Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
29.01.2019

ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ШАФФОФЛИК, ҲАЛОЛЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишар экан, уларни амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси олдига муҳим вазифалар қўйди.

Эндиликда шаҳар прокуратураси инвесторларга ер ажратилишидан бошлаб, лойиҳа фойдаланишга топширилгунча бўлган барча босқичларни назоратга олади, яъни лойиҳаларни расмийлаштириш ва амалга ошириш жараёнида шаффофликни, ҳалолликни таъминлайди, коррупцияга йўл қўймайди.

Инвесторларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришнинг янги тизими ҳақида Тошкент шаҳар прокурори Шерзод ОБЛОҚУЛОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Президентимизнинг топшириқлари, 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш дастури доирасида 270 дан зиёд инвестиция лойиҳасини татбиқ этиш кўзда тутилган. Уларнинг тўлиқ ишга туширилиши 37 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини беради.

Бизнинг вазифамиз эса, бу лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорларнинг, хусусан, чет эллик инвесторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шаффофликни таъминлаш, ортиқча қоғозбозлик, коррупциянинг олдини олиш. Бир сўз билан айтганда, инвестор билан бирга нафас олиб, уларнинг муаммоларини ўз вақтида тезкор ҳал қилишга кўмаклашишдир.

Шу мақсадда пойтахтимизда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича ишларни ташкиллаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ва прокурорининг қўшма фармойиши қабул қилинди.

Фармойиш билан инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида бажарилишини мониторинг қилиб борувчи шаҳар ва туман ишчи гуруҳлари тузилди. Бу ишчи гуруҳлар лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради, инвесторларга ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашади. Туман ишчи гуруҳлари инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳақида ҳар 15 кунда шаҳар ишчи гуруҳига ҳисобот бериб боради. Бу жараён иш самарадорлигига тўсқинлик қилаётган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўз навбатида, инвесторларга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал қилишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳам жавобгар ҳисобланади.

Тошкент шаҳар прокуратураси инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, лойиҳаларнинг белгиланган муддатда бажарилишини таъминлаш, ишчи гуруҳлар фаолияти устидан тизимли прокурор назоратини ўрнатиш, уларнинг ҳисоботини эшитиш, инвесторлар фаолиятидаги муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида шаҳар прокурорининг туманларда инвесторлар билан учрашув жадвали тасдиқланган.

Шу асосда ҳафтанинг белгиланган кунларида туманларда инвесторлар билан учрашамиз. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, таклиф-мулоҳазаларини эшитамиз. Муаммолари бўлса, ваколатимиз доирасида тезда ҳал қилишга киришамиз.

Бир мисол. Яқинда Мирзо Улуғбек туманида инвесторлар билан учрашдик. Қори Ниёзий ва Лашкарбеги кўчалари чорраҳасида қиймати 15 миллион долларлик замонавий уй-жой қуриш лойиҳасини амалга ошираётган “Uzakay Inshaat” МЧЖ раҳбари Айжан Думан қурилиш ишлари учун электр тармоғига уланишда муаммоларга дуч келаётганини айтди. Шаҳар прокуратураси томонидан кўрилган чоралар натижасида қурилиш участкаси тегишли тартибда электр тармоғига уланди.

Шу тариқа биз ҳар бир лойиҳа тасдиқлангандан то ишга тушгунига қадар бўлган жараённи кузатиб борамиз. Мақсадимиз битта – инвестор ҳеч кимдан ноҳақлик кўрмасин, инвестиция жалб қилиш тизимида коррупция, сунъий тўсиқлар учрамасин. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, биз бунга йўл қўймаймиз.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу маънода, инвестиция бизга фаровон ҳаёт тақдим этади.

ЎзА мухбири

Улуғбек АСРОРОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: