Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.09.2018

НОТАРИАТ ТИЗИМИ: ИСЛОҲОТЛАРДАН НИМАЛАР КУТИЛЯПТИ?

Мазкур тизимда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Бунёд Эшонқуловнинг мулоҳазалари қуйидагича бўлди:

— 2017 йил 27 февралда давлат нотариал идоралари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди.

Яқин кунларгача аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматлар сифатининг пастлиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Мавжуд бюрократик тўсиқлар аҳолининг мазкур тизимга бўлган ишончининг пасайишига олиб келди. Шунингдек, коррупция ҳолатларининг кўпайишига имкон яратиб, жиддий муаммоларни келтириб чиқаргани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Демак, соҳани тубдан ислоҳ қилиш, янги, соғлом фикрга эга кадрлар билан бойитишни даврнинг ўзи тақазо қилди ва бу борада изчил чора-тадбирлар йўлга қўйилди.

Аввало, соҳанинг ҳуқуқий асослари қайта кўриб чиқилиб, қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Халқимиз манфаатига мос, одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларга қулайлик яратишга хизмат қиладиган, шаффоф тартиб-таомиллар ўрнатилди. Вақт ўтиб борар экан, ҳар қандай жабҳага янгилик киритилиб, қулайликлар кўламини ошириб бориш талаб этилади.

Мисол учун, ўтган йили «Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан алмашинадиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Адлия вазирининг 2017 йил 5 апрелдаги буйруғига асосан «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқномага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада йўриқнома «Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда тасдиқлаш» деб номланган 21-параграф билан тўлдирилди. Бунинг ўзи ҳам муаммоларнинг тўлиқ ечими учун етарли эмасди.

Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида «Нотариат институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.

Лойиҳада бир қатор муҳим жиҳатлар ўз аксини топган. Жумладан, ҳужжатда кўчмас мулк ижараси ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни республикадаги исталган нотариал идорада расмийлаштириш назарда тутилган. Жисмоний ва юридик шахслар нотариал тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаганда, ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўлашдан озод этилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартиби белгиланмоқда.

Мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишга тақиқ қўйиш ва уни бекор қилиш нотариал ҳаракати ҳамда унга алоҳида давлат божи тўланиши нормаси ҳам чиқариб ташланди. Шунингдек, қонунда юридик шахснинг ваколатли бошқарув органи мурожаатига кўра, унинг коллегиал органи томонидан қарор қабул қилинганлик фактини тасдиқлаш белгиланмоқда. Нотариус лавозимига номзодларнинг амалиёт ўташ тартиби, айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ҳамда видео ёзувда қайд этиш ҳақида меъёрлар ўрин олган. Яъни, бунда имконияти чекланган шахслар учун қулайлик яратиш масаласи қамраб олинган. Лойиҳага нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва уларни ротация қилиш ҳамда бошқа ўзгартишлар ҳам киритилган.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг ролини оширади. Нотариал хизматларнинг самарали, шаффоф тизимини яратишга ҳамда соҳани ҳалол, юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришга кўмаклашади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.