Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
05.03.2019

КЎП АЙТИЛДИ ВА ... ТЕЗ ҚАЙТИЛДИ

Ёхуд тўйларимизда дабдабабозлик тугамаётгани ҳақида

Ўтган йилнинг баҳори адоғи ва бутун ёз давомида барча оммавий ахборот воситалари тўйларимиздаги ортиқча чиқимларга, дабдабабозликка чек қўйиш, тўйларни камчиқим ва тартибли ўтказиш ҳақида тинмай ёзишди. Ойнаи жаҳоннинг барча каналлари бу ҳақда кунаро кўрсатувлар намойиш қилди, фуқароларнинг фикрлари, таклифлари ўртага ташланди...

Кўплаб зиёлилар, оқсоқоллар билдирган фикрлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати томонидан 2018 йилнинг 29 июнида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида» қарор қабул қилинди. Унда тўйларда иштирокчилар сонини камайтириш, айрим тўйолди ва тўйорти тадбирларини қисқартириш ва бу борада маҳаллаларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб бориш орқали тўй ва бошқа маросимлардаги дабдабабозликларга чек қўйиш белгиланганди.

Қарор қабул қилингач, барча ҳудудларда ҳокимликлар томонидан «намунали тўйлар» ташкиллаштирилди. Бу тўйларда кўпи билан икки юз эллик киши иштирок этди, ортиқча чиқимлар тўхтатилди. Келин ва куёвни кузатиб борадиган машиналар сони ҳам кескин камайтирилди.

Ҳазорасп туман ҳокимлиги ташаббуси билан Питнак шаҳрида ўтказилган ана шундай «намунали тўй»ни матбуотда ёритдик. Шу тўйга бош бўлган маҳалла фаоллари эндиликда барча тўйлар шу зайлда, яъни кўпи билан икки юз эллик киши иштирокида ўтиши ҳақида қатъий фикрларни айтишди. Тўй эгалари бундан мамнунлигини яшириб ўтиришмади. Мазкур тўй тарғибот сифатида оммавий ахборот воситаларида роса ёритилди.

 Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими ҳам бу ишда ташаббускорлардан бири бўлди. Айнан ушбу ташкилотда ишлайдиган ёш ходимнинг «бахт тўйи» шу тахлит намунали ташкил қилинди. Бу тўй ҳам вилоятдаги ойнаи жаҳон»ларда роса тарғиб қилинди.

 Бундан кўпчилик, айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами хурсанд бўлганди. Намуна тарзида ўтказилган тўйларга ҳавас қилган айрим фуқаролар шу тахлит тўйларни ташкиллаштирдилар. Бу ишларга ўз вақтида маҳаллалар фаоллари бош бўлишди ва албатта юқорига шундай тўйлар ўтказилаётгани ҳақида маълумотларни ҳам юборишди. Бу билан юқори орган қарори ижроси таъминланаётгани гўё кўз-кўз қилинди.

 Кейин аста-секин ҳаммаси яна эски ўзанга кўчди – тўйлардаги дабдабабозлик қайта авж ола бошлади.

 Бугун Ҳазораспдаги тадбиркорлар бир-бирларига баҳслашиб қурган саккиз юз, минг ва ҳатто ундан кўпроқ меҳмон сиғадиган тўйхоналар гуллаб-яшнамоқда. Негаки, элимизда кузнинг охири ва деярли бутун қиш тўйлар мавсумига айланган. Деҳқонлар экинларини йиғиб олишади, тўй учун бозорга солишади. Яна хориж давлатларида ишлаётганлар одатда қишда қайтишади. Тўплаган маблағларини эса тўйга сарфлашади.

 Тўй мавсумида кўрдикки, шунча тарғибот, шунча ташвиқот ҳавога учган. Яна саккиз юз, минг кишига мўлжалланган тўйхоналарга навбат тирбанд. Яна дастурхонларни безашда бир-бировдан ўзиш пойгаси. Яна тўйларда бир эмас, икки ва ҳатто уч хонандани таклиф қилиш «тажрибаси». Яна ва яна шу эски «кимўзарлик».

Ишхонага келаётиб, хиёбонда келин-куёв ва уларни кузатиб келган ёшларга кўзимиз тушди. Кузатувчилар сони эллик нафардан кам эмас. Ўтаётиб, беихтиёр нимадир қарсиллаб синганидан ортга қараймиз. Маълум бўлишича, ёшлар келин ва куёв бахтли ҳаёти учун шампан виноси ичиб, қадаҳларни ерга уриб синдиришаётган экан...

 Бундай масканларга ёндош кўча бошидан эса бемалол ўтишга қийналасиз. Келин-куёвларни кузатиб келган машиналар турнақатор. Тушга яқин хиёбонга бир йўла олти-етти келин-куёв бир вақтда келишганида эса йўлда машинада юришга эмас, оёқ босишга жой қолмайди.

Бу дабдабабозликлар шундоқ марказларда, ҳокимлик бинолари олдида бўлаётгани ажабланарли.

Ишхонамизга рўпара томонда ресторан жойлашган. Айрим кунлари бу ерда турнақатор турган бир хил марка, бир хил рангдаги қимматбаҳо машиналарни учратамиз. Айнан бир хил русум ва рангдаги 12 та машина. Уларда келин-куёв тенгқурлари келган ва шу ерда ёшларнинг ФҲДЁ бўлимида никоҳдан ўтгани муносабати билан банкет уюштиришади. Бу дабдабабозликнинг чиқими эса қишлоқ жойлардаги бундайроқ тўй харажатидан кўпроқ. Масъуллар эса ҳаммасига аллақачон кўз юмишган.

 Кунда, кунора шаҳар кўчаларида сон-саноқсиз машина кортежларига кўзимиз тушади. Энг камида ўттизта машина келин-куёвни кузатиб келаётган бўлади. Йўл-патруль хизмати ходимлари эса бу кортежларни кўрганда тескари қараб туришади.

 Бир вақтлар, аниқроғи, 1999 йилда тўйларимизни тартибли ўтказиш ҳақида қарор чиққанида маҳаллага келин-куёвни кузатиб борадиган машиналарга алоҳида муҳр босилган рухсатнома бериш тартиби жорий қилинганди. Энг кўпи билан бешта машинага. Қайси ҳайдовчи шундай рухсатномага эга бўлмаса, йўл-патруль хизмати ходимлари чора кўрарди. Одатда бундай тўйларда киракашлик қилиб, мўмай пул ишлашни орзу қилган ҳайдовчилар рухсатномасиз машинада тўй кортежида юргани учун мўмайгина жарима тўлагач, бошқа бу ишга жазм қилмасди. Ўз вақтида бу тартиб яхши самара берганди. Аммо вақт ўтиши билан бу амалиёт ҳам чок-чокидан сўкилиб кетди.

Навбатдаги тўй мавсуми бошланди-ю, оммавий ахборот воситалари тўйлар ҳақидаги мавзуни ёпишди. Негаки, улар наздида қарор чиқди, энди ҳаммаси ўрнига тушади. Қарор ижроси учун масъуллар бу ёғини назоратга олишади.

 Афсуски, тўйларимизни камчиқим, тартибли, дабдабасиз ўтказиш ҳақида айтганларимиз бесамар кетгани маълум бўляпти.

Қарор ижроси билан кучли, деган эски ҳикмат бор. Хўш, қарор ижросига масъуллар нега жим? Маҳалла оқсоқоллари, фаоллар қаерда? Улар ҳар куни тўйда. Масалан, тўйларни очиб беришни одатга кўра, айнан маҳалла раиси, фаоли, кўчабошиларга ишонилмоқда. Оқсоқол тўйни очиб бераётганидан мамнун эканини баралла эълон қилади. Тинчлик, серобчилик ҳақида гапиради. Аммо Сенат қарори ёдига келмайди, ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳақида гапирмайди. Машҳур бир қўшиқдаги «Ҳам айтади, ҳам қайтади» ибораси, афсуски, яна бир карра ҳаёт ҳақиқати бўлиб чиқяпти. Кеча тўйларни камчиқим қилиб ўтказиш ҳақида маъруза қилганлар бугунги дабдабали тўйларга бош-қош.

 Нима ҳам деймиз? Мақолани ёзаётганимизда навбатдаги тўйга таклиф қилиб қолишди. Маҳалладошимиз келин туширяпти, тўй катта тўйхонада бўларкан.

 Элатчилик, бормасак, мезбон хафа бўлади.

Мақолани тугатибоқ, тезда кийиндик. Тўйга боришимиз керак, ахир!

 

Рўзимбой ҲАСАН,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: