01.10.2018

СИЗДАН БИР УМР МИННАТДОРМИЗ, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

Минҳожиддин МИРЗО, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари:

— Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригини ўзгача бир ҳаяжон, ғурур билан ўқиб чиқдим. Табрикда ҳаммамизнинг дилимиздаги ҳис-ҳаяжонлар ифодаланган, тилаклар билдирилган, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мен табрикни ўқиб, чуқур хаёлга чўмдим, ўқитувчиларимизни, мактабимни эсладим.

...Ёшинг улғайгани сайин ҳаёт қадри, бетакрор умр лаҳзалари қадри, ҳаёт йўлларида сенга чин бахт, чин саодат бахш этган, сени кўз қорачиғидай муҳофаза қилиб, тиканли сўқмоқлардан асраб, эзгулик йўллари сари йўллаган, сенга илк бор ҳарф танитиб, китобга бир умр ошно қилган муҳтарам зотлар қаршисидаги қарздорлик ҳисси кучайиб бораверар экан. Ота-она, бобо ва буви мактаби, маҳалла дорилфунуни, сенга ҳикмат сўйлаб, бир умрга татийдиган билим, ўгит ва насиҳатлар бериб, қалбингни нурдай ёритган азиз сиймолар орасида муаллим деган улуғ зот ҳам борки, уни ҳамиша соғинч, меҳр, муҳаббат, миннатдорлик билан эслайсан.

1972 йил 1 сентябрда ­Андижон шаҳридаги, шундай Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига туташ масканда жойлашган 30-мактабнинг биринчи синфига бордим. Илк қўнғироқ, биринчи ўқитувчим Муборахон аянинг меҳрли нигоҳлари, илк сабоқлари... Ҳали партада ўтиришга одатланмаган, ҳали ўйинқароқлик ва эркаликлари босилмаган, кўнгиллари интизом деб аталган тартиб оламидан бетоқат бўлиб тошиб турган болалар, уларнинг ҳайратли кўзлари, онасини соғиниб қилган хархашалари кўз олдимда намоён бўлади. Қалам, ручка ушлаганидан бир зумда чарчаб қолган биз болаларни Муборахон ая ўрнимиздан турғазиб, қўлларимизни чўздириб, бармоқларимизни очиб, ёпиб қилдирган машқ­лари, барчамиз хор бўлиб такрорлаган сўзлар қулоғим остида жаранглайди:

«Ёзавериб, ёзавериб қўлларимиз чарчаб кетди!...»

Илк ҳаяжонда ҳуснихат ёзишларимиз, Алфавитни ёдлаб берганларимиз, ҳарфларни бир-бирига уриштириб «О — на, а — на, нон» дея ўқиганларимизни ҳозир эсласам кўзимга ёш қалқийди, устозларимизнинг сабри, тоқати, бардоши, буларнинг барчасини ўзида мужассамлаштирган меҳри қаршисида лол қоламан, таъзим қиламан.

«Алифбе байрами», илк қадр­дон сабоқ китобимиз билан хайрлашиб, «Ўқиш китоби»ни кутиб олишларимиз... «Биринчи қўнғироқ» билан кутиб олиниш, «Охирги қўнғироқ» билан кузатилиш...

Энди билсам ҳаёт ўзи, унинг маъноси кутиб олиш ва кузатишдан иборат экан. Бугун жуда катта миннатдорлик билан Андижон шаҳридаги 30-мактабда сабоқ берган барча устозларимни эслагим келади. Муборахон Алимова, Ойша Якубова, Лариса Тошматова, ­Матлубахон Хусанова, Нафиса ­Мадаминова, Роза Садовничова, Марвар Шамсуддинова, Илёс Муродов, Гулчеҳра Шамсутдинова... бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин. Муаллимлар инсон онгининг муҳандислари, қалбининг наққошлари, одамийлик мулки — маърифат боғининг боғбонлари.

Гоҳо ўйлаб қоламан, дунёда ўқитувчининг тун бўйи бедор дафтар текшириб ўтказган амалига тенг келадиган савоб бормикан?! Шарқираб оқаётган, ўйинқароқ жилға, ҳали тизгин нималигини билмаган беқарор шамол каби бола шўхликларини қандай тартибга солади, қандай куч билан уни ўзига қаратади, гўзал итоатга ўргатади. Фақат меҳр, меҳр, меҳр билан!

Бола тафаккур олами, қалб дунёсига тушадиган олтин калитлар фақат ўқитувчига тегишлидир. Ҳалигача мактаб қўнғироғини эшитса, бирдан ҳаяжонланиб кетадиган қанча ўқитувчиларни биламан. Ризолик ила дуолар билан мактаб қўнғироғи садолари остида абадият оламига кузатганимиз ўқитувчиларимни эслайман.

Янги ҳаёт, келажак, истиқбол йўли мактабдан, ўқитувчиларнинг қалбидан бошланади. Башарият эртаси, дунё тақдири энг аввало, ўқи­тувчига боғлиқдир. Бугун урушлар олови сўнмаётган, қалблар жаҳолат тўри сиртмоғидан чиқолмаётган айрим юртларда мактаб, китоб, маърифат деган улуғ тушунчалар унут бўлгани кишини қаттиқ изтиробга солади.

Ҳаёт турли танловлар ичра ўтади, ташкилот раҳбари кадр танлайди, йигит-қиз ўзига умр йўлдоши танлайди, одам дўст танлайди, ҳамкор танлайди. Бу дунёда икки зот борки, улар бундай танловлардан йироқ. Она фарзанд танламайди, муаллим эса ўқувчи!

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

 

Азиз устозлар! Назаримда, ҳазрат Алишер Навоий ҳам беш юз йиллар наридан боқиб, бу ҳақиқатни тасдиқлаётгандек. Негаки, илк бор мур­ғак болалар қалбига Ватан туйғусини Сиз олиб кирасиз. Уларнинг жажжи юракларида маърифат чўғини ёндиргувчи ҳам Сизсиз! Ёш кўнгилларда очилган беҳисоб орзу-умид чечакларининг илдизи айнан, ҳа, айнан Сизнинг қалбингиздан сув ичади.

Бошимизни силаган қўлларингиз тафтини ҳали-ҳануз сезиб турамиз. Биз ҳар куни, ҳар соатда қалб қўри, кўз нурини, бутун борлиғини заррама-зарра, томчима-томчи олижаноб ишга бағишлаб келаётган азиз устозлар олдида ҳамиша қарздормиз, доимо бош эгиб таъзим қиламиз!



DB query error.
Please try later.