05.02.2019

БУЮК КЕЛАЖАК МАНЗАРАСИ ЗАМОНАВИЙ БИЛИМ ВА ИННОВАЦИЯЛАРДА НАМОЁН БЎЛАДИ

Ҳаёт тажрибасидан яхши маълумки, жамиятда тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик, мақсад қанчалик мустаҳкам бўлса, кўзланган марраларга эришиш, муваффақият қозониш шунчалик реал имкониятга айланди. Давлатимиз раҳбари, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, ҳаётимизнинг барча қирраларини қамраб олаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг натижалари бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди. Ҳар бир масала, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, жаҳондаги илғор тажрибаларга, суяниб, хорижий ҳамкорлик асосида ҳал этилаётгани янгиланиш жараёнларига чуқур мазмун, суръат ва сифат бахш этмоқда.

Юртимиз ҳаётига янгича руҳ, янгиланиш ва ижодкорлик, ташаббускорлик ва тадбиркорлик руҳини, инновациялар нафасини олиб келаётган бу ислоҳотларни кўпгина эксперт ва кузатувчилар буюк хитой ислоҳотчиси Дэн Сяопин ислоҳотларига қиёслаётгани бежис эмас, албатта.

Маълумки, ўтган асрнинг 60-йилларида Хитой Ҳалқ Республикасида ушбу давлат раҳбари Мао Цзэдун бошчилигида «катта сакраш», «маданий инқилоб» деган машҳур номлар билан сиёсат олиб борилади. Афсуски, бу сиёсат кутилган натижани бермайди. Бу даврни айрим хитой сиёсатчилари «йўқотилган ўн йиллик» деб таърифлайди.

1977 йилнинг июнь ойида Дэн Сяопин давлат миқёсидаги юқори раҳбарлик лавозимларига сайланади. Ўтган асрнинг 70-йиллари адоғига келиб эса у амалда партия ва мамлакат ётакчисига айланади. Дэн Сяопин Хитой тарраққиётидаги тўрт йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда илм-фан ва техника соҳалари тубдан ислоҳ этилиши керак, деган ғояни ўртага ташлайди. Иқтисодиётга чет эл капиталини жалб этиш, илм-фан ва техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, жаҳон бозорида рақобатга дош берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилади. Дунё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ғоят муҳим эканини уқтириб, Дэн Сяопин қуйидагиларни таъкидлаган эди: «Ҳозирги дунё — кенг кўламдаги ҳамкорликка интилаётган дунёдир. Хитой хорижий давлатлар билан ҳамкорлик эшикларини ёпиб қўйгани учун ўтмишда қолоқ эди. Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганидан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Тан олишимиз керак, бизнинг ўзимиз ҳам дунёга ёпиқ эдик. Ўтган даврдаги 30 йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб, тараққиётга эришиб бўлмаслигини кўрсатди». Дэн Сяопин бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида унинг «мушук оқ ёки қора тусда бўладими, бунинг фарқи йўқ, сичқон тутса бас» деган сўзлари машҳур бўлиб кетади.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларда ҳам прагматизм, натижадорлик, дунёга Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намоён этиш етакчи ўринга чиқмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқ ва маърузаларида «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Биз учун турли рақам ва фоизлар эмас, амалий натижа муҳим», «Иккита бўлса ҳам иш ўрни яратган тадбиркорларни бошимга кўтаришга тайёрман», «Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди», «Буюк келажакни бугундан бошлаб қуриш керак» деган ибораларни алоҳида таъкидлаб айтишида жуда теран маъно бор. Уларнинг халқимиз ўртасида тобора машҳур бўлиб бораётгани мана шундай амалий руҳдаги сиёсат эл-юртимизнинг орзу-интилиш ва манфаатларини тўла акс эттиришидан далолатдир.

Дэн Сяопиннинг буюк хизматларидан бири шундаки, у Хитойдаги мавжуд шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда, ҳаддан зиёд марказлашган, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини яратади. Ана шу хизматлари учун унга «Хитой ислоҳотларининг буюк отаси» деган ном берилади.

Дэн Сяопин «Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхши яшасин» деган сўзларни баъзан-баъзан такрорлаб қўяр экан. Унинг раҳбарлигида ислоҳотлар шунчалик донишмандлик билан олиб бориладики, аҳолининг яшаш даражаси йилдан-йилга юксалиб боради.

Дэн Сяопин ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида марказий ҳокимиятни, тартиб-интизомни бўшаштирмасликка алоҳида эътибор беради. Ислоҳотлар шошма-шошарлик билан эмас, ҳар томонлама пухта ўйлаб жорий этилади. Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қилган Дэн Сяопин бунинг учун мустаҳкам пойдевор яратишга эришади. Бугунги кунда Хитой иқтисодий ўсиш суръатларига кўра, дунё миқёсида етакчи ўринга чиқиб олгани ўша ислоҳотлар натижаси экани шубҳасиз.

Ҳозирги Хитой тараққиётида ҳам Дэн Сяопин асослаб берган йўл изчил давом эттирмоқда. Чунки бу буюк ислоҳотчи Хитойнинг прагматик сиёсатчилар авлодини тарбиялаб кетди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин бошчилигидаги бугунги сиёсатчилар ана шу авлоднинг энг ёрқин намояндаларидир.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида чоп этилган «Давлат бошқаруви тўғрисида» китобини ўқиш давомида мен Хитой ва Ўзбекистоннинг бугунги кунда олиб бораётган сиёсати ўртасида ўхшаш ва муштарак жиҳатлар кўплигини англадим. Албатта, ҳозирги глобаллашув даврида ер юзида ялпи тинчлик ва барқарорликни сақлаш, турли давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида, бозор муносабатларига хос умумий талаб ва тамойилларни жорий этишда позицияларнинг ўзаро яқин ва ўхшаш бўлиши бу табиий ҳол. Чунки барча мамлакатлар бир замонда, жаҳон бозоридаги умумий талаб ва тамойилларни ҳисобга олган ҳолда яшамоқда, ривожланмоқда. Айни вақтда халқни рози қилиш, ёш авлод тарбияси, миллий заминдан узилмаслик, маънавият, китобхонлик масалаларида икки давлат раҳбарларининг қарашларидаги яқинлик диққатга сазовордир.

Хақиқатан ҳам, Президентимиз «Халқимиз рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади» каби кўплаб фикрларида халқимизни рози қилиш масаласини биринчи ўринга қўяди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам бу масалани ўз фаолиятининг асосий мезони деб билади. Унинг юқорида зикр этилган китобдан ўрин олган қуйидаги сўзларга эътибор беринг: «Ўртоқ Цянь Сюэсэнь бундай деган эди: «Мен Хитойнинг илмий ходими сифатида ҳаётий мақсадни айнан халққа хизмат қилишдан иборат деб биламан. Агар мен ўзимнинг бутун ҳаётимни бағишлаган ишдан халқ; охир-оқибатда рози бўлса, мен учун энг олий мукофот шундан иборат».

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев инновацион тараққиётга жуда катта эътибор бермоқда. Юртимизда 2018 йил Фаол тадбиркорликни, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деган ном билан ўтгани ҳамда шу йўлда улкан ишлар амалга оширилгани ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди. «Бугунги кунда дунёда инновацион ғоясиз, илм-фан ютуқларисиз биронта соҳанинг ривожланиши мумкин эмас», «Инновация — бу келажак дегани», деб таъкидлайди давлатимиз раҳбари.

Си Цзиньпин ҳам ўз китобида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ёзади: «Инновация — бу миллий тараққиёт руҳидир, давлатнинг ривожи учун битмас-туганмас куч ва хитой миллатига табиат ато этган энг ноёб неъматдир. Кескин халқаро рақобат шароитида инновациялар соҳиби олға юриш, кучли бўлиш ва ғолиб бўлиш имкониятига эга».

Мамлакатимиз Президенти халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ҳар томонлама билимли ва баркамол этиб тарбиялаш хақида гапирар экан, жамиятимизда китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан махсус фармойиш ва қарорлар қабул қилиниб, китоб нашр этиш, кутубхоналар қуриш, аҳоли ўртасида китобхонликни ривожлантириш бўйича самарали тизим ва механизмлар яратилмоқда. Чиндан ҳам, ҳозирги замонавий билимлар, инновациялар даврида илму маърифат, барча эзгуликлар манбаи бўлган китобсиз, китобхонликсиз тараққиётга эришиб бўлмайди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам ўз мамлакати ёшларини замон шиддатига мос ҳолда камол топиб боришга даъват этар экан, бу борада китоб улар учун энг муҳим ёрдамчи ва восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди. Хусусан, «Давлат бошқаруви тўғрисида» асари муаллифи 2013 йил 21 октябрда Ғарбдан қайтиб келган хитой мутахассислари уюшмасининг юз йиллигига бағишланган тантанали мажлисда сўзлаган нутқида ёшларни замонавий билимларни ўрганиш, китоб ўқишга даъват этади: «...Ўқиш — бу тараққиёт ва инсон камолотининг абадий мавзуси, шунингдек, Ватанга ва халққа хизмат қилиш орзусини амалга ошириш учун бирламчи муҳим заминдир. Ўз орзусини рўёбга чиқаришни ўқишдан, ишни эса амалиётдан бошлаш керак. ... Бу борада бизнинг қадимги аждодларимиз тахтачага ёзилган китоблар ўраб боғланган тасмалар уч марта узилиб кетгунича ўқишдан толмаганига, ўзини сочидан шифтдаги тўсинга боғлаб қўйишга, оёғининг тагига бигиз тиқишга, қўшнининг уйидан таралаётган ёруғда китоб ўқиш учун девордан туйнук очишга, тутиб олинган тиллақўнғизлар ва қор шуъласида китоб ўқишга тўғри келганидек, билим эгаллашда бугун ҳам имкон қадар жон-жаҳдингиз билан интилиш ва жонбозлик кўрсатиш зарур. Билимни нафақат китобдан, балки амалиётдан ҳам мисқоллаб йиғиб, ўз билим ва тафаккур доирасини тинимсиз кенгайтириб бориш керак».

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўз чиқишларида инновацион ва ижодий фикрлашга, ёшларимизни доимо юксак маърифатли, замонавий билимларни эгаллаган, баркамол инсонлар бўлишга даъват этишига яна бир бор эътибор қаратадиган бўлсак, бунинг замирида нафақат миллий, балки умумсайёравий миқёсдаги ўта муҳим омиллар назарда тутилгани аён бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланган қуйидаги фикрлар халқимизнинг, инновация соҳадаги истиқболларга ўзига хос қараш ва ёндашувларини ифода этади: «Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади. Инновация — бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Шунинг учун биз Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этдик ва унинг олдига аниқ вазифаларни қўйдик. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажаради, деб ишонамиз».

Бу фикрларни чуқур таҳлил қилиш орқали биз мамлакатимизнинг ёруғ келажакка қаратилган кенг кўламли тараққиёт стратегиясининг ўзак ғоялари ва амалий мақсадларини ҳар томонлама тушуниб етамиз. Айни пайтда Президентимиз томонидан илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, олимлар, ўқитувчилар ижодкор зиёлилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган улкан ишлар ана шундай сиёсатнинг амалдаги ажралмас бир қисми эканини чуқур ҳис этамиз.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим» деган, жуда чуқур маъно-мазмунга эга бўлган ғояни илгари сурди. Бу — бугун биз барпо этишга киришаётган инновацион жамият, инновацион тараққиётнинг негизида турадиган ғоя, десак, адашмаган бўламиз. Чунки инновацион ҳаёт инсондан ақлини таниганидан бошлаб умрбод ўқиб-ўрганиб яшашни талаб этади. Содда қилиб айтганда, инновацион тараққиёт ҳар бир инсоннинг инновацион жараёнларнинг ажралмас бир қисми бўлиб яшаши, ҳаракат қилишини тақозо этади.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги.



DB query error.
Please try later.