Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.09.2018

МАҚОМНИ БОҒЧАДАНОҚ БОЛАЛАРГА ҚУЛОҚҚОНДИ ҚИЛИШ КЕРАК!

Бу — таниқли созанда, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси Бозорбой Ўриновнинг фикри

Кўп қадим Хоразм мақомларининг зукко билимдони Бозорбой Ўриновни атай уйларига йўқлаб бордик. Сўнгги даврда озроқ оғриганлари боис кўнгил сўраб, дардига Аллоҳдан шифо тиладик. Бу миллий мусиқамиз гултожиси бўлмиш мақомларга том маънода иккинчи умр бағишланаётган кунларга тўғри келди. Президентимиз томонидан ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш мақсадида шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари қадим Шаҳрисабз шаҳрида мақом санъати биринчи халқаро анжумани ўтказилганини бастакор қувонч ёшлари билан қабул қилганини айтди. Негаки, сўнгги йилларда ойнаи жаҳонни ва саҳналарни енгил-елпи қўшиқлар эгаллаб олгани ҳеч кимга сир эмас. Мақомлар эса... гўё музей осори атиқаларига айланиб қолаётгандек эди.

 

— Сизнингча ҳозир мақом ижрочилари концерти ташкил қилинса, томошабин йиғилади, деб ўйлайсизми?

— Мақомга — бу ўлмас қадим мумтоз мусиқага, унинг бетакрор айтим йўлларига иштиёқманд инсонлар кўп, деб ўйлайман. Бу ўринда: ким мақомни ижро қилиши муҳим! Сўнгги даврда мақом туркумига кирувчи қўшиқларни ҳар ким ўз йўли, овозига мослаб айтиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Энди...ҳамма ҳам мақом йўлида айта олмайди-да! Бунга худо берган овоз керак, маҳорат керак.

— Мақомга иштиёқманд томошабинлар орасида ёшлар неча фоизни ташкил қилишаркан?

— Оғриқли савол. Ёшларимиз енгил-елпи куй ва қўшиқларга, айниқса ғарбона оҳангларга муккасидан кетгани бор гап. Лекин, буни ўткинчи ҳолат деб биламан. Шу заминда туғилиб ўсган, томирларида боболари қони оқаётган инсон борки, бугунми, эрта албатта мақомга қайтади.

— Америкалик руҳшунослар шундай тадқиқот ўтказишган: бир гуруҳ ёшларни тўплаб, бетўхтов рок мусиқа, эшиттиришади, яна бир гуруҳига эса фақат мумтоз мусиқаларни. Кейин тад­қиқ қилишсаки, рок томошабинлари асабий, қон босимлари ошган, руҳий зўриқиш ҳолатидалар. Мумтоз санъат иштиёқмандлари сокин кайфиятда, соғ­лиқлари жойида. Сўрамоқчи бўлганим — мусиқа инсон руҳиятига қанчалик таъсир қилади?

— Э, таъсири катта! Ҳатто бизда — ­Шарқда мусиқа билан даволашган ҳам. Аммо енгил-елпи қўшиқ, мусиқалар билан эмас, мумтоз асарлар билан. Шу маънода мақомлар мутлақ шифобахш хусусиятга эга.

— Хоразм олти ярим мақомлари ҳақида тўхталсангиз.

— Мақомлар ўз атамасидан келиб чиқиб, олтита:«Рост», «Бузрук», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» ва «Ироқ»дан иборат.Бизда эса унга қўшимча тарзда яна ярим мақом йўли бор. Тўғрисини айтиш керак, ярим мақом йўлини тан оладиганлар бор, тан олмайдиганлар ҳам.

— Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Равшан ­Юсупов бир мақоласида сизнинг мақом санъатига бағишланган илмий ишларингизни эътироф этган эди: «...Бозорбой Ўриновнинг «Қалъабанди» номи билан бизга маълум бўлган икки қисм­ли мўъжазгина дурдона асари асосида салобатли мақомсифат туркум вужудга келиши ажойиб ҳодиса. «Рок» шўъба туркуми, «Панжгоҳ» мақоми айтим йўлларини тиклаш бўйича тажриба мақомшунослик фани, мақом усталарининг диққат-эътиборидан четда қолмаслиги лозим...»

— Юқорида эслатганингиз — «Қалъабанди», «Рок» шўъба туркуми; «Панжгоҳ» мақоми айтим йўллари бўйича кўп йиллар изланишлар олиб бордим ва унут бўлаёзган бу мумтоз дурдоналарни қайта тиклаб, нотага солиб, элимизга қайтардим, мусиқа мактаблари учун қўлланмалар ёздим. Бу камтарона меҳнатим умримни беҳудага яшамаганимни кўрсатади.

— Сиз нафақат назариётчи, балки амалиётчи ҳамсиз. 1988-2000 йилларда Хоразм телевидениеси қошидаги Хоразм мақом жамоасига бадиий раҳбарлик қилдингиз...

— Бу Хоразм мақомларининг қайта тикланиш даври эди. Яхши жамоа шакллантирдик. Мақом жамоаси ижросида қадим мақомларимиз республика ва Хоразм радиоси олтин фондига ёзилди, видеотасмага туширилди.Яхлит бир китоб ҳолига ҳам келтирдик. Бу иш бошида миллатпарвар инсонлар турганини айтиб ўтишим керак.

— Ўша вақтда мақом жамоасида ишлаганларнинг барчаси мақом мусиқаси, айтим йўлларини ёд билишармиди?

— Албатта, талаб шундай эди. Яқинда ўша пайтда биз билан бирга ишлаган бир санъаткордан шу ҳақда қизиқиб сўрадим. Айтдики, мақом мусиқаси, мақом йўлларини ёд олиш бошқа, уни доимо ижро қилиш бошқа. Яъни, тан олдики, аксари ёдидан кўтарилган...

— Ҳозирда вилоятимиздаги қайси санъаткор бутун мақомларимизни ёд билади, деб айта оласиз?

— Ҳожихон усталар учун бу болаликдан қулоққонди бўлган, ўлгунича хотиридан ўчмаган мумтоз бир бойлик эди. Буни бошқалар ҳақида айта олмайман.Мақомларнинг айрим айтим, чертим йўлларини биладиганлар кўп, аммо, бутунлигича...

— Мамлакатимиз раҳбари мақом санъатига эътиборни кучайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Халқимизни бу мумтоз қадриятга яқинлаштириш — бир умрлик ошно қилиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Менинг қатъий фикрим: мақомни боғчаданоқ болаларга қулоққонди қилиш керак. Шундагина у бир умр бу боқий санъатдан баҳра олади, унинг ишқибозига, керак бўлса, ижрочисига айланади...

...Машҳур бастакор хонадонидан чиқиб, ишхонага бориш учун машинага ўтирдим. Ҳайдовчи — ёшгина йигит радиодан мусиқа тинглаб келаётган экан — нима дерсиз — кўп қадим, эшитганда кишини сел қиладиган мақом ижро қилинаётганди...

 

Рўзимбой ҲАСАН

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.