Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
05.02.2019

Танзила НОРБОЕВА: ЭНГ АВВАЛ АЁЛЛАРИМИЗНИНГ КЎНГЛИНИ ТОПИШ КЕРАК

Республика хотин-қизлар қўмитасидан интервью олиш вақти ҳақида хабар келди. Тез иш қуролларимни олдимда, ўзбекистонлик миллионлаб хотин-қизларнинг кўнглидан жой ололган, уларнинг опаси, синглиси, онаси, қизи, дардкашига айланиб улгурган Бош вазир ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева билан суҳбатга ошиқдим. Йўл-йўлакай учрашувимиз қай тарзда кечишини ўйлаб бордим. Қабулхонага кирганимда кутиб туришимни айтишди. Қисқа вақт оралиғида кетма-кет икки аёл қабулга келганига гувоҳ бўлдим. Бироздан сўнг суҳбат учун раҳбарнинг хонасига кирдим...

 

— Аёл бахтли, ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Хотин-қизлар билан ишлаётганимга икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, бир нарсани англаб етдим. Аёлларнинг дунёсини мен ўзим ҳам яхши билмас эканман. Узоқ йиллар давомида ижтимоий соҳада ишлаган бўлсамда, хотин-қизлар билан ишлашнинг ўзига хос қийинчиликлари борлигини энди кўряпман. Масалан, аёлни уй-жой билан таъминлаш, моддий эҳтиёжларини қондириш, ишли қилиш мумкин. Аммо унинг кўнглига йўл топилмас экан, унинг муаммоси ҳал бўлмайди. Аёллар бир оғиз ширин сўзга муҳтож. Уларнинг қалбида муаммолари, изтироблари бор. Ана шуларни кимдир тинглашини, маслаҳат беришини истайди.

Масалан, қўмитамизга кунига камида 20-30 нафар аёл келади. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни қабул ўтказаман. Айрим вақтлар 50-60 нафар опа-сингилларимиз билан гаплашаман. Уларга қулоқ тутсангиз, баъзи муаммоларини қонуний йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Шунда ўша инсонга тушунтириш берасиз, дилдан суҳбатлашасиз. Шунинг ўзи аёлга етарли. Ҳатто миннатдорлик билдиради. «Сизнинг муаммонгизни ҳал қилмадик. Нега раҳмат айтяпсиз», деб сўрасак, «мени эшитиб, суҳбатлашганингиз, кўнглимни топиб, тўғри маслаҳат берганингиз учун раҳмат, бундан буён ана шулардан хулоса чиқариб, қийинчиликни енгишга ҳаракат қиламан», деган жавоб оламиз. Демак, фақатгина моддий жиҳатдан эмас, ҳам руҳан, ҳам маънан қўллаб-қувватлаш, унга елка тутиш аёлни бахтиёр қилади.

— Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетганда, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз, албатта. Ўтган йили февраль ойида Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Орадан бир йил ўтди. Тизимдаги муаммоларни ҳал қилишда ушбу фармоннинг аҳамияти ҳақида нима дея оласиз?

— Тўғрисини айтиш керак, авваллари хотин-қизлар қўмиталари аниқ бир амалий иш билан шуғулланмаган. Чунки бунга имкон ҳам йўқ эди. Асосан тарғибот-тушунтириш ишлари билан овора бўлганмиз. Хотин-қизлар муаммоси нимада эканини билиш учун вазирлик, идоралардан олинган статистик маълумотлар билан чегараланиб келганмиз. Фаолиятимиз умумийроқ бўлган, манзилли ташкил этилмаган. Натижада аёллар ўз муаммолари гирдобида қолиб кетган эди.

Президент фармони асосида ижтимоий оғир аҳволдаги аёлларни ҳимоя қилиш тизимнинг устувор йўналишига айланди. Уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи янги босқичга кўтарилди. Хотин-қизлар қўмиталари ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти тубдан ўзгартирилиб, аниқ вазифалари белгилаб олинди. Фармон доирасида қўмита фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Президентнинг 4 қарори, Ҳукуматнинг 6 қарори, 4 фармойиш ва 12 чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Шунингдек, Қўмита тизимида малакали кадрларга эътибор қаратилиб, 2017-2018 йилларда 10 вилоят, туман, шаҳар раислари алмаштирилди. Асосийси, қўмитанинг марказдан тортиб, энг қуйи бўғинигача вертикал бошқарув тизими жорий этилди.

Илгари хотин-қизлар қўмитаси тизимида 458 нафар ходим ишлаган бўлса, ҳозирда тизимда 10 минг 70 нафар (маълумот учун – марказий аппаратда 31, вилоятларда 56, туманларда 706, маҳаллаларда 9 минг 277 нафар) ходим фаолият юритмоқда.

— Ушбу соҳада амалга оширилган ишлар диққатга сазовор, албатта. Лекин мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишдаги муаммолар нималардан иборат?

— Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлишига қарамасдан, уларнинг ижросини таъминлашга етарли эътибор берилмаяпти. Вакиллик органлари ҳамда парламент депутатлигига номзод кўрсатиш жараёнида хотин-қизлар учун белгиланган 30 фоизлик квота қамраб олинмаяпти. Уларнинг улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди. Сабаби, кўрсатилаётган номзодларни тайёрлаш борасида тизимли иш олиб борилмаяпти. Айниқса, раҳбарлик лавозимларига хотин-қизлардан номзод сўралса, топиб бера олмаяпмиз. Айни пайтда республикамизда раҳбарлик лавозимларида ишлаётган аёллар сони 1 фоизни ҳам ташкил этмайди. Жойларда хотин-қизларнинг етакчилигини таъминлашда асосий бўғин бўлган бошланғич ташкилотлар фаолиятлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

Республика хотин-қизлар қўмитасининг кадрлар билан ишлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз лозим. Бунда имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, турли лавозимларга тавсия этиш тизимини яратиш зарур.

Сиёсий партиялар билан ҳамкорликда вакиллик органларига, парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва жорий йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишга астойдил ҳаракат қилиш керак. Аёлларнинг етакчилигини таъминлашда бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, корхона, ташкилот ва муассасалардаги иқтидорли, салоҳиятли кадрларни аниқлаб, улардан захира шакллантириш лозим. Айниқса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналаридаги, хусусий сектордаги бошланғич ташкилотлар фаоллигини оширишимиз муҳим саналади.

— Фармон асосида яна бир йўналиш – ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан манзилли ишлаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу борада қандай натижаларга эришилди? Мазкур амалиётни хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясига янгича ёндашув, дейиш нечоғли тўғри?

— Илгари аҳолининг бу қатламига ҳозирги даражада эътибор қаратилмаган. Бугунги кунда бу қўмитамизнинг устувор йўналишига айлантирилди. 2018 йилда Республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14600 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхати шакллантирилиб, манзилли ишлар олиб борилди. Уларнинг 14 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13500 нафарининг бандлиги таъминланди, 22 минг нафарига моддий ёрдам берилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пули тўлаб берилди. Президентимиз қарорига асосан ҳудудларда 159 та реабилатация ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Улар фаолиятини барча туман, шаҳарларда йўлга қўйиш ҳамда аёлларга сифатли тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш лозим.

Хотин-қизлар қўмитасининг республика бўйича ягона қисқа рақамли (1046) «Ишонч телефони» ташкил этилиб, ҳар куни 24 соат давомида хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ мурожаат бўлди.

2019 йилда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан дастур тасдиқланди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 13 минг нафар хотин-қизни иш билан, 1600 нафарини уй билан таъминлаш бўйича рўйхат шакллантирилди. Жорий йилда жами 20300 нафар оғир турмуш шароитидаги аёлга манзилли ёрдам берилиши режалаштирилган. Эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш борасидаги ишларини янада кучайтириш талаб этилади. Бунда маҳаллий ҳокимликларнинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ушбу тоифадаги хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш лозим. Шу билан бирга, Фонд маблағларидан ҳар йили 1500 нафарга яқин аёл уй-жойли бўлиши учун бошланғич бадал маблағини шакллантиришга амалий ёрдам берамиз.

— Оилавий ажримлар, айниқса, учинчи шахснинг аралашуви оқибатидаги ана шундай кўнгилсиз воқеалар тез-тез учраб туради. Бунинг асосий сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

— Умумий таҳлилларга кўра, оилавий ажримларга уй-жой масаласи ҳамда учинчи шахснинг ўринсиз аралашуви сабаб бўлаётган эди. Хабарингиз бор, кўп йиллардан буён аҳолини уй-жой билан таъминлаш, айниқса, арзон уйлар қуриш борасида ишлар суст эди. Бир том остида бир неча оила яшашига тўғри келган. Бу эса турли низолар, тушунмовчиликларга сабаб бўлган. Тўғри, аввал ҳам уйлар қурилган, лекин ҳамманинг ҳам уни сотиб олишга имкони бўлмаган. Ҳозирда айрим тоифа кишиларга бепул бошпана берилмоқда. Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ёки ёлғиз оналарга давлат томонидан 25 фоизлик бошланғич бадал тўлаб бериляпти. Демак, ушбу муаммо ҳам босқичма-босқич ҳал этилади. Афсуски, бу билан оилавий ажримларга барҳам берилади, деб бўлмайди. Чунки ажрашишларнинг аксарият қисми учинчи шахс аралашувига тўғри келмоқда.

Ана шундан келиб чиқиб, қўмитамиз Олий суд билан меморандум имзолади. Унга кўра, вазият ўрганилиб, ишчи гуруҳ аралашуви билан оилалар яраштирилмоқда. Албатта, бунда жанжал, келиша олмаслик сабаблари ўрганилади. Никоҳ аёлнинг хавфсизлиги ёки фарзанд тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар инобатга олиниб, бундай оилаларнинг ажрими учун қаршиликсиз хулоса берилади. Меморандумда айнан учинчи шахснинг аралашуви, арзимаган сабабга кўра ажралишларнинг олдини олиш кўзда тутилган. Асосий мақсад — боланинг оилада тўлиқ катта бўлишини таъминлаш.

Айрим ҳолларда оналар ўз ўғилларини тушуниш ўрнига, уларга шарт қўяди. Икки ўт орасида қолган эркак хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Ана шундай ҳолатда тушунтириш ишлари олиб борилса, оилаларни сақлаб қолишга эришилади. Бироқ бу ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаяпти. Қўмитамиз ташаббус билан чиқди. Мазкур масалада қонуний асос бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритиш таклифини тайёрлаяпмиз. Учинчи шахс аралашуви билан оилавий ажрим юз берганда, уларга маъмурий жазо, яъни жарима қўлланилса, ажримларнинг анча олди олинади.

Бундан ташқари, мусулмонлар идорасига таклиф бергандик. Учинчи шахс аралашуви билан оила бузиладиган ёки унга дарз кетадиган бўлса, ана шундай ота-оналар ҳаж сафарига тавсия этилмайди. Ибратли оила бекаси, оила бошлиғи бўлган нуронийлар ҳаж сафарига тавсия этилади. Ўйлайманки, бу ҳам ажримларнинг камайишига ҳисса қўшади.

— Яна бир кўнгилсиз ҳолат ҳам бор. Ўз фарзандлари учун алимент тўламайдиган эркаклар кўпайиб боряпти. Одам ҳайрон қолади — эркакларга нима бўляпти?.. Уларни эр йигит, деб таърифлашга уяласан киши...

— Ҳақ гапни айтдингиз. Чинакам мард эркак аввало ўз фарзандини кўчага ташлаб қўймайди. Ҳеч бўлмаганда боласи учун алимент тўлаш, уни моддий жиҳатдан таъминлашдан бош тортмайди.

Ҳозирги кунда эса, минг афсуски, турли баҳоналар, ёлғонлар билан алимент тўламаётганлар оз эмас. Масъулиятсизлиги, лоқайдлиги пушти камаридан бўлган боласининг тақдирига салбий таъсир кўрсатиши бундай кимсаларнинг хаёлига ҳам келмайди. Энг ёмони, уларни ҳаёт кўрган нуроний ота-оналари ҳам қўллаб туради.

Шуни ишонч билан айта оламанки, бу каби иллатларнинг негизи тарбияга бориб тақалади. Болага тўғри тарбия берилса, оила, фарзанд муқаддас неъмат экани тушунтирилса, у онаси ва аёлини бир кўз билан кўра олади. Улар ўртасидаги низоларни босиқлик билан бартараф этишга уринади. Натижада ажримлар ҳам, алимент тўланмаётган болалар сони кескин камаяди.

Жамият ҳам қараб турмаслиги лозим. Ўтган йиллар давомида мактабларда дасрлар қисқартирилди. Бюджет маблағлари етишмаслиги сабаб тарбия, одоб-ахлоқ соатлари олиб ташланди. Мактабгача таълим муассасалари бинолари хусусийлаштирилиб, кимлагадир бериб юборилди. Ота-оналарнинг ягона мақсади пул топишга айланди. Оқибати эса мана кўриб турганингиздек. Биз ўзимиз эккан ҳосилнинг аччиқ мевасини оляпмиз. Ҳозирги авлодни ўзимиз етиштирдик.

Ижтимоий муаммоларнинг ҳаммаси оилага, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу тизимли масала. Муаммони биргина хотин-қизлар қўмитаси ёки маҳалла ҳал этади, дейиш нотўғри. Ҳар бир соҳани жалб этиш, оилаларнинг тиббий, руҳий ҳолатини ўрганиш, иқтисодий кўмак бериш, умуман олганда, тизимли ёндашув асосида муаммога ечим топиш мумкин. Айни пайтда олиб борилаётган ислоҳотлар эса бир неча йиллардн кейин ўз самарасини беради. Бутунлай янги авлод шаклланиб, ўзимиз истаган билим, эзгу қадриятлар билан камолга етган шахслар улғаяди.

— Олий суд билан имзоланган меморандум асосида маҳкума аёллар жазоси енгиллаштирилиб, айримлари қўмита кафиллигида ҳатто озодликка чиқарилмоқда. Мазкур амалиёт оилаларни сақлаб қолиш, фарзанд тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга. Айни вақтда қўмита улкан масъулиятни зиммасига оляпти...

— Жаҳон тажрибасида хотин-қизларга давлат томонидан қаратилаётган эътибор бу даражада эмас. Хотин-қизлар ташикотлари ҳам кичик-кичик нодавлат ташкилот сифатида фаолият юритади. Айрим мамлакатларда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вазирликлар бор. Аммо уларнинг фаолиятида ҳам мана шундай масалаларга аралашув йўқ.

Юртимизда кучли жамоатчилик назорати ва кўплаб давлат вазифаларини нодавлат ташкилотлари ваколатига ўтказиш жараёни ўз самарасини бермоқда. Инсон ҳаётда билиб-билмай хато қилади ва бу кўпроқ хотин-қизлар табиатида бор. Аёл кишининг жиноят қилиши аввало ўзига, оиласи ва фарзандлари шаънига доғ саналади. Ана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жиноятга мойиллиги бор хотин-қизлар билан алоҳида шуғулланилади. Бу борада Ички ишлар вазирлиги билан меморандум имзоланган. Яъни, жазони ўташ жойларидан қайтган, жанжалкаш, бирор бир оқимга қўшилиб қолган ёки ҳаётдан норози опа-сингилларимизнинг рўйхати шакллантирилган. Табиийки, уларнинг ўзларига ҳам, жамоатчиликка ҳам ошкор қилмаган ҳолда профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Мақсад улар хато қилиб қўйишининг олдини олишдан иборатдир.

Олий суд билан олиб борилаётган фаолиятда хато қилиб қўйган аёлларнинг шароити ва ҳолат ўрганилади. Ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг турига қараб енгиллик бериш, қамоқ жазосидан озод этиш ёки яна бошқа томондан ёрдам берилади. Бир сўз билан айтганда, аёлни жамиятга интеграциялашувига кўмаклашилади. Учинчи босқич эса жазони ўтаётган маҳкумалар билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, суҳбатлар ўтказишдан иборат. Чунки эртага улар озодликка чиқади. Қалбида атрофдагиларга нисбатан адоват, нафрат туйғулари уйғонмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Уларга турли ҳунарлар ўргатилади.

Бир нарсани унутмаслик керакки, ҳамма бирдек адашган, билмасдан жиноят қилган, деб бўлмайди. Қўмитамиз эса айнан чин дилдан пушаймон бўлган, айбини англаган, афсусланган кишиларни кафилликка олади. Қасддан жиноятга қўл урган, келгусида ҳам ана шу ишни қилишдан тап тортмайдиган тоифа аёлларга бошқа чоралар кўрилиши керак, деб ўйлайман.

Айтиш керак, 2018 йилда биз 893 нафар опа-синглимизни ҳимоя қилишга эришдик. Уларнинг келгуси ҳаёти бевосита қўмитамиз кузатувида бўлади. Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, жамиятга қайтариш чоралари кўрилади. Жойлардаги тарғибот тадбирларида мураккаб тақдир эгаларининг кучидан ҳам фойдаланамиз. Яъни, қўмита кафиллиги остида жазо тури енгиллаштирилган, жазодан озод этилган ёки эркинликка чиқарилган хотин-қизлар турли учрашувларда иштирок этади. Бошидан ўтганларини гапириб беради ва шу орқали бошқаларни огоҳликка чақиради. Хато йўлда бўлганларни қайтишга даъват этади. Айнан ушбу усул кўпроқ самара беради, деб ўйлайман. Зотан, қисмати бир-бирига ўхшаш оддий одамларнинг айтгани бизнинг сўзимиздан кўра ишончлироқ бўлади. Келгусида бу ишларни янада такомиллаштириб, изчил давом эттирамиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

 суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.