22.01.2019

«ГАЗЕТА ЎҚИМАЙ ҲАМ ЯШАШ МУМКИН»

Ҳеч кимни мажбурлаб китоб ўқитиб бўлмаганидек, газета ва журнал ҳам ўқитиб бўлмайди. Хоҳиши йўқ, ўқишдан фойда нималигини билмаган одам ўқимайдида. Эҳтимол, кимдир шундоқ ҳам ҳамма нарсани биламан, ўқиш шарт эмас, деб ўйлар. Эҳтимол, умуман ҳеч нарсани билишни истамас, ҳеч нарсага қизиқмас. Топган-тутганим ўзимга етарли, қорним тўқ, устим бут, нима қиламан бошимни қотириб, деса керак. Яна шундайлар борки, газетада ўқийдиган нарса йўқ, деб ҳисоблайди ва шу билан ўзини оқлагандек бўлади. Аслида охирги марта қачон газета ўқиганини эслай олмайди.

Бу гаплар ҳақида чуқурроқ ўйласангиз, ҳар хил фикр-мулоҳаза хаёлга келади. Масалан, шундай одамлар борки, эртадан кечгача кундалик юмуши, тирикчилик билан овора. Бошқа нарса уни қизиқтирмайди, дунёни сув босса ҳам иши йўқ. Бундайларга газета ўқи, дейиш фойдасиз. Бир даврада газета мутолаа қилиш, обуна ҳақида гап кетганда, маҳалламиздаги таниқлироқ тижоратчи йигит «газета ўқимай ҳам яшаш мумкин», деган эди. У ҳам ҳақ, ахир қанчалаб жонзотлар газета ҳам, китоб ҳам ўқимай яшаб юрибдику. Унинг фикрича, газета ўқиш билан қорин тўймаса, чўнтакка бир чақа кирмаса, нима қилади, обуна бўлиб, газета сотиб олиб?..

Айримлар қанча янгилик бўлса ҳам телевизордан кўраман, ижтимоий тармоқлардан ўқийманку, дейди. Тўғри, улардан кўп ахборотларни билиб олиш мумкин. Бироқ телевидение ижтимоий тармоқларнинг, ижтимой тармоқлар эса газетанинг ўрнини босолмайди. Ҳар бирининг афзалликлари, ўрни ўзига хос. Газета ва журнал, китоб ўқимайдиган тоифалар ижтимоий тармоқлардан асосан шов-шувли ахборотларни излашади. Ким ишдан кетди, ўрнига ким келди, ким қамалди, қайси ҳоким ўқитувчи ёки фермерни урибди, қаерга ўт тушибди...

Булар кўпчиликни қизиқтирадиган воқеа-ҳодисалар албатта, айримлари профилактик аҳамиятга эга. Аммо «Халқ сўзи», «Правда Востока», «Ўзбекистон овози», «Маърифат», «Қишлоқ ҳаёти», «Ишонч», «XXI аср», «Адолат», «Миллий тикланиш», «Оила ва жамият», «Жамият» каби газеталарда чоп этилаётган маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий мавзулардаги мақолалар қадрини билган билади. Президент фармони ва қарорларига фаол муносабатлар, уларнинг ижросига бағишланган таҳлилий-танқидий мақолалар, янги қабул қилинган қонунларга шарҳлар аҳамиятини тушунган тушунади. Ёки «Шарқ юлдузи», «Тафаккур», «Саодат», «Жаҳон адабиёти» каби журналларда чоп этилаётган асарлар, публицистик мақолалар фикримизни чархлайдиган, дунёқарашимизни кенгайтирадиган, маънавиятинимизни юксалтирадиган бебаҳо хазинаку.

Афсуски, оддий одамлар нари турсин, катта-кичик раҳбарлар орасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вазифасини бир томонлама, тор доирада тушунадиганлар борлигини ҳаёт кўрсатмоқда.

Уларнинг назарида матбуотнинг вазифаси фақат ахборот тарқатиш, янгиликларни ёритиш. Буни инкор этмаймиз, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш муҳим вазифаларимиз доирасига киради. Шунингдек, матбуот ва оммавий ахборот воситалари зиммасига халқимизнинг маърифати, маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, жамоатчилик назоратини олиб бориш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда юртимиз, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилишдек улуғ вазифалар юкланган.

Обуна ҳақида гап кетганда, «газетанинг сайтидан ўқиб олаверамиз», дейдиганлар бор. Уларнинг фикрича, одамлар интернет орқали керакли ахборотни ўқиб олаверади. Бундайлар билармикин, бугун қишлоқ оилаларининг неча фоизи компьютерга эгалигини? Улардан неча фоизида интернетга уланиш имконияти борлигини? Ёши 60 дан ошган отахон ва онахонларнинг интернетга кириб, истаган хабарини топиб ўқиши осонми? Бунинг устига жойларда электр таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳали тўла ҳал этилганича йўқ.

Яна бир оддий, аммо ўйлаб кўрилиши мумкин бўлган масала: ёш бўлар, кекса бўлар, қўл телефони ёки компьютер орқали бир кунда неча соат янгиликларни ўқиши мумкин? Бир ойда, бир йилдачи?.. Бунинг соғлиққа, хусусан, кўзга қанчалик зарари бор? Тиббиёт ходимлари бу ҳақда ўз фикрларини билдиришган.

Ўзимизни ўзимиз алдамай, мақтамай, бор ҳақиқатни тан олайлик, ҳозирча бутун мамлакатимиз компьютерлашиб, оммавий коммуникациялар билан қамраб олингани йўқ, бу борада ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Шу ўринда ўйлаб кўрайлик, дунёнинг энг ривожланган давлатлари ҳисобланган АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Хитойда компьютер, интернет, ижтимоий тармоқлар қачон пайдо бўлган эди? Бизга қараганда уларда оммавий коммуникациялар, ижтимоий тармоқлар бир неча баробар ривожланиб кетганку. Хўш, бу мамлакатларда газета-журналлар ёпилиб кетдими? Мутахассислар маълумотларига қараганда, юз минглаб, миллионлаб нусхаларда чоп этилмоқда.

Тўғри, интернет пайдо бўлиши билан одамларда ахборот олиш имконияти тезлашди, кенгайди. Бу янгилик босма нашрлар тиражи маълум даражада камайишига таъсир кўрсатди. Шунинг учун ҳам барча етакчи газеталарнинг электрон нусхалари йўлга қўйилди. Бу жараён такомиллашиб бораверади. Аммо бозор иқтисодиёти шароитида ўзини эплолмаган, бугунги кун талабига жавоб беролмай қолган нашрлар ёпилиб, янги нашрлар пайдо бўлиши мумкин, бу табиий ҳол.

Матбуотнинг эртанги куни ҳақида гап бораркан, бир ҳақиқатни тан олишимиз зарурга ўхшайди. Мамлакатимизда кечаётган бугунги жараёнлар ва одамлар қизиқиши, талабидан келиб чиқиб, газеталар қиёфасини ҳам, мавзуларини ҳам ўзгартириб бориш керак бўлади. Ўртамиёна мақола ва ахборотлар, муассисларнинг бўлар-бўлмас тадбирларини ёритишдан воз кечишга тўғри келади. Одамларни қийнаб келаётган, уларга фойдаси тегадиган масалаларни, жамиятнинг оғриқли муаммоларини, маънавий озуқа берадиган мавзуларни кўпроқ ёритиш керак, деб ўйлайман.

Маълумки, кейинги пайтларда босма нашрлар обунаси ҳақида баҳс-мунозалар кўпайиб кетди. Газета нималигини билган ҳам, билмаган ҳам, обунанинг аҳамиятини тушунган ҳам, тушунмаган ҳам фикр билдирди. Мажбурий обуна билан обуна тарғиботини аралаштириб юборганлар ҳам бўлди.

Биринчидан, ҳеч кимни мажбурий обуна қилиш мумкин эмас, обуна бўласан, деб ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳам ноқонуний ҳаракат. Бироқ қайсидир ташкилот ёки корхона касаба уюшмаси билан келишиб, ўз ҳисобидан ишчи-ходимлари учун обунани ташкил этса, нимаси ёмон? Корхона ёки ташкилотга газета-журнал кириб келса, кимга зиёни тегади? Ўқимагандан кўра, ўқиган яхши эмасми? Уйингизга газета-журнал олиб киринг, майли, ўзингиз ўқиманг, аммо фарзандларингиз уни қўлига олиб варақлайди, ўқий бошлайди, ўқишга кўникма шаклланади.

Яна бир савол кишини ўйлатади: ўқитувчи бўла туриб, «Маърифат»ни, фермер бўла туриб, «Қишлоқ ҳаёти»ни, сиёсий партия аъзоси, фаоли бўла туриб, партия нашрларини, катта-кичик раҳбар, депутат бўла туриб, «Халқ сўзи», «Народное слово»ни, спорт мураббийи, ходими бўла туриб, «Спорт» газетасини ўқимаган кишидан нимани кутиш мумкин? Кўпдан-кўп муаммоларимиз сабаби ана шу ўқимаслигимизга боғлиқ эмасмикин?

Обуна бўлган бўлсин, бўлмагани ўзи билади. Газета ўқишни хоҳламаган, ўқимай қўя қолсин, дейиш осон, енгил. Дейлик, фарзандингиз газета ҳам, китоб ҳам ўқишни хоҳламаса, ўқимасанг ўқима, дейиш керакми ёки уни ўқишга даъват этиш, ўргатиш керакми? Шу ўринда озгина мулоҳаза бор. Халқимизнинг неча фоизи газетхон ёки китобхон?.. Изоҳ шарт бўлмаса керак. Мамлакатимизда китоб нашр қилиш, китоб мутолаасини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бекорга эмаслигини яхши биламиз.

Нега газета обунасини тарғибот қилиш, газета ўқишга даъват этиш мумкин эмас? Ҳозирча тарғибот, даъват керак. Вақти, соати келади, одамлар айтмасак ҳам ўқийдиган бўлади. Кўпчилигимиз кузатганмиз, кўрганмиз, қатор ривожланган мамлакатларда одамлар хиёбонда ўтирган бўладими, метрополитенда кетаётибми, қўлида газета, журнал ё китоб бўлади.

Қисқароқ, лўндароқ айтганда, газета бу — сиёсат, ғоя, мафкура, маърифат... Давлатнинг сиёсатини одамларга, одамларнинг хоҳиш-иродасини давлатга, ҳокимиятга етказадиган восита. Шундай экан, унинг кўп тарқалишидан давлат ҳам, жамият ҳам, таҳририят ҳам манфаат кўради. Нима учун дунёдаги айрим ташкилотлар ўз ғоясини ёйиш учун бепул газета, диск, китобларни тарқатади? Нега биз давлатимиз сиёсатини тарғибот қиладиган, халқимиз манфаатини ҳимоя этаётган нашрларни қўллаб-қувватламаслигимиз керак?

Матбуот ва оммавий ахборот воситаларига ҳаётнинг ўзи катта талабларни қўймоқда. Аммо уларнинг шароити, муаммоларини қайси ташкилот ўрганиб, таҳлил этиб, тавсиялар бера олади? Муассис қаерга қараяпти, нега ёрдам бермайди, деган ҳақли савол туғилади. Ким айтолади, қайси муассис ўз нашрига қандай амалий ёрдам берганини? Ўрганиб кўрилса, бу масалада бир дунё камчилик, муаммо қалашиб ётибди. Таҳририят муассисга қарам, талаб қила олмайди, тортишса, гапи ўтмаслиги мумкин. Таҳририят тақдири муассис раҳбарияти савиясига боғлиқ бўлиб қоляпти. Саводли, зиёли, сиёсатни тушунадиган раҳбар бўлса яхши, акс ҳолда, таҳририят жамоаси муаммолар ичида қолиб, кераксиз масалаларга вақтини, асабини кетказади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим, Халқ таълими вазирлигининг нашрлари бирлаштирилиб, давлат унитар корхонасига айлантириладиган бўлибди. Тўғри, кимдир вазирга шу таклифни берган, маъқуллаттирган. Бунинг оқибатида вазирлик ўз нашрларини қўллаб-қувватлашнинг матбуот эркинлигига зид йўлини қабул қилаётганга ўхшайди. Матбуот билан боғлиқ масалаларда минг ўйлаб, соҳанинг билимдонлари билан маслаҳатлашиб, бир хулосага келинмаса, ортиқча муаммолар чиқади.

Президентимиз матбуот эркинлигини таъминлашга катта эътибор қаратаётган, жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади, деб турган бир пайтда бундай ёндашув демократик ислоҳотларга зид келмайдими?

Айрим муассислар раҳбарлари таҳририят, яъни журналистларни ўзига қарам ҳисоблайди. Нима десам айтганимни бажариши керак, деб ўйлайди. Журналист қарам бўлган жойда сўз эркинлиги ўлади, демократик жараёнларга путур етади, коррупция авж олади. Бундан аввало давлат зиён кўради.

Босма нашрлар обунаси муаммосида почта хизматининг катта «ҳиссаси» борлигини ҳам айтмоқ керак. Пойтахт Тошкентнинг ўзида нашрлар обуначиларга бир кун ўтиб, вилоятлар туманларига эса ҳафтада бир марта етказиб берилаётгани почта хизматининг бугунги фаолияти ниҳоятда сустлашиб кетганидан дарак бермайдими?

Матбуот ва ОАВ ҳақида фикр юритганда, уларни бир-бирига қарши қўйиш мутлақо нотўғри, аниқроғи, саводсизларча ёндашув бўлади. Уларнинг ҳаммаси бизнинг журналистика мактабимиз, оммавий ахборот воситаларимиз, маънавий бойлигимиз ҳисобланади. Уларга бир жон, бир тан каби қарамоғимиз керак. Мақсад ва вазифамиз ягона — улуғ халқимизга, азиз Ватанимизга хизмат қилиш. Шундай экан, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, тўлдиришимиз керак бўлади.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.