Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.10.2018

ҚИШЛОҒИМИЗ ОДАМЛАРИ ФРАНЦУЗЧА ГАПЛАШИШАДИ

«Кимки мен етиб келдим деса, у йўлнинг бошида турган бўлади»

Француз мақоли

 

Шарофиддин РАҲМОНОВ, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 34-мактабнинг француз тили ўқитувчиси:

— Француз ва ўзбек тиллари фонетикаси бир-биридан тубдан фарқ қилади, бу мазкур тилларнинг фонетик тизими таққосланганда яққол кўзга ташланади. Француз тили унли товушларга бой ва улар аниқ, равон талаффуз қилинади, бироқ дифтонглашмайди, редукцияга учрамайди. Редукция ўзбек тилига хос бўлган ҳодисадир. Мен француз тилининг ўзига хос жозибасини ана шунда, деб ўйлайман.

Француз тилига болаликдан қизиққанман. Бу муҳаббат тилини мукаммал ўрганиш мақсадида СамДУга ўқишга кирганман. Университетни тугатганимдан сўнг Ургут туманидаги 34-мактабда ишлай бошладим. Мактабда «Полиглот» тўгарагини ташкил этдим. Ўтган йиллар давомида ушбу тўгаракда 300 дан ортиқ ўқувчи француз тилини ўрганди. Улар орасида мактабимиз ўқувчиларидан ташқари ён атрофдаги қишлоқлар болалари ҳам бор. Бугунги кунда Ургутдаги Жозмон қишлоғидан 100 га яқин француз тили мутахассиси етишиб чиққан. Улар мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юрти ва туризм соҳаларида фаолият кўрсатмоқда.

Шогирдларимдан Бобур Шарипов ва ­Тошқобил Муқимов СамДЧТИда ўқитувчи, ­Абдурауф Хушвақтов «Сарбон» сайёҳлик фирмасининг гид-таржимони бўлиб ишламоқда.

Шунингдек, ўқувчиларим фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида фаол иштирок этиб, ғолиб ва савриндор бўлишган. 2008 йилда Руфат Диёров фан олимпиадасининг, 2012 йилда Бехруз Сувонов «Билимлар беллашуви»нинг Республика бос­қичида ғолиб бўлди.

2000, 2005 йилларда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси гранти асосида Францияда, 2009 йилда Халқ таълими вазирлигининг гранти асосида Германияда тажриба алмашдим. Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ўқитувчилари учун мунтазам равишда семинар-тренинглар ташкил этиб тураман. Очиқ дарс ишланмалари ва мақолаларим вилоят ва республика матбуотида чоп этилган.

2004-2009 йиллар давомида модернизация қилинган ўқув дастури ва такомиллаштирилган давлат таълим стандартини тажриба-синовидан ўтказдим. Натижада тажриба-синов синфининг 29 нафар ўқувчисидан 25 нафари олий ўқув юртларининг талабаси бўлди. Улардан 8 нафари француз тили йўналишига қабул қилинди.

Давлатимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан мукофотландим. Сўнгги йиллардаги меҳнатларим натижасида СамДЧТИнинг француз тили факультетида мактабимизнинг 12 ўқувчиси турли босқичларда таълим олишмоқда.

Француз тилини ўрганганимдан ва ўқувчиларга ушбу фандан дарс берганимдан фахр­ланаман. Чунки, француз тили дунёнинг 29 мамлакати учун расмий тил мақомида, шунингдек, 54 давлат аҳолиси иккинчи тил сифатида французчани яхши билади. БМТ иш юритадиган тиллардан бири ҳам французчадир.

Сўзимизнинг аввалида француз мақолини беҳудага келтирмадим. Мен салкам қирқ йиллик ўқитувчилик фаолиятимда ўз-ўзимдан қониқиш ҳосил қилмаганман. Ўзимни ҳар доим йўлнинг бошида тургандай ҳис қиламан. Лекин қишлоғимиз болалари ўзаро французча гаплашганини кўрсам қувонаман. Ўтган йиллар беҳуда кетмаганига, юртдошларимга нимадир берганимдан фахрланаман.

 

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.