25.09.2018

ЗАМОНАВИЙ БОШҚАРУВ ЁКИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ҲАҚИДА

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Жамоатчиликни сўнгги вақтларда бир масала ўй­лантириб, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди. Бу — ўқитувчининг қадр-қиммати, таълимнинг сифати, интеллектуал салоҳият масаласи эди. Дар­ҳақиқат, ушбу мезонлар тараққиётни белгиловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал жиҳатдан камол топтиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашга ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг жорий йилда «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини жорий этиш, ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётганини амалий тасдиғидир.

Ушбу ҳужжат халқ таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Унга кўра, соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда Халқ таълими вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли ва масъулияти янада кучайтирилди. Энди Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар халқ таълими бошқарма ҳамда бўлимлари, вазирликка идоравий мансуб бошқа ташкилот ва муассасалар бошлиқларини лавозимга тайинлаш ёки озод қилиш масаласи маҳаллий ижро органлари билан келишилмай, Халқ таълими вазири томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шаффоф ва самарали жамоатчилик на­зоратига эришиш соҳани ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Хусусан, муассасаларнинг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш, барча фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар манбасини яратиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг электрон рейтинг тизими жорий этилади.

 2019 йил 1 январдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилиб, кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай унинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтида жойлаштирилади.

Ўз навбатида, бу ўқув муассасаларида таълим сифатини яхшилашга, ўқитувчиларнинг билим даражаси ва педагогик маҳоратини оширишга, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконини беради.

Ушбу ҳужжат билан 2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади. Ана шунда ота-оналарга таълим муассасасига бормасдан, унинг раҳбарига учрашмасдан, муассаса тўғрисида шаффоф маълумот олиш тартиби яратилади. Бюрократик тўсиқларсиз фарзандини умумтаълим муассасаларига жойлаштириш имкони туғилади. Шу йилнинг 1 октябридан умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилиши ва таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлардан иборат умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашларининг ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу ўзгариш умумтаълим муассасаси раҳбарини сайлаш, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этишда ота-оналар ва битирувчилар вакилларининг бевосита иштирок этишини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Мухтасар қилиб айтганда, келажагимиз эгаларининг тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур ҳужжат замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жа­мият қуриш йўлидаги мураккаб ҳамда кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, халқимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган садоқатли кадрлар тайёрлаш масаласини принципиал, ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.



DB query error.
Please try later.