вакиллари бу ҳужжатга қарши чиқди. Нимага? Чунки бу ҳужжат ҳаётий вазиятни билмасдан тайёрланган эди.

Тасаввур қилайлик, бир қишлоқда ёз ва куз ойларида оқава сув умуман узилади. У ерда одамларнинг бор умиди томорқадаги емишлик экин ва 4-5 туёқ мол-ҳолга боғланиб қолган. Нима қилиш керак? «Сув йўқ!», деб дод-вой солган билан муаммо қисқа муддатда ҳал бўладими? Йўқ, албатта. Бундай вазиятда аҳоли бир-икки мол-полини сотиб, тезлик билан қудуқ қазишга мажбур бўлади. Худо бериб, сув тезроқ чиқса чиқди, бўлмаса, қудуқ чуқурлашган сари нархи ҳам ошиб кетаверади... Амал-тақал қилиб одамларнинг энди оғзи сувга етганида қишлоқда сув йўқ пайтларда қорасини ҳам кўрсатмаган мулозим қовоқлари солинган ўта жиддий қиёфада дарров етиб келади, «мана бу қонуннинг мана бу моддасига кўра жавобгарсиз», деб туриб олади, гўё одамларнинг устидан кулгандай бўлади...

Хуллас, ўшанда депутатлар аҳолини барқарор ва доимий сув билан таъминламасдан жавобгарлик белгиланиши норозиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини тўғри тушунтиришга уринишган, бу масалада қонун қабул қилишдан олдин тарғибот ишларини кучайтириш зарур, деган қатъий хулоса берган эди.

Мана шундай ҳолатларда қонунларнинг ҳаётдаги вазиятга мос бўлиши жуда зарур экани ойдинлашади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қонунларнинг бевосита ижодкори халқ бўлиши кераклиги ҳақида айтгани бежиз эмас, албатта. Бу ўринда масаланинг аҳамияти ва юқорида келтирилгани каби нозик жиҳатлари ҳисобга олинган.

Қонунларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида парламент аъзоларининг халқ манфаатларини кўзлаб фикр юритиши, муносабат билдириши халқ фикрининг қудрати ошишида катта аҳамиятга эга.

Маълум ҳудуд ёки жамият миқёсидаги муҳим масалалар бўйича фикр билдирмоқчи, таклиф бермоқчи бўлган кишиларга йўл очилиши ўта муҳим масала. Тўғридан-тўғри мулоқотлар, сайёр қабуллар, сайёр учрашувлар, ижтимоий тармоқлар фикр айтиш, муносабат билдиришга қулай шароит ярата бошлади. Жамиятда фаоллик ошгани кимларгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Аммо халқнинг халқ, миллатнинг миллат бўлиши учун фикрлай олиш, гапира олиш қобилияти ҳамма нарсадан кўпроқ зарур. Бу ҳақда узоқ ваъзхонлик қилишга зарурат йўқ, дунё улуғлари керакли гапларни айтиб кетган.

«Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар». Конституциямиздаги ана шу юксак қоидага мувофиқ давлат идораларининг қарор қабул қилиш, тартиб-таомилларни белгилаш жараёнида масъулияти ошяпти. Жамоатчилик фикри мулозимларни шунга ундаб турибди. Ҳукумат, маҳаллий ҳокимликлар ишлаб чиққан ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши катта самара бера бошлади.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган ҳужжат лойиҳаси ҳақида тезкор фикрлар билдириляпти. Давлат идоралари, олимлар, турли соҳа мутахассислари ва амалиётчилар ўртасида мулоқот муҳити юзага кела бошлагани мамлакатда ҳар томонлама ижобий муҳитни юзага чиқармоқда. Аввалига жамоатчилик фикрига деярли эътибор қаратилмаган бўлса, эндиликда бу жараён ҳам ижобий томонга силжишни бошлади.

Гарчи кўп бўлмаса-да, бунга аниқ мисоллар бор. Ўтган ойнинг бошида regulation.gov.uz сайтига Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ҳамда текстиль маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тўғрисида низом лойиҳаси жойлаштирилди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов ва бошқа кўплаб юртдошларимиз ушбу ҳужжат лойиҳасига ижтимоий тармоқларда муносабат билдириб чиқди.

Зафар Ҳошимов, жумладан, шундай деганди: «...Давлатимиз қатъий равишда экспортга нархларни белгилаш ғоясига мунтазам қайтаётгани кўпчилик қатори мени ҳам ҳайратлантирмасдан қўймаяпти, рости... Ўтган йили жуда яхши гилос ҳосили бўлди. Боғбонлар тўкин-сочин мавсум илинжида жуда хурсанд эди. Бироқ давлат гилоснинг 1 кг. ни 4 доллардан паст нархда экспорт қилишни тақиқлаб қўйди. Аммо гилосга белгиланган нархнинг ташқи коньюнктураси мутлақо бошқача бўлган. Мен ўзим шахсан Россиядаги супермаркетда 1 кг. гилос учун 190 рубль (3$) тўлагандим. Шундан келиб чиқадики, Москвадаги чакана савдода гилоснинг килоси 3$ эди, мансабдорларимиз эса уни 4$ дан паст нархда экспорт қилишни маън қилишган...»

Ўша ҳужжат лойиҳасига кўра, экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш, мева-сабзавотлар ва тўқимачилик маҳсулотлари бўйича «тавсия этиладиган» экспорт нархларини белгилаш таклиф қилинди. Бу боғбонлар, деҳқону фермерлар, тадбиркорлар ҳамда экспертларнинг кескин норозилик ва эътирозларини келтириб чиқарди. Март ойининг охирги кунларидан бирида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ишбилармонлар ва экспертлар билан мулоқотдан сўнг, ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан олиш, яъни уни қабул қилмаслик ҳақида хулосага келди.

Бу воқеа давлат ташкилотларига ҳамма нарсани назорат қилишга уриниш билан обрў топиб бўлмаслиги, тўсиқ қўйиш эмас, шароит яратиш кераклиги, «билганимча иш тутаман», деган ўй билан юриш катта хато экани ҳақида ўзига хос «сигнал» бўлиши керак. Ўтган йили юртимизнинг жуда кўплаб қишлоғу маҳаллаларида етиштирилган олтинга тенг мўл ҳосил нотўғри қарорлар оқибатида сотилмай увол бўлгани, бундан халқимиз катта жабр кўрганидан сабоқ чиқарилмагани кўриниб турибди. Вазирлик ва давлат идораларида ишлаётган мутахассислар ҳалиям ҳудудлардаги реал ҳаётни тўғри тасаввур қила олмаётгани, ҳужжатлар халқни қийнаши эмас, унга ёрдам бериши лозимлигини англаб етмаётгани сезилиб қоляпти. Бўлмаса, битта масалада кетма-кет бюрократик ҳужжатлар тайёрланаётганини қандай изоҳлаш мумкин?..

Яқинда Адлия вазирлиги сайтида шундай хабар чиқди: «Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ... қўйилган эди. Лойиҳада Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда ундириладиган давлат божи билан боғлиқ масалалар назарда тутилган эди. Давлат божи ставкаларини комплекс кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб ҳамда прописка масаласида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласи қўшимча ўрганилаётганлиги сабабли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан олиб ташланди».

Нега бирданига бундай бўлди? Ҳужжат лойиҳаси тайёрлаб жамоатчилик муҳокамасига қўйилганидан кейин нимага қўққисдан фикр ўзгариб қолди?..

Бу саволларга жавобни фаол ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Телеграм ижтимоий тармоғидаги «Xushnudbek.uz» гуруҳида (76 мингга яқин ўқувчиси бор) ёзган айрим фикрлардан топиш мумкин. Гап шундаки, ҳуқуқшунос ҳужжат лойиҳаси эълон қилингач тезкор ва кескин муносабат билдирган эди:

«... лойиҳадаги кейинги таклиф бевосита Ўзбекистон фуқаролари учун тааллуқли. Аниқроғи Ўзбекистон фуқароларига янада қийинроқ, янада оғирроқ шартлар ҳақида гап кетяпти. Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган тақдирда, уларнинг ҳар бири белгиланган ставкада давлат божи тўлаши таклиф қилинмоқда. Белгиланган ставка эса уй нархининг 5 фоизи...

...Тепадагилар мундоқ қарашса, халққа енгил бўлиб кетяпти. «Нимага 3-4 киши пул қўшиб, уй сотиб олиб, осонгина прописка олиши керак?» деган саволни беришган. Ва бунга жавоб сифатида ушбу лойиҳани ишлаб чиқишган, менимча. Лекин уларнинг бирортаси «Нимага Ўзбекистон фуқароси ўз юртида пропискани «сотиб олиши» керак?» деган саволни ўйлаб кўрдимикин, қизиқ?..»

Вазирлик бир кишининг фикри ёки муносабати билан ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан олиб ташлаши қийин бўлса керак, албатта. Аммо «прописка сотилиши» Конституцияга зид экани ҳақида ўзимизда ҳам, дунёда ҳам фикрлар кўп. Мен шундай фикрловчилар томонидаман. Чунки Президент Фармони билан 2018 йилги давлат дастурида пропискаси йўқ фуқаролар ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишига рухсат берилиши белгиланган бўлсада, бу талаб ҳалигача бажарилмаган. Вазирлик бу масалага муносабат билдирмаган...

Халқ фикри – қудратли куч. Халқ борки, давлат бор, муҳр ва лавозимларнинг маъноси бор.

Таскин берадиган ҳолат шундаки, айрим давлат ташкилотлари жамоатчилик фикри билан ҳисоблаша бошлади, танқидий фикр асосида ишлашни ўрганаяпти. Бу бизнинг жамият учун муҳим ва характерли янгилик.

Халқнинг фикрини эшитмаган, орзу-интилишларини илғамаган давлат мўрт бўлади, ойналари қорайтирилган уловларда юрадиган мулозимлар ҳаётдан узоқлашади, давлатнинг бирдан-бир манбаи халқ эканини унутиб қўяди, оқибатда оёғи ердан узилади. Бу масалада узоқ ва яқин ўтмишдан мисоллар оз эмас.

Фикр кўп, қарашлар хилма-хил бўлган жамият том маънода юксалиб, ривожланади. Халқ ва миллат фикридан ибрат ва қувват олиб яшаган давлатгина қудратли бўлади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: