27.09.2018

НОННИНГ НАРХИ ВА ҚАДРИ

Бугун ҳаёт тезкор ривожланмоқда. Талаб ва таклифга асосланган бозор муносабатлари янгидан янги иқтисодий қонунлар, тартибларни жорий этилишини тақозо этмоқда. Ана шундай ҳаётий заруриятлар сабабли қабул қилинган меъёрий ҳужжатлардан бири — мамлакат аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирларини ўзида мужассам этган Ҳукумат қароридир. Унга кўра, жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб 1 килограмм 1-нав буғдой унининг улгуржи нархи 1 400 сўм, бир дона қолипли ноннинг эркин бозор нархи 1050 сўм белгиланди ва сотилмоқда.

Шу сабабли аҳоли ўртасида дон, ун ва нон маҳсулотларининг нархлари юзасидан айрим тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда...

Авваламбор, қарор матни диққат билан ўқиб чиқилса, гап барча ун, дон маҳсулотларига эмас, балки фақат давлат тизимидаги бозор нархларидан паст бўлган қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга тақсимланаётган уннинг нархи тўғрисида эканлиги яққол аёнлашади. Қолаверса, қарорда бошқа ун ва дондан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар нархи тўғрисида умуман ҳеч нарса де­йилмаган. Чунки тандирда ёпилган нон ва бошқа нон маҳсулотлари таркибига давлат томонидан нархи пасайтирилган ун қўшилмайди. Уларга ишлатиладиган ун ички бозор нархларида сотиб олинган ҳамда импорт орқали келтирилган ун маҳсулоти ҳисобланиб, уларнинг нархи бозор талаблари асосида аллақачонлар шакллантирилган. Шунингдек, бундан кейин ҳам бу тоифадаги уннинг нархи талаб ва таклиф асосида шаклланиб бораверади.

Демак биз, бу икки муҳим жиҳатга эътиборимизни алоҳида қаратишимиз лозим бўлади.

Таъкидлаш жоиз, бозор муносабатларига ўтиш жуда ҳам мураккаб, узоқ давом этадиган узлуксиз жараёндир. ­Дунёнинг тараққий этган давлатлари, хусусан, Европа мамлакатларида нормал бозор иқтисодиёти тадрижий асосда, яъни асрлар давомида ривожланиб ҳозирги кўринишга келган. Айни пайтда бу мамлакатларда бозор муносабатлари янада тезкор такомиллашиб бораётир. Зеро, талаб ва таклиф асосида шаклланадиган баҳо, ўзаро ҳалол рақобат муҳити мавжуд бўлгандагина бозор муносабатлари пайдо бўлади ва рисоладагидек фаолият кўрсата бошлайди.

Хўш, мамлакатимизда бу жараёнлар қандай кечди?

Маълумки, давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк даврлариданоқ бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос тамойиллари ишлаб чиқилди. Бозор муносабатлари шу асосда босқичма-босқич ва изчил ривожлантириб борилди. Ана шу тамойиллардан бири, бу кучли ижтимоий сиёсат юргизиш эди. Чунки ўша даврда республика аҳолисининг қарийб ярмисини болалар ва ёшлар, кексалар ташкил этиб, улар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланарди. Шу боисдан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мўлжалланган турли имтиёзлар, компенсациялар, чегирмалар қўлланила бошланди. Ун, дон ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотлар давлат томонидан тақсимот асосида ажратилиши ҳам ана шу тамойилнинг бир кўриниши эди.

Шуни айтиш керакки, шу даврга қадар қўлланиб келинган ҳимоя усули бозор иқтисодиёти қоидаларини бироз чеклагандек эди. Бундан ташқари, бундай имтиёзлар ортидан айрим нопок кимсалар ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш имконини ҳам топишди.

Натижада вақтлар ўтиб, бундай ҳолат ишлаб чиқарувчилар ўртасида турли адолатсизлик, тенгсизликларнинг, чунончи, таниш-билишчилик, кор­рупциянинг авж олишига сабаб бўла бошлади. Бунинг олдини олиш ҳамда халқаро амалиётда кенг фойдаланиб келинаётган аниқ тизимли ҳимояга ўтиш зарурияти давлат тизимидаги ишлаб чиқарувчиларга ун маҳсулотларининг нархини оширилишига сабаб бўлган омиллардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, бозор муносабатлари ривожланган давлатлар тажрибаси аҳолини бундай ҳимоя қилиш тизими самарасиз эканини кўрсатмоқда. Чунки асосий мақсад аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш экан, бундай ҳолатда уларни аниқ манзилли ҳимоя қилиш талаб этилади. Яширишнинг ҳожати йўқ, мамлакатимизда яратилган бундай имтиёздан шу пайтгача аҳолининг барча қатлами бир хил тарзда фойдаланиб келди. Оқибатда, ҳақиқий эҳтиёжманд қатлам четга чиқиб қолди. Ўзингиз бир тасаввур қилинг, аҳолининг асосий истеъмол қиладиган нон маҳсулотларига нарх 4 йил давомида ўзгармай келди. Табиийки, бу йиллар давомида давлатимиз томонидан нонга бўлган нарх дотация (давлат бюджети – умумхалқ маблағи) ҳисобидан қоплаб келинди.

Яна бир жиҳат. Ўзбекистоннинг аста-секин халқаро алоқалари кенга­йиб, ўзаро товар айирбошлаш суръати кучайиб борди. Бу, албатта ички бозоримизнинг нарх-навосига таъсир кўрсатмай қолмасди. Биргина ун масаласига келадиган бўлсак, унинг нархи қарийб барча МДҲ давлатлари, жумладан яқин қўшни мамлакатлар ичида ҳам энг арзон эди.

 

Маълумот учун: Ўзбекистонда қолипли нон нархи охирги марта 2014 йил сентябрида 50 сўмга қимматлаб, 650 сўм этиб белгиланган.

 

Шу маънода Ҳукуматимиз бу қарорни, таъкидлаш керакки, ишлаб чиқаришга кетган харажатларнинг бугунги кундаги реал нархларига эътибор қаратиш, уларнинг сифатини яхшилаш, ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар ва бошқа бозор муносабатлари иштирокчиларининг бозор иқтисодиёти шароитида эркин фаолият юритишига шароит яратиш мақсадида қабул қилди. Демак, ушбу мақсадлар нархни кўтаришнинг нав­батдаги омили саналади.

Юқоридаги қарор эълон қилинишининг сабабларидан яна бири, бу — халқимиз дастурхонининг кўрки саналган ноннинг қадрига етишга қаратилган даъват ҳамдир. Рост-да, охирги пайт­ларда бир дона «буханка»нинг нархи қўй-молга бериладиган емиш-озуқанинг бир килограмм нархидан ҳам пастга тушиб кетди. Натижада ҳолат шу даражага етиб бордики, ҳатто айрим ҳамюртларимиз, «буханка»ларни қоплаб сотиб олиб, улар билан уйидаги қўй-молини боқа бошлади...

Бундоқ ақлни пешлаб, бир ўйлаб кўрайлик. Ахир, Яратган ҳам инсоният­га унинг табиатига мос ноз-неъматларни, бошқа махлуқотга эса бошқа неъматларни ризқ қилиб берган-ку! Шундай экан, одамзоднинг азалий риз­қи саналган нонни бошқа махлуқотга бериш, назаримизда тўғри эмасди. Бинобарин, муқаддас китобимизда, «Енг­лар, ичинглар, исроф қилманглар», дея бот-бот такрорланади.

Афсуски, ҳозирда бозорлар ва дўконларда яна бир ачинарли манзара содир бўлмоқда: айрим юртдошларимиз нон ва ун маҳсулотларини захира сифатида жамлашмоқда. Тасаввур қилинг, сиз оилангиз билан бир кунда иккита «буханка» истеъмол қиласиз. Эндиликда сиз 2 «буханка» нон ўрнига 4 тасини сотиб оляпсиз. Яъни оддий сўзлар билан айтганда, сиз дўконга чиқиб, ўзингиз одатда оладиган нон маҳсулотини икки баробар кўп миқдорда харид қиляпсиз. Бу билан сиз дўконга, масалан дейлик, ҳар куни 100 дона келтириладиган «буханка»дан ўзингизга «тегишли» бўлган 2 тасининг ўрнига эндиликда 4 та сотиб олиб, сиздан кейинги харидорнинг 2 та буханкасини ҳам олиб кетиб қоляпсиз, бошқача айтганда, бир юртдошингизнинг «ризқини қияяпсиз».

Энди тасаввур қилайлик, бундай ҳолат биргина маҳаллада эмас, балки туманлар, вилоятлар бўйича бўлса-чи? Мамлакат миқёсида тарқалса-чи? Қарабсизки, тез орада истеъмолчига нон маҳсулотлари етказилишида узилишлар юзага келади, сунъий дефицитлар пайдо бўлади. Албатта, бундай нохуш ҳолатлар узоқ вақт давом этмайди. Бироқ у вақтинча бўлса-да, аҳоли ўртасида бир қатор ноқулайликлар туғдиради, исрофгарчиликни юзага чиқаради. Аслида, бундай фақат ўзини ўйлаб қилинган хатти-ҳаракатлар бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат сингари азалий қадриятларимизга путур етказади. Бу, бор-йўғи, кичкина бир мисол холос.

Қарорда кўрсатилган ун маҳсулотлари нархининг ошиши унинг захирасига боғлиқ эмас. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизнинг озиқ-овқатлар захираси, жумладан, ун маҳсулотлари захираси халқаро меъёрларга тўлиқ жавоб беради.

 

Маълумот учун: Бугун «Ўздонмаҳсулот» АК тизимида 44 йирик корхона ва унинг 25 филиали ҳамда 300 дан ортиқ хусусий ун ишлаб чиқариш, шунингдек, 3 мингдан зиёд қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда.

 

Республика аҳолисининг ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг бир қисми давлат ресурси ҳисобидан амалга оширилиб, қолган қисми жойлардаги фермер ва аҳоли ихтиёридаги дон ҳамда импорт орқали кириб келган буғдой ва ун ҳисобидан қопланади.

Хўш, мамлакат аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорнинг ва бу соҳада яратилган тизимнинг асосий афзалликлари нималардан иборат?

Биринчидан, эндиликда ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат кучаяди. Ишлаб чиқарувчи нонни сотиш учун сифатини яхшилашга ҳаракат қилади. Бу, ўз навбатида, маҳсулотнинг сифатига таъсир кўрсатади. Натижада, аҳоли сифатли нон маҳсулотлари билан таъминланади.

Иккинчидан, талаб ва таклиф асосида нон маҳсулотларининг турлари кенгаяди, қўшимча иш ўринлари барпо этилади.

Учинчидан, давлатимиз ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя этиш механизмини йўлга қўйди. Яъни аниқ манзилли таъминот тамойилига ўтилди. Компенсация ишлаб чиқарувчига эмас, балки истеъмолчига қаратилди. Эндиликда нон ишлаб чиқарувчи ўзининг сифатсиз маҳсулотини аҳолига тиқиштира олмайди. Нон ишлаб чиқишда истеъмолчининг талаби биринчи ўринга чиқади.

Юқоридаги қарорга мувофиқ, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 2018 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон олиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи (18 400 сўм) миқдорида компенсация тўлови тўлаб берилади. Берилаётган компенсация пухта ҳисоб-китоб қилинган ва уннинг нарх ошган қисмини тўлиқ қоплайди.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги масъул ходими.



DB query error.
Please try later.