05.02.2019

ОНА СУТИ — БЕБАҲО НЕЪМАТ

Фарзанднинг дунёга келиши – оила ҳаётида энг муҳим ҳодиса, катта қувонч. Аммо шу билан бирга, ота-она зиммасидаги улкан масъулият ҳамдир. Зеро, боланинг маънан, руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши катта эътиборни талаб этади. Бола соғлом ўсишига кўп омиллар таъсир қилади, бунинг биринчи шарти эса илк даврданоқ уни тўғри овқатлантиришдир. Гўдакларни озиқлантириш усулларидан энг яхшиси ва хавфсизи эса – бу шубҳасиз, кўкрак сути ҳисобланади. Натижада бола турли хил инфекциялардан яхши ҳимояланади, касалликларга чидамли бўлиб, жисмонан ва ақлан яхши ривожланади.

Бебаҳо неъмат бўлмиш она сутининг бола саломатлигидаги аҳамияти, сунъий овқатлантириш ҳамда эмизикли аёллар таомномасида эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатлар хусусида маълумот олиш учун тиббиёт фанлари доктори, врач-неонатолог, Республика ихтисосла́шти́ри́лга́н педиатрия илмий-амалий тиббиёт марка́зи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Камола САЛИҲОВАга мурожаат этдик.

 

– Кўкрак сути – чақалоқлар учун энг яхши озуқа, у дастлабки олти ойда бола организмини барча керакли озуқа моддалари билан таъминлаб беради, – дейди Камола Шавкатовна. – Ҳар бир онанинг сути айнан ўз фарзандининг эҳтиёжларига мос келади ва баркамол ривожланиши учун зарур бўлган моддалардан таркиб топади. Шу боис турли аёлларда кўкрак сути сифати ва таркиби фарқ қилади.

Муҳим томони, болани кўкрак билан эмизиш она соғлиғи учун ҳам фойдали: камқонликнинг олди олинади, кўкрак бези ва бачадон саратон касалликларининг пайдо бўлиш хавфи камаяди. Қолаверса, кўкрак билан мунтазам эмизиш она ва бола ўртасида кучли меҳрли алоқани ўрнатиб, ҳам бола, ҳам онанинг руҳий-эмоционал ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, гўдакка ҳимояланганлик, хотиржамлик бағишлаб, мириқиб ухлашини таъминлайди.

– Эмизикли онанинг овқатланиш рациони унинг сути сифатига қай даражада таъсир кўрсатади?

– Кўкракда сут ишлаб чиқилиши онанинг овқатланиш рационига бевосита боғлиқ эмас. Сутнинг керакли миқдорда ҳосил бўлиши боланинг эмишидан келиб чиқади. Яъни, бола онани қанчалик кўп эмса, шунча кўп миқдорда кўкрак сути ишлаб чиқилади. Бунда боланинг тўғри эмиши асосий роль ўйнайди. Бола учун фойдали ва зарур моддаларни она ўз организмидаги захиралардан сут орқали беради. Демак, эмизикли аёлнинг соғлом овқатланиши жуда муҳим. Табиий шароитда ўсган, аллергия бермайдиган, кимёвий моддалардан холи маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим.

Шу ўринда мева, резаворлар хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Мева ва резаворлар соғлом овқатланиш рационининг ажралмас қисмидир. Аммо эҳтиёт чораси сифатида уларни рационга камроқ миқдорда киритган маъқул. Эмизикли аёлларга кун давомида 200 гр. мева, резавор истеъмол қилиш тавсия этилади, бора-бора бу миқдорни 300 гр. гача кўпайтириш мумкин. Қандай мева, резаворларни истеъмол қилиш ҳам муҳим, бу ўринда танловни организм учун болаликдан таниш бўлган маҳаллий меваларга қаратиш лозим. Экзотик меваларни эса бола 3-4 ойга тўлгач, кам миқдордан истеъмол қилиш мумкин, шунда ҳам бола қандай реакция қилишига эътибор бериш керак.

– Она сути етишмовчилигида ёки бошқа сабаб билан бола сутли аралашма билан боқилганда нималарга эътибор қаратиш керак? Замонавий сутли аралашмалар она сути ўрнини нечоғлик боса олади?

– Болага она сути билан бирга қўшимча тарзда сутли аралашма берилса ёхуд бола тамомила сунъий овқатлантиришда бўлса, сутли аралашмаларни тайёрлаш, сақлашга ўта масъулият билан ёндашиш, ўзбошимчалик қилмай, йўриқномадаги ва шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилиш керак.

Сутли аралашмани олдиндан тайёрлаб қўйишга асло йўл қўйилмайди, ҳатто ярим соат илгари тайёрланган аралашма ҳам болага бериш учун яроқсиз ҳисобланади. Сут бактериялар кўпайиши учун жуда қулай муҳитдир, бу эса боланинг овқат ҳазм қилиш тизимида бузилишларга сабаб бўлиши мумкин. Агар тайёрланган аралашма қолиб кетса, қайта иситилмай, ташлаб юбориш лозим.

Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган сутли маҳсулотларни аралаш қўллаш тавсия этилмайди. Маҳсулотлар таркибидаги фарқ бола ичагида бузилиш келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, сутли аралашмаларни ҳадеб ўзгартириш ҳам маъқулланмайди. Яхшиси, бола учун энг маъқул бир сутли аралашма танлаб олиниши керак.

Она сути янги туғилган бола учун мукаммал озуқадир. Шунинг учун саноат ва тиббиёт қанчалик тараққий этмасин, ҳатто энг замонавий сунъий аралашмалар ҳам она сути ўрнини боса олмайди.

– Айрим ҳолларда аёллар «сутим йўқ» ёки «бола эммаяпти» деб, болани осонликча сунъий эмизишга ўтказишади. Қай ҳолларда она сути келишида муаммолар учрайди, уни бартараф этиш чоралари қандай?

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг таъкидлашича, кўкрак сутининг йўқлиги ёки унинг етишмаслиги шунчаки болани кўкракка нотўғри тутиш ва мунтазам эмизмаслик оқибати, холос. Лактациясиз, яъни сут келмайдиган оналар бўлмайди (95 фоиз аёлларда кўкрак сути меъёрда ишлаб чиқилади).

Кўкрак билан эмизишда муаммолар пайдо бўлса, аввало мутахассисга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Аёлнинг руҳий аҳволи яхши бўлса, оилада соғлом муҳит ўрнатилса, она сути келишида муаммолар бўлмайди, аксинча, турли стресс, чарчоқ онада сут ҳосил бўлишига салбий таъсир кўрсатади.

 – Чақалоқнинг онани эммаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Қай ҳолларда гўдак она сутидан воз кечиши мумкин?

 — Эндигина дунёга келган мурғак дангаса ёхуд инжиқ бўлиши мумкин эмас. У она кўкрагидан воз кечаётган экан, демак, бунинг жиддий сабаблари бор. Агар туғуруқ қийин кечган бўлса ёки бола муддатидан илгари дунёга келса, унинг табиий рефлекслари тўлиқ шаклланмаган бўлади. Бола бироз улғайиб, қувватга киргач, табиий тарзда овқатланишга ўрганади. Бу ҳолда онадан сабр талаб этилади. Эмаётган вақтда шоширмаслик, ҳар 3-5 дақиқа орасида 10 сониялик танаффуслар қилиш, кўкрак олишига кўмаклашиш боланинг рефлекслари сўнмаслигига ёрдам беради. Баъзан муддатига етиб, соғлом туғилган бола ҳам кўкракдан эмишга тўлиқ тайёр бўлмаслиги мумкин. Эмаётган вақтда гавда ҳолатини у учун қулай бўлган ҳолатга ўзгартириш, болани маҳкам йўргаклаб, қоронғи ва шовқинсиз хонада қўлда оҳиста тебратган ҳолда кўкрак тутиш унга гўё она қорнини эслатиб, хотиржам бўлишини таъминлайди.

Кундалик рационга ўзга таомларнинг киритилиши сут таъми ўзгаришига олиб келади. Айрим гўдаклар она сутидаги арзимас бегона таъмни ҳам сезади. Бу ҳам боланинг эммай қўйишига бир сабаб. Она сути жуда сероб бўлганда, сут тиқилиб, бола йўтала бошлайди. Натижада эмишдан бош тортади. Бунда болани иккала кўкракдан бир хил эмизишга одатланиш керак.

Бола қандай сабабдан бўлмасин, она сутини эммаса, албатта шифокорга мурожаат этиб, керакли кўрсатмалар олиш зарур.

– Юртимизнинг иқлим шароитларини ҳисобга олиб, чақалоқларни неча марта ва қандай миқдорда овқатлантирган маъқул?

– Чақалоқнинг ошқозон ҳажми тез-тез ва кам миқдорда озуқа қабул қилишга мослашган, бир вақтнинг ўзида 150-200 мл. сутни қабул қилиши физиологик жиҳатдан тўғри келмайди. Шунинг учун янги туғилган чақалоқларни дастлабки ойларда сутка давомида 10-15 мартагача эмизиш талаб қилинади. Икки-уч ойлик даврида эса ўзининг индивидуал озиқланиш тартиби аниқланади.

Бола кўкракни ўзи чиқариб юбормагунча эмизишдан тўхтатиш тавсия этилмайди. Тунги эмизиш эса онада сут ишлаб чиқишини кўпайтириб, олти ойгача исталмаган ҳомиладорликдан сақлайди.

Шуни айтиш керакки, бола ҳаётининг биринчи олти ойлигида она сути ягона озуқа маҳсулоти ҳисобланиб, болага ҳеч қандай қўшимча суюқлик ёки бошқа маҳсулотлар, ҳатто сув ҳам беришга зарурат йўқ. Она сути таркибида сув етарли миқдорда бўлганлиги учун, ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам бола қўшимча сувга муҳтож эмас.

Олти ойликдан бошлаб эса бола рационига аста-секин қўшимча овқат (мева-сазбзавотли пюрелар, творог, кефир) кирита бошланади. Бунда шифокор тавсиясига қатъий амал қилиш керак. Шу билан бир қаторда, боланинг талабига кўра, она сути билан боқиш давом эттирилади. Аслида кўкрак билан эмизиш 2 ёшгача ва ундан кўпроқ вақт давомида тавсия этилади.

Ниҳоллар меҳр билан парвариш қилингандагина келажакда илдизлари бақувват шовуллаган дарахтларга айланади. Шу каби бола ҳаётининг дастлабки даврида соғлом овқатлантириш келгусида унинг саломатлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналиши сифатида қаралиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, юртимизнинг келажаги айнан ўсиб келаётган баркамол авлодга боғлиқдир.

 

Дилдора ЙЎЛДОШЕВА

 суҳбатлашди.



Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: