Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
29.01.2019

МАРКЕТЧИ... ТАДБИРКОРМИ?

Чўнтагимиздаги «ақча»га кўз тикканлар...

... Ушбу «оғриқ»ли мавзуни ёзмоқ иштиёқи кўпдан тинчлик бермасди-ю, баъзи «аммо»лар ҳар сафар қўлимни қайтарар, яхшиси, адлу инсоф аталмиш, ҳозирда камёб неъмат ҳақида маслаҳат мақомида, мулоҳазали чиқиш қилсам, ўзим ҳам тинч, олам-да сокин, деган андишага борардим. Аммо бир воқеани эшитиб, ниҳоят, ёзишга журъат қилдим.

Коллежда сабоқ берадиган ука дўстимиз Эркинбой Сафоев ачиниш билан сўзлаб берган ҳикоя унинг ҳамкасбларига танишдир:

 «Бўйи-бўйимга тенг ўқувчи йигит дарс сабоқларига бепарво, аксига дарс ўтаётганингда телефон ковлаштириб, ёнидагиларни ҳам чалғитиб ўтиради. Гапинг кор қилмайди, айтавериб оғзинг ҳоригани қолади. Бир куни унга навбатдаги панду насиҳатни беришга мажбур бўлдим. «Амри маъруф»ни узоқдан бошладим. Яхши ўқиса, эртага ўзи истаган олийгоҳга кириши, бирор мутахассисликни эгаллаши, рўзғорини кам қилмай боқиши, хорижда мардикорчилик қилмаслиги, вақт келиб бирор лавозим эгаси бўлиши ва шунга ўхшаган насиҳатимга у ҳеч кутилмаганда: «Мен келажагимни аллақачон таъминлаб қўйибман, керак бўлса, сиз бир ойда оладиган маошча пулни бир кунда топаман!», деса бўладими. Ўша манба нималиги билан қизиқдим. У саволимга бепарво, ёнида ўтирган шеригига «Сен айт!», деб ияги билан ишора қилди. Шунда шериги ўша қизиққаним жавобини айтди: «Отаси катта дўкон қурди, шуни айтаяпти. Ҳозирдан дўконда савдо қилаяпти. Дўкони жуда катта».

 ...Ҳамкасбимизнинг неварасига қўшимча озиқлантириш учун шифокорлар сунъий озуқа тавсия қилишган. «Нан», деб номланадиган бу емишни излашга мажбур бўлдим. Қарангки, унинг салкам ярим килоча ва яна бир килоча келадиганлари бўларкан. Чиройли думалоқ идишда. Кичик «Нан» ва катта «Нан» баҳоси орасидаги фарқ ажабтовур сезиларли. Майли, ҳозир гап ҳажм ҳақида эмас, «тадбиркор»ларнинг антиқа тадбиркорлиги тўғрисида.

 «Ҳазорасп кийим-кечак бозори» МЧЖ ҳудудида кўтара савдо қиладиган махсус расталар бор. Шу ердан катта «Нан»нинг бир қутисини 112 минг сўмга харид қиласиз. Бозордан бирор беш юз қадам нарида жойлашган, тепасига «супермаркет», деб ёзилган дўконда эса шу «Нан»ни ҳеч тап тортмасдан 140 минг сўмдан сотишяпти.

 Вилоят маркази Урганч шаҳридаги деҳқон бозори ҳудудидаги кўтара савдо растасидан кичик «Нан»нинг бир донасини 65 минг сўмга оласиз. Агарда кўпроқ олсангиз, сотувчи баҳони янада пасайтиради. Энди бозордан тўрт юз қадам масофада жойлашган «Тўмарис Нур» гипермаркетига келсангиз, шу идиш, шу сиғимдаги «Нан»ни 106 минг сўм деб ёзиб қўйишибди...

 Мана, сизга замонавий тадбиркорлик. Кўтара бозордан юз дона «Нан»ни арзон-гаров олган маркет ёки супер маркет эгаси (ўзимизча дўкон, дейиш ўрнига ҳамма ёқни маркетлаштирганларга ҳам қойил!) ҳар қутисида 20-30 мингдан фойда қилса... боя танишимиз афсусла қайд қилган, яъни «эртасини таъминлаган» дўкондорнинг ўғли бир кунда оддий ўқитувчи эмас, қирқ йил мадраса тупроғини ялаган профессор бир ой аҳли толибга асабини эговлаб топганини бир кунда ишлаб топишига ишонмай иложингиз йўқ.

 ...Биз билан мактабда ўқиган йигит юзгача санашни билмасди. Шундан уни ўша вақтдаги ўрта-махсус билим юртига юборишди. Шу ерда тракторчиликка ўқиди, колхозда мойга ботди, нафақага ҳам чиқди. Нафақаси оддий қоровулники қатори. Аммо, у яқинда «Ласетти» машинаси олди. Нима эвазидан? Албатта, нафақасини йиғиб эмас. Тракторчи нафақасини йиғиб... нари борса велосипед олиши мумкин. Унинг хорижда бир неча йил ишлаб қайтган ўғиллари уйининг гаражини сал таъмирлаб, кичик дўкон (унинг пештоғида ҳам маркет деб ёзиб қўйилган) очишди. Ва қарабсизки, икки йилга бормай яп-янги машина. Янги дўкон (улар иборасича супермаркет) қуриш учун ер ҳам олишган. Нима ҳисобидан? Яна ўша манзилга қайтамиз. Улар ҳафтада неча марта Ҳазораспдаги машҳур кўтара, яъни чакана бозордан турли озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж молларини олиб, ўз маркетларида устига истаганча устама қўйиб сотишади.

 Бозорда савдо қилувчи танишимиз айтишича, пойтахтдаги «Абу сахий» бозорида бир донаси минг сўм турадиган матоҳ энг чекка қишлоқ дўконига келгунча уч марта баҳосини ўзгартиради. Тўғриси, уч ҳисса қимматлашади. Белгиланган тартибга кўра, «Абу сахий»дан кўтара мол олган тадбиркор уни минг чақирим йўл босиб келгач, 20 фоизгача устама билан сотишга ҳақли. Бу «кўтарачи» тадбиркор келтирган молини доналаб сотишдан кўра, устига шу фоизни қўйиб кўтара сотишдан манфаатдор. Чунки, кўтара савдода миллионлар миллионларни туғади. Тошкентдан кўтара мол олган яна бир тадбиркор энди уни турли ҳудудлардан келган маркет эгаларига яна фоиз қўйиб сотади. Бу маркетчи ўз навбатида ўз фоизини қўяди. Қарабсизки, заводда таннархи минг сўм бўлган нарса вилоятларга келиб, маркетчиларга еткунча уч минг сўмга чиқиб турибди.

 Касбимиз тақозоси билан туманларда янгидан ташкил қилинган иш ўринлари сони билан қизиқамиз. Маҳаллий ҳокимликлар тақдим қилган, «ўтган тўққиз ойда қишлоқларда янгидан элликта иш ўрни очилди», деб берилмиш ҳисоботларнинг энг камида қирқ саккизтаси савдо шохобчалари ҳисобига тўғри келади.

 ...Ёшлигимизда фарзандининг узоқ шаҳарга бориб ўқишини истамаган оталари «Нима ўқиб, завод қурармидинг!», деб дакки беришарди. Кекса авлод вакилари учун «завод қурмоқ» дунёдаги энг мушкул, орзуманд юмуш эди. Яна орзу эдиким, шу завод қурган банда эл эҳтиёжи учун керакли нимадир ишлаб чиқарарди. Отам раҳматли ўтмишда довруғ таратган инсонлар ҳақида гап кетганда, Хивага қирқ саккиз йил хонлик қилган Муҳаммад Раҳимхон сонийни эмас, ўша замонларда Ҳазорасп қалъасида завод қурган Мадримбой деган бир сармоядор инсонни кўп эслардилар. Қалъага борганларида йўли тушган манзилларни «Мадримбой заводининг қибласида экан» ёки «Мадримбой заводи ёнидан ўтдик», деб такрорлашни ёқтирардилар.

 Мадримбой қурган заводдан отам беш танга манфаатдор бўлмаган, албатта. Болалик вақти шу заводни атай бориб кўрганлар, баланд минорасидан чиқиб турган тутуни умрбод ёдларида қолган. Аммо, шу завод юзлаб одамларга қора қозонини қайнатиш воситаси бўлган.

 Хон замонларида завод қурганларни биров тадбиркор атамаган. Сармоядор бандалар дейишган.

 Болалик вақтимизда – ўтган асрнинг олтмиш, етмиш, саксон ва ниҳоясида ҳам бизнинг бирор ўн минг киши истиқомат қиладиган қишлоқда учтагина дўкон бўларди. Уларнинг иккиси озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари сотса, бириси хўжалик моллари дўкони эди. Уни оддий халқ «темир дўкон» дерди. Ҳафтада бир марта бозор бўларди. Қолган неки зарур бўлса, шу дўконлардан олинарди. Эътиборлиси, ҳамма товарларга баҳоси кўрсатилган ёрлиқ илдириб қўйиларди...

 Ҳозирда қишлоғимиз аҳолиси деярли икки баравар ошган. Дўконлар, йўқ, маркетлар сони эса юздан ортиқ. Бирорта маркетда сотилаётган молда баҳо кўрсатилган ёрлиқ йўқ. Шунда сотувчи билан харидор ўртасида «Манави қанча?», «Фалон сўмга бермайсизми?», деб савдолашиш одатий ҳолга айланган.

 Хўш, дўкондорлик, аниқроғи, маркетчилик тадбиркорликми? Қадимда бундай инсонларни савдогарлар, дейишган. Бу касб пайғамбаримиздан мерос. Ўша замон савдогарлари карвонларда неча ойлар машаққат чекиб, узоқ шаҳарлардан маҳсулот келтириб сотишган. Ундаям адлу инсофни унутишмаган. «Инсоф ярми бўлсин!», ибораси шу замонлардан қолган. Яъни, ярим йиллаб заҳмат чекиб, келтирган молига сотиб олган нархининг ярмидан кўп устама қўйилмаган.

Ҳозир... кўпи билан ўн чақирим узоқдаги бозордан кўтара мол олган дўкон эгаси унга юз фоиз устама қўйишни ўзича «тадбиркорлик» атаб турса... Шундоқ кўтара бозордан олган маҳсулотга юз қадам наридаги маркет эгаси ҳам кўнглига тушган фоизни илаштирса...

 Сармоядор инсонлар «тадбиркорлик»нинг энг осон, энг сердаромад йўлига муккасидан кетишган, топганлари – дўкон қуриш, билганлари – дўкон қуриш. Харидор чўнтагидаги пулга инсофсизларча шерик бўлиш.

 ...Дўконларларни, йўғ-е, маркетчиларни тадбиркор аташга сира тил бормайди. Улар ҳақида гап кетганда, оддий халқ ҳали ҳамон эскитдан қолган иборани ишлатишади – «ОЛИБ СОТАРЛАР».

 Яна биламанки, бир-бирининг чўнтагидаги ақчага кўз тиккан миллатнинг халққа айланиши қийин кечади...

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: