18.09.2018

НАМУНАЛИ УЙЛАР ҚУРИЛИШИ НАЗОРАТИ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

Ёки қурилиши назоратсиз қолган уйлар, овораю сарсон одамлар ҳақида

Йигирма йилдан бери ўқитувчилик қиламан, ойлик маошим 1 миллион 400 минг сўм. Бир миллион сўмини ҳозир яшаётган ижара уйимга тўлайман, қолгани нимага етиши мумкин? Дўсту-биродар, қариндош-уруғлардан ёрдам олиб намунали уй учун 840 минг сўмлик кредит тўловини қилиб келаётган эдим. 3 нафар фарзандимнинг каттаси контракт асосида университетда ўқийди. Бундан ташқари, оиланинг кундалик харажатлари ҳам бор. Аҳволимни тасаввур қилиб кўринг. Шу каби муаммолар ва ташвишлар оғирлик қилдими, инсульт касаллигига чалиниб, чап қўл ва чап оёқларим ҳаракатланмай қолди. Касалхонадан чиққач, моддий қийналиб кетганим учун битмаган бўлса ҳам июль ойида бу уйга кўчиб келдим. Чунки ҳеч бўлмаса ижара пулини тежайман...

Уйимиз қачон битишини Худо билади…

 

 

Таҳририятимизга Тошкент вилояти Тошкент туманидаги Кўктерак маҳалла фуқаролар йиғини, «Кўктерак» массивида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар эгаларининг бир гуруҳи шикоят билан мурожаат қилди.

— 2017 йил июль ойида «Қишлоқ қурилиш инвест» Тошкент вилояти филиали ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки Тошкент вилояти минтақавий филиали билан «ипотека кредити бериш» тўғрисида асосий шартномалар туздик. Кредит асосида бошланғич тўловини тўлаганимиздан сўнг Тошкент тумани «Кўктерак» массивидаги 2 қаватли, 4 сотихли, 4 хонали уйлардан бирини расмийлаштириб беришди, — дейди Шокир Қобилов. — Бу уйлар шартномага кўра, 2018 йил 1 июлда қуриб битказилиб, кўчиб киришимиз керак эди. Бироқ шу вақтгача уйнинг деворлари кўтарилиб, том қисми ёпилган холос. Бажарилган ишларнинг барчаси жуда сифатсиз, қўл учида қилинган. Мана, бир йилу 3 ойдан бери битмаган уй учун ҳар ойда 840 минг сўмдан банкка кредитимиз фоизини тўлаб келяпмиз. Оилам билан эса ойига бир миллион сўм пул тўлаб ижарада яшашга мажбурмиз.

Уй нега битмаётгани сабабини билиш мақсадида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Тошкент вилояти филиалига қўнғироқ қилдим. Банкдагилар биз кредитни «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиалига юз фоиз ўтказиб берганмиз, уйингиз нега шартномада кўрсатилган муддатда топширилмаганини билмоқчи бўлсангиз, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиалига мурожаат қилинг, дейишди. Инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиалига қўнғироқ қилдик. Гоҳо у ходим, гоҳо бу ходимнинг рақамларини беришди. Бири у ходим ҳал қилади деса, иккинчиси бошқа ходимни айтди. Охир-оқибат уйимизни шартнома асосида қураётган «Регуляр строй» масъулияти чекланган жамияти қурилиш фирмаси жавобгар эканлигини билдим. «Регуляр строй» МЧЖ раҳбари эса «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали пулларни ўтказмаганлиги сабабли қурилишни давом эттира олмаслигини айтди.

Қаҳратон қиш яқинлашаяпти, уйимиз битиши шартномада кўрсатилган муддатдан уч ой ўтиб кетди. Энди нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ташвишга соляпти. Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ва бошқа идораларга ҳам шикоят аризаси билан мурожаат қилдик. Бироқ ёзган аризаларимизнинг барчаси айланиб-айланиб, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиалига юборилмоқда. Инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиали ходимлари келиб, муаммоларни кўришади ва ҳақиқатан ҳам камчиликлар анчагина экан, дейишади-да, бир ой ичида уйларингизга кўчиб кирасизлар, деб ваъдалар бериб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишади.

Яна бир масалани айтай, иш ҳақи вақтида берилмаётгани сабабли ишчилар уч-тўрт кун ишлаб кетиб қолади, ўрнига бошқаси келади. Малакасиз қурувчиларнинг алмашавериши оқибатида уйлар сифатсиз қурилмоқда. Бизнинг мурожаатларимизни ким жиддий текшириб, муаммони ҳал қилади? Биз қачонгача азоб тортиб кутамиз?

Ушбу суҳбатдан сўнг, ҳақиқий аҳволни билиш мақсадида «Кўктерак» массивига бордик. Йигирма хонадонли икки қаватли 10 та уйнинг ён-атрофида беш-олтита ишчи ғимирлаб юрибди, нима қилиш кераклигини аниқ билишмаса ҳам керак.

— Бир ҳафтадан бери 4 уйни таъмирлаш ишларини охирига етказолмаймиз, — дейди Қуйи Чирчиқдан келган ёлланма ишчи Акром Холбоев. – Сабаби, оддий «выключатель»ни бир ҳафтадан бери кутиб ўтирибмиз, қолган қурилиш ашёларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Қурилиш материаллари ўз вақтида келтирилмагач, иш тўхтаб қоляпти ва ойлик маошларимиз ҳам кечикиб кетяпти. Бригадамда 7 киши бўлсак, ҳозир бекормиз. Бу ерда шу вақтгача қанчалаб ишчи ўзгарганини тасаввур қила олмайсиз. Ҳатто, бу ерда қурилиш ишларини назорат қиладиган масъул киши ҳам йўқ. Чунки МЧЖнинг ушбу массивга масъул бўлган иш бошқарувчилари ҳам кетма-кет алмашаверган. Назорат бўлмагач, ишлар кетма-кетлиги бузилган ва уйларнинг ичи битмай туриб, ташқи фасад қисми тўкилиб тушяпти. Бунинг натижасида қайта таъмирлашга мажбур бўляпмиз. Бунинг устига уйларнинг кўпчилигида деворлар электромонтаж қилинмасдан сувоққа ўтилган. Энди сувалган жойларни қўпориб, электромонтаж қилинмоқда. Бунинг сабаби ишчиларга вақтида керакли қурилиш материаллари етказиб берилмаган. Ишчилар вақтини бекор кетказмаслик учун қандай қурилиш материаллари келса, шунга қараб ишлашаверган.

— Уйимни электоромонтаж қилмасдан олдин сувоғини қилиб қўйишибди, — дейди 65-уй эгаси Отабек Абдураимов. — Ҳатто шифтига чироқ ўрнатишга жой ҳам қолдиришмабди. Фирма бошқарувчиларига мурожаат қилдим, улардан натижа бўлмагач, ўзим уста топиб сувоқни кўчириб бошқатдан электромонтаж қилдирдим. Энди қайтадан сувоқ қилишга тўғри келмоқда. Деворлар қийшиқ, эшиклар нотўғри ўрнатилган, том қисмидаги ёғочлар ҳам эски чириган тахталардан иборат. Иситиш тизимининг қувурларини ҳам эгри-бугри ўрнатиб кетишган. Иситиш мосламаси туйнуги эса умуман ўрнига тўғри келмайдиган қилиб ўрнатилган. Бир сўз билан айтганда, уйларга ишлатилаётган қурилиш материалларининг ҳеч бирини сифатли деб, бўлмайди.

Суҳбатимизга Шокир Қобилов қўшилди: — Уйим битавермагач, ишчилар бекор қолмасин, деб ёнимдан 2,5 миллион сўм пул сарфлаб, кафель келтириб берган эдим. Кафелни умуман нотўғри териб қўйишибди. Бу нима қилганларинг деб, дакки бериб кетсам, эртасига кафелни жойидан синдириб, кўчириб олишибди. Ахир, бу қанақаси, на уйимни битириб беришади на сифатини назорат қилишади, дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти. Мен ҳам топганимнинг ярмини банкка уй кредитига тўласам, ярмини яшаётган ижара уйимга тўлаб келаман. Битмаса ҳам кўчиб келай десам, уйга на сув ва на газ киритилган. Мурожаат қилмаган идорамиз қолмади... Яқинда «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиали директори Т.Турдибоев имзоси билан шикоят аризамга 2018 йил 27 июлда жавоб келди. Унда шундай дейилади:

«Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қилинган мурожаатингизда 2017 йил дастури бўйича қурилган Тошкент тумани «Кўктерак» массивидаги 60-сонли намунали уй-жойда мавжуд камчиликларни тўлиқ бартараф қилиб беришни сўрагансиз.

Сизнинг 247315\18-сонли мурожаатингизни ўрганиш мақсадида 2018 йил 26 июль куни «Фаровон» МФЙ котиби Н.Ҳошимова, «Регуляр строй» пудрат корхонаси иш юритувчиси Н.Набижонов, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиали бош мутахассиси Ж.Жуманиёзов, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси бўлим бошлиғи О.Камоловлар иштирокида 60-сонли уй-жойдаги мавжуд камчиликлар бўйича ўрганиш ўтказилди ҳамда ушбу ҳақда далолатнома тузилиб, «Фаровон» МФЙ муҳри билан тасдиқланди.

Ўрганиш натижасида 60-сонли намунали уй-жой эгаси Қобилов Шокир Анварович томонидан тегишли ҳужжатларга имзо чеккан ҳолда қабул қилиб олинган. (Ариза ҳужжати илова қилинади) Ҳозирги кунда ушбу уй-жойда юзага келган камчиликларни бартараф этиш мақсадида «Регуляр строй» пудрат корхонаси томонидан қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда ҳамда 26 августь кунига қадар якунланишига пудрат корхона раҳбари кафолатланди. Қурилиш монтаж ишларини назорат қилиш ҳудуд бўйича техник назоратчи зиммасига юкланди...»

Қизиқ ҳолат, уйим битмасдан туриб, мен қанақасига имзо чекиб уйни қабул қилиб оламан?.. Қурилиш-монтаж ишлари қачон олиб борилди?

Шундан сўнг «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиали директори Т.Турдибоевга яна ариза ёздим: Уй-жойим битмасдан туриб, қандай қилиб имзо қўйиб, уйни қабул қилиб олган бўламан, деган саволни қўйдим. Бу саволим жавобсиз қолди.

62-уй эгаси Тўлаган Содиқовнинг сўзларини, аниқроғи дардини эшитиш оғир бўлди:

— Йигирма йилдан бери ўқитувчилик қиламан, ойлик маошим 1 миллион 400 минг сўм. Бир миллион сўмини яшаётган ижара уйимга тўлайман, қолгани нимага етиши мумкин? Дўсту-биродар, қариндош-уруғлардан ёрдам олиб, 840 минг сўмлик кредит тўловини қилиб келаётган эдим. 3 нафар фарзандимнинг каттаси контракт асосида университетда ўқийди. Ижарада яшаётганимиз боис ушбу уйга ҳам бир миллион сўмдан кўпроқ пул топишим керак. Бундан ташқари, оиланинг кундалик харажатлари ҳам бор. Аҳволимни тасаввур қилиб кўринг. Шу каби муаммолар ва ташвишлар оғирлик қилдими, инсульт касаллигига чалиниб, чап қўл ва чап оёқларим ҳаракатланмай қолди. Касалхонадан чиққач моддий қийналиб кетганим учун битмаган бўлса ҳам июль ойида бу уйга кўчиб келдим. Чунки ҳеч бўлмаса ижара пулини тежайман...

Фуқароларнинг арзу додини эшитгач, қурувчи фирма раҳбари билан боғланишга уриндик, аммо унинг ўрнига қурилиш ишларига масъул ходим биз турган жойга етиб келди.

— Фирмага ишга келганимга бир ҳафта бўлди, ёрдамчи куч сифатида ишга чақирилдим, — дейди «Регуляр строй» МЧЖ қурилиш фирмасининг ушбу массивга масъул иш бошқарувчиси Тўрахон Абдуллаев. — Мендан аввал бу ерда Назир Набижонов деган ходим қурилиш ишларини бошқарган. Фикримча, у қурилиш материаллари ҳамда иш тақсимотини тўғри йўлга қўймаган. Шу боисдан уй-жойлар ҳалигача, яъни шартнома муддатидан уч ой ўтиб кетса ҳам эгаларига топширилмаган. Келганимга энди беш-олти кун бўлди. Ишлар билан танишиб чиқишим биланоқ, ҳозирда мажбуран, яъни иқтисодий аҳволи танг бўлганлиги боис кўчиб келган 3 оиланинг уйини битказишни бошладим. Агар «Регуляр строй» МЧЖ раҳбари пул ва қурилиш материалларини ўз вақтида етказиб бериб турса, албатта буёғига ишларни тезлаштирамиз. Менга фақат қурилиш ишларини бошқариш буюрилгани сабаб маъмурият ишига аралаша олмайман. Бу ердаги чалкашликларни кўриб, уйларни битказиб, топшириш муддатини ҳозир аниқ айта олмайман.

Унинг фикрига қўшилмай илож йўқ. 60-уй эгаси фуқаро Ш.Қобиловга Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Тошкент вилояти давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан 2018 йил 19 июлда келган жавоб хатини ўқиган киши бунга ишонч ҳосил қилади.

«... Ушбу аризада ёзилган масалага аниқлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси бош мутахассиси Х.Зокиров, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Тошкент вилоят филиали техник назоратчиси А.Адизов, пудрат ташкилоти «Регуляр строй» МЧЖ иш юритувчиси Н.Набижонов ва Сизнинг иштирокингизда 2018 йил 18 июль куни «Кўктерак» массивида 2018 йил дастурига киритилган намунавий лойиҳалар асосида қурилган 60-сонли уй-жойнинг ҳолати ўрганилди, аризада келтирилган камчиликлар ўз тасдиғини топди ва шу тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилди...»

Энди далолатномада қайд этилган камчиликларни келтирамиз:

«... — бир ва иккинчи қаватдаги эшиклар ўрнатилмаган, пол сувоқ қилинмаган, ламинат тўшалмаган, электр симлари монтаж қилинган бўлиб, коробка, розетка, выключателлар ўрнатилмаган, радиаторлар ҳамда пластик трубалар ўрнатилган бўлиб, лекин уланмаган, ички пардозлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, ҳаммом, ҳожатхона ва ошхонага (душ паддони, унитаз, мойка ва раковина) сантехника анжомлари ўрнатилмаган, ошхона ва ваннахонада витяжка ишлари бажарилмаган, зинага перила ўрнатилмаган, бинонинг ташқи карнизига пластик қопламаси қопланмаган, соколь қисми сувоқ қилинмаган, бинонинг атрофига отмоска ишлар бажарилмаган, ташқи қўрғон деворлари устига том ва сувоқ ишлари бажарилмаган, автомобиллар турар бостирмаси тунука билан қопланмаган, ташқи канализация охирига етказилмаган; ташқи фасад бўёқлари сифатсиз ҳолга келган. Совуқ ҳавода бўёқ ишлари бажарилганлиги сабабли кўчиш ҳолати юзага келган...»

Шу ерда одамни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган ҳолатлар юзага келади. Барча масъул ташкилотлар ушбу муаммо борлигини билади. Қоғозда камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳақида кўрсатма беради. Аммо, амалда ҳеч нарса ўзгармаяпти. Нега?

Бу савол кишини янада чуқур ўйлашга ундайди. Нега?..

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

Ноила МАРУПОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.